"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Уч дарёдан сув ичган денгиз

Ўқилди: 422

Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги олдидан

Атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китоби ўзимизда ҳам, хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Унда жамланган мақолалар ҳали китоб бўлмасиданоқ тилга тушган эди. Кейинчалик адибнинг сўз оламига ушбу саёҳати борасида қизғин фикр-мулоҳазалар айтилди ва бу жараён бугун ҳам давом этаётир.Чунончи, хорижлик олим Ҳ.Байдемир: “Устоз Эркин Воҳидовнинг “Сўз — забаржад, сўз — гавҳар, олтин” сарлавҳали мақоласи илмий мақола бўлмаса ҳам, мен бугунгача ўқиган ўнлаб, балки юзлаб илмий тадқиқот маҳсули ҳисобланган мақолалардан кўпроқ таъсирлантирди”, деб ёзади.

Сўз мўъжизалари янгидан кашф этилган “Сўз латофати” китобидан олинган қуйидаги парча, муаллиф холис ният билан ёзганидек, “Сўз мўъжизаси қошидаги ҳайратлари”га Сизни ҳам ошно қилиши тайин.46

Она тилимни муаззам ва улуғ десам, эъзозлаб бошга кўтарсам, бунинг боиси ўзимники бўлгани, жонимга яқинлиги учун эмас. Шунга ишонганим, иймон келтирганим учун, менинг ҳам бир икки тилдан хабарим бўлиб, қиёслаш имкониятларим борлиги учундир.

Бир томчи шабнамдек мўъжаз ва тиниқ элчи деган соф ўзбекча туркий сўзда қанча ҳикмат бор!

Эл деб, элат деб халқни айтамиз. Яна ёв ҳеч қачон эл бўлмайди, деймиз, ёмонга ­элакишма деган ўгитимиз бор. Бу ўринда эл дўстлик, яқинлик маъноларини билдиради. Эл қадимда давлат тушунчасини ҳам ифода қилган. Элчи бир халқдан, бир давлатдан бошқа юртга юборилган вакилгина эмас, балки элни элга эл қиладиган одам, халқлар ўртасида меҳр риштасини боғловчи, дўстлик кўпригини қурувчи ҳамдир.

Сўзнинг ўзида шахс зиммасидаги залворли юк бор. Элчи адолат ва эзгулик йўлида ҳақ сўзни айтишга бурчли инсон.

Унинг жонига эса кафолат ҳужжати қилиб, қонундек мустаҳкам, шоҳлар ҳукмидек қатъий ҳикмат айтилган: Элчига ўлим йўқ!

Омонат деган ўзбекона сўзга қалб қулоғини тутинг. Қанчалар теран инсоний туйғулар бор бу сўзда. У мулк ҳақида айтилса бировнинг омонати, жон ҳақида айтилса Оллоҳнинг омонати. Банда учун дунё омонат, дунё учун банданинг ўзи омонат.

“Ёғилур ҳар дам фалакдан бошингга гарди фироқ,

Ўт равонроқким, омонатдир басе бу эски тоқ.”

Инсон бошига осмондан гард ёғилиб туради. Биз бугун бу гардни космик чанг, деймиз. Фазовий жисмларнинг Ер атмосферасида ёниб кетишидан ҳосил бўлган кул, деймиз. Бундай гардни Ҳазрат Навоий беш аср муқаддам қаёқдан билган, дея ҳайрон бўлманг. Берунийлар, Улуғбеклар яшаган юртда фазо сирлари аён эди. Ҳайратга сабаб бошқа, яъни бу илмий ҳақиқатнинг фалсафий хулосаси, бадиий тимсолидир. Эй одамзод, дейдилар ҳазрат, бошингга ёққан само чанглари айрилиқ гардларидир. Томидан тупроқ ёғилган уйда узоқ туриб бўлмайди. Бундай уй омонат. Чириган том остида яшаш хатарли. Осмонидан гард ёғилган дунёни, бу эски тоқни ҳам равонроқ, тезроқ тарк этган яхшидир. Омонат сўзининг маъно товланишига қаранг. Уй омонат, олам омонат.

Сўз — забаржад,

Сўз — гавҳар, олтин,

Заргарликнинг машаққати кўп.

Сўзни байтга қадашдан олдин

Кафтингга қўй, тўйиб қара, ўп!

Она тилимни севмасам, сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам менга шоирлик қайда эди!

Офтоб чиқди, қуёш чиқди, кун чиқди,

Меҳру шамсу хуршиди гардун чиқди.

Бир замон болалар учун айтилган шу жўнгина ва ғўргина икки сатрнинг ўзида қуёшнинг олтита номини топасиз! Саноқни яна давом эттириш мумкин. Олимлар, топиб беринг, қайси тилда қуёшнинг ўндан ортиқ исми бор! Қайси тилда осмонни камалак рангларидек етти хил ном билан атайдилар? Осмон,  фалак, само, чарх, гардун,  фазо, кўк… Булар дафъатан хаёлга келганлари холос! Арш,  даввор, мину сингари кам ишлатиладиган хос сўзлар ҳам саналса рўйхат янада узаяди.

Маънодош сўзларимизнинг кўплигига сабаб бор. Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган. Диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан, кўпгина иш қуролларимиз, жомадон, хокандоз, дастшу, жомашу, дазмол, қоғоз каби ҳунармандликка оид сўзларимиз, шунингдек юксак шеърий услубга хос суханлар форс тилидан келган. Лекин бу қатъий қоида эмас. Аксар ҳолат десак тўғрироқ бўлади. Араб тилидан ўтган нарса ва буюм номлари ҳам тилимизда кўп: ­Ароба, мусаллас, истеҳком, қалам сингари. Шунингдек, форс тилидан кирган фалсафий атамалар ҳам талайгина. Жавонмард, сарбадор, чархи кажрафтор, Оинаи Искандар ва ҳоказо. Ҳаракат номлари асосан туркийча. Кўпгина сўзларнинг ўзбекчаси ҳам, арабчаси ҳам, форсчаси ҳам тилимизда баробар ишлатилади. Арабча Аллоҳ ёнида форсча худо, туркий тенгри сўзларимиз бор. Юрак ҳам, қалб ҳам, дил ҳам деймиз. Арабча исм, форсча ном, ўзбекча от — учови ҳам ўзимизники. Тил, забон, лисон бизда шу сабабдан беқиёс бой ва рангин.

Алишер Навоий туркий тилдаги юзта ҳаракат номи, яъни феълларни санаб, форс тилида уларнинг муқобили йўқ эканини айтганлар ва туркий тилимизнинг бойлиги, қудратини намойиш этганлар.

Қадимда туркий тил оддий халқ тили ҳисобланган. Аскарликка оддий халқдан олингани учун ва феъл ўзаклари тур, ёт, юр, от, чоп сингари асосан бир бўғинли сўзлардан таркиб топгани ва буйруқ беришга қулайлиги боис ҳарбий тил туркча бўлган.

“Темур тузуклари”ни бизга етиб келган форс тилидаги матндан ўзбекчага таржима қилар экан, Алихон Тўра Соғуний, “мен таржима қилмадим, балки асл тилига қайтардим,” деган эдилар ва мисол тариқасида тинг­чи, буронғор, жувонғор каби туркий атамаларнинг форсча муқобили топилмай, матнда ўз аслича қолганини кўрсатган эдилар.

Ўзбек тилининг буюк денгизи ана шу уч буюк дарё — туркий, арабий ва форсийдан сув ичиш баробарида эски лотин, хитой, мўғул, рус, Европа тилларидан баҳраманд бўлган. Олимларимиз аллақачон унут бўлиб кетган кўҳна санскрит сўзларини ҳам тил хазинамиздан топганлар. Шу сабаб тилимиз бой. Ҳеч бир бошқа тилда бўлмаган шаклдош сўзлар санъати туюқ ўзбек тилида бор. Ҳеч бир бошқа халқда йўқ аския, сўз ўйини бизда мавжуд.

Ҳазрат Навоий тўпори қора халқ тили ҳисобланган туркий ўзбек тилини шеърият осмонига кўтариб қўйдилар. “Муҳокаматул луғатайн”ни ёзиб она тилимизнинг форс тилидан устун бўлса устунки, кам эмаслигини исбот қилдилар.

Ушбу рисолада ёзилишича, Навоий ҳам ёшлик йилларида бошқа шоирлар каби асосан форс тилида шеърлар ёзиб нафосат аҳлининг олқишини олган эканлар.  Хусусан,  форсийда битилган “Туҳфатул афкор” қасидасининг матлаи тўғрисида ҳазрат Жомий “Баҳористон” номли асарда ёзмишларки, мазмуни шундоқ: “Бу давлат ёрлиғини осмоннинг пештоқига осилса арзийди ва бу саодат там­ғасини Муштарий юлдузининг бўйнига илиб қўйса, унга қувонч, ифтихор бўлгай.”

Навоийнинг сўз бойлиги беқиёс. Сабаби ҳазрат форс тилини қанчалар мукаммал билсалар — ўз эътирофлари бўйича: “форс алфозин  киши мендин кўпрак билмайдур” — араб тилини ҳам шу қадар баркамол эгаллаганлар ва уларни тўла истифода этганлар. Туркий тилнинг эса бутун назокатини, сўзга бойлигини “Муҳокаматул луғатайн”дагина эмас, бутун умр, бутун ижод жараёнида намоён қилганлар. Ўзбекнинг содда, тўпори сўзларини ҳам, шеърга солиш мумкин бўлмаган даражада оддий ва жўн гапларни ҳам нозик ғазалга кирита олганларки, бундоқ сеҳрдан лол бўлмай илож йўқ.

Саҳар ховар шаҳи чарх узраким хайли ҳашам чекди,

Шуои хат била кўҳсор уза олтун алам чекди.

Шундай юксак услубда ёзилган ғазалга “супурги” деган сўзни киритиб бўладими? Мутлақо мумкин эмас, дейсиз. Энди шеърнинг давомини ўқинг:

Қазо фарроши сунди чархнинг сиймин супургусин,

Музайян парлари андоқки, товуси ҳарам чекди.

Ажабо, буюк истеъдод нафаси тегса ўзбекнинг қора ерда ётган супургиси ҳам осмонга кўтарилиб, қуёшнинг тарам-тарам шуъласига айланар экан.

Ёки “тиш қирчиллатиш” иборасини бугунги шоирларимиз арузий байт у ёқда турсин, ҳатто халқона содда бармоқ вазнида айтишни ўзларига эп кўрмайдилар. Навоийга қулоқ тутинг:

Тушда кўрдим ёрни, шодон рақибим ўтруда,

Рашкдин ҳар лаҳза тиш қирчиллатурман уйқуда.

Бундай халқ иборалари, лапарлари, мақолларини “Хазойинул  маъоний”да кўплаб учратамиз ва ҳар гал бу хил жўн сўзлар тагида ётган маънолардан, бадииятдан ҳайратга тушамиз.

Бизнинг шундай улуғ шеъриятимиз бор, бойликда беқиёс она тилимиз бор. Тил миллатнинг бош белгиси ҳисобланади. Тил бор — миллат бор. Тил йўқ — миллат йўқ. Истиқлол унут бўлган давлатчилигимизни тиклади, йўқ бўлишга маҳкум қилинган тилимизни,  демакки миллатимизни асради ва азиз қилди. Энди унинг биз йўқотиб улгурган бойлигини тиклаш, турлича “изм” тамғаларини қўйиб истеъмолдан чиқарилган сўзларни ўрнига қайтариш, бунинг учун мумтоз адабиётимизни чуқур ўрганиш ҳозирги авлод зиммасидаги шарафли бурчдир.

Гоҳи хаёл қиламан, агар мустақилликка эллик йил аввалроқ етишганимизда, балки икки азим дарёдан сув ичган Орол денгизимиз бу аянчли аҳволга тушмас эди ва агар собиқ тузум яна эллик йил яшаб қолганда уч денгиздан сув ичган она тилимизнинг қисмати ҳам Оролнинг қисматидек бўларди.

Тикланаётган сўзларимиз истиқлол чечакларидир. Очилажак гуллар ҳали беҳисоб…

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ