"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЮРАГИМНИ ЁРИТГАН ЧИРОҚ

Ўқилди: 553

  Нодир Жонузоқ

 RN__3435 (1) NEW

ЎЗБЕКИСТОН

 

Сездим, ҳеч узиб бўлмас ҳузурингда қарзим бор,

Шаънингга ярашиқ сўз айтсам, деган орзум бор.

Тилла ташбеҳ сўрайман, сўрайман гавҳар таъриф –

Худойимга дунёда ёлғизгина арзим бор:

Ўзингга мос, муносиб шеър бўлай, Ўзбекистон,

Қуёшли сўз ташиган шер бўлай, Ўзбекистон.

 

Қадим луғатсан улуғ – сўзинг бўлсайдим қани,

Зулматни тешган қутлуғ кўзинг бўлсайдим қани.

Қоронғу асрларга келдинг зиё таратиб,

Минг йилдан сўнг-да сўнмас изинг бўлсайдим қани,

Юрагимни ёритган чироқсан, Ўзбекистон,

Не бўлса, барчасидан чинроқсан, Ўзбекистон!

 

Тушларимда уйғонар тошда қотган битиклар,

Ҳар чизгиси жонланиб, тирик ҳикматин тиклар.

Ҳис қиламан: илдизим мозийнинг энг қаърида,

Аждодларим закоси солмиш жонли кўприклар,

Заминнинг ўқ томири ўзингда, Ўзбекистон,

Тарих юрагин зарби кўксингда, Ўзбекистон!

 

Ипак эшиб, дунёни нур билан боғлаган сен,

Дўстлар димоғин чоғлаб, ёв дилин доғлаган сен.

Ғубор босган дунёнинг нафаси сиққан чоғи

«Авесто» сеҳри ила оламни поклаган сен,

Пайғамбарлар суянган асосан, Ўзбекистон,

Иймони соф, маслаги расосан, Ўзбекистон!

 

Маккага тушган ваҳий Бухорода сир очди,

Самарқанд сайқалидан ярқираб ёғду сочди.

Жаҳолат шарпасига кўзгу тутдинг тип-тиниқ,

Ялмоғиз юзин таниб залолат, сендан қочди,

Одамийлик динига бердинг жон, Ўзбекистон,

Инсоний сулук ила топдинг шон, Ўзбекистон!

 

Боболарим онгида ечди тилсим илму-фан,

Арабу форс ҳайратда, юнону чин берди тан.

Етти иқлим муҳибинг – эгиб келди бошини,

Тафаккурга муҳташам пойтахт бўлдинг, эй Ватан,

Оламга улашдинг нур, маънини, Ўзбекистон,

Башар ўзлигин сен-ла таниди, Ўзбекистон!

 

Дунё каззоб, қароқчи – тинчингга кўп урди чанг,

Кимдир туғ-у, яна ким тиғ-ла келди, тилаб жанг.

Адолат байроғини кўтарди Соҳибқирон,

Қашқирлар тўдасига бўлди ярим дунё танг,

Не-не қирғиндан омон қолгансан, Ўзбекистон,

Ярали юракларга қалқонсан, Ўзбекистон!

 

Олмос сўзлар яралди олтин назм асрида,

Маъно жавоҳирлари – Бойқаронинг қасрида.

Навоий тизган инжу қамаштирди кўзларни,

Халқим, дил хазинангдан олди ул зот аслида,

Туганмас тилла-зари, бебаҳо, Ўзбекистон,

Ўзингсан сўз заргари, эй даҳо, Ўзбекистон!

 

Афғон тоғини ошиб кетди йўлбарс Бобуринг,

Ўзга эл бағрида шон топдими, бас, ёвқуринг.

Омонат тахт қасдида қилич сермади беклар,

Қон туғишган мирзолар кетдилар паст – ёв, кўринг…

Ханжарлар жарангин жим тингладинг, Ўзбекистон,

Ночор отадай сим-сим инградинг, Ўзбекистон!

 

Ўтди банги замонлар, хулёсифат давронлар,

Сафо косасига май суниб ўтди не хонлар.

Ишрат пардаси ёпди кўзларин, мудради онг,

Ғариблик кўчасида абгор бўлди не жонлар,

«Уйғон! Уйғон!» деб қақшаб урдинг бонг, Ўзбекистон,

Қон сачратиб отди сўнг қизил тонг, Ўзбекистон!

 

Кўкайингга тиралди лаъин ғоялар тиғи,

Жигарингни тилди, воҳ, хоин соялар тиғи.

Она тилингни тийиб, кулдинг ўзга забонда,

Гарчи юрагинг идраб, йиринг боғлади йиғи,

Тилинг тишлаб қонатдинг, гунг бўлдинг, Ўзбекистон,

Кўзларда қотган аччиқ мунг бўлдинг, Ўзбекистон!

 

Қабрин излаган Фитрат, Чўлпонларинг айтайми!?

Ичи ғиж-ғиж кудурат ултонларинг айтайми!?

Ёмғир каби бошингдан қуйса ҳам заҳриқотил,

Жон-ла тўлаган титраб ўлпонларинг айтайми!?

Оқ пахтанг қора булут бўлди, оҳ, Ўзбекистон,

Деди: аслингни унут, насли шоҳ Ўзбекистон!

 

Зулм қасрин зим-зиё зиндонларин бузди Ҳақ,

Ҳайқирди шер ўғлонинг: «Уз кишанни, энди қалқ!»

Меҳроблар тоза бўлди тошюрак, кўр бутлардан,

Ўз қалбини жойнамоз қилди яна озод халқ,

Туйдинг юракдан келган товушни, Ўзбекистон,

Ўз эркингга қайтадан қовушдинг, Ўзбекистон!

 

Қуйма олтиндай ял-ял товланар ҳар ҳур йилинг,

Маърифат маржонида ноёб безак – дур дилинг.

Садафдай саф-саф сара шаҳру қишлоқлар обод,

Ҳуррият маёғидан аён ойдин манзилинг,

Кимлар ҳавас қилмас тик бўйингга Ўзбекистон,

Жоним садқа, тўёна тўйингга Ўзбекистон!

 

Сездим, сенга муносиб тополмасман ҳеч таъриф,

Сен гўзалсан зиёда – сўзларим юпун, ғариб,

Эй, бағрикенг Отажон, мушфиқ Она, бер имкон,

Юрагимдан сенга мос шеър топайин ахтариб,

Дилимга сўз – чўғ солган гулхансан, Ўзбекистон!

Мен учун мангу ёниқ илҳомсан, Ўзбекистон!

 

 

Эркин Воҳидов ғазалига боғлама

 

Куй тўла ҳар битта узву томиримда қон қадар,

Қон ичинда жилваланган ёғдули имон қадар,

Сўз дегум, гарчи паришон ҳолдамен, имкон қадар,

Шеър азиз олам аро менга тириклик, жон қадар,

Жон недир ошиқ учун, жондин азиз жонон қадар.

 

Гарчи боқмас пайкар-и илҳом манга ойлаб қиё,

Кетмагаймен, субҳу шом кўйида куйгум бериё,

Дил ёришгай, пир Навоий жомидин қуй, соқиё,

Шеърдан айру тонгларим ялдо тунидай зим-зиё,

Шеър билан тунлар чароғон хуршиди тобон қадар.

 

Ул на кавкаб, шеърпарастким, дур дегай ишқ конида,

Икки дунёни унутқай шавққа тўлган онида,

Маҳбуби ҳайрон тополмай, бўлса ҳамки ёнида,

Шеър ўзи жонон эмасми, ёндирар ҳижронида,

Гоҳи боқса бир қиё, бошим бўлур осмон қадар.

 

Гоҳи ерпарчин тушиб, шон-шавкатим бўлғай адо,

Гоҳи силкиб зилзила, дилни ҳажр босгайки то,

Сўз менга жавшандурур, шеърдир менга устун, асо,

Кимки ошиқдур жаҳонда шеърга бўлгай мубтало,

Ишқ учун тенгдур гадодан то буюк султон қадар.

 

Гар муҳаббат кирса дилга, кин сўнар, қўйгай у чек,

Килкқаламдай рост, равон юргай, қиличдай синса кек,

Кўнгли юмшаб, ёш шимар қон, қасдталаб аъёну бек,

Шоҳ Бобур Ҳинду сори юрди-ю, шоир ва лек,

Йиғлади Фарғонадин то мулки Ҳиндистон қадар.

 

Мен-да бир навкар эдим, кетдим-ку руҳни сўлдириб,

Таъқиб этган ёв эмас, йўқ, ўз-ўзимни ўлдириб…

«Жон Ватан!» деб куйган ул ташна дилимни кўндириб,

Шеър зулолидан симирдим бир пиёла тўлдириб,

Воҳ, кўринди менга ҳар бир қатраси уммон қадар.

 

Толе топмас кимса афсус суфрасидан нисба еб,

Ваҳки, нодир хислатим йўқ, йўқ ғазалда зарра эп,

Қисқа сўзни кўп узайтдим, тиз чўкиб, минг тавба деб,

Нуқта қўй назмингга, Эркин, мухтасарлик сўзга зеб,

Йўқса, тонг отгунча шеъринг бўлғуси достон қадар.

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ