"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КОМИЛЛИК ЙЎЛИДАГИ ЧИРОҚЛАР

Ўқилди: 335

Китоб ўқишга ҳавас қачон ва қандай туғилади? Бу саволга жавоб бўларли хотираларнинг саноғи йўқ, улар хилма-хил, ранг-баранг. Ажабтовур. Лекин моҳият битта: китобга бўлган ҳаваснинг, меҳрнинг вужудга келиши!

— Ўтган аср 60-йилларининг ўрталари. Отам мадраса кўрган,  онам бошланғич синф ўқитувчиси бўлганлар, — дея хотирлайди тенгқур қаламкаш дўстим. — Акаларим, опаларим талабалик ўқишларидан ташқари қўлларидан бадиий асар тушмайди. Ҳаммалари қайсидир кутубхонага аъзо. Китоб талашиш орқасидан келиб чиқадиган аразу гинахонликлар оиламиз учун одатий ҳол. Мен ўйинқароқ болакайнинг кўча чангитишдан “қўли бўшамайди”.

Нима бўлдию дастурхон атрофида янги китоб ҳақида суҳбат қизиди. “Шохидамас, баргида”. Муаллифи — Искандар Қаландаров. Тўғриси, китобнинг номланишини тушунмадим. Ундан ҳам қизиғи, повестда (китобда шундай ёзилган, у пайтлари негадир қисса жанр сифатида кўпда тилга олинмасди) баён этилган воқеа Тошкентнинг Сағбон кўчасида юз берган автофалокат билан боғлиқ экан!

Асар тахминан қуйидагича бошланган: Сағбон кўчаси бўйлаб катта тезликда бораётган “Москвич” Қўштут кўпригига яқин жойда торкўчадан югуриб чиққан қизалоқни…

Ия, ўзимиз ҳар куни соққа қувлаб, чиллак отиб, тўп тепишадиган кўчамизда юз берган ҳодисани китобга ёзиш мумкин экан-да?!

Ҳеч кимга айтмай Қўштут кўприги яқинига бордим. Ачобод томондан келаётган Сағбонга Ҳуррият кўчаси туташган ерда, ўнг томонда торгина тупроқ кўча бор, кунда-кунора қувалашиб-қийқиришиб келиб кетадиган кўчамиз, бу сафар… кўчага киришга юрагим бетламади. Умри қисқа норасида қиз қайси хонадон фарзанди бўлган? Янги ўқув йили арафасида онаси келтирган ўқув жиҳозларини кўриб қувонганидан дунёга сиғмаган қизалоқ кўчанинг нариги бетидаги уйда яшовчи дугоначаси билан қувончини баҳам кўриш ниятида югуриб чиққану…

“Шохидамас, баргида”ни неча қайта ўқидим, асарда тасвирланган изқуварларга “қўшилиб”, ҳодиса юз берган жойдан жуфтакни ростлаган ҳайдовчининг изига тушдим. Ака-опаларим Артур Конан Дойл, Эдгар По ҳикоя­ларини, “Барк хонимнинг қўғирчоғи” детективини ўқишни маслаҳат беришди. Шундан кейин “Том Сойернинг саргузаштлари”, “Қоплон дара асирлари”, “Ҳожимуқон”ни ўқидиму китобга ишқим тушди-қолди…

Бу – мурғак бир кўнгилда мутолаа ҳаваси туғилишидан кичик лавҳа, холос. Биз болаларда китоб ўқишга ҳавас туғдириш йўлларини кўп излаймиз, лекин аниқ йўл-йўриқ топганимизча йўқ. Бесабаб эмас бу, зеро, мутолаа ҳавасининг туғилиши ҳар кимда турлича кечади. Ана шу турлича кечган жараён моҳиятидаги қонуниятни топиш учун мумкин қадар мисолларни кўплаб жамламоғимиз, синчиклаб ўрганмоғимиз керак. Буюк алломаю уламоларимиз, олиму фузалоларимизнинг болалик қалбида юз берган мутолаа ҳаваси қай тариқа туғилган? Қандай ҳолатларда юз берган?

Хилма-хиллиги, бетакрорлиги билан қадрли ва ибратли бўлган ўша тарихий хотира ва лавҳалар аниқланса, тўпланса, сараланса ҳамда “Мутолаа ҳаваси”(тахминан) номи остида алоҳида чоп этилса фарзандларимизнинг мутолаага меҳр қўйиш сирларини чуқурроқ, теранроқ ўрганиш, тадқиқ этиш имкониятлари пайдо бўлур эди. Бу китоб халқимиз ва келгуси авлод учун мислсиз маънавий-маърифий манба ва мерос вазифасини ўтайди. Агар ҳар бир инсон қалбида мутолаага ҳавас-қизиқишнинг пайдо бўлиши жўн ҳодиса эмаслиги назарда тутилса, таклиф этилаётган китобнинг қадр-қимматини ўлчашга дуру жавоҳир ҳам озлик қилади.

Шахсий ҳодисанинг ижтимоий аҳамияти

Болаликда эртак ва ривоятларга, саргузашт ва детектив адабиётларга қизиқиш катталиги бежиз эмас. Теран таҳлил, чуқур мулоҳазага ожизлик палласидаги бола тасаввури кўпроқ воқеалар ичида яшайди. Мутолаа жараёнида асарда тасвирланган зиддиятлар, қарама-қаршиликлар ва серҳаяжон воқеалар орасида юргандек, ўша тўқнашувлар иштирокчисига айланиб кетгандек ҳис этади ўзини. У китоб қаҳрамонига айланади, кези келса, ўзини асар муаллифи ўрнида кўради. Умумлаштириб айтганда, тутқич бермас болалик дунёсида МЕН кўз оча бошлайди, МЕН дунёга келади!

Бу — фавқулодда улкан ҳодиса! Улканлиги шундаки, илк китоб мутолааси орқали бола дунёни, одамларни, воқеа-ҳодисаларни ўзича англашга киришади: танийди, баҳолайди, талқин қилади, хулоса чиқаради!

Мазкур тўрт босқичли англаш лаҳзаларида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаб айтган: “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун” замин яралади ва шу заминда ҳадемай комил шахс, фикрчан фаол инсон қад ростлайди. Худди шу нуқтаи назардан ҳам гарчи китобхонлик, китоб мутолаасига меҳр қўйиш шахсий-ихтиёрий ҳодисадек кўринса-да, унинг моҳиятида улкан ва бебаҳо ижтимоий аҳамият яширинган бўлади. Шахсий-ихтиёрий ҳодисани ижтимоий воқеликка айлантириш учун эса муҳит керак. Бола кўнглида, руҳиятида кузатилган бундай янгиланиш келгусида ривожланадими, куртак отадими, такомиллашадими ёхуд рўёга айланадими, бу ёғи бола яшаётган муҳитда ҳал бўлади.

Муҳит қаерда яратилади?

— Китобга илк ҳавас уйғона бошлаш жараёнида тажрибасиз ва мурғак қалб соҳиби руҳий ёлғизликни бошдан кечиради, — дейди қаламкаш дўстим. — Яъни у китоб орқали таниша бошлаган дунёси олдида ўзини ёлғиз ҳис этади. Фавқулодда феъл-атворли “одам”лар билан танишади, қувончли воқеалардан ўзини қўярга жой тополмаса, кўнгилсиз ва мужмал саволлар олдида бирмунча эсанкираб қолади. Ёлғизлик туйғусидан халос бўлмоқлик учун кечинмаларини ўртоқлашадиган дўст, биродарга эҳтиёж сезади.

Китоб мутолаасига ишқи туша бошлаган ўсмир янада кутилмаган нозик, ҳатто қалтис руҳий ҳолатларни бошидан кечириши мумкин. Бундай эврилиш изтироблари у қадар хавотирли кечмас, лекин унга бепарво бўлиш сира-сира ярамайди. Керакли эътибор ва эъзоз кўрган боладаги бундай руҳий ўзгаришлар тўғри тарбия натижасида, албатта, ижобий самара беради.

Тўғри тарбияни эса муҳит беради. Муҳит ўсмир боланинг жонига ора киради.

Хўш, ўша муҳит қаерда, ким томонидан яратилади?

Китобхонлик муҳити оилада шаклланади, деган гап ақидага айланиб кетган. Рад этиш қийин. Лекин бугун тўғрисини тан олиб айтайлик: барча оилаларимизда бирдек китобхонлик муҳити яратилган дея оламизми?! Китобнинг кўчасидан ўтмаган, бирорта китоб мутолаасидан шавқ-завқ олмаган ота-онадан нимани иддао қиламиз?!

Болалар дунёсида маънавий-маърифий муҳит яратиш борасида ҳеч бир куч мактаб ва ўқитувчига бас келолмайди. Ҳаммага таниш манзара: ўқувчилар ўзи ўқиётган фанига ихлоси, иштиёқи, меҳр-муҳаббати баланд ўқитувчини жон-дилдан ҳурмат қилади. Ўқитувчига бўлган муҳаббат фанга бўлган муҳаббатга айланади. Мўъжиза айни шу нуқтада юз беради. Ўқитувчи дарсдан ташқари ўқиган китобидан олган таассуроти, ҳаяжонини ўқувчиларига ҳикоя қилиб бердими, мўъжиза юз берди ё юз бераяпти деяверинг! Сонсиз-саноқсиз йигит, қиз “ўқитувчи” дея аталмиш “маърифат кўприги”дан айни шу дақиқаларда бадиият ва билим оламига, эҳтиросу ҳаяжонлар дунёсига ихлосу иштиёқни сақлаган ҳолда эсон-омон ўтиб олади.

Мактабда яратилган китобхонлик муҳити кутубхонада давом этмоғи лозим. Ҳар жиҳатдан қулай кутубхона шароити яратилмаган жойда мактабдаги муҳит кемтик деяверинг. Мактабда уйғонган мутолаа завқи-ҳаваси кутубхонада чинакам муҳаббатга айланади. Ўқувчи энди китоб танлаш борасида ўзини мустақил ҳис қилади. Унинг руҳиятидаги мустақил қарашлар туйғуси ҳам улғая боради. Ўз фанига астойдил меҳри баланд ўқитувчилар янглиғ кутубхоначиларимиз ўз касбларини севсалар, китобсеварларни қучоқ очиб ёруғ чеҳра билан қарши олсалар — аъло муҳит муборак, десак бўлади баралла!

Том маънодаги замонавий маърифат ва зиё маскани бўлмиш Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамизга борган китобхон, ёшдир, кексадир, бу мўътабар қадамжони тарк этгиси келмайди. Мамлакатимизнинг ҳар бир тумани ва шаҳарчасида барпо этилса эди мана шундай китобхонлик муҳит-масканлари! Бундай муҳит ҳавосидан баҳра олган ёшларимиз руҳиятида кўз очган китобсеварлик туйғуси яқин келажакда она юртимизнинг, халқимиз-миллатимизнинг маънавий бойлигига айланишига шубҳа қолмайди!

Улуғ миссия

Бадиий адабиётнинг инсон тарбиясидаги ўрни, аҳамияти ҳақида қанча кўп гапирилса, ёзилса, шунча оз. Замонамизнинг машҳур адибларидан бири одам тик юрувчилар тоифасига мансуб жонзот, дея мулоҳаза юритганида қандайдир ҳикматларни назарда тутган, албатта. Унга қарама-қарши ўлароқ, йўқ, инсон дунёни, умуман, борлиқни тимсоллар, рамзлар, ташбеҳлар, образлар орқали идрок этишга мойил жонзот, деган қарашни қаттиқ туриб ҳимоя қилсак, яратган Эгам бандасига ато этган тафаккур ва тасаввур сарҳадлари нақадар гўзаллик, латифлик ва жозибаларга ташна, эҳтиёжманд эканлигини англаб етамиз. Ушбу тафаккур ва тасаввур сарҳадини(эҳтимол, сарҳадсизлигини десак тўғрироқ бўлар) улкан ва тубсиз бир идишга менгзасак ҳамда бу идиш мунтазам ва доимий маънавий-маърифий туйғулар ила тўлдириб турилмоғи сув ва ҳавога бўлган эҳтиёждек ҳаётий зарурият эканлигини назарда тутсак  бадиий ижод маҳсулларининг аҳамиятини кўз олдимизда гавдалантиришимиз бирмунча осон кўчади.

Шу маънода ёзувчи ва шоирнинг, мусиқачи ва мусаввирнинг, театр ва киночининг ижоди замирида улуғ миссия — вазифа мавжуд десак сира муболаға бўлмайди.

Бадиият дунёси кенг омманинг тимсолий, образли тафаккур тарзини тарбиялайди, шакллантиради, юксалтиради. Бадиий диди, савиясини чархлайди, яъни ёмонни яхшига, ёмонликни яхшиликка айлантиради. Ана шу ҳолатдагина инсон ҳаёти нарсалардан, буюмлардангина эмас, балки хаёл, тасаввур, ўй-мушоҳада, умуман, гўзаллик туйғулари ёрдамидагина чин инсонийлик мартабасига эришажаги мумкинлиги аёнлашади. Нафис ижод турларига, хусусан, бадиий адабиётга мана шундай олиймақом муносабат шаклланган жамиятдагина инсонлар тик юрувчи жонзотлик мақомида қолиб кетмайдилар. Одамлар қалбида ёниб турган гўзаллик чироқларидан жамиятнинг йўллари чароғонлашади. Таъкидламоғимиз зарурки, фалсафа, тарих, ахлоқ, психология, мантиқ, педагогика соҳалари ривожланмай туриб миллий бадиий тафаккур, бадиий дид ва савия равнақини кўзлашнинг иложи йўқ.

Кўринадики, китоб, китобсеварлик, мутолаа маданияти ва санъати шу қадар кенг, бир-бири билан боғлиқ тушунчалар мажмуасидан иборат. Уларни бир биридан ажратиб бўлмаганидек, яхлит муаммо ечимини топиш учун  яхлит ечим, яхлит ёндашув топмоқ керак бўлади.

Ким кимдан баҳра олган?

Китобхонлик қандай ҳодиса аслида? Маданиятми, санъатми? Зиёлилик белгисими? Турмуш тарзими? Касб-корнинг бир тури эмасмикан?

Бу каби саволларга ҳар бир китобхон ўзича жавоб бергани маъқул. Умр бўйи китобни ҳаваскорлик даражасида ўқийдиганлар бор. Дунёқарашини бойитиш мақсадида ўқийдиганлар, қизиққан мавзуларига доир ташналигини қондириш истагида китоб истайдиганлар қанча! Кимлар учундир китоб эстетик завқ воситаси, манбаи.

Профессионал даражадаги китоб мутолааси эса — кони меҳнат! Фақат вақт, маблағ ва бошқалар эмас, балки улкан меҳнатсеварлик хислатларини талаб қилади мутолаа. Хизмат юзасидан, ижодий мақсадлардан келиб чиқиб китоб варақлаш улкан интеллектуал меҳнат ҳисобланади.

Умуман, ҳеч бир одам бошқа одамга ўхшамагани каби, китобхонлик даражаси ҳам хилма-хил. Хилма-хиллиги билан қизиқ ва аҳамиятли. Дейлик, Маҳмудхўжа Беҳбудий кўпроқ қайси муаллифларнинг қайси асарларини ўқиган? Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир-чи? Ойбек, ўафур ўулом, Абдулла Қаҳҳор… Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи қайси адиб ва шоирлар ижодидан кўпроқ баҳра олганлар? Рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, Ҳабиб Абдуллаев, Яҳё ўуломов, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов, Омонулла Файзуллаев, Собир Юнусов, Ёлқин Тўрақулов, Обид Содиқов сингари фанимиз дарғалари севиб ўқиган китоблар қизиқтирмайдими бизларни.

Бу каби саволларга муайян маънода жавоблар бўлса бордир, лекин улар узуқ-юлуқ ва чала. Мисол учун, китоб аҳлига яхши таниш Р.Раҳмоналиев тузган 30дан ортиқ рус ва жаҳон адабиёти намояндаларининг мутолаа доирасига бағишланган тадқиқотини ўқиб оламжаҳон тасаввур олиш мумкин. Худди шунга ўхшаш, ўхшашгина эмас, ундан-да мукаммалроқ тадқиқот олиб борилса ва унинг натижалари алоҳида китоб ҳолида чоп этилса нур устига нур бўлур эди, албатта.

Глобаллашув эҳтиёжи

Китобхонлик деганда фақат ўзбек тилидаги адабиётларни ўқиш билан чекланмаслик керак, албатта. Дунё кун сайин, соат сайин ўзгармоқда, инсониятнинг ақл-идроки, тафаккур кемаси тўфон чоғидаги уммонда чайқалаётгандек қалқиб турибди. Дунё саҳнида Ўзбекистоннинг ҳам, ўзбек халқининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борадаги куч-қудратни ошириш, салоҳиятни мустаҳкамлашнинг бирдан-бир чораси эса — бохабарлик.

Дунё бохабарники! Умуминсоният карвонидан ортда қолмасликнинг чораси ҳам — бохабарликда!

ХХI аср даражасида бохабар бўлмоқлик учун эса жаҳон тилларида тўхтовсиз чоп қилинаётган лоақал энг муҳим мавзулардаги китобларни ўқий олмоғимиз талаб этилади. Айниқса, тараққий топган давлатларда нашрдан чиқаётган китобларни малакали мавқеда кузатиб борадиган мутахассисларга эҳтиёжимиз ниҳоятда катта. Инглиз, француз, испан, немис, хитой, ҳинд, япон, корейс, араб ва ҳоказо тиллардаги адабиётларни мунтазам ўқиб борадиган ва ўқиганларини халқимиз эътиборига мунтазам ахборот ёки таржима орқали ҳавола этишга қодир ўнлаб, ҳатто юзлаб мутахассис, билимдон китобхонларимиз бўлмоғи замон ва глобаллашув даври эҳтиёжларидандир. Йил ўтгани сайин бу эҳтиёж ортса ортадики, асло камаймайди.

Мулоқот эҳтиёжи

2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши моҳиятидаги маъно-мазмунни жуда чуқур англаб етмоғимиз зарур. Зеро, “ахборот асри” дегани мулоқот асри деганидир. Дунё аллақачон оммавий мулоқот муҳитида яшаш борасида бирмунча илгарилаб кетди. Тараққий этган давлатларнинг кўп жиҳатдан устунлиги ҳам жамиятда оммавий мулоқот муҳити яратилганлиги билан белгиланмоқда. Машҳур рус адабиётшуноси айтганидек, соғлом жамият монолог эмас, диалог асосида яшамоғи даркор. Оммавий диалогнинг, яъни мулоқотнинг меваси эса инсон ва жамият манфаатларида, албатта, аксини топади.

Китоб — жамиятда оммавий мулоқот муҳитини яратишда муҳим воситалардан саналади.

— Китоб, китобхонлик мавзуси шу қадар кенгки, унинг барча қирраларини бир мақолада қамраб олиш қийин, – дейди қаламкаш дўстим. — Мавзуни кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилсак, муҳокама оммавий мулоқот тусини олса, деган таклиф бор.

— Марҳамат, муҳокамада яна қайси жиҳатларга эътибор қаратиш керак?

— Босма сўзнинг қадрига етиш маданиятини шакллантириш…

— Мен китоб ёзувчилар кўпайганидан фожиа изламайман.

— Китоб нашр этиш ишларини муайян тартибга солиш…

— Оммавий кутубхоналарни, китоб дўконларини замонавий кўринишларда қуриш ва фаолиятига шароит яратиш…

— Янги нашрдан чиққан китобларга бағишланган танловларни мунтазам ўтказиш…

— Китоб эстетикасини замонавий даражаларга кўтариш…

— Хорижий атоқли муаллифларни мамлакатимизга чорлаш, улар билан мулоқотлар уюштириш…

— Китобхонлик байрамларини ташкил этиш…

– Муаллифларни муносиб рағбатлантиришни йўлга қўйиш…

— “Китобсеварлар жамияти”га ўхшаш нодавлат ташкилотини тузиш…

Таклифларнинг чеки йўқ, лекин барча соҳаларда бўлгани каби китобхонлик маданияти ҳам ҳар бир даврда буткул янгича ёндашувларни тақозо этади. Кенгашли тўй тарқамас деганларидек, яшаб турган авлод вакилларининг салоҳияти, донишмандлиги эса ушбу кўҳна-янги муаммоларга доноларча ечим топа олиши билан белгиланади. Хусусан, эътибор қаратайлик, китобга бўлган муносабатнинг янгиланиши, китобхонлик маданиятини янги босқичларга кўтариш истагининг ҳаёт ҳақиқатига айланаётгани жамиятимизда янги Уйғониш даври бошланаётганидан дарак беради.

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ