"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИЗИНГДАГИ НУР

Ўқилди: 330

ТЎРТЛИКЛАР

 

Кимга ҳикмат ҳамроҳ, дили ёруғдир,

Кимки, нияти хуш, йўли ёруғдир.

Ҳам дили, ҳам йўли ёруғ одамлар

ўафлат аталувчи дарддан фориғдир.

* * *

Ҳақдан умр сўрар яшаган одам,

Ризқ ҳам сўрагувси ошаган одам.

Вале ўзига ҳеч инсоф сўрарми,

Хатолардан бошин қашиган одам.

* * *

Устоздан сўрдилар: — Иймон нимадир,

Ул зот ҳам сўради: — Гумон нимадир?

Гумон айиргайдир бутун иймондан,

Иймон гумонсизлар чиққан кемадир.

* * *

Шабнам шаклидаги дурни кўрдим мен,

Оқил ақлидаги дурни кўрдим мен.

Бир суҳбат бўлдики, меваси ҳикмат,

Хаёли озода, ҳурни кўрдим мен.

* * *

Дилдаги кўз билан дилга киргайсан,

Бир доно сўз билан элга киргайсан.

Юрт юкин кўтариб, сафда нор юрсанг,

Изингда нур кулган йўлга киргайсан.

* * *

Дарди бор одамга сабри табибдир,

Бесабр беморга жабри табибдир.

Ширк келтирганга шифо қайдадир,

Қиёматга қадар қабри табибдир.

* * *

Фироқли кўнгилни чоғ кўрмас ҳеч ким,

Юлдузлар юзида доғ кўрмас ҳеч ким.

Муҳаббат аслида доғсиз жамолдир,

Унинг асирини соғ кўрмас ҳеч ким.

* * *

Бўзлаб айтар эди, оҳини бир зот,

Йўқотиб қўйганмиш моҳини ул зот.

Вафосиз малакка видо айт десанг,

Бузмоқчи фалакнинг тоқини бу зот.

* * *

Отам деб яшаган ўғилга бир боқ,

Ким бор онам деган қиздан яхшироқ.

Меҳр ҳам фарзандга бобомеросдир,

Илдиздан нур олса ўчмайди чироқ.

 

ИККИЛИКЛАР

 

Боқий бахт аслида кўнгил ҳурлиги,

Боқий бойлик эса сўзнинг дурлиги.

* * *

Кўнгил чашмасининг оби равони,

Муҳаббат аҳлининг лабдаги жони.

* * *

Битта қанот билан учган жонзот йўқ,

Оловнинг боласи ловуллаган чўғ.

* * *

Орзу билан армоннинг орасида нима бор,

Ушалмаган орзуда бир озгина гина бор.

* * *

Умр — қисқа, ўткинчи, нечун елга совурдинг,

Ўз нафсингни ёғига ўз қадрингни қовурдинг.

* * *

Сабринг саодати элга қўшгайдир,

Муҳаббат кўнгилни гулга қўшгайдир.

* * *

Йигит қоқилса гар, ер ҳам титрайди,

Хиёнат тиғ солса яранг битмайди.

* * *

Кўксима солдинг ғулув, солдинг ғулув,

Қанчалар маккорсан-а, шайтон сулув.

* * *

Бир сўз гоҳи қаддинг тиклаб қўяди,

Бир сўз эса етти буклаб қўяди.

* * *

Бир сатринг баҳорнинг дийдори, Маҳмуд,

Бир сатринг ҳаётнинг озори, Маҳмуд.

 

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат
Шеърлар Шеърлар
ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади