"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АСКАРИ ҚУВВАТЛИ МАМЛАКАТ БОЙ БЎЛУР…

Ўқилди: 294

 

АСКАРИ ҚУВВАТЛИ МАМЛАКАТ БОЙ БЎЛУР…

 

Хос ул-хос навкарларимдан уч юз ўн уч кишига амирлик

мансаби  беришни  буюрдим,  чунки  улар  асли  тоза,  пок насллик,

ақл-фаросатлик, баҳодир, довюрак, тадбиркор, сергак, эҳтиёткор,

  олдини ва орқасини ўйлаб иш тутадиган кишилар эди…

АМИР ТЕМУР

Соҳибқирон амирларининг жасоратларга лиммо-лим шонли тарихи, ўз навбатида миллатимизнинг юксак жанговар истеъдоди ва ғурури тарихидир. Соҳибқироннинг ҳарбий даҳоси ва давлатчилик салоҳиятини намоён қилиб, улуғ салтанатни барпо этишда шубҳасиз, унинг лашкарбошилари, амирларининг катта хизматлари сингган. Бир қатор ҳарбий юришларни  Амир Темур шахсан таълим берган ва катта ишонч билдирган ҳарбий қўмондонлар муваффақиятли амалга оширган.

Буюк ҳукмдор атрофида унга муносиб истеъдодли ва юксак салоҳиятли сафдошлар, мулозимлар бор эди.

Соҳибқирон ўз амирлари ва сипоҳийларининг хизматларига доимо юксак баҳо берган ва қадрлаган.  “Амирлар, сарҳанглар, сипоҳсолорларга мажлисимдан ўрин бериб, мартабаларини юқори кўтардим. Улар билан суҳбатлашдим, маслаҳатлар олдим. …Амирларимнинг бариси ақл-ҳуш эгалари, базму разм шерлари, маҳоратли саркарда, лашкар тўпини бузиб, уни мағлуб этувчи кишилар эди”, — дейди у ўз “Тузуклар”ида.

Истиқлол туфайли улуғ аждодларимиз меросини ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Турли тарихий манбаларда Соҳибқирон амирларига оид маълумотларни учратиш мумкин. Масалан, бир китобда айрим амирларнинг исми-шарифлари топилса, иккинчисидан улар жасоратига оид бир неча маълумот, учинчи китобда эса бунёдкорлик ишларида бош-қош бўлганликлари, ҳатто, аскарларга қўшилиб тош ташигани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

— Бу саркардалар ҳозирги замон ҳарбийларини ҳам қизиқтириши аниқ, негаки улар ҳақиқатан-да ёрқин қўмондонлар бўлган, — деб ёзади Новосибирск давлат университети (НДУ, Россия) гуманитар тадқиқотлар лабораторияси етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Леонид Бобров. — Уларнинг таржимаи ҳоли ХIV асрдаги Осиёнинг энг қудратли армиясида ҳарбий фикр қандай ривожланганини кузатиш имконини беради.

Маълумки, улуғ Соҳибқироннинг оламшумул мероси бутун дунёда азалдан катта қизиқиш билан ўрганилади. Жумладан, Новосибирсклик тарихчилар Амир Темур сафдошлари ҳақида илмий изланишлар олиб боришмоқда.

Темурбек болалигиданоқ ўзида ҳукмдорга хос улуғворлик сифатларини ҳис этган. “Таржимаи ҳол”ида ёзишича, тўққиз ёшга тўлганида болалар билан “уруш-уруш” ўйнаб, унда ўзини амир этиб тайинлар ва ўйинни бошқарар экан. Мактабдошларининг сони қирқтача бўлиб, аксарияти вазирлар ва амирларнинг фарзандлари эди. Ўйин давомида ёш Темурбек болалар тўпини иккига бўлиб, уруш қоидаларини ўргатар, ўртада ихтилоф чиқса, ўзи ҳакамлик қилар эди. Машқлар ва мусобақалар асносида аста-секин ҳарбий гуруҳлар шакллана борган. Шу тариқа Темурбек келгусида салтанат қанотлари бўлган ёвқур саркардаларни ўзи тарбиялаган, дейиш мумкин.

Амир Темурнинг қўшинида Жоку Барлос, Ики Темур, Умар Аббос Баҳодир, Жаҳоншоҳбек, Қимори Иноқ, Сулаймоншоҳбек, Муайяд Арлот, Сайфиддинбек ва бошқалар кейинчалик лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар. Шунингдек, амир Сулаймон Хаш, амир Оқбуға, амир Сорибуға, амир Бирандиқ, амир Худойдод, Ҳусайн Баҳодир, Шайх Али Баҳодир, Темур Тош, Баратхўжа, амир Довуд Барлос, Умар Аббос, Маҳмудшо Бухорий, Туман Бердибек каби ҳарбий бошлиқларнинг кўпчилиги Амир Темурнинг болаликдаги дўстлари бўлган.

Амир Темур ўз сафдошларидан 12 кишига биринчи даражали амирликдан то 12-даражали амирлик унвонларини берган. Енгилмас қўшиндаги ушбу саркардалик даражалари бир-биридан қандай фарқланган?

Амир Темур саркардаларини шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчи гуруҳ — «саркарда бўлиш учун туғилганлар», улар ҳақиқатан туғма иқтидорли бўлган ва Амир Темур бу иқтидорни кўра билган.

Иккинчи гуруҳ — «лавозим бўйича саркардалар», улар Амир Темур сафдошларининг фарзандлари бўлиб, лашкарбошилик ва лашкарни ота-бобосидан мерос қилиб олган.

Учинчи гуруҳ — «саркарда бўлиб туғилганлар», яъни, шахсан Темурбекнинг қўлида сабоқ олган темурийзодалардир.

Амир Темур фаолиятининг дастлабки йилларида ўзига яқин 40та уруғ-қабилалар орасидан ишбилармонлиги билан ишонч қозонган 313 нафар обрў-эътиборли кишиларга юқори даражали ҳарбий унвонлар билан биргаликда, давлат муассасаларини бошқариш мансабларини ҳам берган. Масалан, 4 нафар сафдоши бекларбеги, 100 нафарига мингбоши, яна шунчаси юзбоши ва ўнбоши каби унвонларга сазовор бўлишган.

Соҳибқирон қўшинида амир ул-умаро олий ҳарбий унвон эгаси ҳисобланган (тахминан бугунги маршал унвонига тенг).

Шундай киши амир ул-умаро бўладики, — дейилади “Тузуклар”да, — мен йўғимда, базм-размда ўринбосарим бўлиб, шон-шавкат ва маҳобат билан бутун сипоҳга буйруқ бериб, унга қаршилик қилганларни жазолай олсин… Унинг ҳукми юришларда, урушларда амирлар ва бутун сипоҳ томонидан сўзсиз ижро этилсин. У ўзим боримда йўлдошим, йўғимда эса ўринбосаримдир”.

Тарихимизнинг бошқа бирор даврида Соҳибқирон Амир Темур давлатидагидек мукаммал ҳарбий тузилма тўғрисида маълумотлар учрамайди. Бу ҳарбий тузилма нафақат юртимиз, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида бугунга қадар андоза, ҳарбий тизим учун асос ва пойдевор сифатида ўрганиб келинаётгани билан аҳамиятлидир.

Соҳибқирон даврида қўшин тузилиши, лавозим ва унвонлар бериш, таъминот, қурол-яроғ тутиш тузуги, маош ва рағбатлантириш тузуклари, ҳатто муносиб нафақа – пенсия тизимигача тузуклар ишлаб чиқилган ва амал қилган!

Асосий эътибор адолат, қонун устуворлиги, инсон қадр-қиммати, иймон-эътиқодга – бугунги тушунча билан айтганда, ЮКСАК МАЪНАВИЯТга қаратилгач, бу ҳаракатлар ЕНГИЛМАС КУЧга айланишига амалий мисолни улуғ Соҳибқирон Амир Темур армиясида, салтанатида кўриш мумкин эди!

Нафақат амирлар, балки оддий навкар ҳам ўзининг садоқатли хизматлари эвазига юксак мартаба, мукофот ва унвонларга эришиш имкони мавжуд бўлган. Умуман, давлат ишида бўлганларнинг хизмати унутилмаган, доимо муносиб рағбатлантирилган. Навкар ва амирларининг содиқ хизмати тақдирланмасдан қолдирилмаган. Масалан, Етти йиллик юришдан сўнг қўшиндаги барча амирларнинг унвони ёппасига оширилган. Оддий аскарларга эса “ботир” унвони муносиб кўрилган.

Кексайиб, ҳарбий хизматдан истеъфога чиққан сипоҳийларга тирикчилик учун етарли ер-сув ва бошқа имтиёзлар берилган, тўй, байрам ва бошқа маросимларда йўқлаб, аҳволларидан хабар олиб турилган. Сипоҳийларнинг оилавий таъминот масалалари давлат сиёсатида муҳим ўрин тутган.

Соҳибқирон, «сипоҳий  давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга  ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради», дея уларнинг мураккаб ва шарафли вазифаларини алоҳида таъкидлаган.[1]

1370 йил 8 апрель (ҳижрий 771 йил)да Балхда йиғилган қурултойда Амир Темур тантанали равишда Мовароуннаҳр амири деб эълон қилинади. Чиғатой улусининг турли шаҳарларидан келган ушбу издиҳомда амир Ики ва амир Жоку Барлослар тартиб сақланишини таъминлайдилар. Мовароуннаҳр ҳукмдори мавқеини эгаллашида катта хизматлар қилган садоқатли амирлари Ики Темур ва амир Жокуни Соҳибқирон ўз “Тузуклар”ида, “давлатимнинг таянчи, икки қўли”, дея улуғлайди.

Амирлар жангу-жадалда қанчалик моҳир бўлса, бунёдкорлик борасида ҳам шунчалик омилкор бўлишган. Бу жиҳатдан ҳам Соҳибқирон ва армиясининг тарихда ўхшаши йўқдир. Ўтган буюк жаҳонгирлардан бирортаси ободончилик, шаҳарлар ва боғ-роғлар барпо қилишда Амир Темурга тенглаша олмайди. Ўз пойтахти Самарқандни ер юзининг сайқалига айлантирар экан, бу ободончиликларда жанговар амирларнинг ҳам ҳиссалари катта эди. Улар Соҳибқирондан ўрнак олиб, пойтахт атрофида ва бошқа манзилларда бир-биридан гўзал боғлар барпо этишган. Улуғ амир вафотидан сўнг бундай ишлар имкон қадар давом эттирилган.

Самарқанд, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Ғузор ва юртимизнинг бошқа манзилларидаги кўҳна қабристонларда амирларнинг қабрлари мавжуд.  Шаҳрисабздаги барлос қавми сулолавий қабристонида, Гумбази саййидон, Ҳазрати Имом номи билан аталувчи қадамжоларда ҳазрат Соҳибқироннинг падари бузруквори амир Тарағай Баҳодир, опаси Қутлуғ Туркон оғо, ўзининг фарзандлари Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Оқа бегим дафн этилган. Шунингдек, барлосий амирлардан 14 нафарининг қабри шу ерда. Улар орасида номлари тарихга муҳрланган амир Тоғай Буғо, амир Ҳамза, амир Севинч Буғо, амир Жоку барлоснинг невараси амир ул-аъзам Султон Иброҳим номлари битилган қабртошлар бор. Шаҳрисабз шаҳри ичида ва теварак атрофидаги манзилларда бу каби кўплаб қабртошлари топилиши – жанговар амирлар шу юрт фарзандлари эканлигини англатади.

Самарқанддаги Шоҳи Зинда зиёратгоҳида ҳам баъзи амирларнинг ҳашаматли мақбаралари мавжуд. Маҳобатли ва сирли қабртошлар буюк зотларнинг тенгсиз шон-шуҳрати ва жасорати ҳақида унсиз ҳикоя сўзлаб тургандек.

Собиқ мустабид тузум даврида ўзбек фарзандидан ҳарбий зобит етишиб чиқиши жуда ноёб ҳодисага айланган эди. Масалан, ўшанда ўрта мактабда бирорта ўқувчининг: “мен катта бўлсам, зобит бўламан”, деганини кўрмаганмиз. Битта-яримтаси зобит бўлган тақдирда ҳам, она тили, дини, урф-одатлари ва ўзлигидан воз кечиш эвазига, гўёки бегона армияда хизмат қилиши шарт эди. Шу боисдан, шўро армиясидаги ўзбек зобитлари сони жуда арзимаган фоизни ташкил қилган.

Бу қўшинда ўзбек фарзандлари иккинчи даражали саналиб, асосан қурилиш ва хўжалик қисмларида хизматни ўташарди. Ўзбек йигитларидан кичик командирлар кам тайинланарди. Камина жанговар бўлинма сардори – сержант бўлганимда, командирлар негадир миллатимни сўрашган. “Ўзбекман”, десам, шубҳалангандек, “ўзбек ҳам жанговар қисмда хизмат қиладими? Ана ошхонада, хўжалик қисмида ишловчилар – ўзбек”, дейишганди…

Ўшанда ҳарбий хизматга кузатиш – қандайдир мавҳум ва мотамсаро маросимга ўхшарди. Ҳарбий хизматга меҳр қўйиш жуда мушкул эди. Аскар уйга қайтиш кунини санаб вақт ўтказарди. “Зобит бўлиб, хизматни давом эттираман” деган ўзбекни ҳар ҳолда, кўрмаганмиз…

Бу ҳол асло, “ўзбекларда ватанпарварлик, жанговар салоҳият ва шижоат кам”, деган фикрни билдирмайди. Мустабид тузум даврида ҳарбий хизматга нисбатан совуқ муносабат атайлаб пайдо қилингани, бунинг учун эса тарихимиз, буюк аждодларимиз хотираси унутишга маҳкум этилганини Истиқлол туфайли англаб етдик. Ўз фарзандларимиз – Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш, уларнинг шиддат ва шижоатини ҳис этиш бахтига эришдик. Соҳибқирон амирларининг зиёратгоҳлари ёш авлод учун ватанпарварлик дарслари ўтиладиган, ҳарбийларимиз қасамёд қабул қиладиган муқаддас қадамжоларга айланажак. Бу хайрли ишларни амалга ошириш фурсати етди.

Ҳазрат Соҳибқирон ва унинг жанговар амирлари тарихи – миллатимизнинг юксак ҳарбий салоҳияти ҳақидаги энг ёрқин тарихий далилдир! Юртимизда Ватан ҳимояси азалдан энг юксак шараф саналган, ҳарбий касб эгалари доимо қадрланган, ҳарбий сулолалар юксак мавқега эга бўлгани ҳақидаги тарихий маълумотлар бугунги ёшларимиз учун бебаҳо ватанпарварлик мактаби бўлиши шубҳасиз.

Бугун мустақил Ўзбекистон армиясида хизмат қилиш – фарзандларимиз учун улкан шараф саналади. Алпқоматли, кўзларида ўт чақнаган ҳарбийларимизга ғурур билан қараб, улар сиймосида жанговар боболар тимсолини кўрамиз.

Соҳибқироннинг ёвқур амирлари тарихи бугунги авлод учун Ватанни севиш, унинг равнақи учун бор кучи, билими ва салоҳиятини бағишлашда улкан ибрат, бебаҳо дарслик вазифасини ўтайди. Бу маълумотлар миллий ғурур-ифтихор туйғуларини кучайтиради. Фарзандларга улуғ боболар жасорати, ибратли ҳаёти ҳақида қизиқарли, содда ва таъсирчан ҳикоялар тақдим этилса, бугун долзарб масала бўлиб қолаётган мафкуравий иммунитетни янада кучайтиради.

Бугун фарзандларни ҳарбий хизматга кузатиш – ғурур ва фахр байрамига айланди. Ўзбекистон миллий армияси тимсолида буюк Соҳибқироннинг сўнмас шон-шавкатини кўрамиз. Улуғ бобокалоннинг: “Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур” деган тузуги бугун амалга ошди.

Ватанимизнинг Биринчи Президенти, Миллий Армиямиз асосчиси раҳматли Ислом Каримов, кўзларида ўт чақнаб турган ҳарбийларимиз сафи олдидан мағрур ўтаётгани, алп қоматли аскар ўғлонни даст кўтариб, ўз меҳрини изҳор этганини кўрганимизда қанчалик фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этганмиз!

Иншооллоҳ, энди бу юксак туйғулар дунё тургунча бардавом бўлгай! Бу туйғулар озод Ватан ва буюк келажагимиз билан боғлиқ туйғулар – уларни дунёда ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

 

Бахтиёр Ҳайдаров

 


[1] Темур тузуклари, Тошкент, 1996. – 100-бет.

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ