"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЭЛ УЧУН ЯШАМОҚ

Ўқилди: 340

Уйғониш хабари

Кўк тубида ҳар бир муҳим ўзгариш

Шоир учун бир ашъорнинг хабари.

Оқ булутлар қора тоққа суйкалиб,

Ерга келди оппоқ қорнинг хабари.

 

Болакайлар, ана, шоддир қор отиб,

Жажжи қўллар оқ шакллар яратиб,

Учқунларни киприкларга таратиб,

Яноқларда  шўх шаррорнинг хабари.

 

Қишким, совуқ ойналарга гул солар,

Бизга сирли бир изҳори дил солар,

Дилдан дилга нурли, ўчмас йўл солар

Бир бировга эътиборнинг хабари.

 

Сўзла, шоир, сўзинг билан чиз расм,

Муборак эт юлдузларнинг туҳфасин,

Эл қалбини сира четлаб ўтмасин

Юрагингнинг – титроқ торнинг хабари.

 

Бу азиз тонг арзир қутлуғ саломга,

Ерда ҳар жон интиқ хуш бир каломга,

Бу кенг боғлар лойиқдир зўр инъомга,

Шоир қалби – навбаҳорнинг хабари! 

 

Юрт шоирдан олмос сабот кутади,

Ўйларига далда, қанот кутади,

Энг азиз сўз, тиниқ ҳаёт кутади,

Шудир юртга ижодкорнинг хабари.

 

Адабият эгизакдир курашга,

Масъулмиз ҳар ондан хабар сўрашга,

Ерда тинчлик, дўстлик қасрин қуришга

Асқотар ҳар дўстнинг-ёрнинг хабари.

 

Майли  билсин-билмасинлар Омонни,

Кўрсалар бас бир сафарбар виждонни,

Ҳақ мақсудим: безаб турсин жаҳонни

ЎЗБЕКИСТОН – гул диёрнинг хабари!

 

ЭҲТИРОМ

 

Ер оҳиста кезар экан самода,

Тинчлик деган зўр неъматга бош эгдим.

Барча халқлар ҳур яшасин дунёда,

Эркин дўстлик, тенг қудратга бош эгдим.

 

Тонг босқони алвон нурлар учириб,

Қир базмига лола отар жўш уриб,

Гоҳ хаёл, гоҳ ҳақиқатга тўш уриб,

Инсон яшар, бу ҳикматга бош эгдим.

Чақмоқ билан қайраб тоқлар зангини,

Ҳар бир гулга қайтарди ўз рангини,

Эскини ёд этди, қўллаб янгини,

Наврўз, Она табиатга бош эгдим.

 

Қалб – ойина, унда олам жамоли,

Севгидан руҳ олар инсон камоли,

Қўш кабутар қанотининг шамоли

Дилга тушди – муҳаббатга бош эгдим.

 

Елкасида тўрт фаслни опичган,

Тупроғига юлдузларни оптушган,

Ҳар не мушкул чиқса мағрур олишган,

Танти ўзбек, мард миллатга бош эгдим.

 

* * *

Яшаш бу – орзулар қанотин кермоқ,

Яшаш бу – муҳаббат гулларин термоқ.

Яшаш бу – умрнинг гулгун дамларин

Эл учун яшамоқ, эл учун бермоқ.

Омон МАТЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ