"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нигоҳинг саккизинчи мўъжиза

Ўқилди: 541

ЭЙ, МУСАВВИР

 

Эй, мусаввир, ой юзидан доимий ғамни ўчир,

Ўрнида шундай табассум чизки, бўлсин беназир.

 

Унга боққан қалбларда доим уйғонсин умид,

Ғамзада диллар кулишни ўрганишсин-да ахир.

 

Шундайин кўзларни чизки, билмасин ҳеч ашк не,

Барини сўнг оналарга туҳфа қилгин бирма-бир.

 

Жуфтини чиз яккаларни, яккалик бу сенга хос,

Ҳа, яшаш душвор дилдан жой бермай кимгадир.

 

Суратингда акс этганлар фақир бўлганда ҳам,

Шундайин бир ишқ инъом айлагин, бўлсин кабир.

 

Ёнида бир ёр чизки, бахт ҳадя айласин,

Неча йилларким Алишер кўнгли бунга мунтазир.

 

 

***

Дедим: Кўнглим сенга пазмон. Деди: Тақдир на чора,

Дедим: Қийноқда сенсиз жон. Деди: Тақдир на чора.

 

Дедим: Ўтдингми севгимдан. Деди: Ўткинчидир дунё,

Дедим: Кўп айладинг сарсон. Деди: Тақдир на чора.

 

Дедим: Йўқдир ҳаловат ҳеч, дилда кеча-ю кундуз,

Кўтаргай  хотиранг исён. Деди: Тақдир на чора.

 

Дедим: Изҳорлар, иқрорлар, савгандлар-чи, айт,

Наҳотки барчаси ёлғон? Деди: Тақдир на чора.

 

Дедим: Сизни унутмоқ – жондан ўтмоқ дер эдинг, аммо,

Унутдинг шунчалар осон. Деди: Тақдир на чора.

 

Дедим бир кун қолиб кетма пушаймонда, Алишерни

Агар ўлдирса бу ҳижрон. Деди: Тақдир на чора.

 

 

 

НИГОҲЛАР ОРАСИДАН

 

Нигоҳингни топиб олсам нигоҳлар орасидан,

Қанот  ёзгай, кўчар бу қалб ер сайёрасидан.

 

Худо кўрсатмасин ҳаргиз, агар қолсанг кўринмай,

Жаҳоним ранг олар шул кун кўзингнинг қорасидан.

 

Десам гар, бе  ту холи хонаи дил, бош бо ман,

Кулиб дейсан: Ки гуфт осон ба дилбарҳо расидан?

 

Юракни сенга ҳадя қилдим, асра, билки синса,

Қолар қишлоғимиз қон селида дил порасидан.

 

Раҳо топмоқ эмас осон қўлидан ошиғингнинг,

Умидинг уз Алишерни унутмоқ чорасидан.

 

 

***

Эй, малоҳатда малаклар вориси,

Ташрифинг бетоб дилнинг дориси.

 

Эй, нигоҳинг саккизинчи мўъжиза,

Борлигингдир борлигимнинг боиси.

 

Қудратинг Коко Шанел армонидир,

Мурдага жон бахш этар атринг иси.

 

Кетганингдан сўнг аён бўлди менга,

Бахтнинг олийси бу – энг олиси.

 

Эй, Алишер қалбининг ғоратгари,

Қайт, жойинг холи, гапнинг холиси.

 

 

 

МЎЪЖИЗА

 

Ой, десам ойнинг юзида доғи бор,

Гул, десам Бойсунда кўп гул боғи бор.

 

Жон, десам жондан азизроқсан менга,

Дил, десам олдингда кам ардоғи бор.

 

Борлигинг бир мўъжиза, балким бу бир

Туш десам, афсус, тонг отмоғи бор.

 

Қўрқаман Ширинга этмоққа қиёс,

Бесутундек йўлда меҳнат тоғи бор.

 

Билки, сенга ўхшамас ҳатто баҳор,

Чунки абру ёмғиру чақмоғи бор.

 

Йўлларингда қанча ошиқ интизор,

Васлинг истаб неча дил қийноғи бор.

 

Бир кўриб бўлди Алишер ошиғинг,

Энди сен деб  ўзидан кечмоғи бор.

 

 

ЎҒИРЛАЙМАН

 

Қараб тургин, ҳали бир кун хаёлингни ўғирлайман,

Ўзингдек ҳийлагар бўлгум, висолингни ўғирлайман.

 

Қизил гулли рўмолинг бирла олгандинг хаёлимни,

Қувонма, энди қасд олгум, рўмолингни ўғирлайман.

 

Етар кутганларим шунча, қўярман барига нуқта,

Шу боис ҳам юзингдан дона холингни ўғирлайман.

 

Дилимдан жой топиш амри маҳол, огоҳ бўл дейсан,

Лабингдан оқибат  “амри маҳол”ингни ўғирлайман.

 

Билиб қўйгин, бориб Бойсунга дарс олгум Алишердан,

Ғазал бирла ҳали бир кун хаёлингни  ўғирлайман.

 

Алишер  МУҚИМОВ

Сурхондарё

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ