"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕКНИНГ МЎМИНИ

Ўқилди: 468

polat_momin

Ўзбекистон халқ шоири Пўлат Мўмин бундан роппа-роса ўн уч йил аввал вафот этгандилар.
Пўлат МЎМИН… Бу номни болалар эшитса, қувноқ қўшиқлари авжланади. Катталар қалби эса унинг шеърлари оҳангида мавжланади. Театрда ҳам, санъат саройларида ҳам бу ном такрор-такрор жаранглайди. Менинг оламимда ҳам куй ва оҳанглар аро — Пўлат ака!..
Катталарга ҳам, болаларга ҳам нимадир ёзар эканман, ҳар борада осон қалам тебратадиган устозимни эслайман…
Мен бу ижодкорга «ака» деб мурожаат қиларканман, отамдан уч ёш катта эканликларини ўйлаб, уялиб кетардим… Бу шоирни менга отам танитгандилар. Бутун умр оддий ҳайдовчи бўлиб ишлаган отажоним куй-қўшиқни жуда яхши кўрардилар. Ишдан чарчаб келганларида уйимиз бурчагидаги сандиқдек магнитофон қулоғини бураб, узун ленталари сочилиб кетгунча гоҳ Фахриддин, гоҳо Таваккалу Олмахонларнинг қўшиқларини тинглаб, дам олардилар. Бу қўшиқлар қайта-қайта қўйила берганидан бизга ҳам ёд бўлиб кетганди:
Юрагимдан юрагингга йўл топдим,
Тилагимдан тилагингни мўл топдим,
Сўзи асал, ўзи гўзал, шошмай тур…
— Умидани шу қўшиқни ёзган Пўлат акага шогирд қилиб бераман, — дегандилар отам. — Шеър ёзишни ўргатади…
«Адабиётга танишлар орқали кириб бормоқчимисан?..»
Пўлат Мўмин ҳар кундан шеър ахтариб, ҳар кимдан камтарлигу самимият тилаб яшаб ўтдилар. Бўлмасам, болалар газетасига, Сафар Барноев, Тоҳир Маликлар бошқарадиган адабиёт тўгарагига тез-тез келиб, биз болакайларнинг нималар ёзаётганимиз билан бунчалар қизиқиб ўтирармидилар? Ўшанда менинг машқларимга алоҳида эътибор билан қараб, бошқа газета ва журналларда ҳам мунтазам қатнашиб туриш кераклигини таъкидлагандилар. Мана бугун менинг болалар ижодиётига алоҳида диққат қилишим, уларга қўлдан келганча йўл-йўриқ кўрсатишга, қўллашга интилишим — Пўлат акадан мерос.
Биз-ку иш, турмуш икир-чикирлари деб ҳамиша ҳам устозларни йўқлай олмаймиз. Аммо ёшлари улуғлашиб қолса-да, иш жо¬йимизга келиб маслаҳатлар беришдан оғринмайдиган Пўлат ака бизга чин маънода одамийлик дарсларини бериб кетган эканлар. Ким ўйлабди ўшанда, «Болаларга эътиборли бўлинг», дея қайта-қайта уқтираётган Пўлат акани бир ҳафтадан кейин мангуга йўқотиб қўйишимизни…
Мактабни тугатиб, медицина олийгоҳига киришга тайёрланаётган кунларимда келажак ҳаётимни журналистика томон осонгина йўналтириб юборган инсон — шу Пўлат ака бўлганлар.
— «Умидага умидли оқ йўл», деб «Гулхан»¬да бекор ёзганманми? Ҳалиям кеч эмас, имтиҳонга икки кун бор, тезда ҳаракатингни қил, — дегандилар менга қатъий.
— У ерда инглиз тилидан ҳам имтиҳон бўларкан. Мактабимизда чет тили ўқитувчиси йўқ эди, шунга… чала ўқиганман, — дегандим ўшанда руҳим чўкиб.
— Чала ўқиган бўлсанг, ундан имтиҳон топширмайсан. Биринчисидан «беш» олсанг бўлди.
— «Беш» олармикинман… Ахир бирорта ҳам танишим йўқ-ку, — дебман қаранг.
— Ия, сен адабиётга танишлар орқали кириб бормоқчимисан? Битта имтиҳондан «беш» баҳо олишга кўзинг етмаса, қандай қилиб олтин медал олдинг?..
Пўлат аканинг ҳар бир сўзи менга қанот, келажагимга сабот эди. Энг аввало, инсон ўзига ёққан касбни танласин экан, акс ҳолда асаблари чарчаб, меҳнати машаққатга айланади. Кетма-кет туғилган фарзандларим ҳам мени газетачиликдек машаққатли касбимдан совута олмади.
— Турмуш ўртоғинг ҳалол, меҳнаткаш инсон экан, энг аввало у билан иноқ бўл! Қайнона-қайнотанг кўнглига меҳру оқибатинг орқали йўл топасан, қаламни эса асло қўйма, — тайинлардилар Пўлат ака. — Вақт ўтиб, ҳали кўрасан, сен билан адабиётга кириб келганларнинг қанчаси қолар экан…
«Устозим олмаган унвонни мен қандай оламан?!»
Мен кўп ҳолларда аёллигимга бориб, ўтган ижодкорларнинг ҳаёти ҳақида яқинроқ билгим келар, бу борада устозни кўп гапга солар эдим. Пўлат Мўмин эса айрим саёз ёзувчи-ю, сотқин шоирлар ҳақида ҳам «Унинг юраги тоза, аммо дилидагини тилига чиройли қилиб чиқара олмайди», «Бунинг тили равон, ҳали қараб турасан, тўғри йўлга тушиб олади», дея фикримни ижобий томонга буриб юборардилар. Ўйлаб қарасам, бу борада ҳам менга катта сабоқ берган эканлар.
— Аввалгидек ҳолим йўқ, бунақада кетиб қоламанми… — деб қолдилар бир куни Пўлат ака. Мен эса, кулгуга олдим:
— Айтинг, қаерингиз безовта қилаяпти? Та¬йин касалингиз йўқ-ку, кетаман деб қўр-қитасиз… Ўлган билан ер тўярмиди? Мабодо ўлиб қолсангиз, отамга салом айтиб қўйинг…
Ҳазилим Пўлат акага деярли таъсир қилмади.
— Бандамиз-да, — деганча ерга қараб ўй суриб қолдилар. Юрагим орқамга тортиб кетди. Устоз сезгир одам эдилар, ҳолимни сезиб, мавзуни дарҳол ўзгартирдилaр:
— Унвонга интилувчилар кўп. Aммо улар ўзларига устозлик қилганлар шу унвонни олганми, йўқми, буни ўйлаб ҳaм кўрмайдилар! Менга эллик ёшимда Халқ шоири унвонини берадиган бўлишди. Устозим олмаган унвонни мен қандай оламан, дедим. Тушунишди. Ўша йили Ҳамид Ғулом Халқ шоири бўлдилар, мен эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби бўлдим. Олтмиш ёшимда Халқ шоири унвонини беришди…
Ҳа, Пўлат ака, унвону шуҳратлари билан мақтанишни ёмон кўрардилар. Устоз ўзларидаги энг сара инсоний фазилатлари, халқ ичидаги обрў-эътиборлари билан ҳам қад кериб яшасалар арзирди. Аммо у киши керак бўлса автобус бекатларида соатлаб ўтиришдан ҳам ор қилмасдилар. Бир гал:
— Қийналиб қолманг, устоз, ҳозир айтаман, уйингизга олиб бориб қўйишади, -десам, «Fофур Ғулом кўчасидан Ғофур аканинг руҳи уйимга осон етказиб қўяди», деганлари ёдимда…
Мўминликка етказсин
— Ҳажга бормайсизми? — деб сўрагандим устоз билан сўнгги кўришувларимиздан бирида, у кишининг хомуш хаёлларини чалғитиш учун.
— Опоқинг бориб келди. У беш вақт намозни канда қилмайди… Мен эса уддалай олмаяпман. Тилда худо деб, дилда бошқа иш қиладиганларга ўхшагим келмаяпти-да, — дегандилар ўшанда Пўлат Мўмин. Ҳа, устозим чин маънодаги мўмин инсон эдилар.
— Пўлат Мўминга ҳавасим келади, — деган эди шоира Мукаррама Муродова. — Уч яшар набирам менинг ёзганларимни бирорта сатрини ҳам билмайди, лекин Пўлат аканинг шеър¬ларини ёдлаб, қўшиқларини куйлаб юради…
Ҳа, Пўлат Мўмин болаларимиз тилида, дилида яшаяптилар. Ҳар гал бу мўмин инсонни эсларканман, ҳаммамизни ҳам мўминликка етказсин, дея дуо қиламан.

Умида АБДУАЗИМОВА

Пўлат МЎМИНнинг охирги йилларда ёзган бир шеъри:

КЕЙИНЧАЛИК ДЕМА: АТТАНГ

Неки қилсанг, боринда қил онанг-отанг,
Кейин кечдур, дема афсус, дема аттанг.
Сени дебон не кунларни кечирганлар,
Умид бирлан оқ меҳриндан ичирганлар.
Борлигинда хизматинда – коринда бўл,
Ёнинда бўл, жонинда бўл, боринда бўл
Борлигинда қилғил барча мурувватинг,
Сарф айлагил аларга сен куч-қувватинг.
Фарзанд бўлсанг ҳамишалик келтир савоб,
Иккаласин ҳар сония қилғил тавоф.
Борлигинда хизматинда – коринда бўл,
Ёнинда бўл, жонинда бўл, боринда бўл
Қоқитганлар, ранжитганлар учраб турғай,
Ундайларни ота-она номи ургай.
Икки дунё алар сендан рози бўлсин,
Ўзингдайин уларнинг-да кўнгли тўлсин.
Борлигинда хизматинда – коринда бўл,
Ёнинда бўл, жонинда бўл, боринда бўл.
Унай десанг, ўсай десанг дуосин ол,
Шу боисдан яшагайсанг хаппа-ҳалол.
Қилганларинг фарзандингдан қайтиб келгай,
Кўз ўнгингда раҳматларни айтиб келгай.
Борлигинда хизматинда – коринда бўл,
Ёнинда бўл, жонинда бўл, боринда бўл.
Алар қони айланар-ку ўз қонингда,
Мўминлардай сақла номин иймонингда.
Соғлиғиндан, чоғлиғиндан бўлғил огоҳ,
Неки қилсанг яхши кўзлар эрур гувоҳ.
Борлигинда хизматинда – коринда бўл,
Ёнинда бўл, жонинда бўл, боринда бўл.
Ушбу шеърни Саидкомил Носиров зўр қилиб ўқиган. «Маҳалла» радиоканалида гоҳо-гоҳо қўшиқлар орасида янграб туради.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ