"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЭЗГУЛИККА БОШЛАЁТГАН НУР

Ўқилди: 252

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” 2017 йил 12 январдаги   фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида  Навоий вилоятида  “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзуида    ўтказилган Республика семинаридаги  китобхонлар гурунглари   дилларга ёруғлик улашди.

Навоий вилоят ҳокимлиги,  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Камолот” Ёшлар Ижтимоий  Ҳаракати  Марказий  Кенгаши, Республика  Маънавият тарғибот маркази  ҳамкорликларида   ташкил этилган ушбу  анжуманда бир неча кун давомида  китоб ўқиш маданиятини янада юксалтиришга оид  тажрибалар ва таклифлар  муҳокама этилди. Дунё  маънавиятига эзгуликни ,    инсоний ишқ-муҳаббатни тараннум этувчи   бешта  достонни  жамлаган   “Хамса”     ва    ўлмас девонлари билан  улкан ҳисса қўшган  улуғ мутафаккир шоир,  ўзбек  адабий тилининг  асосчиси   ҳисобланган  буюк  қомусий аллома  ҳазрат  Алишер Навоий  номи билан аталадиган ушбу   вилоятда  илк бора  китобхонликка бағишланган  нуфузли анжуманнинг  ўтказилишида ҳам   ўзгача  ҳикмат бор эди, албатта. Истиқлол туфайли  янада қудратга тўлиб, гўзаллашиб бораётган   бу гўшанинг ҳар бир шаҳар-у  қишлоқларида истиқомат қилаётган  юртдошларимиз томонидан     анжуман иштирокчилари самимимий кутиб олинди. Айниқса,   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан ушбу анжуманда  иштирок этиш учун  пойтахтдан  ташриф буюрган  бир гуруҳ  эл суйган шоир ва адиблар, таниқли  адабиётшунос олимлар  иштирок этган давралар ўз-ўзидан  адабиёт байрамига , мушоираларга , айтишувларга  айланиб кетаверди.

Анжуман  дастурига мувофиқ  дастлаб  Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт”   мажмуасининг китоб расталарида   “Зукко китобхон”   акцияси  ўтказилди.  Навоий маданият ва санъат касб-ҳунар коллежи ўқувчилари  ижросида  маърифатпарвар  ўзбек адиблари қаламига мансуб  асарлар асосидаги  ўнлаб   саҳна кўринишлари   навоийлик китобхонларнинг зукколигини  яна бир бор синовдан ўтказди.

Навоий шаҳридаги “Камолот китоб дунёси” китоб дўкони фаолияти билан танишган иштирокчилар таниқли ижодкорлар билан юзма-юз  мулоқот қилиш бахтига муяссар бўлдилар.

 Мамлакатимиздаги  нуфузли “Янги аср авлоди”  нашриёти ҳамда   “Камолот”  ЁИҲ Навоий вилоят Кенгаши  ҳамкорликларида  ташкил этилган  “Камолот” китоб дўкони бу ерда иш бошлаганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ.  Эртадан кечгача ёш китобхонлар гавжум бу гўша қисқа вақт ичида   ҳақиқий маърифат масканига айланиб улгурди. Бу манзилда  уюштирилган    “Мен севган китоб”  акциясида иштирок этган     юзлаб  навоийлик ёш китобхонлар   Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон , таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори,  профессор   Қозоқбой Йўлдошев ҳамда  “Тонг юлдузи” газетаси бўлим муҳаррири , шоир  Ахтамқул Карим билан  дилдан суҳбат  қурдилар.  Шунингдек,   навоийлик  ёш китобхонлар таниқли ўзбек миллик акдемик театри  актёрлари   —  Ўзбекистон Халқ артисти     Эркин Комилов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Саййида  Раметованинг  китоб ўқишнинг аҳамияти ҳақидаги ўгитларидан ҳам  баҳраманд бўлишди.

Вилоят марказининг кўркига кўрк ва салобат бағишлаб турган “Ёшлар маркази”   иқтидорли ёшларнинг  бўш вақтларини  мазмунли ўтказишига хизмат қилмоқда.  Мустақиллик туфайли  бунёд этилган ушбу  масканда  юз нафар ўқувчига мўлжалланган кутубхона , ўнлаб  ижодий  тўгараклар доимо ўқувчи-ёшлар билан гавжум. Иқтидорли шоира  Ҳулкар Ғаффорова  раҳбарлигида бу марказда  фаолият кўрсатаётган  ёш ижодкорлар тўгарагида ўқувчилар  илқ машқларини  синовдан  ўтказишади,    таниқли шоир ва адиблар сабоқларидан баҳраманд бўлишади. Тўгарак аъзоларининг   Ўзбекистон Халқ шоир Анвар Обиджон билан  учрашуви  ғоят қизғин кечди.  Мазкур  нуфузли  анжуман дастурида белгиланган “Энг зукко китобхон” акциясида  ушбу тўгарак аъзоларининг   ғолибликни эгаллаши ҳам  бежиз эмас эди.  Навоий шаҳридаги 7-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Фахриёр Бахтиёров   ана шундай зукко китобхон ёшлар бири бўлиб чиқди.

-Мен ҳамиша  Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджоннинг   болаларга аталган  шеърларини мароқ билан ўқийман,  ўзим ҳам   шеърлар машқ қилиб тураман-дейди Фахриёр севинч билан. Айниқса  ўтган йили илк машқларимнинг  севимли  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилингани ҳам менга   катта қувонч бағишлади….

  Ёшлар ўртасида китоб мутолласи ҳамда  китоб ўқиш маданиятини юксалтириш муаммоларига бағишланган  семинар машғулотлари доирасида  Нуротада ўтган учрашув  китобхонлару ижодкорларнинг   баҳсларига бой бўлди.   Қатағон йилларида  шўролар    ўзбек ҳалқининг   севимли китобларига ва  ижодкорларига  қарши  ҳужумлар уюштирганликлари    бу  учрашувда афсуслар билан  тилга олинди. Китобларнинг  дунё кезиши ҳақидаги  энг   гўзал савол   адабиётшунгс олим Қозоқбой Йўлдошевга берилди.  Шоир Ахтамқул Каримов  ўқиган ғазалларни нуроталик  китобхонлар олқишлар билан кутиб олдилар.

Навоий  вилоятида  ўтказилган    китобхонликка бағишланган   учрашувлар  ҳар бир кишининг  қалбига олам-олам завқ берди.  Худди шу тобда  бу заминда  “Алпомиш”,  “Кунтуғмиш”,   “Гўрўғли”, “Гулнор пари”  каби ўлмас достонларни куйлаб ўтган  Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Саидмурод жиров Паноҳ ўғли  каби  халқ  бахшилари  беизтиёр  ёдга тушади. Ўтган йили фольлоршунос олим, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Раҳим Қодировнинг  “Пўлканшоир ибрати” китоби ҳамда  Ўзбекисонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамдам Эшонқуловнинг  Истиқлолдан куч олаётган   бу заминда умргузаронлик қилаётган  юртдошларимиз ҳаётидан олинган   “Оқтов ҳикматлари” тўпламининг чоп этилиб,  зукко китобхонларга тақдим этилгани   давраларда тилга олинди.

Муҳтарам Президентимиз   Ш. М. Мирзиёев томонидан  қабул қилинган  “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” тарихий фармойиш  неча асрлар давомида ҳалқимизнинг маънавиятига хизмат қилади, шоиру адибларимизнинг  кучига куч қўшади, албатта.

 Семинар  дастурига мувофиқ ташкил этилган ҳар бир учрашувда   шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, театр ва кино актёрлари, спортчилар иштирокида “Мен севган китоб” мавзусида учрашув ташкил этилди. Унда ёшлар ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашдилар.

Бундан ташқари семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда “Зукко китобхон” интеллектуал турнири, “Камолот” кутубхонасининг онлайн викторинасини ташкил этиш юзасидан тренингларда иштирок этдилар.

Китобхонлик даражасини ўрганиш мақсадида Навоий давлат педагогика институтида, Нурота туманидаги Саид ота МФЙ ҳамда Навоий шаҳридаги Бунёдкор МФЙларда социологик сўровномалар ўтказилди.

Республика семинарида фаол иштирок этган энг фаол китобхон ёшлар   эсдалик своғалари билан рағбатлантирилди ҳамда тарғиботчилар гуруҳига эсдалик совғалари топширилди.

 

Баҳриддин Садриддинов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг

Навоий вилояти бўлими раҳбари

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ