"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ТАНИҚЛИ РУС ШОИРИ ЕВГЕНИЙ ЕВТУШЕНКО 85 ЁШИДА ВАФОТ ЭТДИ

Ўқилди: 89

images

1 апрел куни рус шоири Евгений Евтушенко АҚШда 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Мария Новикова маълум қилган.

«У бир неча дақиқа аввал яқинлари қуршовида вафот этди. Тинч, уйқуда, юраги уришдан тўхтади», деб айтган шоир рафиқаси.

Евтушенко 1932 йилда Россиянинг Иркутск вилоятида дунёга келган. Унинг  «Учинчи қор», «Ташаббускорлар кўчаси», «Назокат», «Братск ГЭСи», «Алоқа қайиғи», «Оппоқ қор ёғяпти», «Қозон дорилфунуни», «Ишқий лирика», «Эрталабки халқ», «Фуку» каби тўпламлари ва достонлари,«Мевали жойлар»  романи, «Истеъдод — бетакрор мўъжиза» (публицистик эссе ва мақолалар тўплами нашр этилган. Евтушенконинг «Оқ қорлар» шеърий тўплами ўзбек тилида нашр қилинган. У режиссёр, сценарийнавис, публицист ва актёр сифатида ҳам танилган. Шоир 1991 йилда Оклахома штати университети билан муаллимлик қилиш бўйича шартнома тузгандан кейин АҚШда оиласи билан яшаб келган.

Қуйида шоир Абдумажид Азимнинг Евгений Ектушенко шеърларидан қилган янги таржималарини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

        ЯШИЛ БЕДАЗОРЛАР

Яшил бедазорлар шовулламоқда,

Қарағай шамолда қарсиллаётир.

Шуурим  неларни хотирламоқда,

Мен ҳам қачонлардир ўламан охир.

Аммо томлардаги тарнов ёнида,

Пайдо бўлар ногоҳ каптарбоз бола.

Биламан, ўлмоқлик ваҳима жуда,

Ўзим ва муҳими, бошқаларга ҳам.

Ўлим туйғусисиз йўқ ҳаёт ҳисси,

Қумликка сувдайин кетмасмиз бизлар.

Марҳумлар ўрнига келар тириклар,

Аммоки…уларда ўзгача ҳислар.

Ненидир англадим айни ҳозирда,

Еган калтакларим кетмабди  бекор.

Унутдим ҳаммасин  бўлса хотирда,

Эсладим барини, унутдим не бор.

Гўдаклик —майин у қорларни ёдлар,

Фасли балоғатим  адирлар —  яшил.

Англадим, ҳаётда не бир ҳаётлар,

Неча сулувларга юбордим кўнгил.

Бахтнинг кўзларида нодонлик зоҳир,

Енгилтак аёлдай  туюлади  бахт.

Ғусса нигоҳида   саволлар  оғир,

Кўзингга аламнок  тикилади  шахт.

Бахт гўё осмондан заминга  боқиш,

Бахтсизлик оламни кўрар рўйи рост.

Бахт —хоин сингари алдамчи ҳохиш,

Ғусса одамларни ҳеч қачон сотмас.

Авваллари эдим ёвқур ва  шодон,

Бахтим кулолмади,  шукур Худога.

Имконсиз нарсани истаган эдим,

Барча истакларим дўнди рўёга.

Мен сизни севаман яхши одамлар,

Бахтга интиласиз, туғилган ҳамон,

Мен энди бахтлиман абул-абад,

Чунки  изламасман бахтни ҳеч қачон.

Менга шу ям-яшил бедазор бўлса,

Тилларимдан  музни олиб ташласам.

Муҳими, чивиндай митти жон билан,

Ўлимдан нарироқ   яшай бошласам.

            ХУДОЙИМ

Худойим, сўқирга  қайтар кўзини,

Букур қоматини  айлагин  расо.

Худойим, Худодай кўрай ўзингни,

Хочларга Ўзингни  осмагин аммо..

Худойим, амалга қўймайин ихлос,

Қаҳрамон бўлмайин ясама, сохта.

Бой бўлай, ўғирлик мол билан эмас,

Ҳаппа- ҳалолидан берса,  албатта.

Худойим, майлига, нон бўлай оппоқ,

Илиб кетишмасин олғирлар аммо.

Қурбон-да бўлмайин, бўлмайин жаллод,

Бойвачча бўлмайин, бўлмайин гадо.

Худойим, кам бўлсин йиртиқ яралар,

Катта муштлашувлар авж олгани чоғ.

Худойим, турфа хил мамлакатлар бер,

Ўз юртимдан жудо қилмагин, бироқ.

Худойим, кўз очиб кўрганинг Ватан,

Тепмасин оғзингга  этиги билан.

Худойим, аёлинг  бир сени десин,

Дарбадар, қашшоғу гадоликда ҳам.

Худойим, ёпиб қўй  олчоқ   оғзини,

Овозинг янграсин гўдак бўғзида.

Худойим, аксингни тириклар кўрсин,

Гар эркак бўлмаса,  Аёл юзида.

               * * *

Қайиқдамиз, шарросдир  ёмғир,

Қўлим  музлаб   рулга ёпишган.

Сен севмассан, қўрқаман ахир

Қўрқаман, мен сени севишдан.

Тошиб борар  бир соқов ҳасрат,

Ёқут Серафимнинг кўзидан.

Ўхшаб Колимадаги   гулхан,

Тутунидан чиққан мўрига.

Қопқора чой, мисоли қатрон,

Тузукмиди, балки қанд ташлаш…

“Айт, Серафим, бахт ўзи  нима?”,

“Бахт  менимча, узоқроқ яшаш”.

Ётар чоғинг  бўлса-да, жўра,

Оламан лек сени қисту бас.

“Жуда  узоқ яшашдан кўра,

Яхшимасми, севги бир нафас?”.

Серафим ҳам қайтарар жавоб,

Кўзларини юмганча мудроқ..

“Яхши— фақат бу ҳам  хавфли-да,

Кимки  севса,  яшолмас узоқ.”

Ёқут,чукча билади буни,

Патрондайин кунларни асрар:

Қиммат тушар ҳиссиёт  бизга,

Ҳаётимиз пичоқдай қирқар.

Олтин топди дарёдан Борис,

Ва олтини  бошига етди.

Мана, нега ишқдан қўрқамиз,

Ўша  олтин вабодай худди.

Қўрқитмасин ёнғин  рўёдай,

Ўчир  ўтни, босиб тепкила.

Бу оловнинг тутуни аччиқ,—

Ҳатто энг бахтиёр севгида.

Суҳбатимиз шундай узилар,

Колиманинг зулмат тунида,

Ёмғир тортган кумуш  чизиқлар,

Ярқиллайди аёл  танидай.

Тортилгандай мисли таранг тор,

Шаррос ёмғир  авж олар бу чоқ.

Узоқ умр  менга не даркор ,

Яшамаслар   севганлар   узоқ.

  * * *

Оппоқ қорлар ёғмоқда,

Сирғалиб ипга  гўё.

Ҳеч ўлмасанг  дунёда,

Бунга илож йўқ аммо.

Узоқда кимлар руҳи,

Изсиз йўқолаётир.

Худди оппоқ қор каби

Кўкка йўл олаётир.

Бўралайди  оппоқ қор…

Кетгум мен ҳам йўқликка.

Ўлимдан не  ғамим бор,

Даъвом йўқ мангуликка.

Мўъжизадир менга ёт,

Қор ё юлдуз эмасман.

Дунёга келмасман бот,

Ҳеч қачон, ҳеч қачон.

Ўйлардим, сўқир банда—

Бўлардим ахир ким ҳам.

Менга шошқин ҳаётда

Не улуғ ҳаётдан ҳам.

Суйдим  мен  Россияни,

Қону- жонимга қадар.

Дарёлари тошган чоғ,

Қалин муз босган дамлар.

Суйдим гирду гўшасин,

Қарағайзорлар ҳидин..

Пушкин ва  Стенкасин,

Боболар шаън-шукуҳин.

Ҳаёт баъзан серқилиқ,

Нечун надомат аммо?

Кечмади умрим  силлик,

Яшадим Рус деб, танҳо.

Бир илинжга юкиндим,

(Хавотирга тўла қалб).

Заррадайин бўлса ҳам,

Россияга бердим наф.

Майлига, у  унутсин,

Бир зумда мени  осон.

Фақат, фақат у бўлсин,

То абад  соғу омон.

Шиғалайди  оппоқ қор,

Ҳамма вақтдайин гўё.

Пушкин, Стенка тугул,

Мендан кейин ҳам ҳатто.

Лайлакқорлар ёғмоқда,

Осмонлардан гупириб.

Мен ҳамда  бегоналар

Изларини супуриб…

Мангуликка йўқ даъвом,

Аммо умид қиларман.

Россиям бўлса   омон,

Демак, мен ҳам бўларман.

Абдумажид АЗИМ таржималари.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ФАРҒОНА — ЧЕТ ЭЛЛИК ИЖОДКОР НИГОҲИДА ФАРҒОНА — ЧЕТ ЭЛЛИК ИЖОДКОР НИГОҲИДА
АНДИЖОНДА КИТОБХОНЛИК АНЖУМАНЛАРИ АНДИЖОНДА КИТОБХОНЛИК АНЖУМАНЛАРИ
Китобсевар ёшлар кўпаймоқда Китобсевар ёшлар кўпаймоқда
Интернет ва ёшлар Интернет ва ёшлар