"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ШАХМАТ — ИЖОДГА ДАЪВАТ

Ўқилди: 176

DSC00547

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” Ижод уйида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ёзувчилар ва шоирлар ўртасида шахмат бўйича мусобақа бўлиб ўтди.

Иброҳим Ғафуров, Сайди Умиров, Носир Муҳаммад, Шодмон Отабек, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ҳабиб Темиров, Турсун Али, Нодир Жонузоқ, Носиржон Тошматов, Ғулом Фатҳиддин ва бошқа ижодкорлар иштирок этган шахмат беллашувига Тошкент вилояти шахмат федерацияси раҳбари Рихсиддин Эсанбоев ҳакамлик қилди. Шоир Хуршид Нуруллаев эса, мазкур шахмат мусобақасида иштирок этиб, устозлар суҳбатини олиш учун атайин Самарқанддан Дўрмонга йўл босиб келди.

Қўлида қалам тутиб, ижод майдонларида ўз бадиий асарлари билан адабиёт ихлосмандлари кўнглини забт этган таниқли адиблар ўртасидаги шахмат мусобақаси дўстона рақобат, кескин беллашув руҳида ўтди. Ҳар бир шахмат партияси ўртасида, албатта ёзувчиларнинг “Дўрмон” ҳангомалари сериясидаги ҳазил-мутойибалари, дилкаш суҳбатлари давом этди.

Узоқ давом этган беллашув сарҳисобига кўра тўпланган очколар бўйича “Муштум” жўрнали бош муҳаррири в.б.,  шоир Носиржон Тошматов биринчи ўрин, таниқли адиб Шодмон Отабек иккинчи ўрин, Байлалмилал маданият маркази раҳбари, шоир ва таржимон Носир Муҳаммад учинчи ўрин ғолиблигини қўлга киритди. Устоз адиблар Иброҳим Ғафуров ва Сайди Умиров, шоирлар Турсун Али ва Нодир Жонузоқ ҳам мусобақада фаол иштирок этиб, очколар бўйича юқори ўринларни эгалладилар.

Ғолиблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фондининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Байрам муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбир қизиқарли ва завқли ўтгани ҳамда чиройли адабий суҳбатларга бой бўлгани билан адиблар ва мухлислар кўнглидан жой олди.

Шахмат мусобақаси жараёнида ижодкорлар хаёлида янги асарларнинг лойиҳалари пишиб етилган бўлса, ажабмас. Ахир, “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ҳа, шахмат ҳам ижодга даъват.

 

                                             Бош ҳакам ёрдамчиси в. б.

                                             Рустам МУСУРМОН

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”
“АМУДАРЁ”  2017 йил, 2-сон “АМУДАРЁ” 2017 йил, 2-сон
Бобур қидирган дўст қани?.. Бобур қидирган дўст қани?..