"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Исҳоқхон Тўра Ибратнинг ибратли ишлари

Ўқилди: 227

Наманган вилояти ўлкашунослик музейида улкан маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибратнинг миллий тараққиётимизга қўшган ҳиссаси, маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти сайловчилари билан сайловолди учрашувидаги нутқида вилоятда туғилиб ўсган ва миллий маданиятимиз, адабиётимиз, санъатимиз, илм-фанимиз ривожига улкан ҳисса қўшган маърифатпарварлар ҳақида гапирар экан, “Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат домла ҳақида тўхталиб ўтишни ўринли деб биламан”, деган эди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар, Наманган давлат университети профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг маърузаси мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, юқоридаги фикрлар Исҳоқхон Тўра Ибратнинг вилоят маънавий-маърифий ҳаёти, мамлакатимиз тарихида тутган ўрнига берилган юксак баҳо экани таъкидланди.

Дарҳақиқат, XIX асрда Тўрақўрғонда туғилган Исҳоқхон Тўра Ибрат араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган, қадимий финикия, яҳудий ва юнон ёзувларини ўрганган. Билимини бойитиш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, турли халқлар тарихи ва маданиятини тадқиқ қилган, Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган. Дунё тамаддунининг илғор маданияти, фан ва техника янгиликларидан юртдошларимиз ҳам баҳраманд бўлиши йўлида сидқидилдан меҳнат қилган.

1908 йили Оренбург шаҳридан босмахона ускуналари келтириб, “Матбааи Исҳоқия” босмахонаси (“Исҳоқия босмахонаси”)ни ташкил этган. 1960 йилгача фаолият кўрсатган ушбу босмахонада кўплаб илмий-маърифий китоблар, рисолалар, газета ва журналлар чоп этилган.

Ибрат ўнлаб китоб дўконлари, кутубхона ва мактаблар очгани, боғлар яратгани Фарғона водийси ижтимоий ҳаётида муҳим из қолдирган бўлса, у яратган олти тилли луғат, илмий-педагогик ва бадиий асарлар ўз даврида талабалар учун ғоят зарур манба бўлиб хизмат қилган.

– Ибратнинг саъй-ҳаракатлари билан Наманганнинг бир аср аввалги қиёфаси қандай бўлгани, ота-боболаримизнинг турмуш тарзи, либослари ҳақида ҳикоя қилувчи суратлар, ноёб тарихий лавҳалар бизгача етиб келган, – дейди ёзувчи ва публицист Лутфулло Маҳмудов. – Чунки фотоаппарат ва бошқа суратга олиш анжомларини Фарғона водийсига фан-техника янгилиги сифатида биринчи бўлиб Ибрат домла олиб келган.

Президентимизнинг юксак эътибори билан Исҳоқхон Тўра Ибратнинг халқимиз олдидаги улкан хизматлари ўзининг муносиб эътирофини топди. Бугунги кунда вилоятда улуғ бобомиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тўрақўрғон туманида Ибрат хиёбони ва боғ яратиш, Ибрат номидаги музей ва вилоятда унинг номи билан хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган мактаб ташкил этиш каби лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Анжуманда Исҳоқхон Тўра Ибратнинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти тўғрисидаги маърузалар тингланди. Ибрат саёҳат қилган Шарқ ва Ғарб мамлакатлари бўйлаб илмий экспедиция уюштириш таклифи илгари сурилди ва бу борада тегишли чора-тадбирлар келишиб олинди.

 

Акрамжон Сатторов, ЎзА
Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД