"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИНСОН ҚАДРУ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮРТ

Ўқилди: 312

21 апрель куни Бухоро вилояти марказидаги энг яхши гўзаллик салонлари ўз ишини никоҳ тўйлари бир кун, бир соатда ва бир базмгоҳда нишонланадиган ўн жуфт келин-куёвларга хизмат кўрсатиш билан бошлади. Республика раҳбарияти ташаббуси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан вилоят ҳокимлиги, қатор жамоат ташкилотлари иштирокида “Президент эътибори – мурувват тадбирларида” шиори остидаги хайрия акцияси сифатида ташкил этилган тўй сабабчилари – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларидан бўлган бу ёшлар дўстлари ва дугоналари ҳамроҳлигида уларни кутиб турган 10 та яп-янги “Малибу” автомобилларига тушиб, Бухоро маданий маркази томон йўл олишди. Касаба уюшмалари маблағи ҳисобига харид қилинган энг гўзал ва асл тўй либосларини кийган, никоҳ узукларини олган, чеҳралари қувончдан порлаб турган келин-куёвлар “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи пойига гуллар қўйиб, ушбу обида барпо этилишининг ташаббускори бўлган республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда ўтмиш алломалари, она-Ватанимиз озодлиги ва истиқлоли, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида жонини фидо этган улуғлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Безымянный 2

Шундан сўнг автомашиналар кортежи вилоят марказидаги энг катта базмгоҳ – карнай-сурнайлар садоси янграб турган “Паризод” тўйхонасига етиб келди. Ёр-ёрлар садоси остида базмгоҳга кириб келган келин-куёвларни тўйга таклиф этилган меҳмонлар – республика Олий Мажлиси Сенати аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, эл орасида обрў-эътибор қозонган отахон-онахонлар, тантана сабабчиларининг яқин қариндошлари, касаба уюшмалари ва маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёшлар гулдурос олқишлар билан кутиб олдилар.

Бир олам ҳаяжон оғушидаги келин-куёвлар – Бухоро шаҳридан Бахшулло Кашпиев ва Ферангиз Ҳамидова, Жўра Кашпиев ва Маҳлиё Искандарова, Ромитан туманидан Камолиддин Амонов ва Ойжамол Ашурова, Туроб Остонов ва Зубайда Нутфуллаева, Жондор туманидан Шерали Ҳамроев ва Муҳайё Муродова, Ғиёс Мўминов ва Гулшан Сафарова, Жасур Ражабов ва Маҳлиё Боқиева, Олот туманидан Фаррух Жумаев ва Зулфизар Олимова, Ғиждувон туманидан Азизбек Давронов ва Сарвиноз Собирова, Лазизбек Давронов ва Гулҳаё Шамсиевалар тўйхонанинг анвойи гуллар билан безатилган тўридан жой олишди.

Меҳнат фахрийси Беҳбуд ҳожи Жумаев шодиёна даврани очар экан, оилавий бахт остонасида турган келин-куёвларга энг эзгу тилакларни изҳор этиб, бундай тўйлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг тўй ва висол онларидан масрур келин-куёвларга никоҳ гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев ва Транспорт-қурилиш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси Ўктам Турғуновлар келин-куёвларни ҳаётларидаги унутилмас воқеа билан қизғин муборакбод этиб, уларга Президент совғалари – замонавий мебеллар сертификатларини топширишди.

Никоҳ тўйи нишонланаётган ёшларнинг аксарияти ишсиз эканлиги ҳам раҳбарият назаридан четда қолмади: уларни касб-кори ва маълумотига яраша иш ўринлари билан таъминлаш чоралари кўрилди. Ишга жойлашганлари ҳақидаги меҳнат дафтарчаларини келин-куёвларга вилоят меҳнат бош бошқармаси бошлиғи Фурқат Хўжаев давра иштирокчилари олқишлари остида тарқатди.

Вилоят жамоатчилик вакиллари, никоҳланаётган ёшларнинг қариндош-уруғлари, дўстлари келин-куёвларга бахт-саодат тиладилар, бухоролик ва пойтахтлик санъаткорлар ижросидаги куй ва қўшиқларга рақсга тушиб, шодлик даврасига ажиб назокат ва файз бағишладилар.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилган оқилона сиёсатнинг ёрқин намунаси бўлган мазкур тўй оқшоми ҳақидаги ҳавасга лиммо-лим таассуротлар бир зумда бутун вилоят бўйлаб тарқалди.

 

“ЧАМАНЗОРДА ЯШАЁТГАНГА ЎХШАЙМАН…”

 

Қоракўл туманининг Тожикент маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ашур бобо ва Суқсур ая истиқомат қилаётган хонадондан эртаю кеч меҳмоннинг қадами узилмайди. Маҳалла-кўй, ўқувчи ёшлар, жамоатчилик вакиллари… Албатта-да, тўқсондан ошган бу пиру бадавлат отахону онахонни зиёрат қилишни ким ҳам истамайди, дейсиз. Бири дунёда тинчлик ўрнатилиши учун фронтда қон кечган, иккинчиси пахта далаларида тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилган…

Қўша қариш саодатига эришган икки нуронийнинг хушчақчақ суҳбатларидан ҳаётнинг энг оғир синовлари, уруш даҳшатлари, очарчилик азоби, собиқ тузум зуғумидан омон-эсон ўтиб, дориломон кунларга етиб келиш бахтидан масрурликни ҳис этасиз.

Безымянный (копия)

– Ота-онам эрта қазо қилиб, икки ўғил, икки қиз етим қолганмиз, – дея гап бошлайди Ашур ота Рустамов ўтмишини ёдга олиб. – Рўзғор юки акамнинг зиммасида эди. Уруш бошлангач, аввал акам, кейин мен фронтга жўнадик. Ота-онасидан қолган ёдгори, жигарларини ажал ўчоғига бирин-кетин кузатган опамнинг мунгли нигоҳи, юзимга томган илиқ кўз ёшининг тафти ҳозиргача ёдимда.

Ашур ота 2-Белорус фронтида хизмат қилди. Ватан, она юрт ҳимояси, келажак авлод тинчлиги учун жон олиб жон берди. 1943 йилдаги жангларнинг бирида қаттиқ яраланди. Беҳуш йиқилган ёш йигитни госпиталга олиб келишди. 6 ойда зўрға оёққа тургач, фронтга қайтиш буйруғини олди. Яна икки йил ўт-олов кечди.

Фашизм устидан ғалаба қозонилган бўлса-да, уруш инсоният бошига мусибатлар ёмғирини ёғдириб, тинка-мадорини қуритди. Фронтдан қайтгач, Ашур ота Ватанида тинчлик-омонликда яшашни орзу қилган эди, аммо уни бу ерда ҳам совуқ хабарлар қарши олди.

– Урушдан мен қайтдим, акам қайтмади, – дейди отахон ҳазин товушда. – Сўраб-суриштираверганимиздан сўнг Москвадан бир энликкина “Бедарак йўқолган” деган хат келди. Инсон қадри-қиммати, тақдирини бир зумда ҳал қилиб қўйган бир бўлак қоғоз. Узоқ вақт эшикка илҳақ термулиб, ўлик-тириги номаълум жигаримизни интизор кутганмиз.

Балою офатлар ариб, одамларнинг оғзи ошга етган маҳал Ашур Рустамов Суқсур ая билан турмуш қурди. Икки қиз, олти ўғилнинг ота-онаси бўлишди. Ашур ота молия-банк соҳасида, Суқсур момо эса колхозда ишлади. Фарзандларини тарбиялаб, элга қўшишди. 50 нафар невара-эвара кўриб, кексайганда ҳузур-ҳаловат топишди.

– Биласизми, тенгдошларинг билан хотираларни бўлишиш одамнинг ёшига ёш қўшади. Руҳини тетиклаштиради, яшашга иштиёқини оширади, – дея мулойим оҳангда суҳбатга қўшилади Суқсур момо. – Мен билан фронт ортида меҳнат қилган дугоналаримнинг икки нафари қишлоғимизда яшайди. Тўла Жўраева, Бибиш Очилова. Улар билан тез-тез гурунглашиб, ўтган кунларимизни хотирлаймиз. Куз изғиринида далада оёқяланг чопиқ қилганимиз, тунлари ухламай фронт учун зарур буюмлар тикканимиз, қора хатларни ўқиб, фарзандидан айрилган оналар, бева қолган жувонларнинг дод-фарёдига гувоҳ бўлганимиз, ҳаммаси кечагидай ёдимизда. “Тиқ” этган товушдан юрак ҳовучлаб тонг оттирган бедор тунларимиз кўп бўлган. Бироқ ҳаётнинг барча ташвишу ғамларини, қувончу шодликларини мардонавор қарши олишга ўрганган эдик. Дунё фоний, ғамлар ўткинчи, сиздан қоладигани фақатгина ширин сўз, яхши ном, яхши амал, шарафли меҳнат. Биласизми, кўчадан ўтиб қайтаётган бугуннинг ҳар бир бахтиёр ёшлари кўзимга бир даста чиройли гулга ўхшаб кўринади. Чаманзорда яшаётгандай ҳис этаман ўзимни.

– Мендан кўпинча ҳозирги давр билан олдингисини қиёсланг деб сўрашади, – дейди момонинг гапларини давом эттириб Ашур бобо. – Бу савол чамамда бироз ноўрин. Ҳозирги замон билан олдингисини таққослашнинг ҳеч имкони йўқ. 2015 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Шу йили уйимизга бепул қуёш батареялари ўрнатиб беришди, замонавий телевизор совға қилишди. Яқинда хонадонимизга туманимиз ҳокими келиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев номидан 2 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ҳамда имтиёзли тарзда енгил автомашинани сотиб олиш сертификатини топширди, ҳокимликнинг қимматбаҳо совғаларини тортиқ этди… Маҳалламиздаги таълим муассасалари ўқувчиларининг ғамхўрлиги, ҳар ҳафтада уй юмушларига кўмаклашишини айтмайсизми? Тўс-тўполон, олатасирда ўтган олдинги даврларимни бу меҳр-эътибор, ғамхўрлик билан солиштириб бўладими, ахир! Яратганга шукур, шундай дориломон кунларга етказганига шукур!

 

Абдужалил ХАЛИЛОВ,

Дилдора ИБРОҲИМОВА

Бухоро

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ