"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИ МАРД ВА ОЛИЖАНОБ ХАЛҚИМИЗ БИЛАН БИРГА ҚУРАМИЗ»

Ўқилди: 465

Тошкент вилоятида шундай шиор остида халқ билан мулоқотлар – адабий-бадиий учрашув ва тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда

IMG_8189

Мамлакатимиз раҳбари таклифи билан жорий йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» дея эълон қилинди. Шундан сўнг ўтган вақт мобайнида амалга оширилган ишлар манзарасига назар ташласак, дарҳақиқат, давлат ташкилотлари билан аҳолининг мулоқоти, муомаласи, энг асосийси, ягона маслак йўлидаги собитқадам ҳамкорлиги янги уфқларни забт этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Олий ва ўрта-махсус, Халқ таълими вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият-тарғибот маркази, «Ўзбеккино» миллий агент­лиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Ўзбекконцерт» муассасаси ҳамкорликда диёримиз бўйлаб «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» ғояси остида ташкил қилган тарғибот тадбирлари ана шу жиҳатларни, аҳолининг маданий-маърифий дунёқарашини бойитишни кўзловчи йирик лойиҳадир. Ардоқли олимлар, таниқли шоирлар, машҳур санъаткорлар иштирокида ўтаётган учрашувлар моҳият-эътибори билан бутун мамлакатимизни қамраб олган ўзгаришлар, янгиланишлар эпкинидан бир даракдир.

Эътиборли жиҳати, эл суйган инсонлар, таниқли спортчилар, кино ва театр актёрлари, машҳур шоир-ёзувчилар, эстрада хонандалари билан учрашувлар, суҳбатлар самимий ва дилкаш мулоқотлар асносида ўтказилиши кўзда тутилган мазкур тарғибот тадбирлари бизнинг Тошкент вилоятимиздан бошланди!..

Оҳангаронда  оҳанглар  сеҳри

Кўҳна Оҳангарон воҳасида бўлиб ўтган тадбирлар барча иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

IMG_8225

Ўзбекис­тон халқ артисти Одинахон Ғозиева, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театри актёрлари Нурбек Маматов, Отабек Ҳақбердиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Зулфия Мўминова, Баҳодир Карим, Абдумажид Азимов, Азизбек Анвар, киноактёрлар Карим Мирҳодиев, Феруза Собитова, Шуҳрат Усмонов, «Ниҳол» давлат мукофоти соҳиблари Машҳур Раимжонов, Мадина Мумтоз, Дилсўз, Ойбек ва Нигора ҳамда «Мароқанд» гуруҳидан иборат тарғиботчилар тумандаги «Саховат уйи», бир неча мактаблар ҳамда учта коллеждаги тадбирларда иштирок этишди.

– Бизга чексиз меҳру эътибор кўрсатаётганлари учун Президентимизга мингдан минг раҳматлар айтамиз. Юртимизда деярли ҳар куни янги-янги ташаббусларга гувоҳ бўлаяпмиз, халқ манфаатини кўзлаган қарор ва фармонлар қабул қилинаяпти. Биз ҳам энди янгича шижоат билан ишга киришамиз, – дейди «Хонобод» маҳалла фуқаролар йиғини ­раиси Ҳакимахон Абдужабборова.

Юқоридаги каби самимий миннатдорлик туйғуларига тў­либ-тошган фикр-мулоҳазалар ҳамма учрашувларда янгради. Каттаю кичик кўнглига олам-олам завқу шавқ улашиб, эртанги фаровон кунга ишончини яна­да мустаҳкамлаган тар­ғибот тадбирлари кечга томон туман маданият ва истироҳат боғидаги гала концерт билан якунланди.

«Икки дунё айрилмасмиз қучоғидан…»

Меҳмонлар ўтирган автобус туман марказига кириб бориши билан қадим удумларга кўра, нон-туз билан пешвоз чиқаётган мезбонларнинг жўшқин кайфияти, жайдари, дангал феъл-атвори ажиб бир ёруғлик улашди. Шу тариқа тарғибот тадбирлари дилкаш гурунгларга уланиб кетди. Ўзбекистон халқ артист­лари Гавҳар Зокирова, Малика Иброҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Асалхўжаева, Раъно Шодиева, «Ниҳол» давлат мукофоти совриндори Алишер Рўзметов, эстрада хонандаси Рухшона, актёрлар Наргиза Абдуллаева, Улуғбек Юнусов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Адиба Умирова, Ойдиннисо, Гўзал Бегим сингари эл-юрт назаридаги инсонлардан иборат тарғиботчилар шу куни гуруҳларга бўлиниб, ҳудуддаги 12 та муассасада ташкил қилинган учрашувларда иштирок этишди.

IMG_4603

Тумандаги 5-умумтаълим мактабидамиз. Санъаткорлар ашула айтиб, дилга яқин шеърлар ўқиб, соз суҳбатлар ўтказиб турган паллада сураткаш билан мактабни айланиб чиқамиз. Бир минг бир юз ўқувчига мўлжалланган таълим маскани, аввало, саранжом-саришталиги, ён-атрофнинг кўкаламзорлиги билан ажралиб турибди. Асосий бинонинг орқа томонида болалар футбол майдонида жисмоний тарбия ўқитувчиси билан сабоқларни бошлаб юборишган. Разм солсангиз, уларнинг кўзларидан ўт чақнайди, шижоати бошқача!..

Мактаб кутубхонасига ошиқаётган уч болакайнинг суҳбати эътиборимизни тортади. Маълум бўлишича, улар ўқиб бўлган бадиий китобларни қайтариш учун одимлаётган экан. Уларга қўшилиб, кутубхонага кирамиз. Кутубхона мудираси Комила Ҳамроқулова болажонларнинг елкасига қоқиб алқаётган, «Балли, азаматлар!» дея суюб турганининг устидан чиқамиз. Энг қизиғи, «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши раиси Рустам Абдуназаров болажонларни кутиб олиб, улар билан астойдил суҳбатлашаркан, кутубхонага биринчи бўлиб келган ўқувчи билан танишиш учун атай пойлаб турганини айтди. Кейинги сафар уларга атаб махсус китоблар олиб келишга ваъда берди. Сўнгра икки авлод – ўттиз ёшнинг остонасида турган «камолот»чи ҳамда биринчи синф ўқувчилари Омон, Асқар, Холиданинг бола тилидаги чучук суҳбати бошланди…

Шундай қилиб, Омонжон ва унинг китобсевар дўстларини қарийб 4 минг 800 дона китоб фондига эга кутубхонада қолдириб, яна даврага қайтамиз. Дилкаш гурунглар давом этади. Гоҳ меҳмонлар, гоҳ мезбонлар санъат бобида маҳоратларини кўрсатар, айниқса, мактаб бадиий ҳаваскорлик жа­моасининг чиқишлари профессионал ижрочиларни-да ҳайратга чулғар эди.

Ҳайрат ва ҳаяжон тўла кўзлар юрт ишқи билан масрур турганда шоира Адиба Умирова завққа тўлиб, ўктам овоз билан, оламни шавққа тўлдириб, Ватан ҳақида шеър ўқийди:

Садо келар ўтли виждон китобидан,

Ҳар кимса ўз ерида хон бегумон.

Хўрлик йўқтир ўзгаларнинг итобидан,

Қиёсини тополмассан ҳеч бир замон.

 

Бошингдан зар сочсалар ҳам қайрилмагин,

Худо берган маконингдан айрилмагин.

Нур таралар мўрконию ўчоғидан,

Икки дунё айрилмагин қучоғидан….

Дилкаш инсонлар даврасида

«Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз». Ана шундай эзгу мақсад моҳиятига йўналтирилган шундай тадбирлар вилоятимизнинг сўлим гўшаларидан бири Ангрен шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Пурвиқор тоғлар орасида, ям-яшил дов-дарахтли боғ-роғларга бурканган гўзал маскан томон йўл олган таниқли шоир, ёзувчилар, олимлар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари юз-кўзида мамнунлик ифодалари.

IMG_7729

– Ангренга кўп бора келганман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов. – Қаранг, ҳавосининг тозалиги, тоғларининг гўзаллигини. Булардан баҳраманд бўлиб яшаётган одамларнинг меҳнатсеварлиги, очиқкўнгиллигини айтмайсизми?!

– Мен ҳам бу шаҳарни, унинг софдил инсонларини жуда яхши кўраман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, ҳамиша ўзи яратган «чеча» сиймоси билан ғурур, ифтихор этадиган Азиза Бегматова.

Дарҳақиқат, ангренликлар шаҳар ҳокими бошчилигида азиз меҳмонларни карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Бир фурсат дилдан суҳбатлашилгач, мактаб, коллеж, лицей, маданият саройларида учрашувлар давом этди. Дастлаб, шаҳардаги 5-, сўнг 7-, 29-, 18-умумтаълим мактаблари, Ангрен касб-ҳунар ва тиббиёт коллежлари, якунда «Дукент» маданият саройида ўтказилган самимий суҳбатлар, завқ-шавққа тўла концерт дастурлари одамларга олам-олам қувонч улашди.

IMG_3857

Таниқли шоирлар Темур Убайдулло, Нуриддин Аминжонов, Арслонбек Карим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, профессор Мунаввара Абдуллаева, Ўзбекистон халқ артисти Саидкомил Умаров, иқтидорли ёш актёрлар Толибжон Мўминов, Шаҳзода Матчонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ўиёс Бойтоев, хонанда Дилдора Олимжонова, «Уммон» гуруҳи санъаткорларининг ҳар бир чиқишлари, сермазмун фикр-мулоҳазалари, самимий тилаклари ангренликларга беқиёс шодлик бағишлади, унутилмас онларни ҳадя этди. Айниқса, миллий урф-одат, анъаналаримизни ўзида акс эттирган чеча образининг моҳир ижрочиси Азиза Бегматованинг чиқишлари қайта-қайта олқишлар билан кутиб олинди. «Камолот» ёшлар ижти­моий ҳаракати фаоллари, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ходимлари тадбирнинг уюшқоқлик билан, юқори даражада ўтишига астойдил ҳаракат қилишди. Шу куни ўтказилган «Биз буюк юрт фарзандларимиз!» номли танлов ғолибларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари севимли шоир, ёзувчилар, санъаткорлар томонидан топширилиши ҳам ёшларга улуғ ватанпарварлик, фахр-ифтихор туйғуларини бахш этди.

– Бугун мен учун қўшалоқ байрам бўлди, – дейди тиббиёт коллежи ўқувчиси Дилшода Абдумаликова. – Ёшлар ўртасида ўтказилаётган «Биз буюк юрт фарзандларимиз!» кўрик-танловининг шаҳар миқёсида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олдим. Коллежимизга севимли шоир, ёзувчи ва санъаткорларимизнинг келиши, улар билан юзма-юз мулоқотда бўлиш бахти кўнглимни тоғдек кўтарди. Келажакда устозларим, ота-онам, Ватанимга муносиб фарзанд бўлишга аҳд қилганман.

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”
“АМУДАРЁ”  2017 йил, 2-сон “АМУДАРЁ” 2017 йил, 2-сон
Бобур қидирган дўст қани?.. Бобур қидирган дўст қани?..