"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

РИЗАМАТ ОТА БОҒЛАРИ

Ўқилди: 3 256

загружено (1)Деҳқон бозори. Савдоси юришиб, қўли қўлига тегмай узум сотаётган одам   “Кеп қолинг, Ризамат ота узумидан оп қолинг. Еганлар дармонда, еб қолинг…”, дея ўтган одамни ўзига чорларди. Узум сотиб олаётган харидор билан сотувчининг суҳбати қулоғимга чалинди:

   —  Оғайни, сиз Ризамат отани танийсизми?

  — Танимасам гапираманми, ўзимизнинг олтиариқлик-да. Уста боғбон бўлганлар у киши, — деди овозини баландлатиб, ғурур билан.

  — Ие, отахоннинг Фарғоналик эканини билмас эканман. Ҳаётмилар?

  — Билмадим, аммо биз учун барҳаётлар. Номлари ҳар куни юз марталаб тилга олинади-да! Нафақат боғбонлар, биздек оддий одамларниям тилидан тушмайди. Яхши одамлар тириклик пайтида қилган яхши амаллари учун ўтганларидан кейин  ҳам умрлари давом этавераркан-да, биродар.

— Тўғри айтасиз, биз ҳам набира кутяпмиз. Бозорга келиб кун ора келинимга мана шу узумдан олиб кетаман.

   — Ўғил набира туғилса исми аниқ экан-да!

   — Албатта, ўша кунларга етказсин!

Уларнинг гурунгини эшитарканман, Ризамат ота ҳақида билганларимни айтиб бергим келди-ю, андиша қилдим. Уларнинг “барҳаёт” деган сўзлари менга таскин берди.

                          * * *

     Ҳалқимизда ҳикматли бир гап бор, “Дунёда яхши ном қолдирай десанг, кўчат эк”. Бу нақл авлоддан-авлодга, тилдан-тилга кўчиб, достон, эртак, ҳикояларда талқин этилди, тобора чуқурроқ мазмун ва маъно касб этди.

Узумчилик нафақат республикамиз қишлоқ хўжалигининг энг қадимий ва сердаромад тармоғи, балки миришкор халқимизнинг севган касб-корларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўлкамизда етиштирилган узум навлари чиройли ташқи кўриниши, серширалиги, хуштаъмлиги билан дунёга машҳурдир. Юртимиз ҳўл мевалар етиштириш билан бир қаторда қуруқ мева ва майиз етиштиришда жаҳон миқёсида етакчилик қилади. Олтинга тенг тупроғимизда етиштириладиган узум навлари анчагина.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соҳибкор, Давлат мукофоти соҳиби, фахрий академик Ризамат ота Мусамуҳамедов ўзининг ҳаёти ва фаолияти давомида узумнинг ўнлаб навларини яратди, токни яшартириш усулини жорий қилди. Узумчиликда асрлар оша амал қилиб келган ишком, сўри усулларидан воз кечиб, замонавий техника ёрдамида катта майдонларда узумзорлар бунёд этишга мослашган янгича “қалпоқли симбағаз” усулини яратиб, амалиётга жорий қилди. Ушбу тажриба ток ораларига трактор билан ишлов бериш, кузда кўмиш, баҳорда очиш каби оғир меҳнатларда техникага таяниш ҳамда узум ҳосилдорлигини ошириш имконини берди. Мирзачўл, Фарғона водийси ва юртимизнинг жанубий ҳудудларида бепоён узумзорлар дунёга келишида Ризамат отанинг хизматлари катта. Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида, Қозоғистоннинг бир қатор туманларида, Қирғизистон, ҳатто Грузия ва Арманистонда минглаб гектар ерларда намунавий токзор ва боғлар яратишга бош бўлганлари эса бизда фахр ҳиссини уйғотади. Ўзбек боғбонининг узум етиштириш усуллари бугунги кунда ҳам ўнлаб хорижий мамлакатларда эътироф этилиб, амалиётга киритилмоқда.

Буюк генетик олим Н.И.Вавилов 1936 йилда соҳибкорнинг тажрибалари ва беқиёс натижаларига юксак баҳо бериб: “Мен Оққовоқ тажриба участкасини бориб кўрганимда тажрибали узумчи Ризамат Мусамуҳамедов эришган ютуқлардан ҳайратга тушдим. Бу ажойиб инсон тажрибаларидан узумчиликнинг кўп сир-асрорларини ўрганса бўлади. Ўртоқ Ризаматга ва унинг изидан борувчи юртдошларига шону шарафлар бўлсин”, – деб ёзганди.

Боғдорчилик хусусида гап кетганда Ризамат ота айтган ибратомуз сўзлар ёдимизга келади:

“Боғдорчилик ўзбекларнинг ота-боболаридан мерос бўлиб қолган севган касби. Биз кўз очиб узум, олма ва бошқа меваларни кўрганмиз. Унинг шарбатини татиб катта бўлганмиз. Оналаримиз беланчагимизни ишкомларга, мевали дарахт шохларига осиб аллалаганлар. Йиғлаганимизда сўрғич ўрнига узумнинг донасини сўрдирганлар. Хуллас, мевачилик бизнинг қонимизга сингиб кетган. Боболар удумини қилиб, кўчат ўтказайлик, мева етиштирайлик, халқимизни ширин-шарбат мевалардан баҳраманд қилайлик”.

Ризамат отанинг ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Узумчилик бўйича қисқача амалий қўлланма” си ўзбек ва рус, тилларида такрор-такрор нашр этилди. Айниқса, унинг 1959 йилда нашр этилган “Мўл узум ҳосили етиштиришдаги тажрибаларим” номли китобидаги фалсафий мушоҳадалари ўқувчининг беэътибор қолдирмайди. Ундаги “Боғбонлик – энг умрбоқий касб”, “Боғбонлик – болаликдан бошланади”, “Туғма боғбонларни вақтида пайқаб, яхши тарбиялайлик”, “Боғингдан эл баҳра олса, ғайратингга ғайрат, умрингга умр қўшилади”, “Серқуёш диёримизнинг ери – зар, суви – оби кавсар”, “Дарахтнинг умри меваси билан, инсоннинг умри меҳнати билан” каби ибратли сўзлар юрагимиздан жой олади.

Ер билан тиллашиб, унга меҳр бериб, табиат неъматларини қадрига етиб яшашнинг завқи ўзгача. Суқротнинг “Энг улуғ табиб – меҳнатдир”, деган ибораси замиридаги ҳақиқатни англамоқ учун киши аллома бўлиши шарт эмас. Негаки, она ердан меҳрини аямай меҳнат қилган киши бу ҳикматни теран тушунади.         Ризамат отанинг кенжа фарзанди математик олим, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Муҳаммадраҳим Мусамуҳамедов падари бузруквори ҳақида шундай ҳикоя қилади:

– Отам 1881 йилда Тошкент шаҳрида, боғбон оиласида туғилган. Болалиги машаққатли меҳнатда кечган. Ўн икки ёшида рўзғор боқишда қийналиб қолган отасига ёрдамлашиш учун “Дегрез” узумчилик хўжалигига ишга кирган экан. Отам раҳматли тупроқни нондек азиз деб биладиган инсон эди. Қишлоқ хўжалигида кўп йиллар хизмат қилган отам 90 ёшга кирганида, катта бир анжуман минбарида туриб шундай дегандилар: “Болаларим, мен қаридим. Лекин ўкинмайман. Гоҳо ёлғиз қолиб, умр ҳақида ўйга толсам, хаёлим қадим ота-боболаримизнинг манзилларига кетиб қолади. Улар неча асрлар аввалида ҳам ток парвариш қилишган, узум шарбати ичиб, қанд ўрнига майиз ейишган. Қаҳрабодек узум бошлари, ток новдалари азалдан халқларнинг тинчлик, саломатлик, бахт-саодат рамзи бўлиб келган. Кўҳна Шош шаҳрининг тамғаларида ток баргининг тасвирлари бор. Ўйлаб қарасам, кекса умрим ўша тарих заҳматларига уланиб кетгандай. Мен боғлар ўстирдим, мана шу қадоқ қўлларим билан жуда кўп манзилларга ниҳол қададим. Юртимизда боғлар, узумзорлар зумраддай кўкариб ётибди. Молдова, Украина, бутун Кавказ, Ўрта Осиё – ҳамма-ҳаммасида мен яратган боғлар гуркираб турибди. Сиз балки ҳайрон бўларсиз, бир юпун деҳқоннинг боласи эдингиз-ку, деб. Тўғри, юпунлик, зорлик, хорликлар қаҳрини кўрдик, ҳақсизликнинг қоқ нонини еганларданман. Аммо бахтим шундаки мен она табиатнинг этагидан тутдим, қўйнида улғайдим. Омадим шундаки, ёшлигимдаёқ буюк қалб эгаларига, катта соҳибкорларга   шогирд тушганман. Таниқли олим Стекольников билан 22 йил бирга ишладим. Асли узоқ Даниядан бўлса ҳам, ўзбек урф-одатларини ҳурмат қиладиган, Ўзбекистон тупроғини яхши биладиган Р.Р.Шредер менинг токларни боладай парвариш қилишимни кўриб, “ҳа, буларни бошқариш мумкин, улар яхши соҳибкорнинг гапига кўнади, лекин халқ тажрибасидан йироқлашиб кетиш керак эмас”, – дерди.

 У ўзбек соҳибкорининг қадимий сўри, ишком усулларини жуда яхши билар, уларни мукаммалаштириш ҳақида кўп ўйлар эди. Ток зангида ҳосилдор новдалар танлашни, ўринбосар новдалар қолдириш сирларини ўргатган эди. Бундай усул боғни доимо навқирон сақлаш имконини беради. Мен минбарда туриб сизга ўтган аср ҳақида гапиряпман. Орадаги юз йил — бу менинг умрим. Ҳа, қарийб юз йил. Катта умр… Биласизми, у кичик бўлиши ҳам мумкин эди. Умрни, ҳаётни майда бўлакларга бўлиб, тўрт тарафга тўзғитиб сочмасдан улуғ мақсадга сарф этилса катта умрга айланади. Мен шундай қилдим… Саводим бўлмади, олий илм даргоҳларида ўқимадим. Аммо, тинглашни билдим, эшитганимни ёд олдим, кўрганимни пухталаштирдим ва сиз билган ишларни уддаладим. Яхшилаб назар солсангиз тупроқни кўзи, қулоғи бор. У билан тиллашдим, дўстлашдим. Мамлакатимизнинг ҳамма вилоятларида боғлар барпо этдик. Боғларим ёққан ёмғирдан, эсган шамолдан ҳам менга салом йўллайди. Узумзорларга кирсангиз, сўритокка таралган узумлар инсон панжасини, бармоқларини эслатади. Токлар одамга ўхшаб нафас олади назаримда. Боладай асраш керак уларни, қиш совуғидан, саратон иссиғидан, очин-тўқин қолишидан… Бир ҳудудда боғ яратиб кўчатлар амал олгунча 3-4 ой уйимга, болаларим ёнига келолмасдим. Уларга қарайдиган ота-онам, умр йўлдошим бор-ку, мен кетиб қолсам ниҳолларни бошини ким силайди, ким менчалик ғамхўрлик қилади, деб хавотир олардим…”

 Юртимиз узумчилик борасида тажриба майдонига айланган кезлар “Оққовоқ”даги 40 гектарлик боғда узумнинг бир неча нави яратилди. Ўзбекистонда конгресс бўлди. Шунда йиғилган олимлар отамдан сўрашган, “Ризамат ота, узумнинг қайси нав билан чатиштирсак янги ва яхши нав дунёга келади”, деб сўраганларида, “Каттақўрғон нави билан Паркентнинг пушти узумини чатиштириб кўринглар”, деб маслаҳат берган. Кейинги конгрессда ана шу узумнинг янги навига отамнинг номини беришди. “Ризамат ота” навли узум бугун дастурхонимиз кўрки бўлиб турибди. Отам кексайган пайтидаям ғайратлари, қувватлари биздан яхши бўлган. Мана шу катта ҳовлимиз узумзор эди. Онам раҳматли икковлари эрталаб енг шимариб ток парваришига тушиб кетса, кун оққунча боғдан чиқмасди. Эрта баҳор ердан қор кетмай туриб юк машиналарга кўчат юклаб узоқ вилоятларга кетарди. Қаерга ва қайси пайтда етиб борса, иккита ишчини ёнига олиб, чуқур ўра кавлаб узум кўчатларини тупроққа кўмиб кейин дам оларканлар. Бир куни бир ишчиси “Ота, қишлоқ одамлари тунда кўчатларни бир-иккитадан олиб ташиб кетяпти, кўриб туриб нега индамаяпсиз?”, деса, майли қўяверинг, шунақа бўлишига ақлим етиб, икки баробар кўп опкелдим. Уйига обориб экса, ўстирса мева беради. Болалари еса бизга савоби тегади. Ўз ҳовлисида узуми пишиб турган одам колхоз боғида пишган меваларга кўз олайтирмайди. Назари тўқ ўсади ўша хонадон боласини”, деб жавоб берибди.

Отам ўзи айтганидек ўқимагани билан тажрибали олим эди. Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон кўргазмаларида бир неча марта олтин медаль олиб қайтган. У ерда Ўзбекистонлик соҳибкор учун алоҳида хона ажратилиб, узумчилик, боғдорчилик борасидаги маслаҳатларига таяниб иш юритишарди. Эсимни танибманки, уч ой қишда уйда бўларди, умри далада кечарди. Хокисор, камтарлигидан вилоятларда бўлган кезлари иш жойидан хизмат сафари учун пул тўланса олмасди. “Нега олмайсиз ота”, деб сўрасам, “Менинг ҳурматимни қилиб хонадонлардан жой қилиб, ош-овқатимни пишириб беришса, нега товламачилик қилиб ҳукуматни пулини олишим керак, андиша қиламан, виждоним олдида ҳисоб беришим бор, ўғлим”, дерди. Бир куни уйимизга ҳукумат раҳбари Шароф Рашидов меҳмон бўлиб келди. (Бир неча марта отамнинг йўқлаб келиб боғимизда ўтириб суҳбатлашганларини эслайман) Боғу гулзоримизни кўриб дили ёришиб кетганидан ишком тагида турган “Газ-21” русумли, анча эскириб қолган машинага ишора қилиб, “Ота, ҳозир “Газ-24” волга машинаси чиққан, тез кунда алиштириб бераман”, деди. Шунда отам “Эътибор учун раҳмат, аммо ўғилларим шу машинани бақувват, деб, яхши кўришади-да”, деб кўнмадилар. Меҳмон кетгач, акам отамга, “Дада, нега йўқ дедингиз, ахир машина эскириб қолганини биласиз-ку, шундай катта одам машина ҳадя қиламан деса, сиз йуқ, деб турибсиз-а!”, деди қизишиброқ. Хотиржам жилмайиб турган отам акамнинг елкасига қоқиб, “Ўғлим, қайси нодон одам ўз уйига келган меҳмондан туҳфа талаб қилади. Меҳмон отангдек улуғ деган гап бор-ку! Мусулмончиликка тўғри келмайди, менинг болам бўлсанг бунақа гапларни бошқа гапирма”, дедилар.

Отам нафақат узумчилик ёки боғдорчилик, лимончиликка ҳам асос солган, десам адашмайман. 1947 йил Ботумига борганда юртимизга биринчи марта лимон кўчатини обкелганлар. Олим Зайниддин Фахриддинов билан бирга кўчатни экканлар. Шогирдларининг цитрус ўсимлиги бизнинг тупроқда ўсадими, деган саволига “шундай мевалар, узумларни қанд-шакар қилиб етиштирган жаннат жойда ҳамма ўсимликни ўстирса бўлади”, деб жавоб берганлар.

Урушдан кейинги йиллар. Иссиқхоналар қилишга маблағ ҳам имкон ҳам йуқ. Сўрини тагига чуқур кавлаб экилган. Ўшанда 2-3та лимонлар мева берганди. Қиш кунларини бирида дадамни Шароф Рашидов йўқлатдилар. Машина юборишибди, бормасам бўлмас, деб тарадудга тушдилар. Кеч кузда дадам пишиб етилган тоифи узумни устига намат ташлаб қўярдилар. Қишда ҳам пишиқчилик пайтидагидек узиб олиб ердик. Ўша узумдан узиб, саватчага солиб бердим. Москвадан келган меҳмон ёнига қўйилган узумни кўриб ҳайратланиб, “Мени ёнимга қўйилган мана бу узум қаердан келди”, деб сўрабди. Шунда отамни таништириб, “Ризамат отанинг юз баҳори” деган ҳужжатли фильмни намойиш этишибди. Отамга ўша йили давлат мукофоти берилди. Отам 82 ёшида меҳнат қаҳрамони олдилар. Ўша куни ёнларида эдим. Шароф Рашидов ёнларига келиб “Ота бирорта таклифингиз, тилагингиз борми?” деб сўрадилар. “Ҳа бор, нимани айтсам бажарасизми?”, деди кулиб. “Албатта, қўлимдан келса”, деган сўзларидан кейин жилмайиб, “ Имкон бўлса менинг ёшимни 50 ёш қилиб беринг. Ҳали кўп боғлар яратгим келади. Бутун Ўзбекистон боққа айланиши керак. Мақсадларим жуда кўп, ёшим ўтиб қолгани юрагимга ғул-ғула соляпти “, – дедилар.

     Дадам ҳақида менинг ҳам илиқ хотираларим бор, дея суҳбатимизга қўшилди Ризамат отанинг келини, олима Жўрахон опа.

    – Мен келин бўлиб келганимда дадам саксон ёшни қоралаб қолган, жуда меҳрибон, беозор инсон эди. Ойим билан дадам бир-бирларига жуда меҳрибон эдилар. Ҳеч қачон жаҳл қилганларини билмайман. Ҳамиша “Бой бўгур” деб гап бошлардилар. Агар кўчада ош еб келсалар, ойимга “Назокат, мен ош еб келдим, болаларга ош қилинглар”, дердилар. Кўп кексалар қариганларида болаларнинг тўполонини ёқтирмай инжиқ бўлиб қолади. Лекин дадам дарёдиллигича яшаб ўтдилар. Етти нафар қизимиз бор. Ҳаммасини яхши кўриб елкаларига опичиб катта қилдилар. Шоира Зулфияхонимга ўхшаган инсон бўлсин, деб бир қизимизга Зулфия, деб исм қўйганлар. Қайнота-қайнонамнинг сояларида менинг ниҳолларим ҳам бўй чўзди. Бугун ҳаммалари катта хонадон бекаларига айланган…

Ризамат отанинг саховати чегара билмас эди. Иккинчи жаҳон урушида фронтга кетган катта ўғли Муҳаммадшукурни кўргани борганда жангчилар учун бир вагон қуруқ мева олиб борганини ҳамон кўпчилик эслайди.

“Ўзбекнинг тупроғи – олтин, унга тушган арава пайраҳаси ҳам кўкариб чиқади”, дер эди Ризамат ота фахру меҳр билан. Юз йиллик умрининг то сўнгги нафасигача юрт тупроғидан эзгулик ниҳолларини ундиришга, жаннат юртимизнинг янада кўркам бўлиши учун жон фидо қилган бундай инсонлар ҳамиша барҳаётдир.

                     ОДАМЛАР  КЎНГЛИГА  ЙЎЛ

 Мустақиллик йилларининг бошлари. Қиш охирлаб қолган бўлсада  қор қалин ёққан. Ҳаво совуқ. Туман ҳоким­ли­гида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлимида ишлардим. Чекка қишлоқларнинг биридаги уч нафар ногирон бола тарбиялаётган хонадон ҳақида эшитиб дарҳол йўлга отландик. Ҳайҳотдай ҳовли бурчагида омонатгина кулба. Танча атро­фидаги униқиб, увадаси чиқиб кетган кўрпачаларда бемор болалар ётишибди. Улар чўпдай озиб кетган, маъюс кўзлари шифтга қадалган…

   Эти суягига ёпишиб, элликка кирмай сочлари қордек оқарган онаизорнинг аҳволи эса айтгулик эмас. Болалар бизни кўриб безовталанди. Бири ўрнидан қўзғалиб, деворга таяниб ўтирди.

– Нечта болангиз бор!

– Бешта. Равшанбек тўнғичимиз, – деди  аёл деворга таянган рангпаргина йигитчага қараб. Кейин болаларини таништиришда давом этди.

–  Малоҳат, Бахтиёр… Яна иккитаси мактабга кетган. Худога шукур, улар соғлом.

– Умр йўлдошингиз билан яқин қариндошмидиларингиз?

– Йўғ-ей, етти ёт бегонамиз. Ичмасдиям, чекмасдиям, раҳматли. Меҳнаткаш, мўмин-қобил одам эди. Ғўзага заҳарли дори сепадиган трактор ҳайдарди. Болаларимиз бирин-кетин шунақа касалманд бўлиб туғилди. Хўжайиним эса оёқда юролмай қолди. Беш-олти йил ётиб… 43 ёшида оламдан ўтди.

– Ҳеч кимга мурожаат қилмадингизми?

 – Колхоз раисига арз қилиб бордим. Яхши одам экан. Вакил келиб машинада болаларни обкетди, дўхтирларни кўригидан ўтишди. Ажратилган ёрдам пулига дори-дармон обердик, қаратдик, кўрсатдик энди насиб қилгани бўларкан-да, қўлдан берганга қуш тўярмиди, энди қурбим етмай қолди. Буларнинг дардига Яратганнинг ўзи шифо бермаса… Билмадим. Бечора болаларим, айниқса, Равшанбек ҳовлига чиқиб ер босиб юролмайди. Уч-тўрт қадам юрса юраги ўйнаб, ранги бўзариб ҳолсизланиб ўтириб қолади. Малоҳат бир ишга ярамасаям ҳоли етганча ёнимда тирмалаб юришга ҳаракат қилади, Бахтиёр ўтган йилдан бери ётиб қолди. Отасининг ногиронлик нафақасини оилага ишлатиб турардик, энди уям йўқ!

– Нега “райсобез” га учрамадингиз. Беморларга, унинг боқувчисигаям давлатимиз нафақа, имтиёзлар ажратган-ку!         – Кўнмайди. Хотин-қизларнинг каттаси келиб мени бирга олиб кетди, ногиронлик нафақаси олиш учун ҳужжатни бирга тайёрлаймиз, аввал уларни касалхонага ётқизиб даволатиш керак, деди. Айтганларини қилиб, ҳаммасини тахтладик. Равшанбек йўлимни тўсди. Ногирон дейилишидан орият қилди шекилли…

– Опажон, ҳозир қандай яшаяпсизлар, ниманинг ҳисобига? Нега катта томорқада мевали дарахт йўқ?

–Икки йилдан бери қиш қаттиқ келиб дарахтларни кесиб ёқиб бўлдик. Қоқиси юракларига қувват бўлар деб, бир туп кекса ўрикни асраб қолдим. Барака топсин раис бува, кеч кузда бироз кўмир, ун, ўтин юборибдилар. Бир амаллаб шу кунга етказдик. Маҳалладаги одамлар яхши. Маҳалла катта эмас, бой-бадавлат одамлар бу чекка жойларда яшамайди, аммо бир коса ёвғон қилишсаям бизга илиниб олиб чиқишади. Сигири бори қатиқ, сут билан сийлайди. Фақат мўъжиза бўлишини, ёруғ кунлар келишини кутиб яшаяпман. Болаларимнинг сарғайган юзига термулавериб юрагим адо бўлди, синглим…

     Аёл билан узоқ суҳбатлашдик. Рўмоли учига кўз ёшларини артиб, титраб-қақшаб йиғлаётган онани нима деб юпатишни билмасдик. Кетар пайтимиз ортимиздан кузатишга чиққан, онаси елкасига бошини қўйиб турган Малоҳат мунчоқдек кўзига ёш тўлиб шундай деди: “Опа, мен нимча, пайпоқлар тўқишни биламан. Ҳозирча қўлимда қувват йўқ-д-а-а, ишлолмай қолдим. Ҳеч бўлмаса Равшан акамнинг соғайишига ёрдам қилинглар. Акам дардмандлигидан кўп эзилади”.

   Қизалоқнинг гаплари юраги­мни ларзага солди. Уйга борганимда ҳам, иш пайтидаям ўша оиладаги нохуш манзара бир лаҳза ҳам кўз олдимдан нари кетмасди.Тумандаги мутасадди ташкилотлар, тиббиёт муассасаси раҳбарлари ёрдамида бемор болаларни имтиёзли йўлланма билан пойтахтга юбордик. Малоҳат ва Равшанбекнинг юрагида жиддий муаммо бор экан. Даволанди, вақти келиб жарроҳлик муолажалари ўтказилди. Секин-аста дарддан халос бўла бошлашди. Бахтиёрнинг жигарида хасталик аломатлари топилгач, касалхонага ётқизилди. Маҳалла фаоллари кўмаги билан ҳовлисига терак қаламчалари, мевали кўчатлар ўтқазилди. Рўзғор учун полиз экинлари, сабзавот экилди. Икки соғлом ўғил тер тўкиб меҳнат қилди. Култепага айланаёзган катта ҳовли кўп ўтмай жаннатга айланди…     Бироз вақт ўтгач, уларни йўқлаб бордик. Томорқадаги ўрик ва бодом тагида қизариб пишиб ётган помидорларни тераётган Ҳамида опа бизни кўриб қувониб шундай деди:

– Сизга Малоҳат синглингиз нимча тўқиб қўйди, ўзи кечки мактабда ўқияпти, маҳалламиздаги Саодат ўқитувчидан қўшимча сабоқ оляпти. Равшанбек қувватга кириб кетганини кўриб раис бува “сен идорага келиб иш ўрган, енгил иш, ўтириб ҳисоб китобни ўрганасан, кейин сиртдан ўқишга киритиб қўяман”, деб ёнига  чақирди.

– Бахтиёр қани?

– У дангасароқ, кўп ухлайди. Хали бутунлай соғайиб кетгани йўқ-да. Худо хоҳласа, яхши бўлади, умидимиз бор…

                                       * * *

    Илмли бўлиш, ҳунарли бўлиш оиланинг мустаҳкам­лов­­чи асосий омил. Бу ҳеч қачон эскирмайдиган ҳақиқат. Оиладаги маънавий муҳит, оталар намунаси, оқила оналаримиз ўгитлари, уй ту­тум­лари ҳам соғлом муҳит гаровидир.

   Яқинда онам ва яқинларимизни йўқлаб Андижонга бордик. Суҳбат орасида онам севиниб шундай деди:

         – Болам, барака топгур Юртбошимиз ҳаммамизни уйқудан уйғотди. Катта-катта ҳовли-жойни эгаси бўла туриб, ундан тўғри фойдаланишни билмаган эканмиз. Қўшнимиз кун ора иккита тухум, бир коса сут ёки қатиқ сўраб чиқарди. Ўзингиз товуқ боқинг, товуқ етти хазинанинг бири, десам бўйин эгмасди. Товуқ томорқанинг шўри дерди. Ўтган куни суюнчилаб югуриб чиқибди десанг. Банк ходимлари уйма-уй юриб кредит олишни тавсия қилиб, йўл-йўриқ кўрсатишибди. Қўшнимиз бел боғлаб 100 та товуқ олибди. Уч-тўрт кунда тухумга кирган товуқларидан бир кунда ўттиз дона тухум олганмиш. Боши кўкка етиб хурсанд бўлиб юрибди.

2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганида телевизорга тикилиб ўтирган онам дуога қўл очиб: “Ило­ҳим, юртимиз фаровон, хонадонимиз тинч, дастурхони­миз тўкин бўлсин”,  деди.

 Ҳар биримиз яхши амаллар, эзгу ишларимиз билан Ватан равнақига ҳисса қўшмоғимиз керак. Одамларнинг кўнглига йўл йўл топиш, уларнинг дардини тинглаш, ҳамдард бўла олиш ҳам аслида инсон манфаати учун хизмат қилиш дегани. Ҳазрат Навоий бобомиз айтганидек:

      Кимки бир кўнгли бузуқнинг

             хотирин шод айлагай,

      Онча борким, Каъба вайрон бўлса

             обод айлагай.

..Ўрта мактабни битирган йили ўқишга ҳужжат топширдиму киролмадим. Дадам қўярда қўймай “Бирор ҳунарга эга бўлишингиз керак”, деб маҳалламиз яқинидаги тикувчилик цехига олиб борди. Кўҳликкина аёл бизни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бир хонада ўн, ўн беш қиз-жувонлар ишлаб ўтирарди. Мени бир чевар аёлнинг ёнига олиб борди, “Розия опа, янги шогирдингиз, шоира қизга тикишни ўргатиб қўйсангиз сизга атаб шеър тўқиб беради”, деди кулиб. Тикувчи ёнидаги икки шогирд қизга ишора қилиб бир ўзимга “кўплик қилмайдими”, деди. Учинчи одам бўлиб бироз ўтирдим. Кейин бизни қарши олган аёлнинг ёнига кирдим. “Опа, ҳамма тикувчининг ёнида бир-икки нафар шогирди бор, бир аёлнинг ёнида ҳеч ким йўқ, нима шогирди бўлишини хоҳламайдими”, дедим.

– У моҳир чевар, одамларга жуда меҳрибон, ишининг унуми бор, аммо гапиролмайди, эшитмайди, тил топишиш осон бўлмаса керак.

– Мен ўша опага шогирд бўламан, майлими, — дедим дадиллик билан.

         Хуллас, аёлнинг ёнига бориб салом бердим, имо-ишора билан унга шогирд эканимни тушунтирдим. “Йўқ” дегандек бошини тебратган кўйи кўзига ёш олди. Кўрсаткич бармоғини лаби ва қулоғига текизиб ишора қилди. Барибир    унинг ёнидан нари кетмадим. Аввалига айтмоқчи бўлганларимизни  қоғозга ёзишиб, бир — биримизни тушундик. Кейин мен ундан ҳамма ишораларни ўргана бошладим. Уч-тўрт ойда шунчалик бир-биримизга ўргандикки, бемалол кун бўйи гурунглашадиган бўлдик.

  “Мен ҳаётга бошқача қарардим деб, – ёзарди устозим. – Одамларга керагим йўқ, деб ўйлардим. Уйга қайтгач, гоҳида юрагим ғашланганидан йиғлаб олардим. Атрофимдаги ҳамкасбларим менга жуда меҳрибон, иложи борича кўнглимни олишга ҳаракат қилишарди, барибир улар мириқиб суҳбатлашаётганини кўрсам ўксунардим.  Ахир мен улардан бошқа оламда яшардим. Энди эса ҳаммаси бошқача, энди мени сендай тушунадиган дўстим бор…” Бир куни унга: “Иккита фарзандингиз бор, эрингиз ҳам худди сиздек, гўдак пайтида уларнинг тунда йиғисини ҳис этиб уйғонасизми”, деб савол бердим. Унинг айтишича, тун ярмигача эри, тонггача ўзи болага термулиб ўтириб чиқаркан. Навбат билан ухлашаркан. “Мен-ку, буюртмага келган ишларимни тикиб вақт ўтказаман, дадаси ёнига муздек сув қўйиб, уйқуси келганида юзини ювиб, вазифасини адо қилади”, деб жавоб берди. Унинг дунёси жуда кенг, юраги тоза эди. Онамнинг айтишича, ўша кезларда мен ҳам уйда кўп гапларни имо-ишора қилиб гапирадиган одат чиқарган эканман. Йил ўтиб ўқишга кириб, хайрлашгани келганимда мени бағрига босиб унсиз йиғлади, “Қоронғу кунларимни ёритганинг учун сенга раҳмат”, деди қўлини кўксига қўйиб…

       Ҳозир ўйласам тили забони йўқ хокисор тикувчими, қаҳратоннинг совуғию, саратонинг иссиғида тин олмай меҳнат қиладиган, йўл четини супуриб юрган олов ранг нимчали аёлми, олов, оташлар ичида кон қазиб меҳнат қилаётган оға-иниларимизми – уларнинг барчаси бизнинг ҳамюртимиз, халқ, юрт фаровонлигига ҳисса қўшаётган элдошларимиз.

      Биз ўтмиши улуғ келажаги ёруғ халқмиз. Оналаримизга ўхшаш оиланинг олималари, отамиздек оиланинг академиклари озми? Улар ҳар бир оилада бор. Нуроний отахону онахонларимиз маҳалла кўрки, хонадон таянчи. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан бўладиган тадбирларда уларнинг кўнглига қулоқ солсак, турмуш тарзидан ибрат ва андоза олсак, нур устига нур бўлади. “Тома-тома кўл бўлур”, дейдилар. Ҳар бир оиланинг яхши анъаналари,  урф-одатлари битта иб­рат китоби бўлишга арзийди. Чунки, давлатимиз томонидан халқ фаровонлиги йўлида олиб бораётган эзгу ва хайрли ишлар, қадриятларимиз янада қадр топишига ҳисса бўлиб қўшилади.

 

Мунаввара Усмонова

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД