"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбек болалар шоири Турсунбой Адашбоев вафот этди

Ўқилди: 261

59169a79d57e2Таниқли болалар шоири, ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор, самимийли ва камтарлиги билан ҳамманинг қалбидан жой олган устоз Турсунбой Адашбоев 78 ёшда вафот этди.

Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январда Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти Олабуқа туманидаги  Сафед Булон қишлоғида туғилди. Қишлоқдаги 57-ўрта мактабни битиргач, 1961-1966 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида, 1978-1982 йилларда Москвадаги М.Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олди.

 “Буни топинг, болалар, айтиб берманг, оналар” номли биринчи шеърий тўплами 1962 йилда чоп этилди. Шундан сўнг шоирнинг “Камолнинг олмаси” (1964), “Биз саёҳатчилар” (1966), “Арслонбоб шаршараси” (1969), “Нур дарё” (1975), “Олатоғ ‒ лолатоғ” (1978), “Гулдеста” (қирғиз тилида, 1979), “Ослик на шести ногах” (“Олти оёқли хўтикча” латиш тилида, 1983, таржимон Леонс Бриедис), “Қуюшқон” (1984), “Арслонбоб афсонаси” (1988), “Песня жаворонка” (рус тилида, таржимон Юнна Мориц), “Уч бўталоқ ва сирли қовоқ” (1990), “Топ жилдиз” (қирғиз тилида, 1991), “Топишмоқли алифбе” (1997), “Ҳуштак чалиб турасиз” (А.Обиджон билан ҳамкорликда, 2002), “Олтин ёлли тулпор қиссаси” (2003), “Орзуларим ‒ қўш қанотим” (2003), “Пародиялар” (киноя, муқаллид, лутф, 2010), “Осмондаги дарвоза” (сайланма, 2012), “Қирқ ёлғондан бир ёлғон”, “Ғоз карнайчи бўлмасин” (2015), “Махфий жанг” (пародиялар китобининг тўлдирилган нашри, 2016), “Орзуларим қўш қанотим”, “Сичқоннинг орзуси”, “Мақтанчоқ чумоли” (2016) каби шеърий китоблари дунёга келди. Рус, туркман, қирғиз, тожик ва қозоқ тилларидаги адабий альманахларда туркум шеърлари босилди. Шунингдек, Т.Адашбоевнинг “Жаштик сапар” (қирғиз тилида, 1964), “Биз саёҳатчилар” (1966), “Гулдаста” (1968), “Биздин белек” (қирғиз тилида, 1967), “Ир майрами” (қирғиз тилида, 1967), “Звонкое детство” (рус тилида, 1981), “Чашмаларин овози” (туркман тилида, 1982), “Радуга над ариком” (белорус тилида, 1986), “Навоҳои гулдара” (тожик тилида, 1988), “Солнышко на листьях” (1990), “Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари” (2015) каби турли йил ва турфа тилларда чоп этилган китобларини ҳам санаб ўтиш жоиз.

Турсунбой Адашбоев таржима соҳасида ҳам самарали фқаолият юритиб, Темирқул Уметалиевнинг “Тўрғай навоси” (1969), Суюнбой Эралиевнинг “Тоғлар фарзандиман” (1972), Совронбой Жусуевнинг “Довон” (1974), “Қанот билан Зарина” (2004), Муса Жонғозиевнинг “Қувончбекнинг қувончи” (1983), Қанибек  Жунушевнинг “Дўппили тўрғай” (1988), Нурмўлданинг “Замона” (1998), Нодирбек Алимбековнинг “Бир кам дунё” (1998), “Гулнинг умри” (1994), Самуил Маршакнинг “Тентак овчи” (2006), Корней Чуковскийнинг “Дўхтир Войжоним” (2006), “Мойдадир ‒ ювин дўмбоғим”, Жовани Рабонининг “Мушук Котангенснинг арифметика дафтари” (1977), В.Пюзонинг “Чўқинтирган ота ёки Мафия сардори” (роман, 2006), С.Арапованинг “Мерри инглизчани ўрганади” (1996), В.Куликовнинг тўрт китобдан иборат расмли шеърий тўпламлари (2006) ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирди.

18451693_995170857286066_6735311318553256131_oТурсунбой Адашбоев шеърларининг қаҳрамонлари  қувноқ, топқир, хаёлкаш, меҳнаткаш, завқию иштаҳаси тобида бўлган ақлли болалардир.

Кичкинтойларга қисқа ва лўнда ёзиш, қиссадан ҳисса чиқариш шоир ижодининг муҳим фазилатларидан биридир.

Турсунбой Адашбоев ўзбек болалар адабиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2001 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. У, шунингдек, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун “Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби” унвони ва “Манас” ордени билан ҳам мукофотланган.

ТОНГДА

Тонгда ҳуштак чалгандим,
Чиқиб шувоқ бошига,
Маъқул бўпти овулнинг
Каттасига, ёшига.
Бу қилиғим Хўрознинг
Теккан эмиш ғашига…
Мени кўрса Даканбой,
Миниб жаҳл отига,
Кўча-кўйни тўзғитиб,
Зўр берар қанотига.
Шайтон кирди орага,
Сизга айтсам дангалин,
Ерни узиб олгудай
Унинг тирноқ-чангали.
Чигирткани эгарлаб,
Қува кетдим Хўрозни.
Адабини берай деб,
Шумтакани, дарозни.
Лекин отим йиқилиб,
Оёғим синиб кетди.
Чигирткани жиловлаб,
Даканбой миниб кетди.
…Томошанинг қизиғи
Сўқмоқли йўлда бўпти.
Хўроз билан Чигиртка
Тулкига ўлжа бўпти…

КАПАДА

Санжар бобоси билан
Қовун пойлар капада.
Кўкда юлдуз маржони,
Ғир-ғир эсар шабада.
Набираси бидиллаб,
Чолни тутар сўроққа.
Ярми кемтик ой чиқди
Ўхшаб олтин ўроққа. –
Бобо, қаранг, тунов куни
Бутунгина ой эди.
Биров уни синдириб
Қўйганми, деб койиди…

ОЛТИ ХУРЖУН

Ёдимда йўқ, баҳормиди
Ё хуфтонми, наҳормиди?
Шерикларим Муталмиди,
Балки Абдуқаҳҳормиди?
Хуллас Ўнғор тоққа чиқиб,
Капалакнинг сутин ичиб
Кезиб тоғнинг уёғидан,
Кунгайидан, буёғидан
Терскайини — кесганидан,
Чилвиркўли пайдо бўлган,
Тойчоғимнинг туёғидан.
Олтмиш олти кўк бақани
Тутиб олиб қайирмоқда
Биз олти кун сарсон бўлдик
Терисини айирмоққа.
Довулғидан керги ясаб,
Туёқпарин кериб қўйдик.
Ҳар бирини тонгдан бошлаб
Рўян билан бўяб-ошлаб,
Олти хуржун тикиб бердик,
Чўпон тоғам Холиқулга.
Шундай гаплар, бўш юрмадик,
Дўстим, ёзги каникулда.

ОСМОН ҚАЙДАН БОШЛАНАДИ?

Токқа бошин қўйса қуёш,
Уфқ ортин чўғ қиларкан.
Бургут учун осмон асли
Бошланади чўкқилардан.

Чумолининг вақти зиқроқ,
Гапи қисқа, қалби қайноқ.
Унинг учун кўк гардиши
Олтин рангли момақаймоқ.

Мирзачўллик деҳқон бобо
Гурунг бошлар олисдан:
— Ўтар осмон чегараси,
Бизнинг қовун полиздан.

Мурунтовлик мерган айтар:
— Куни-кеча қайтдим овдан.
Ўзим кўрдим, осмон асли,
Бошланаркан Тангритоғдан.

ТУПРОҚ

Аждодлардан мерос бўлиб
Қолган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.
Қизғалдоқлар очилганда
Қилмай канда,
Қир-адирлар гулхан бўлиб
Ёнган тупроқ.
Тўкин-сочин дастурхонни
Солган тупроқ.
Дори-дармон, синовлардан
Толган тупроқ.
Қотилни ҳам, ботирни ҳам
Сукут сақлаб,
Эҳтиётлаб, ўз бағрига
Олган тупроқ.
Боболарнинг қон ва тери
Томган тупроқ.

ЧУМЧУҚЛАРГА УЯДИР

Ашраф ака АНОР сўйди,
Анормисан-анор дейсиз.
Ҳар донаси гавҳар мисол,
Ялт-юлт этар ФАНОР дейсиз.
«А» ҳарфини олган эдик,
Йўқ нарсадан «бор» бўлди.
Барчамизга таниш ҳайвон,
Қўш ўркачли НОР бўлди.
Болакайлар, билиб қўйинг,
Нор дегани ТУЯдир.
«Т» ҳарфини қисқартирсак,
Чумчуқпарга УЯдир.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”
“АМУДАРЁ”  2017 йил, 2-сон “АМУДАРЁ” 2017 йил, 2-сон
Бобур қидирган дўст қани?.. Бобур қидирган дўст қани?..