"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ВИЛОЯТЛАРАРО ИЖОДИЙ ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўқилди: 272

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ташаббуси билан “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида Хоразм ва Самарқад вилоятларида адабиёт кунлари ўтказилди

           

DSC_1487

Кун тиккага келган. Жазирама офтобнинг тафтидан кенг асфальт йўлда денгиз чайқалаётгандек кўзларни жимирлатади. Фарғона шаҳридаги “Азия” меҳмонхонаси ёнида турнақатор бўлиб турган  енгил автоуловлар ижодкорларни интиқлик билан кутиб олди-да, бир қучоқ гулни дасталагандек, бағрига босдию пойтахтга томон йўл олди. “Қамчиқ” довонидан ўтиб борарканмиз, оқ рўмолини бошига чамбар қилиб олган момолар ва банорас чопонини эгнига ташлаб ёнбошлаган боболарни эслатувчи осмонўпар тоғлар орасида гўзалликдан сармаст бўлган кўзлар қувнайди, Аллоҳнинг ер юзидаги, тоғу тошлардаги беқиёс тажаллисидан кўнгиллар равшан тортади. Яратганга беадад шукроналар келтириб, минг хил нағма билан тошдан тошга урилиб, ўйноқлаб тушаётган зилол сувлардан кафтларга олиб, тўйиб-тўйиб ичиб чанқоқни қондирамиз.

DSC_1384Ёзувчилар уюшмасининг йиллик иш режасига кўра, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ижодий сафарга чиққан вилоят Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова раҳбарлигидаги бир гуруҳ Фарғоналик шоир ва ёзувчиларни кутиб олган “Ўзбекистон” меҳмонхонаси уларни кечки овқат билан сийлади. Тошкент – Ургенч поезди тонггача шоирлар мушоираси ва Ўзбекистон халқ артисти Султонали Манноповнинг дилтортар қўшиқлари билан сармаст эди.

10 май куни Хоразмга кириб келган поезд ижодкорларни  Ургенч вокзалида карнай-сурнай садолари остида кузатар экан, улардан ажралишни истамагандек узоқ пишқирди-да, ўрнидан қўзғалди. Меҳмонларни итиқлик билан кутиб турган микроавтобус Бек Хива меҳмонхонаси томон йўл олди. Шу куннинг ўзида Шайх Мавлон бобо зиёратгоҳига бориб, Шермуҳаммад Мунис ва Муҳаммадризо Огаҳий қабрини зиёрат қилдилар. Огаҳийнинг уй-музейига ташриф буюрган ижодкорларни Ургенчлик 45-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари, ёш ижодкорлар Нурхоной Ҳайитова, Фарангиз Ҳакимова, Ҳадича Комиловалар ўз шеърлари билан кутиб олдилар. Шундан сўнг “Ичан қалъа” томон ўтиб борарканмиз, Польшадан келган сайёҳ Богна хонимнинг Ўзбекистон ҳақида ўз тилида тўлқинланиб сўзлаётгани қулоғимга чалинди. Хиванинг, “Ичан қалъа”нинг гўзаллигидан ҳайратга тушаётганлиги чет эллик сайёҳнинг кўзларидан кўриниб турарди. ХIX асрга тааллуқли Саид Алоуддин мақбараси, Ислом минораси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, 1726 йил бунёд этилган, туркман шоири Маҳтумқули ва озарбайжон шоири Ажниёз Қўзибой ўғли таҳсил кўрган Шерғозихон мадрасаси, Аваз Ўтар, Мунис ва Огаҳийларнинг қалъа ичидаги рамзий қабрлари, Х-ХVIII  асрда қад ростлаган Жума масжиди ва минорасини зиёрат қилган ижодкорлар меъморий обидаларнинг тарихи тўғрисида батафсил маълумот олишга муваффақ бўлдилар.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан Фарғонада Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Эркин Воҳидов номидаги “Ижод боғи” барпо этилиб, уй-музейи очилганлиги, бюсти ўрнатилиб, адиблар хиёбони ташкил этилган бўлса, Хоразмда Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги арафасида Урганчда қад ростлаётган Комилжон Отаниёзов номидаги “Ижод боғи” ва санъат саройининг қурилаётганлиги Президентимизнинг адабиётимизга, ижод аҳлига кўрсатаётган беқиёс ҳурмати, эътибори, ғамхўрлигинининг нишонасидир.

Ургенч Маданият ва маърифат марказида “Китоб – кўнгилларни ёритган офтоб” мавзусида ижодий учрашувда Фарғона-Хоразм вилоятлараро ҳамкорлиги асосида ташкил этилди.  Энахон Сиддиқова, Зуҳра Алиева, Матлуба Деҳқон қизи, Мақсуда Эгамбердиева, Баҳодир Исо, Сиддиқ Мўмин, Ойдин Темирова, Карима Ашурова, Ҳанифа Умматқулова, Фарида Ҳусаинова, Зарифа Маҳкамова,  Хоразм вилояти Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Гавҳар Ибодуллаева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ошиқ Эркин, Муҳаббат Сапаевалар томонидан ўқиб эшиттирилган шеърлар ва Султонали Маннопов, Ўктамхон Солиева, Фарида Анислар ижросидаги қўшиқлар кечага янада файз киритди. Шу куни  ўзбек халқининг асл ўғлони, Халқ Қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳайкали пойига гулдасталар қўярканмиз, 27 метр баландликдаги ҳайкалга термулиб кўзлар ёшланди. Айниқса, меҳмонларни ўз бағрига олиб Шовот канали бўйлаб пароходда қилинган кечки сайр ижодкорларга унутилмас онларни ҳадя этди.

12 май куни Самарқандга кириб келган ижодкорлар Нодир меҳмонхонасига жойлашди. Нонуштадан сўнг Мирзо Улуғбек мадрасаси, Маҳдуми Аъзам ва Дониёл Пайғамбар зиёратгоҳи, Шоҳи зинда ансамбли, Ислом ота қабристонини зиёрат қилдилар.

Тушликдан сўнг сайёҳлар Регистон майдонига ташриф буюриб, Тиллакори, Шердор мадрасаларини зиёрат қилдилар. Майдонда Фарғона-Самарқанд  ижодкорлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Адабиёт яшаса, миллат яшайди” мавзусидаги адабий-бадиий кеча ёшларимизни тилимизга, миллатимизга, Ватанимизга бўлган меҳру муҳаббатини яна ошириш, китобни севиш ва уни тарғиб қилишга қаратилди. Тадбир Самарқанд давлат университети талабалари ва лицей-коллеж ўқувчиларида  катта таассурот қолдирди.

Мушоира Нодир меҳмонхонасида давом этди. Китоб тарғиботи юзасидан 9-13 май кунлари ташкил этилган ижодий сафар барча хоразм ва самарқандликлар қалбида ўчмас из қолдирди, шу билан бирга ижодкорлар зиммасида янада катта масъулият юклади.

            Фарида АНИС

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД