"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Алвон-алвон қўшиқлардан айт

Ўқилди: 201

d8e3d5Бугун Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева қутлуғ ёшни қарши олмоқда. Шоиранинг адабиётимиз ривожига, маънавиятимиз юксалишига қўшган ҳиссаси салмоқлидир. Ёзувчилар уюшмаси, қолаверса, барча ижодкорлар номидан оташнафас, қумридил шоирага узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий фаровонлик тилаб қоламиз.

 

 

 

* * *

Омон-омон қўшиқлардан айт,

Алвон-алвон қўшиқлардан айт,

Оҳанг бўлиб қўшиққа бу кеч

Қўшилишиб кетадиган пайт.

Омон-омон қўшиқлардан айт.

 

Юракларга ўт бўлиб кириб,

Ўзинг ҳам куй, куйла куйдириб.

Бари-бари тушсин ёдимга,

Бари-бари чиқсин олдимга.

 

Йироқдаги оппоқ соч онам

Келмоқдадир кипригида нам,

Онам, онам тушсин ёдимга.

Қамчин уриб келмоқда отам,

 

Отин суриб келмоқда отам.

Сурон солиб яшаб кетди у,

Ғолиб-ғолиб яшаб кетди у.

Қамчин уриб келмоқда отам.

 

Одил Дароз бор эди бир чоқ,

Отагинам сирдоши эди.

Қўмсаб қолар Дарозни гоҳ-гоҳ

Чавандозлар давраси энди.

Одил Дароз бор эди бир чоқ.

 

Айтаверсам жонга тушар ўт,

Ёш тўкмоққа чоғланар булут.

Туташмоқда ўтларга кўксим,

Қўй, яхшиси, мен тинглайин жим,

Ўзинг алвон қўшиқлардан айт,

Омон-омон қўшиқлардан айт.

 

ШЕЪРИМГА

Мен сени китобга ёздим-у…

Пайт пойлаб китобдан чиқ, шеърим.

Сўкилган дилларни тик, шеърим,

Беҳуда ўртаниб ёздимми?

 

Мен сени китобга ёздим-у,

Изласам китобдан топмайин.

Гўдак бўл, мен узай қарзимни,

Онага айланиб қол, майин.

 

Китобда шеър ҳолда қолмасдан,

Омад бўл, ўйинда ютай мен.

Мард ўғлон кўзида айт достон,

Умрбод шу кўз деб ўтай мен.

 

Китобда қолмагин сен тиниб,

Ўжарлик, ўт билан кўтар бош.

Базм аро эшитай шовқининг,

Азада кўрайин, тўккин ёш.

 

Чиқа қол, китобнинг қатин оч,

Тайсаллаб бўлмагин аросат.

Боланинг кўзида бўл ишонч,

Улғайгач одамда фаросат.

 

Балки мен сен деб ҳам ўлмасман,

Ҳеч кимга ишонмас бисотим.

Мен сени баҳолай билмасман,

Сен менинг ҳаётим, ҳаётим!

 

Истамам, ҳаётни мен чиндан

Китобда йўқолса ими-жим.

Сарғаймай варақлар ичинда

Китобдан чиқади ҳаётим.

 Мен сени китобга ёздим-у…

                    * * *

Ажралишдик, кўтар бошинг,

Кўзларингда нега ғам?

Мардим, тўкма кўзинг ёшин,

Томчисига арзимам.

 

Не кун солдинг сен бошимга,

Бу қандай ишқ, қай фироқ?

Арзимайсан кўз ёшимга,

Мен ҳам йиғлайман бироқ.

 

БАХТ

Сен келдинг шамолдай шайланиб,

Деразалар ёпилди дарҳол.

Сўнг келдинг ёмғирга айланиб,

Деразани ёпдилар. Увол.

 

Сўнг қор бўлиб келдинг, кўзларин

Деразанинг зичлаб ёпдилар.

Қайтмас бўлиб кетдинг. Ўзлари —

Сени излаб ортдан чопдилар.

 

Ўнг келардинг, мен дердим: «Бу — туш», —

Шундай ўтди гул йиллар урён.

Аввал қувиб қанча вақт сархуш —

Кейин излаб қанча вақт гирён.

 

                         * * *

Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим,

Бағрингга япроқдай тўкилдим.

Аслида бу байтни мен ёзганим йўқ,

Менинг умрим — мўлжал сари кетган ўқ.

 

Вақтида келдим ё бевақт, анча кеч,

Афсус айтганимни эшитмадим ҳеч.

Бўлмасни бўлдиргум деб қиламан қасд,

Мен яшаш сурурин шундай деб билдим.

Аросат, бу сатр меники эмас:

«Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим».

Камон эгилди-ю отди — учяпман,

Йўқ, иккиланиш ё бир сўз айтиш йўқ.

Майли, шароб ёки зардоб ичяпман,

Мен отилган ўқман, ўққа — қайтиш йўқ.

 

Ўзбекнинг

Узун тунлар ойларданам уёлган,
Аёллари толса, севилиб толган,
Қора кўзи бор эркакка ишқ солган
Тоғлардаги жайронидир ўзбекнинг.

Ойбарчини бор Барчиндир, эртакмас,
Алпомишдан туғ олмаган эркакмас,
Дўст юкига олма тутиб, тоғи паст
Ҳамма олам ҳайронидир ўзбекнинг.

Уйларида ғижирлайди ҳамон синч,
Нодираси мозорида ётсин тинч,
Ҳар боласи то сўнгги дам юкингич,
У бир Каъба – сайронидир ўзбекнинг.

Билмам, Оллоҳ, гул берганми, хас берган,
Не бўлса ҳам дилин сархуш, маст берган,
Нодирага каниз бўлиб сас берган
Ҳалимаси, бийронидир ўзбекнинг.

 

КЎЗ

Балли, кўзларимдан дардимни уқдинг,

Аммо кўзларимга келмагил кириб.

Дардимни қўймоққа бошқа жой йўқдир,

Кўзимга қўяман яшириб.

 

Бунча синчков бўлма, бунча топонғич,

Кўзим дарёсига шўнғимагил, жим.

Ахир бу дунёда энг бехавф ва тинч

Дард яширар жойим — менинг шу кўзим.

 

                    * * *

Қушлар — ака-укалар,

Гуллар — опа-сингиллар.

Шундай яшаш бўлмаса,

Бир кун ҳамма енгилар.

 

КЕЧИРИНГ…

 

Мен Сиздан сўрайман бу кеч кечирим,

Ҳижрон бўлганим-чун бўлмайин висол. 

Гарчанд умрингизни тонги, кечини — 

Аралаш қилдим мен карталар мисол.

 

Ўйлайсизми, мени қилди деб атай, 

Сизга бурилмасдан кетганим-чун тик. 

Мен дардли кўксимни ёриб кўрсатай — 

Борми унда Сизга зарра ёмонлик.

 

Гарчанд, оқлай олмас ўзин айбдор дил, 

Ишонинг, сезмасдан қолдим мен у чоқ 

Табиб бўлайин деб бўлганим қотил, 

Малҳам бўлайин деб урганим пичоқ.

 

Беаёв ишқингиз ўтин ўчирдим. 

Кечира олсангиз агар, кечиринг. 

 

 

 

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД