"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЖАСОРАТГА ТЎЛА ҲАЁТ

Ўқилди: 268

Ўзбек шеъриятига тоғлар виқорини, саҳролар тафтини, тошқин дарёларнинг шовуллаган, маҳобатли овозини, уйғоқ юраклар титроғини олиб кирган, ҳурматли Ўзбекистон халқ шоири, куюнчак, моҳир публицист, 5 нафар фарзанднинг онаси, шириндан шакар, этак-этак набираларнинг бувижониси бўлган Ҳалима Худойбердиеванинг илк:

            Омон-омон қўшиқлардан айт,

              Алвон-алвон қўшиқлардан айт,

           Оҳанг бўлиб қўшиққа бу кеч

            Қўшилишиб кетадиган пайт.

             Омон-омон қўшиқлардан айт

Халима-опа

деб мастона куйланган шеърлари чоп этила бошланганда у 14-15 ёшларда эди. Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхонимнинг назарига тушган, туғёнли туйғуларини эркин ва шиддатли овозларда куйлаган ва ҳали ҳамон шундай баланд пардаларда куйлаётган Ҳалима Худойбердиеванинг шу кунгача мухлислари юрагидан чуқур жой олган “Илк мухаббат”, “Оқ олмалар”, “Иссиқ қор”, “Юрагимнинг оғриқ нуқталари”, “Муқаддас аёл”, “Тўмариснинг айтгани”,  “Йўлдадирман”,  “Буюк қушлар” ва  бошқа йигирмадан ортиқ шеърий мажмуалари, достонлари, мақолалар тўпламлари нашр қилинди ва ҳамон қўлдан-қўлга ўтиб, ўқиб келинмоқда. Йиллар силсиласида ўзбек шеъриятида аёл қалбининг оҳангларини ўзининг эркин сўзи билан ифода қилган шоира қайси бир оғриқларни, қайси бир шодликларни куйламасин, у мухлислар юрагида мустаҳкам ирода, меҳр-мухаббат, юксакликка интилиш, ватанпарварлик руҳини ифода этишга муяссар бўлди. Боёвутнинг иссиқ бағрида камол топган ёшгина қизалоқнинг жасоратга тўла ҳаёти шеърларга кўчди ва саноқсиз юракларни забт этди. У ўз устида ишлади, изланди, ижод машаққатларида тобланди. У Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Мустай Карим, Римма Казакова, Евгений Евтушенко сингари шоирларнинг шеъриятидаги маҳорат сирларини урганди. Тошкентда ва Москвада таҳсил олди. Ҳар бир шеърида дунёларга баробар орзулар, мақсадлар, яратувчанликнинг бўйини кўрсатди. Достонларида, бахшиёналарида ватан, она ва бола қалбидаги буюк мухаббатни она бўлиб куйлади.

Унинг таржимон сифатида Фазу Алиева, Сильва Капутикян, Иброҳим Юсупов каби қардош халқлар шоирлари асарларидан она тилимизга қилган таржималари ҳам диққатга сазовордир.

 

Шеърият, кўксимга ханжарингни санч,

Бу қурбонсиз умр меники эмас…

дея, шоира ўзининг шоирлик қисматини бус-бутунлигича, бор бўй-басти билан мардона қарши олди.

Шоиранинг юраги бир зум бўлсин ловуллаб ёнишдан тўхтагани йўқ. Ижод эса, аслида мана шу ёнишдир. Ўзгалар юрагига тафт, нур улашишдир. Буни ўз қисматида ҳар ижодкор ҳар хил талқин этади.

Ҳалима Худойбердиева ўзининг салмоқли ижодий фаолияти даврида “Саодат”, “Гулистон” журналларида “Ёзувчи” ва ҳозирги “Янги аср авлоди” нашриётларида фаолият юритиш билан биргаликда адабиётимизга, маънавиятимизга юзлаб шогирдларни етиштириб берди. Шоиранинг ўзи шеърларида айтгани каби унинг ўткир қалами мухлислари юрагини  бугун ҳам забт эта оладиган шаҳд ва шиддатга тўладир :

Ҳозирлан, бир шиддат, шаҳд келаётир,

Йўлда сенмас. Кўп дарахт келаётир.

Ватан деб аталган қадргоҳларда

Байроқдай ҳилпирар Вақт келаётир.

Оташнафас шоирамиз Ҳалимахонимга узоқ-умр, мустаҳкам соғлик, оилавий тотувлик тилайман.

Муҳаммад Али,

                      Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ