"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЭЛ-ЮРТ АРДОҒИДАГИ ШОИРА

Ўқилди: 214

yuksak_etirof_17_05_2017

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига биноан миллий адабиётимиз ривожи йўлидаги ижодий меҳнати, ёш авлод маънавиятини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.  

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, давлат ва жамоат арбоблари, журналистлар, адабиёт ихлосмандлари ва ёш ижодкорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Президент Фармонини ўқиб эшиттирди ва Ватанимизнинг юксак мукофотини Ҳалима Худойбердиевага тантанали равишда топширди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири, шоир Эшқобил Шукур, “Саодат” журнали бош муҳаррири Феруза Жалилова, Ёзувчилар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлинмаси масъул котиби, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева, таниқли шоира Қутлибека Раҳимбоева, адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев Ҳалима Худойбердиева шеъриятининг халқимиз юрагидан чуқур жой олгани, шоиранинг барча ёш ижодкорларга адабий мактаб вазифасини ўтаган намунали ижоди, унинг асарларида ўзбек аёлининг фазлу камолоти, маърифати, меҳру муҳаббати тимсоллари юксак бадиий маҳорат билан ифодалангани ҳақида сўзладилар.

Тадбир якунида Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Ҳалима Худойбердиева сўзга чиқиб, юксак мукофот учун Президентимизга чин дилдан самимий миннатдорлик изҳор этди.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этади.

 

                              Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

                                                   Ўзбекистон халқ шоири

 

БИР КУН ЯШАЙ

 

Ё бор Худо, жафо берсанг,

Навоийнинг жафосин бер.

Вафо берсанг, Қурбонжоннинг

Туркий қавмга вафосин бер.

 

Гарчанд бир ожиза — куйган,

Қирқ ямоқ бўз кўйлак кийган,

Жуфтин Худо янглиғ суйган

Анбар она капасин бер.

 

Девониға бош қўйиб жим,

Нодира деб оғди эсим,

Би-ир ўралиб олай исин,

Моҳларойим кўрпасин бер.

 

Учирдигу шеър отида,

Кўп сир кўрдим турк зотида.

Жон берай зиёратида,

Яссавийнинг каъбасин бер.

 

Бир кун яшай кўнглим дерки,

Майли бир кун. Эркин, эркин.

Бир Машрабий юрак бергин,

Машрабнинг бир нафасин бер.

 

   ҚЎШИҚЛАР

 

Одам ўғли ғам шаробин тотмасин,

Тонглар отаверсин,

қуёш ботмасин.

Қодир Худо, шу султон олмасини

Менга отсин, бошқасига отмасин.

 

Отлар ўтса жаранглатиб сасини,

Танлаб олгум қорамтир қашқасини.

Қодир Худо уйқудаги шу султон

Туш кўрмасин ўзимдан бошқасини.

 

Сузар ғози бўлмаганга кўл берма,

Сўрамайман. Ортиқ берма. Мўл берма.

Қодир Худо, шу султонга битта йўл —

Менга келар йўлдан бошқа йўл берма.

 

Менга келар йўлдан бошқа йўл берма…

 

ВАҚТ КЕЛАЁТИР

 

Ҳозирлан, бир шиддат, шахд келаётир,

Йўлда сенмас. Кўп дарахт келаётир.

Ватан деб аталмиш қадргоҳларда

Байроқдай ҳилпирар Вақт келаётир.

 

                        Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”
“АМУДАРЁ”  2017 йил, 2-сон “АМУДАРЁ” 2017 йил, 2-сон
Бобур қидирган дўст қани?.. Бобур қидирган дўст қани?..