"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕК ВА ТУРКМАН ХАЛҚЛАРИ ДЎСТЛИГИ ТИМСОЛИ

Ўқилди: 132

khal_larimiz_d_stligining_yer_in_ifodasi_18_05_20172017 йилнинг 18 май куни Тошкент шаҳрида буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули номидаги кўча ва шоирга бағишланган меъморий ёдгорлик очилди.

Ушбу улкан воқеа муносабати билан  бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли шоир ва ёзувчилар,  адабиётшунослар, санъаткорлар, талабалар, ижодий ташкилотлар ҳамда Республика байналмилал маданият маркази вакилларидан иборат кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али кириш сўзи билан очди ва олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири М. Муратов, Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили О. Хуммаев  ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик, аҳиллик, қалб ва маданият яқинлиги мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлаётгани, Маҳтумқулининг икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматлари беқиёс экани ҳақида нутқ сўзлашди ва тантанали равишда меъморий ёдгорликни очишди.

20 Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий ходими, филология фанлари номзоди, доцент  Эргаш Очилов “Махтумқули Фироғий – ўзбек халқининг севимли шоири” мавзуида маъруза қилиб, Махтумқули асарларини ўзбек тилига таржима қилиш анъаналари,шоирнинг яқинда ўзбек тилида чоп этилган “Элингга бахш эт” китоби ҳақида гапирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ўзбек ва туркман халқларининг дўстлиги тараннум этилган “Ўзбек-туркман манзумаси” ўқиди. Тошкент шаҳридаги туркман маданият маркази раисининг ўринбосари Бибисора Раджапова Туркман маданият маркази фаолияти ҳақида гапириб, Махтумқули шеърини туркман тилида, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари шоир шеърларини ўзбек тилида ўқидилар.

Ўзбекистон халқ ҳофизи  Ўктам Аҳмедов Махтумқулининг “Бўлмас” номли шеърига, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зариф Азизов  “Ошиқ бўлмишам” номли мухаммасига басталанган ашулаларни ижро этдилар.

 

          МАҲТУМҚУЛИ

                                         АЙРИЛМА

 

Маст бўлиб юргунча мусофир юртда,

Униб-ўсган ўз юртингдан айрилма.

Мағрур каклик каби нафс деган дардда,

Домга тушиб, қанотингдан айрилма!

 

Таваккал эт – халққа сиринг бериб бор,

Сабрли бўл, бесабрлик ҳам бекор,

Ҳар қаерга борсанг, насибангдир ёр,

Бой бўлай деб, иззатингдан айрилма!

 

Номардлар ҳам ярамаслар, ночорлар,

Тузинг ичиб, ишинг бўлса қочарлар,

Сирингни фош этиб, айбинг очарлар,

Қадринг билган улфатингдан айрилма!

 

Гадоларнинг кўнгли шоҳликни тилар,

Нодон кўнгли ёлғон сўзни рост билар,

Беқадрлар душманинга дўст бўлар,

Таълим берган устодингдан айрилма!

 

Биров қашшоқ бўлиб, биров бой бўлар,

Ҳар кишининг бахти-иқболи кулар,

Бошга нима келса, тилингдан келар,

Маҳтумқули, халқ ёдидан айрилма!

 

                  ОШИҚ БЎЛМИШАМ

 

Эй ёронлар, бир юзи гул оя ошиқ бўлмишам,

Барчанинг мақсуди – гул раъноя ошиқ бўлмишам,

Булбулам боғ ичра – бир ғавғоя ошиқ бўлмишам,

Ўзи ғойиб, зулфлари ялдоя ошиқ бўлмишам,

Манзилим боғ ичрадир, саҳроя ошиқ бўлмишам.

 

Қай куни келтирди чарх мени фано тупроғина,

Куйди бағрим доимо Макка-Мадина доғина,

Булбул ўлдим, сайрадим, кирдим Эрамнинг боғина,

Мубтало бўлдим у кун ғам аҳлининг тузоғина,

Юз бало, кулфат-ла бир савдоя ошиқ бўлмишам.

 

Кўнглим ичра ёр ғамидир – мазилим саҳрода, ҳай,

Кийганим ғам-ғуссадир – айланмишам Фарҳода, ҳай,

Солди ишқинг, дилрабо, жону жигарим ўда, ҳай,

Водариғо, кечди умрим зоеъ – бердим бода, ҳай,

Оҳи кўп, афғони кўп бир кўя ошиқ бўлмишам.

 

Билмадим: не баҳру бардир, не муаззам тоғдир-ей,

Олди кўнглим, кетди ақлим, тан мудом носоғдир-ей,

Ўхшаши йўқдир унинг ҳеч – қумри, булбул, зоғдир-ей,

Сочининг ҳар тори юз минг эр учун тузоғдир-ей,

Қадди-қомати баланд, зебоя ошиқ бўлмишам.

 

Дўст ҳавои васлини мен мунча чандон истарам,

Доми зулфинг қасдина ўзимни зиндон истарам,

Дема ғамдин бир замон кўнглимни хандон истарам,

Бир ғариб ошиқ манам, ёр, сани сандан истарам,

Кечаю кундуз, билинг, ҳу-ҳоя ошиқ бўлмишам.

 

Истамас ёрим мени – ул ёра зорим йўқ менинг,

Қолмишам ҳайрон бўлиб, ўзга мадорим йўқ менинг,

Олди жоним ишқинг ўти – ихтиёрим йўқ менинг,

Келса – ақлимни олар, кетса қарорим йўқ менинг,

Ғамзаси – ўқ, қошлари ул ёя ошиқ бўлмишам.

 

Айтадир Махтумқули: мен унда кона учрадим,

Сайр этиб бордим фалакни – ломакона учрадим,

Мени расво айлаган ишқи ягона учрадим,

Етмиш икки шаҳр ила минг бир дўкона учрадим,

Шунча саргардон сафилу зоя ошиқ бўлмишам.

 

 

КЎЗИМ ТУШДИ

 

Шукур, алҳамдулиллоҳ,

Жонона кўзим тушди.

Майхонада май ичдим,

Мастона кўзим тушди.

 

Эй зулфу сочи анбар,

Меҳробки, юзинг минбар,

Эй лаъли лаби гавҳар,

Уммона кўзим тушди.

 

Эй кўзлари эҳроми,

Кел кўргали ёроми,

Э кўнглимнинг ороми,

Иймона кўзим тушди.

 

Эй жоду-жайрон кўзли,

Эй шаҳду шакар сўзли,

Эй шамсу қамар юзли,

Тобона кўзим тушди.

 

Орзуда кезар эллар,

Хизматга келар қуллар,

Тоза очилган гуллар,

Бўстона кўзим тушди.

 

Ҳар сочлари бир сунбул,

Гўёки манам булбул,

Эй жаннат аро бир гул,

Ризвона кўзим тушди.

 

Бу дардима сен дармон,

Кўйингда бўлдим нолон,

Маҳтумқули дер: эй жон,

Жонона кўзим тушди.

                                                                 ( Таржимон Эргаш Очилов.)

                                                 Сирожиддин Саййид,

                                             Ўзбекистон халқ шоири

ЎЗБЕК-ТУРКМАН МАНЗУМАСИ

 

Манзилу макони қуёшли, ойли,

Тиниқ осмонлари ўзбек, туркманнинг.

Тоғлари, даштлари ҳаволи, сойли,

Боғу бўстонлари ўзбек, туркманнинг.

 

Шундай бўлди Ҳақдин бизга фармонлар,

Жаҳонни сайр этиб кезган карвонлар,

Элим деб ёнсалар ботир сарбонлар,

Марду майдонлари ўзбек, туркманнинг.

 

Бири ҳусн бўлса, бири юздекдир,

Бири қош бўлса гар, бири кўздекдир.

Бири туркман бўлса, бири ўзбекдир,

Чеҳра хандонлари ўзбек, туркманнинг.

 

Оҳу десам бири тортар юзини,

Кийик десам бири ўйнар кўзини.

Ҳаёсин, ибосин кўргил қизини,

Нозли жайронлари ўзбек, туркманнинг.

 

Ўзи ҳавас айлар бахтингга ҳаёт,

Уйинг обод бўлса, кўнглинг ҳам обод,

Бири Тошкент бўлса, бири — Ишқобод,

Қасру қўрғонлари ўзбек, туркманнинг.

 

Ёлғиз отнинг донғи чиқмайин тўзар,

Оқил зотлар Ватан қуриб, эл тузар,

Бирлашмаган тўзар, бирлашган — ўзар,

Аҳду паймонлари туркман, ўзбекнинг.

 

Навоий куйлаган вафо гулини,

Туркман ҳам сийламиш очиб кўнглини,

Ўзбек ҳам ёд айлар Махтумқулини —

Шеъру достонлари туркман, ўзбекнинг.

 

Толеинг шу қутлуғ замонлардадир,

Боболаринг шони ўғлонлардадир.

Бугун жаҳонаро, жаҳонлардадир —

Сайру жавлонлари туркман, ўзбекнинг.

 

Оламни лол этган ҳайрати бордир,

Саодати бордир, санъати бордир.

Кетмас бўлиб келган давлати бордир,

Давру давронлари ўзбек, туркманнинг.

 

                          Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ОЛИЙ МЕЗОНЛАР ОЛИЙ МЕЗОНЛАР
ЗОМИН СЕМИНАРЛАРИ ЗОМИН СЕМИНАРЛАРИ
АЙТИЛМАЙ ҚОЛГАН ГАПЛАР АЙТИЛМАЙ ҚОЛГАН ГАПЛАР
УМРБОҚИЙ МЎЪЖИЗАЛАР ДИЁРИ УМРБОҚИЙ МЎЪЖИЗАЛАР ДИЁРИ