"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дахлдорлик ҳисси

Ўқилди: 296

Дахлдорлик ҳисси расмиАйни кунда Ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлардан ҳар биримиз фахру ғурурга тўлаяпмиз. Кенг кўламли бу бунёдкорлик, ободлик ва фаровонликлар албатта, бутун халқимиз, инчунун, ҳар биримизнинг ҳаётимизга бевосита дахлдор, алоқадор десак янглишмаймиз. Алалхусус, яқинда мамлакатимиз жанубий дарвозаси саналган Термизга бориб, у ердаги улкан ўзгаришларни кўриб, кўнгилдан шу гаплар кечди.

Кейинги йилларда қурилган Сурхон спорт мажмуаси, Ёшлар маркази, Темир йўл бекати, Термиз Давлат университети биноси, Археология музейи шаҳарга узукка кўз қўйгандек ярашиб турибди. Энг асосийси, бундай ўзгаришлар вилоят марказидагина эмас, балки барча туманларда ҳам кузатилмоқдаки, буларни кўриб, баҳру дилингиз очилади. Шу кунларда Сурхондарё вилоятида “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остида ўтказилган фестивалда иштирок этиб, бунга яна бир карра амин бўлдик.

Санъат ва ижод аҳлининг аҳоли, хусусан, ёшлар билан учрашувлари ҳамиша қизғин ҳис-ҳаяжонлар, чиройли савол-жавоблар, дилтортар мулоқотлар оғушида кечиши сир эмас. Таъбир жоиз бўлса, бу гал ҳам пойтахтдан Сурхон воҳасига келган шоир-ёзувчилар, актёрлар ва хонандаларнинг катта гуруҳи тўрт кун давомида аҳоли, айниқса, ёшлар билан учрашиб, уларга маданий-маърифий куч-қувват ва зиё берибгина қолмай, балки уларнинг орзу-ниятлари, интилишлари, ижодларига яқиндан ошно бўлдилар.

Чеча номи билан элимизда машҳур бўлган Ўзбекистон халқ артисти Азиза Бегматова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Юнусова, Ниҳол мукофоти совриндори Достон Убайдуллев ва камина иштирокидаги гуруҳимиз тоғли Бойсун туманининг Авлод қишлоғида жойлашган 8-мактабда бўлди. Тадбир муносабати билан мактаб ҳовлисида ташкил этилган мўъжаз кўргазма барчанинг эътиборини тортмай қўймади. Кўргазмадан ўрин олган эркаклар ва аёлларнинг бежирим бойсунча тўлдирма ва лола дўппилари, сеҳрли каштаю сўзаналар, замонавий либосларни кўздан кечириб, бу файзли қишлоқ қизлари қадим момоларининг тикувчилик, чеварлик санъатини ҳали-ҳамон эъзозлаб давом эттираётганига имон келтирдик. Кўргазмадан ўрин олган ўқувчиларнинг кўплаб фахрий ёрлиқлари, нуфузли спорт мусобақаларида қўлга киритган медаллари, ёш ижодкорларнинг илк китоблари Ватанимиз чекка бир ҳудудидаги мактаб ёшларининг ижод, билим ва спортда марказда яшовчи тенгдошларидан асло ортда қолмаётганидан далолат берарди.

Пасурхи маҳалласидаги 5-мактабдаги учрашувимиз таассурот ва ҳаяжонларга янада бой бўлди. Азиза Бегматова чалган чанқовузга шу маҳаллалик қизларнинг чанқовузлари жўр бўлди. Юртдошлар ҳузурида Сурхонни мад этувчи ушбу сатрлар қалбимдан қуйилиб келди:

 

Болалигим боғларига

юзим бурсам,

Дашт еллари

мавжланади кўзларимда.

Соғинчларга тўлиб-тўлиб

Сурхон борсам,

Гул пойандоз тўшар

қирлар изларимга.

 

Ота-бобом от сурган

қир адирларим,

Кўксим тўлиб олаяпман

сиздан ҳаво.

Она тупроқ,

Бунча иссиқ бағирларинг,

Юрагимга бунча яқин,

азиз маъво.

 

Аждодларим дарж

айлаган ўчмас дастхат,

Минг йилларни

кечаётган минорлари,

Агар бунда тилга кирса

дову дарахт,

Не сирларни сўйлар

Сайроб чинорлари.

 

Кушонийлар, Чағаниён,

кўҳна Бақтр,

Заравутда юрдим

бобом изларидан.

Учирса-да, олисларга

мени тақдир,

Қумқўрғонни олиб кетдим

кўзларимда.

 

Илдизларим туташгандир

илдизингга,

Кўнгилларим ҳуриллайди

Сурхон десам,

Ўн етти йил шерик бўлдим

нон тузингга,

Бу қарзимни узолмасман

ўлгунча ҳам.

Меҳмон ижодкорлар ўз чиқишларидан ташқари мактаб ўқувчиларининг шеър ва қўшиқларини тинглаб, рақсларини томоша қилиб, Сурхондарёнинг чекка бир маҳалласидан ўнлаб ёш истеъдодлар етишиб чиқаётганидан ҳис-ҳаяжонларини яшириша олишмади.

Тарғибот гуруҳи аъзолари ёшлар билан мулоқот чоғида юртимизда кейинги 7-8 ой ичида юз берган ўзгаришларга, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинаётган долзарб ҳамда муҳим фармон ва қарорларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, Президентимиз фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз жадал тараққиётини белгилаб берувчи муҳим дастуриламал ҳужжат бўлгани, унда ифодаланган аниқ вазифалар ҳар бир юртдошимизнинг қалбидан чуқур ўрин олиб, одамларни дахлдорлик туйғуси билан яшашга, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда фаол иштирок этишга ундаётгани борасида сўз юритилди.

Ўзбекистон халқ артисти, бастакор ва созанда Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, “Ўзбеккино” миллий агентлиги актёри Эгамберди Раҳимовлар билан Қумқўрғон туманидаги нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи ўқувчилари мулоқоти ҳам ғоятда қизиқарли бўлди. Коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари таниқли хонанда ва созанда ижросида ажойиб куй ва қўшиқларни тинглаб, мароқли ҳордиқ чиқариш билан бирга тарғиботчилар гуруҳининг бугунги кунда юртимизда кечаётган янгиланишлар борасидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлишди.

Айни пайтда мамлакатимизда ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, маҳаллалар ва таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ҳамда тарбиявий мазмундаги адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Бугун коллежимиз ўқувчилари ҳаётида унутилмас воқеа юз берди, десам муболаға бўлмайди. Зеро, пойтахтдан таниқли шоирлар, санъаткорлар ташриф буюриб, ўтказган мазкур тадбир улар ҳаётида чуқур таассурот қолдирди, — дейди коллеж директори Эргаш Йўлдошев. — Тадбирда янграган шеър ва қўшиқлар, ибратли ҳаётий мисоллар ёшларимизга завқ-шавқ улашиш билан бирга уларда аввало Ватанга, қолаверса, илм ва китобга чексиз меҳр-муҳаббат уйғотади. Илм эса шубҳасиз, инсонни маънавий юксакликка олиб чиқади. Китобга меҳр қўйган миллатнинг эса келажаги порлоқ бўлади. Ушбу мулоқот кўпчилик ёшларимиз ҳаётида туб бурилиш ясашига ишончим комил.

Вилоят туманларида бўлиб ўтган учрашувларда шоир-ёзувчилардан Эшқобил Шукур, Амир Худойберди, Фарида Афрўз, Ахтамқули, Норқул Бекмирзаев, Ҳаким Сатторий, Муҳаммад Шодий, Менгнор Олломуродов, шунингдек, хонанда ва актёрлардан Барно Қодирова, Абдурашид Йўлдошев, Муножот Тешабоева, Элмира Раҳимжонова, Дилмурод Узоқов, Адолатхон Кимсанова ва бошқалар иштирок этишди.

Сўзимизни мухтасар қилсак, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да тўрт кун давомида пойтахт ижод аҳлидан катта бир гуруҳ Сурхондарёнинг барча туман ва шаҳарларида, ҳатто энг чекка қишлоқларида ҳам бўлиб, фуқаролар, ўқувчилар, ҳарбийлар билан дилдан қурган суҳбатлари ва ижролари шубҳасиз, тингловчиларга катта завқ-шавқ улашди. Ҳеч шубҳасиз, инсонлар қалбига чўғ ташлаган ушбу мулоқотларнинг нафи янада самарали бўлади.

Абдумажид АЗИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ