"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жўшқин шоир, дилкаш инсон

Ўқилди: 192

imagesҲар мисраси самимий ва жўшқин шеърлари, таржималари, публицистик ва илмий ишлари билан ўзбек адабиёти ва журналистикасига муносиб ҳисса қўшган, қисқа умри давомида халқнинг севимли шоири, талабаларнинг меҳрибон устози сифатида ҳурмат ва эътибор қозонган Тилак Жўранинг ҳаёти, айниқса, одамийлик фазилатлари ҳақида кўп ёзиш мумкин.

Тилак Жўранинг ижоди мустабид тузумнинг тазйиқлари авж олган, оқни қора, қорани оқ дейиш оддий бир ҳолга айланиб қолган даврга тўғри келган эди.

У ажойиб инсон эди. Қанийди, фақат унинг ўзига хос бўлган жўшиб гапиришларини худди ўзим кўргандай тасвирлаб беришнинг имкони бўлса!.. Ҳа, Тилак Жўра ўша даврнинг ўзидаёқ мустабид тузумга ёқмайдиган ўз ички ҳиссиётларини айта олган халқпарвар ва эркпарвар шоир эди.

Фикримиз исботи учун шоирнинг қуйидаги мисраларига мурожаат қилсак:

Бўзтўрғайдай бўзлаб бошимда,

Қора сочин кўксига ёйиб,

Мендан нима истайди бу тун?

Ахир, шамол мендан не истар,

Йўлларимга хазонлар сочиб?

Йўлимиз-ку бошқа-бошқадир…

Шамол каби ҳансираб, титраб,

Юрак, мендан нима истайсан?

Биласан-ку, менга ҳам оғир,

Соқов бўлиб сен билан юрмоқ.

Тилак Жўранинг шу каби шеър­ларида ўша даврни қора туман, қоронғулик ва тунга сифатлаш асносида тузумга бўлган муносабати ва қарашларининг ўзига хос ифодасини кўрамиз.

Шоир Шукур Қурбон Тилак Жўранинг “Сайланма”сига ёзган сўзбошисида унинг устози ўайбулла ас-Саломнинг бир фикрини келтиради: “Қиёфада қуёш акс этганини кўрганмисиз?”. Шоир Тилак Жўра шеърларида халқ қиёфаси акс этарди.

Узоқ йиллар, кўп узоқ йиллар

Алдаб келдим ўзимни ўзим —

Меники деб бу қизил гуллар,

Меники деб ҳар айтган сўзим.

Тўғри, гуллар меники эрур,

Меникидир ҳар айтган сўзим.

Нима қилай, ахир уларни,

Ўзимники бўлмасам ўзим?

Агар бирор ғайримиллат кишиси сиздан: “Ўзбеклар қандай миллат? Тушунтира оласизми?” деб сўраб қолса, узоқ чайналиб тушунтиргандан кўра, Тилак Жўра шеърларини ўқитиш керак уларга, Тилак Жўра ҳаётини сўзлаб бериш керак. Унинг юриш-туришида, фикрлашида, гапириш оҳангида, қарашида, кулишида, йиғлашида, бировни суйишида қандайдир соф, бетакрор ўзбеконалик бор эди.

Э, унинг ҳалимлиги… Э, унинг кулишлари… Э, унинг бу ғаддор дунё одамларига ўхшамаслиги… Тилакмисан, Тилак эди. Жўравозлигини айтмайсизми! Чўнтагида ҳемири йўғу ўзининг, э, унинг ҳотамтойлиги… Бировдан қарз кўтариб, бошқа бир ҳожатманд кишининг ҳожатини чиқазишлари… Жонини сўрасангиз — қўшқўллаб узатарди. Иссиқ жонини-я! Устига раҳмат ҳам айтиб қўярди. Биз-чи, биз? Унга юрак қўримизни бера олдикми? Ёлғиз қолдирмадикми? Садоқатига хиёнат қилмадикми?..”

Тилак Жўранинг одамийлиги, самимийлиги, тўғрисўзлиги, дўстга содиқлиги, барчага бирдай меҳр кўрсата олиш, ўзгалар дардини ўз дардидай қабул қила олиш каби хислатлари унинг узоқ йиллар мобайнида факултет касаба уюшмаси қўмитасининг аъзоси, қўмита раиси сифатида олиб борган жамоатчилик ишларида яққол кўринади. У факултет жамоасини, айниқса, талабаларнинг ижтимоий ҳимояси масалаларига, уларнинг ўқиш ва яшаш шароитларини яхшилаш, ўқишдан бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказишлари учун доим елиб-югурар, талабалар ётоқхоналарида таниқли шоир ва ёзувчилар, машҳур санъаткорлар иштирокида давра суҳбатлари ташкил этишдан чарчамасди.

У озодлик ва эрк, Ватанга муҳаббат, миллатпарварлик руҳидаги шеърлари билан халқни озодлик сари етаклаган зиёлилардан эди. Шоирдан халқимизга салмоқли мерос қолди: “Райҳон”(1977), “Олам остонаси”(1980), “Юлдузлар табассуми”(1981), “Чорраҳадаги уй”(1983), “Сандувоч”(1988), “Руҳият”(1990), “Сайланма”(2011) номли шеърий китоблари, турк, озарбойжон, арман, француз, тожик, туркман, қиримтатар ва ­уйғур шеъриятидан таржималари, “Ҳозирги турк шеърияти”, “Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон” сингари илмий асарлари шулар жумласидандир.

1994 йилнинг апрелида вафот этган Тилак Жўра ҳақида асарлар ёзилмоқда, ҳужжатли филмлар олинмоқда, ижоди ҳақида илмий ишлар қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, Тилак Жўра орамизда, у биз билан яшамоқда.

Адҳамжон ЭРГАШЕВ

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ