"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тиниқ оқшомларда

Ўқилди: 263

Абдували-Кутбиддин

НИЯТ

Ўтган замонларда қолди аламлар,

Сабр занжирларин фарёди йитди.

Кўнгил ичра кўнгил топди одамлар,

Истиқлол умидлар мағзига етди.

Ёруғлик бахш этди, о улуғ дамлар.

 

Раънолар, жамбиллар фаслидан дарак,

Азизлик рутбаси камолот тоти.

Энди-да одамдек яшаса керак,

Мазаси юракда бахтнинг наввотин.

Шубҳасиз, Ҳумодай ёйиб қанотин,

Тиниқ оқшомларда кулгай келажак.

 

Буюклик ҳар қалбнинг озод суврати,

Унга боқсанг агар нажот кўзидай.

Бу ажиб ватанда яшаш лаззати,

Илҳом парисини қучмоқ кезидай.

Рост-дуруст боболар айтган ҳикмати.

 

Дўстлар нағмасию душман шивири,

Уззукун ёмғирдай ёғар баъзида.

Маърифат бу Ҳақнинг тирик дафтари,

Мижғов хатарларни қирқар изидан.

Тинчлик-омонликнинг асл гавҳари.

 

Ахир кунлар ширин, булбул сўзидай,

Нотинч ўйлар ўчди, янгради баёт.

Гуллар қадам қўйди даштларга яланг,

Инжилмай шодликлар улашди ҳаёт.

Завқимиз пиёла, қўлма-қўл, қаранг.

 

Доим паноҳида асрасин Тангрим,

Абад яқин қилсин пок ниятларга.

Нозик ҳислар жўшсин кайфиятларда…

 

* * *

Муяссар бўлмағай ҳусни жамолинг,

Ёмғирдан эсдалик, нуқтадай холинг,

Узилган арғамчи мисоли ҳолинг,

ўир-ғир оғиб қолди ақлу ҳушим ҳам,

Ёстиғинг устига тушган тушим ҳам…

 

Фисқу фужурларинг ўрмалаб ўтди,

Олма атаб эдим, пармалаб ўтди,

Чаёндай қаҳрингни ўртага солдинг,

Ниш суриб, гажаклаб лабма-лаб ўтди.

Бир-бир титраб қолар икки қўлим ҳам,

Тўғридан адашиб толган йўлим ҳам.

 

Чуғурчуқ эркалик қилса майлими,

Айтса истагимнинг гўзал сайлини,

Шипшитса яшириб юрган майлимни,

Ажаб шайдоликдан топган айбимни,

Шир-шир оқиб тушди сойдек алам ҳам,

Гир-гир қулаб тушди ойдек олам ҳам.

ТАТАББУЪ

Қадимий наволар, қандай даволар,

Кафани япроғдин булбул мозори —

Шафаққа бурканса,

Ойдин саболар,

Сўзласа Умрнинг азму қарорин:

“Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса…”

 

Не тонг Қудс пири юборса хабар,

Ҳар дарахт шохида шабнам муждалар,

На тақдири азал, на жумла қадар,

Шу холис битикка урса нукталар.

“Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса…”

 

Интиҳо топмагай ҳижрон азоби,

На учун берилмас сабр жавоби,

Бормикан товбанинг мисқол савоби,

Ё шуми Ибтидо ёзган китоби.

“Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса…”

 

Ё раббим, умидим юпанч кул этмиш,

Тилагим улғаймай ҳукм қул этмиш,

Кўпимни саййёд, камим сайд этмиш,

Барини тўплаб битта байт этмиш..

 

“Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш…”

ОРАЗИ…

Орази кўзгуда айни ҳилолдур,

Камолин соқчиси, жангчи малолдир.

Юрагим ёнида қалб эҳтиросин

Аямай урадир меҳри қасоси.

 

У нозик қайғудир, нафис айрилиқ,

Ботиндан оловдай кўчган ҳайқириқ,

Исмалоқ ҳисларин сочган хушқадам,

Ҳозирдан олдинроқ,

Аввал, муқаддам.

 

У жуда меҳрибон, жуда оқила,

Ишқим меҳмони, ҳушим сарбони.

Йўқласа, жамбиллар унар бир йўла,

Юлдузи қалдирғоч киби осмони.

У асл париваш, у тенгсиз имдод,

Қилган муножотим нола лафзида.

Нақадар фусункор, нақадар обод,

Мени ҳам олиб   ўт лола фаслига…

 

* * *

Имконим муҳиби ҳамроз эмас,

Изҳорим жамласам баёз эмас,

Денгиздек туғёним қамаганман,

Аммо соз эмас,

Сира оз эмас.

Розинг настарин баргида узат,

Чекинсин кўксим булғаган узлат,

Энди мен томонни аста кузат,

Улфатим хордай,

Хилватим ғордай.

 

Имконим муҳиби ҳамроз эмас,

Мусиқор муғанний бўлган маҳал,

Парилар қизларга берур сайқал,

Йигитлар орзуси — ул Тожмаҳал,

Чин севги чин лаъл,

Конида асал.

 

Ўн тўққиз ёшим — арғумоғида,

Обқочар дилбарин гуллар боғидан,

Менга хайр демас, юзин ўгириб,

Ўзин суғуриб…

 

Имконим муҳиби ҳамроз эмас…

 

ХАБАР

Осима­,

Лайлаклар элчи —­ у ердан,

Ҳув ана мезонлар, хабар олайлик.

Паға-паға ёлқин, томчи-томчи ранг,

Ёғар бир ўлка бор, борақолайлик.

 

Кўнгил аросида фарёд тилкаси,

Армонлар тўсибди тиғ бахтимизни.

Қуш йўқ работларда кимнинг кўлкаси,

Эшитди мунграган суҳбатимизни.

 

Сен юлдуз париси тўфон буржида,

Мен қора туйнукда улоққан балки.

Уммондай оғриқдан синган гурзидай

Осмондай кенгликка сиғмайди шаклим.

 

Ўқишни билсанг гар Тақдир китобин,

Билиб бер, ишқ борми ўлмасдан бурун.

Сўраб бер, севгининг манзил туробин,

Жой борми, юзпора иккимиз учун.

 

Осима­

Лайлаклар қайтдилар ортга,

Адирлар қатига яшринди баҳор.

Тинмай ёғаяпти, биз йўқ ўлкада,

Паға-паға ёмғир, томчи-томчи қор.

Абдували Қутбиддин

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ