"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бир байт талқинлари

Ўқилди: 236

IMG_0027Буюк мутафаккир ва сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг достонлари, кўплаб ғазаллари мазмунини тўлароқ тушуниш, косанинг тагида яширинган нимкосани англаш учун тасаввуф тарихига бир назар ташлаш лозим. ­Тадқиқотчи Ваҳоб Раҳмонов Навоийнинг ­“Лисон ут-тайр” асарига кириш сифатидаги “Кўнгиллар ҳамрози” мақоласида ёзганидек: “Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, ­Алишер Навоий ва Мансур Ҳалложнинг «аналҳақ» (мен Оллоҳман, мен Оллоҳнинг бир заррасиман) деган таълимоти таъсирида шаклланган мутафаккирлардир”.

Мансур Ҳалложнинг “аналҳақ” деган иборасига нисбатан тарихда, ислом фалсафасида, ҳатто тасаввуфнинг ўзида ҳам турлича ёндашувлар бўлган. Мансур Ҳалложнинг бошига кўп кулфатлар келтирган ва умрига зомин бўлган машҳур ибораси: “Анал ҳақ” “Ҳақ менман” маъносини англатади. Ҳақ Оллоҳ таолонинг ­исмларидан бири бўлгани сабабли бу сўз “Мен Оллоҳман” деган маънони билдиради. Мансур Ҳаллож мазкур гапни айтгани ва ундан қайтмасдан туриб олгани учун қатл этилган.

Мансур Ҳаллож замондошлари орасида илми ва амали билан танилган сўфий киши бўлган. У қатл қилинганидан сўнг бир гуруҳ тасаввуф вакиллари уни қатл этганларни унинг сўзидан кўзланган маънони тушунмаганликда айблаганлар. Бундай баҳслар ҳозирги кунда ҳам тўхтагани йўқ.

Тасаввуфнинг яссавия, нақшбандия, сухравардия, кубравия ва яна бир қанча сулукларида Мансур Ҳалложнинг иборасини ҳақиқат деб биладилар. Бунга мисол қилиб Яссавийнинг “Ҳикматлар”идан қуйидаги байтни келтириш мумкин:

Аё ошиқ, дарду ҳолат пайдо қилғил,

Мансурсифат «Анал Ҳақ» деб ғавғо қилғил.

Жаҳон адабиётининг бир қанча намуналарида бир сўз ёки бир ибора ёрдамида бир эмас, икки, баъзан уч маъно ифодаланади. Бундай ҳолат сўз санъаткорининг ноёб маҳоратидан далолат беради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бир сўз ёки ибора остига яна бир нимкосани яшириб жойлаш кам учрайдиган ҳодисадир. Мирзо Абдуқодир Бедил, Абдураҳмон Жомий, ­Алишер Навоий, Фузулий сингари даҳо шоирлар асарларида эса косанинг остига бир эмас, икки-уч, ҳатто беш-олти нимкосани яшириш оддий ҳолдир. Бу нимкосаларнинг ҳар бирини топа олгани, кўра олгани сари китобхон мислсиз эстетик завқ ва лаззат уммонига чўмади.

Бир сўз ва ибора ёрдамида бир-икки эмас, уч-тўрт, ҳатто беш-олти маънони ифодалаш имконияти туркий тилларнинг, хусусан, ўзбек тилининг лексик, семантик хусусиятлари билан боғлиқ. Ана шу хусусиятлар туфайли ­бошқа бирорта тилда учрамайдиган аския санъати айнан ўзбекларда вужудга келди.

Тилимизнинг чексиз ва гўзал имкониятлари забардаст шоирларимиз, айниқса, буюк ­Навоий асарларида яққол кўзга ташланади.

Навоий асарлари фалсафасини ҳамда Мансур Ҳалложнинг «Анал ҳақ»ини тушуниш учун, аввало, тасаввуфнинг асосий ақоидларидан хабардор бўлиш керак. Тасаввуф таълимотича, олам: юлдузлар, ой, қуёш, одамлар, ҳайвонлар, қушлар, капалаклар ва бошқа жамъи нарсалар Оллоҳнинг зуҳуротидан иборат.   Жамъи нарсаларда Оллоҳнинг нури бор экан, демак, менда ҳам бу нур бор, деган хулосага келган Мансур Ҳаллож.

Навоийнинг Мансур Ҳаллож таълимотига мойиллигини унинг фақат Ҳаллож тўғрисида фикрлари баён этилган мисраларда эмас, ­бошқа кўпгина ғазаллари ва достонларида ҳам кўриш мумкин. Мисол тариқасида ҳазратнинг “Хазойин ул-маоний” куллиётидаги биринчи ғазалнинг биринчи байтини олиб кўрайлик.

Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворул ҳидо,

Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқти садо.

Бу байт тўғрисида кўп олимлар фикр билдиришган, уни талқин қилишган. Масалан, ­таниқли навоийшунос олим Нажмиддин ­Комилов ўзининг бир мақоласида (1991) мазкур байтни шундай шарҳлаган эди: “Майда ёр жамолини кўриш, май идишини қуёшга ўхшатиш Навоийнинг севган образларидан… чиқаётган қуёш косасининг аксидан ҳидоят нурлари порлаб кўринди, жомдан ёр жамолини майда кўр, деган садо чиқди. Шоир назарида ловуллаган олов қўраси — муаззам офтоб ҳам ўша буюк илоҳий қудратнинг инъикоси, мавжудотни ҳаракатга келтирувчи май тўлғазилган жом, унинг порлаши эса — ёр жамоли”.

Мана шу байт ҳақида Муҳаммаджон Маҳмуд қуйидагиларни ёзади: “Алишер Навоий   “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи ғазали матлаида Тангрига меҳру саодат изҳор қилиб, уни оламга ҳаёт бағишловчи қуёш ва инсониятнинг ғамхўр ёру дўсти дея улуғлайди… Мазкур байтда коса(қадаҳ) жом, кўнгил; май — Оллоҳнинг ишқу иштиёқи ва тажаллиси(кўриниши), тўғри йўл — илоҳий нурлар ёғилган тариқат йўли маъносида келган. Санъаткор китобхонга мурожаат қилиб жом, май каби сўфийлик истилоҳларининг кўчма маъноларини билмай унинг сўфиёна байту шеърларини тушуниб бўлмаслигини уқтиради ва ғазалда Оллоҳни астойдил севиб, тўғри йўлдан юрган пок инсонлар ­Тангри висолига мушарраф бўлишлари мумкин, деган ғояни олға суради”. Нажмиддин Комилов ва ­Муҳаммаджон Маҳмуднинг мазкур байтга берган талқинлари бир-бирини тўлдиради, дейиш мумкин.

Бу байтнинг Мансур Ҳалложга қандай алоқаси бор, деган савол туғилиши табиий. Бизнингча, бу матлаъ Мансур Ҳалложнинг “Анал Ҳақ”ини бевосита тасдиқлайди. Фикримизча, матлаънинг иккинчи байтида Нажмиддин Комилов ва Муҳаммаджон Маҳмуд талқинларидан ташқари косанинг тагида яна бир нимкоса бор. Нажмиддин Комилов бу матлаъ ҳақида “Шоир назарида ловуллаган олов қўраси — муаззам офтоб ҳам ўша буюк илоҳий қудратнинг инъикоси, мавжудотни ҳаракатга келтирувчи май тўлғазилган жом, унинг порлаши эса — ёр жамоли”, деб билдирган фикрга тўла қўшиламиз. ­Бизнингча, профессор ­Нажмиддин Комилов ҳам, Муҳаммаджон ­Маҳмуд ҳам ўзларининг мақолаларида қўйилган мақсаддан келиб чиқиб бу байтни шарҳлаганлар. Шуни ҳисобга олиб, уларнинг фикрини инкор этмаган ҳолда, биз ҳам ушбу мақоламизда қўйилган мақсаддан келиб чиқиб байтга шарҳ бермоқчимиз. “Ёр аксин майда кўр”, иборасида ёр — Оллоҳнинг тасаввуфдаги мажозий тимсоли бўлса, жом — буюк илоҳий қудратнинг инъикоси. Мисрадаги коса остидаги иккинчи нимкоса шундаки, “Ёр аксин майда кўр” деганда, бизнингча, шуни ҳам тушунмоқ лозимки, май тўлдирилган жомга қараганда инсон ўзининг аксини кўради. Ҳазрат Навоий майда сурати акс этадиган инсонни ёр, яъни Оллоҳ билан тенглаштирмоқда. Бу эса, айнан унинг “Аналҳақ”идир. Навоий бу фикрни ­мажоз ёрдамида гўзал тарзда ифодаламоқда.

Мазкур матлаънинг мазмуни ҳақида яна шуни ҳам айтмоқчимизки, биринчи мисрани Муҳаммаджон Маҳмуд қуйидагича талқин қилади: “Қуёшнинг қадаҳдаги аксидан тўғри йўлнинг илоҳий нурлари порлади”. Биз ҳам бу талқинга тўла қўшиламиз. Лекин мисранинг мазмунини Навоий даври тилидан ҳозирги тилимизга ўгириш косанинг тагида яна бир нимкоса борлигини кўрсатади. Бу нимкоса Навоий, ҳозирги тилда айтадиган бўлсак, “омоним” cўздан жуда моҳирона фойдалангани билан боғлиқ. Навоий даврида, табиийки, “омоним” истилоҳи бўлмаган, лекин тилда омонимлар бўлган. Омонимларнинг бир неча тури мавжуд. Жумладан, омофон, омограф, омоформалар омонимларнинг кўринишлари ҳисобланади. “Омофон” истилоҳи ёзилишда тафовут бўлса ҳам, бир-бирига яқин сўзларни ифодалайди. Биринчи мисрадаги “ҳидо” сўзи айнан омофондир. Бу сўз тўғри йўл, яхшилик маъноларини билдиради. Лекин “ҳидо” сўзи оғзаки талаффуз қилганда “худо” деб эшитилиши мумкин. Ўзбек тилининг бир қанча шеваларида “ҳ” ва “х” товушларининг фарқи йўқлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди. Агар матлаънинг биринчи мисрасидаги “ҳидо” сўзи ўрнига “худо” сўзини қўядиган бўлсак, унда мисра “Қуёшнинг қадаҳдаги аксидан худонинг илоҳий нурлари порлади” маъноси келиб чиқади. Бу маъно ҳам тасаввуфдаги Оллоҳ ҳақидаги тасаввурларга тўла мос келади ва у ҳам Мансур Ҳалложнинг “Аналҳақ”ини яна бир гўзал тимсол ёрдамида ифодалайди.

Назаримизда, мазкур байт остига беркитилган нимкосалар миқдори бу билан ҳам тугамайди. Иккинчи мисрадаги “жомдин чиқди садо” иборасининг остида яна бир нимкоса бордек туюлади. Мумтоз адабиётимизда “жом” тимсоли инсон қалби, кўнгли, дунёқарашининг мажозий ифодасидир. Шуни назарда тутадиган бўлсак, бу мисрада Ҳазрат “Ёр аксин майда кўр” деб кўнглим, қалбимдан садо чиқмоқда деяётгани ва ёр аксини майда кўриш унинг қалби нидоси эканини баён қилаётгани маълум бўлади.

Ниҳоят, бизнинг заиф ақлимиз мазкур мисра остида яна бир яширин маъно бор, демоқда. Жомий асарларида “ёр” ва “май”нинг мажозий тимсолларига кўп мурожаат этилган. Бундай ҳол Навоий дунёқараши шаклланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Абдураҳмон Жомийни ўз асарларида тилга олганда, ҳар доим “буюк устозим”, “улуғ устозим”, деб тавсифлайдиган Навоий мазкур тимсолларнинг Жомий асарларида катта ўрин тутишига ишора қилаётгандек туюлади. Яъни Жомийнинг Жом шаҳрида туғилганига ва бу фикрни Жомий таъкидлаганига ишора қилинмоқда.

Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино ва Навоийлар фалсафасида олами сағирда олами кабирнинг инъикос этилишини эътироф қилиш Комил инсонда Мутлақ зотга нисбатан яқин ҳолат зуҳур этишини англатади. Яъни Комил инсон – Мутлақ зотнинг мухтасар нусхасига айланади, шу боис Ҳақ таоло Комил инсонда Ўзини тўлиқ ҳолда намоён қилади ва Ўзини Ўзи мушоҳада этади. Бу ҳолат ислом фалсафасининг асосидаги ва Қуръони каримда баён этилган “Кунту канзан махфиян” маъносига тўла мос келади.

Абу Наср Форобий таъбири билан айтганда, олами суғро ўзида олами кубронинг акс этишини англаганда ва шу инъикосни такомиллаштиришга интилганда унинг комилликка эришуви намоён бўлади.

Абдуллажон БЕГМАТОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ