"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Маънавий юксалиш йўлида

Ўқилди: 493

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маърифий ҳаётида улкан воқеадир.

Qolypzma

Ушбу қарор жамиятимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги улкан қадам бўлиб, ота-боболар меросини чуқур ўрганиш, уни асраб-авайлаш, ёзув ёдгорликларига таяниб, илмий иш ярата оладиган етук мутахассислар етиштиришга қаратилган. Шулардан келиб чиққан ҳолда, мутахассис-олимларимиз олдида бир қанча муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифалар турибди. Назаримизда, бу муҳим ишлар қуйидагилардан иборат:

Ўзбек фани, шарқшунослиги олдида турган биринчи ва пайсалга солиб бўлмас иш, бу —ўтмишдан қолган қўлёзма манбаларни сақлаш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга бус-бутун етказишдир.

Мамлакатимиз қўлёзма фондларида минглаб қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий ҳужжатлар сақланмоқда. Қўлёзма манбаларни ўқиб-ўрганишни бироз кечиктириш мумкиндир. Лекин уларни асрашга бепарво қараб бўлмайди. Чунки бу мерос фақат бизники эмас, у биздан кейингиларга ҳам тегишли, ундан келажак авлод ҳам баҳраманд бўлмоғи керак. Оталар меросига эътибор, қўлёзмаларга бўлган ҳурмат уларни асраб-авайлашдан бошланади.

Ўтмиш ёзма мероси орасида йирик қўлёзма китобларгина эмас, қўлёзма манбанинг кичик узиндиси сақланган бўлса ҳам қадрли. Оригинал манба ҳар нарсадан устун туради.

Ёзма ёдгорликларни сақлаш тўғрисида сўз кетганда тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар, эпиграфик матнларни ҳам унутмаслигимиз лозим. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўрта асрлардан қолган ёзувли қабртошлар, кўҳна саройларнинг девор ва пештоқларидаги битиглар, қояларга туширилган эски чизмалар бор.

Буларнинг катта бир қисми ҳали ўрганилганича йўқ. Устига-устак чекка ҳудудлардаги эпиграфика қаровсиз аҳволда, хавотирга солаётгани — улар йилдан-йил нураб бормоқда. Ушбу қабртошлар ўрганиш тугул, афсуски, ҳатто рўйхатга ҳам олинган эмас. Оталар меросини тадқиқ этиш бўйича мутахассис олимларга юклатиладиган иккинчи муҳим иш ёзма ёдгорликларни ўқиб-ўрганиш, улар бўйича илмий тадқиқотлар яратишдан иборат.

Ўрта асрларда яратилган бадиий адабиёт намуналари, фан тарихига оид илмий асарлар, расмий ҳужжатларни бирламчи қўлёзмалардан ўқиб-ўрганиш, улар асосида илмий-тадқиқотлар яратиш ўзбек шарқшунослиги, манбашунослигининг энг муҳим вазифаси саналади. Таъкидлаш ўринлики, тарихимиз, маънавий меросимиз, фан тарихига оид нодир қўлёзма китоблар, Ўзбекистон тарихига тегишли муҳим расмий ҳужжатлар мамлакатимиз фонд­ларидагина эмас, дунё фондларида ҳам сақланмоқда. Биз қўлёзма меросни ўрганиш деганда ана ўшаларни ҳам кўзда тутмоқдамиз. Чет элларда сақланаётган қўлёзмалар мутахассис эътиборидан четда қолмаслиги, тадқиқотчи, йўқ деганда, унинг факсимил ­нашрлари, фотонусхалари, электрон вариантларидан фойдаланган ҳолда тадқиқот олиб бормоғи лозим.

Ўзбек фани олдида турган муҳим ишлардан бири аждодларимизнинг исломга қадар яратган ёзма ёдгорликларини тадқиқ этишдир. Дунёнинг қай бир маш­ҳур университети ёки шарқшунослик марказини олманг, уларда Марказий Осиё халқларининг қадимги ёзма ёдгорликларини ўрганишга эътибор катта. Жумладан, йирик шарқшунослик марказлари бўлмиш Вашингтон, Индиана, Кембриж, Истанбул, Берлин, Санкт-Петербург университетларида шарқшунослик деганда, биринчи ўринда, кўҳна ёзма ёдгорликлар тушунилади, уларда турли ёзувларда битилган обидалар жиддий ўрганилади.

Узоққа бормайлик, яқин ўтмишда ҳам ўзбек олимлари Марказий Осиё халқларининг энг эски ёзма обидаларини, хусусан, исломдан бурунги даврларда битилган асарларни рус ёки ўарб олимларининг ишлари, уларнинг транскрипцион нашрлари ва таржималаридан олиб, ўрганар эдилар. Бу соҳада асл манба устида тадқиқот олиб борувчи мутахассисларимиз йўқ эди. Ҳозир бу тугун ҳам ўз ечимини топа бошлади. Ўзбек шарқшунослигида кўҳна суғд, қадимги туркий битигларни асл манбалардан, уларнинг қўлёзмалари ва битигтошлардан ўқиб ўрганувчи мутахассислар етишиб чиқа бошлади.

Марказий Осиё халқларининг энг эски ёзма ёдгорликларини ўрганиш, улар устида илмий иш олиб бориш ўта жиддий масала. Бунинг ўзига яраша қийинчилиги бор: бири – манбалар ёзувининг мураккаблигида. Ўша кезлари ишлатилган ёзувлар ҳозир унутилган. Иккинчи қийинчилик – тил мураккаблигидан келиб чиқади. Кўҳна битигларнинг тили ҳозирги жонли тиллардан кескин фарқ қилади; уларнинг айримлари унутилиб, ўлик тилларга айланган. Қачонлардир кенг қўлланган, ҳозирда унутилган тил ва ёзувлардаги битигларни ўқиш ва уларни талқин қилишнинг ўзи бўлмайди. Ана шундай масъулиятли вазифани ҳал этмаклик ҳозирги замон шарқшунослигининг елкасида турибди. Ўзбекистонда, саноқли эса-да, исломга қадар қўлланилган ёзувларни ўқий оладиган, улар устида тадқиқот олиб бораётган олимларимиз бор. Эндиги иш, уларнинг билимини ёшларга етказиш, мутахассислар етиштириб, бу соҳаларда ўарб илми даражасига интилишдан иборат.

Филология ва адабий манбашуносликнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари, ёзма ёдгорликларнинг нашрлари, аниқланган янги материаллар, илмий хулосаларга таянган ҳолда ўзбек тили ва адабиёти тарихини қайта ёзиш вақти келди.

Эътиборли жиҳати, энг эски туркий ёзма ёдгорликларда битиг деган сўз учрайди. Битиг сўзибити— “ёз-” феълидан ясалган бўлиб, ёзув; мактуб; китоб; ёзма ҳужжат сингари тушунчаларни англатади. Янада аниғи, битиг сўзининг қадимийлиги ёзма адабий тилнинг, туркий матн тузиш анъаналарининг нечоғли эскилигига далолат қилади.

Юсуф Хос Ҳожиб “ёзма адабий тил”ни битиг сўз деган.

Тилшунослик тарихида “нутқ” тушунчаси ҳам фарқланган. Адиб Аҳмад Югнакий “нутқ”ни ағиз тил деб атаган: Ағиз тил безаги кўни сўз турур (Нутқнинг безаги тўғри сўздир) дея уқтиради адиб.

Ўзбек адабий тили тарихини туркий муҳитда ёзувнинг юзага келиши, матн тузиш анъаналарининг шаклланиш давридан бошлаб янгидан ёзиш мақсадга мувофиқдир.

Қадимги туркий адабиётнинг ўзи бир олам: туркий ёзма адабиётнинг илк босқичларидан кўк турк(Урхун-Энасой, туркий рун), суғд, эски уйғур, моний, браҳми, сурёний ёзувларидаги битиглар етиб келган.

Қадимги туркий адабиётнинг йирик адабий муҳит ва мактаблари ҳам бўлган. Жумладан, Урхун адабий муҳитида яратилган битиглар ўз мундарижаси, йўналиши, бадиий-ғоявий, эстетик жиҳатлари билан Энасой адабий муҳитида яратилган обидалардан ажралиб туради.

Яна қадимги туркий адабиёт тангриканлик, буддизм, монийлик, насронийлик диний-фалсафий қарашлари таъсирида яратилган бўлиб, ҳар бири ўзига яраша қатламни ташкил қилади.

Милоднинг бошлари ва илк ўрта аср­ларда, хусусан, исломдан бурунги даврларда Марказий Осиё халқлари билан Ҳиндистон, Хитой сингари мамлакатлар ўртасида кучли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатлар кечган. Она-тупроғимиз турли маданиятлар, цивилизациялар кесишган нуқтада жойлашган эди.

Айниқса, бу ўлкаларда буддизм, монийлик, насронийлик сингари динларнинг ёйилуви Буюк ипак йўлидаги халқ­ларнинг фалсафий қарашлари, бадиий адабиётида кескин ўзгаришларга олиб келди: Шарқ адабий алоқалари кучайди, таржима адабиёт ҳам гуллаб-яшнади. Буддизм даври адабиётида санскрит, тоҳар, суғд, хитой тилларидан қадимги туркий тилга кўплаб будда диний-фалсафий асарлари таржима қилинган эди.

Лекин бу асарлар ҳозирги тушунчамиздаги сўзма-сўз таржималар эмас. Уларда асар мазмуни сақлангани ҳолда, туркий бадиий санъатлар, тасвир воситалари билан бойитилган. Таржимонлар ушбу ўгирмаларида туркий тилнинг сўз бойлиги, бор стилистик ва поэтик имкониятларини ишга сол­ган. Шунга кўра, уларнинг ижод маҳсулини мустақил асарлар сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Бундан ташқари, Марказий Осиё халқ­лари тилларига Шарқ тилларидан кўплаб диний-фалсафий асарларнинг таржима қилинуви оқибатида ўша тиллардан катта бир луғат қатлами ҳам ўзлашган эди. Муҳими шундаки, ўша кезлардан қолган битигларда, таржима асарларда санскритча, тоҳарча, суғдча ва хитойча сўз ва жумлалар бор. Табиийки, мутахассис айни соҳадан ҳам хабардор бўлмоғи, ўша тилларнинг умумий назарий қоидаларини, уларнинг хусусиятларини билуви керак.

Манбашунос ва матншунос олимларимиз олдида турган муҳим ишлардан яна бириасарларнинг илмий, ­илмий-танқидий, илмий-оммабоп ­нашрлари, илмий таржималарини яратишдир.

Илмий тадқиқот, тарихнавислик бўлсин, тарихи ё классик адабиёт бўлсин, бари ёзма манбаларнинг илмий, илмий-танқидий, йиғма нашрларига таяниб иш кўради. Ёзма манбаларни ўрганиш, таҳлил қилиш орқали назарий хулосалар чиқарилади. Шунинг учун манбашунослик ва матншуносликни классик йўналишларнинг очқичи деса бўлади.

Улуғ ёшдаги олимлар яхши эслайди, ўтган юзйилликнинг 60-, кейинроқ, 70 — 80-йиллари ўзбек матншунослигида қалқиш юз берди. Ўша кезлар илмий-танқидий матн яратиш ишлари анча жонланиб қолган эди. Ўзбек классик ижодкорлари асарларининг илмий-танқидий матнларини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу баҳонада, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Садди Искандарий”, “Назм ул-жавоҳир”, Огаҳийнинг “Таъвиз ул-ошиқин” девони ва бошқа шунинг сингари қанча-қанча асарларнинг илмий-танқидий матнлари яратилиб қолди. Негадир, илмий-танқидий ёки йиғма матн яратиш ишлари сўнгги чоғларда эътибордан четда қолаётир. Тўғри, ўша кезлари ижод қилган матншуносларнинг аксари ҳозир кекса ёшда. Лекин фанда ворислик деган нарса бор. Демак, уларнинг билимини ёшларга ўргатмоғимиз, йигит-қизлар орасидан матншуносларнинг янги авлодини етиштириб чиқармоғимиз лозим. Ўзбек матншунослиги мактабининг бурунги анъанаси узилмаслиги, сўнмаслиги керак.

Ўзбек олимлари олдида матншунослик ва манбашунослик йўналишида жиддий ишларни яратиш вазифаси турибди. Таъкидлаш жоизки, Шарқ қўлёзма манбалари ўзгача олам. Китобат санъатидан хаттот асар якунида битиб қўйган хотима(колофон)гача санъат даражасига кўтарилган. Яна бир қирраси, Шарқда китобат иши юксак санъат даражасида турган. Айниқса, матн мазмуни, тузилиши, бадиий-эстетик хусусиятлари, салоҳияти, маънавий аҳамиятига катта эътибор қаратилган.

Шарқ қўлёзма амалиётининг ўзига хослиги матн таҳририда ҳам кўзга ташланади. Бир муаллифнинг бир даврда икки хаттот томонидан кўчирилган қўлёзмалари бир-биридан фарқ қилиши мумкин: матн таҳрири бутун бир асарни ўзгартириб ҳам юборади.

Бошқа бир жиҳати, классик ижодкор ўз асарини ёзиб бўлгач, тинчиган эмас. Кейинги куллиётларда, девон тузиш жараёнида уни қайта кўриб, жиддий ўзгартишлар ҳам киритган. Тадқиқотчи Шарқ қўлёзмалари устида ишлаганда бунинг сингари ҳолатларни назардан четда қолдирмаслиги керак. Шарқ қўлёзма манбаларига ўзига хос илмий ёндашув талаб этилади.

Илк ва ўрта асрлардан қолган туркий адабиёт намуналарининг илмий транскрипцион нашрларини яратиш ҳам муҳим иш саналади.

Туркологияда илмий нашрлар кўпинча транскрипцияда берилади. Транскрипциянинг пухта ва мукаммаллиги мутахассиснинг билим даражаси, классик матн тилини қанчалик даражада билишига боғлиқ.

Чет эллардаги йирик туркологик марказларда туркий ёзма ёдгорликлар, хусусан, энг кўҳна битиглардан эски ўзбек тили ёдгорликларига қадар, бари илмий транскрипцияда берилади. Ҳатто мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларининг илмий нашрлари ё асл ёзувида ёки транскрипцияда. Негадир, биздаги илмий нашрларда транскрипцияга эътибор қаратилмаётир. Ҳатто докторлик диссертацияларида ҳам классик ижодкорлар асарларидан келтирилган ўрнаклар ҳозир ишлатаётган ёзувимизда. Охир-оқибат ўзбек олимлари тайёрлаган нашрлар чет элларда тан олинмаётир. Биздаги илмий нашрларнинг дунё шарқшунослиги, чет эл туркологиясига тенглаша олмаётганининг бош сабаби ҳам ана шунда.

Алишер Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида эски ўзбек тили товушлар системасидаги унлиларга жуда яхши таъриф берган. У “нутқ товуши”ни “ун” деб атаган. Товушга нисбатан “ингичка”(инчка ун), “кучли”­(бийик ун) сифатларини қўллайди. Жумладан, инчкирмаксўзининг талаффузи ва маъносига тўхталиб, “инчка ун била йиғламақдур”, дея таъкидлайди у.

Навоий келтирган мисолларда “йўғон” ўзакли-негизли сўзларга масдар кўрсаткичининг “йўғон” -мақ варианти қўшилади: қуруғшамақ, алдамақ, қиста-мақ, йалинмақ сингари, “ингичка” талаффузли сўзларга эса “ингичка” —мак қўшилади: игирмак, индамак, сурканмак, ўртанмаксингари. Кўринадики, Навоий асарлари тилида, қолаверса, эски ўзбек адабий тилида, тил тагида талаффуз қилинувчи “йўғон”[а] билан тил учида талаффуз қилинувчи “ингичка”[д]нинг ҳар иккови мустақил фонемалар сифатида амал қилган. Бошқа унлилар ҳам шундай.

Унинг таъкидлашича, туркий тилда “вaвий” сўзлар тўрт ҳаракатли бўлади, яъни улардаги “вaв” ҳарфи тўрт хил талаффуз қилинади. Масалан, “алиф”у “вaв” ва “йa” билан ёзилган сўзни тўрт хил ўқиш мумкин. Агар ундаги “вaв”ни “йўғон” товуш сифатида ўт(яъни, ot) деб ўқилса, “ўт, ёндирувчи нарса”, “ингичка” унли билан ўт(яъни, цt) деб ўқилса, “ўтиш, яъни ҳаракат” маъноси, “йўғон”[у] билан утt) деб ўқилса, “ют, қиморвозга ютиш жиҳатидан буйруқ”, ҳаммасидан “ингичка” товуш билан ут(ut) деб ўқилса, “қўй калласини ўтга тутиб, тукини аритиш” тушунилади.

Муҳими шундаки, ҳозирги нашрларимизда Навоий сўз юритган унлилар ёзувда фарқланаётгани йўқ. Бу нарса кўп ўринда панд бериб қўяди. Масалан, ­Навоий асарларидаги луғат қатлами ҳозирги нашрлар асосида ўрганилгудек бўлса, саноқда янглиш кетади.

Нашрлар икки хил бўлади: бири кенг жамоатчиликка аталган, яъни оммабоп нашрлар, бошқа бирови — илмий ­нашрлардир. Кўпга аталган нашрларнинг жорий ёзувда берилуви табиий. Чунки мактаб ўқувчисидан тортиб ўқимишли кишилару китобсеварлар классик шоирларнинг асарларини ўқиб ўрганмоғи, фикри озуқланмоғи керак. Лекин филолог-мутахассислар учун мўлжалланган илмий китоблар транскрипцияда берилгани маъқул.

Биз ўз тадқиқотларимиз, илмий ­нашрларимиз билан дунё даражасига кўтарилмоғимиз учун ҳам илмий транскрипцион нашрлар яратилмоғи зарур.

Ўзбек матншунослари олдида Мавлоно Лутфий, Атойи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий сингари классик ижодкорларимиз асарларининг илмий транскрипцион нашрларини яратиш вазифаси турибди.

Бу борада қўлёзма асарларнинг факсимил нашрларини амалга ошириш ҳам катта аҳамиятга эга.

Ўзбек шарқшунослиги олдида турган муҳим вазифалардан яна бири — ёш йигит-қизлар орасидан ёзма ёдгорликлар бўйича тадқиқот олиб борувчи етук мутахассис кадрларни етиштиришдир.

Ўтмишда яшаб ижод этган улуғ мутафаккирлар, олимлар ва адабиёт аҳлининг ёзма меросини ўрганиб, уларни жамиятга етказа оладиган мутахассисларни етиштиришга мамлакатимизда катта эътибор қаратилмоқда. Аждодлар меросини ўрганиш ва уни ёшлар онгига сингдириш вазифаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган, эътиборда турган бош масалалардан.

Ота-боболардан қолган ёзма меросни ўрганиш борасида кейинги йилларда узилиш бўлгани, камчилик ва муаммолар борлигини тан олмоқ керак. Яна бир жиҳати, ҳозирги шарқшунос-манбашуносларнинг катта қисми кекса ёшда. Келгусида уларнинг ўрнини босадиган мутахассислар оз.

Шундан келиб чиққан ҳолда, олий таълим олдида улкан ва масъулиятли ишлар турибди. Муҳим вазифа — йигит-қизлар орасидан эски туркий, араб ва форс тилларини чуқур эгаллаган, боболаримиздан қолган ўлмас меросни яхши биладиган, Шарқ, қолаверса, кишилик маънавияти, бадиий тафаккурининг юксалувига ўзининг муносиб улушини қўшган улуғ алломалар меросини илк манбалардан ўқиб ўрганувчи, ёзма манбалар устида илмий ишлар ярата оладиган етук мутахассислар етиштирилмоғи керак.

Классик филология ўзбек шарқшунослигининг кўзга кўринган йўналишларидан биридир. Ўзбек илми бу соҳада яхшигина тажрибага эга. Ўзбе­кистонда классик меросни ўрганиш ва ўргатиш бўйича йирик мактаб шаклланган. Бу мактабнинг йиллар оша тўплаган ютуқлари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналари бор. Бизнинг истагимиз – ўша анъаналарни сақлаган ҳолда, уни бойитиб, ёш ва етук мутахассислар авлодини етиштиришдир.

Кези келганда бир нарсани таъкидлаш ҳам керакдир, айрим олимлар “мумтоз филология” деганда фақат адабиёт тарихини тушунадилар. Аслида, классик адабиётнигина эмас, ёзма ёдгорликлар тилини ҳам яхши билмаслик матнни хато талқин қилишга, нашрларда эса кўплаб нуқсонларга олиб келади. Шунинг учун мутахассис тайёрлашда ҳам тил, ҳам адабиёт фанларига тенгма-тенг эътибор қаратилмоғи керак.

“Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор ота-боболар ёзма меросига, ўтмиш маънавиятига бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Қосимжон СОДИҚОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ