"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Соғиниб келаман

Ўқилди: 390

МУАЛЛИМА ДАФТАРИ

Йўлим тушди яна узоқдан – узоқ,

Қишлоқ ўртасида мактаб бор кўркам.

Унда ҳаёт ҳамон бардавом, қайноқ,

Ёдимга солишар йилларим хуррам.

Йўл бўйи дарахтлар тикилар менга,

Оқариб кўринар мактаб ва дала.

Энг ёруғ орзулар тиладим сенга,

Қишлоқ мактабида ўқиган болам!

Кўз нурим тўкилар изма-из азиз

Ўқувчилар ёзган иншолар узра.

Гоҳо шеър келади, тиниқлашар ҳис

Қалбимга урилган садолар узра.

ўазаллар ўқийман тиниқ ва майин

Жаранги сочади ойналарга зар.

Шеър сеҳрига тортиб боргани сари

Тилга кирар ҳатто узун деворлар…

Кўрсам ҳар бир бола кўзини чақноқ,

Ҳар битта юракка нур олиб кирсам.

Тингласа ҳар бири дунёни чанқоқ,

Еру осмон аро суҳбатлар қурса…

Мен сени соғиниб келаман, мактаб,

Шу китоб, шу дафтар, қалам бебаҳо!

Ўйларимдан улкан, улкансан, матлаб,

Сендан миннатдорман, туганмас зиё!

 

ВОЛИДАМ

Шеър ёзмаган менинг онам ҳам,

Лек қўлидан тушмаган китоб.

Суюнарди беҳад субҳидам

Кириб келса ҳовлига офтоб.

Кумушланди толим сочлари,

Тугамайди йиллар саволи.

Сарин еллар бамисли пари,

Мунисамнинг узун хаёли…

Отам эккан олма дарахти

Соясида шинам кенг сўри.

Дуолари – беадад бахтим,

Гул чеҳраси нурлидан нурли.

Соғинчидан сув ичганмикан

Олис йўллар, Пангат тоғлари.

Тушларида сой кечганмикан

Хушбўйланиб кетса боғлари.

Эрта туриб, энг аввал эшик,

Дарвозани қўярди очиб.

Айтишича, келар экан ризқ

Ҳаволарда мушк-анбар сочиб.

Ҳовли чинни, тоза йўлаклар,

Бўйлаб гулу райҳонлар масрур.

Тебранади оқиш тераклар.

Баргларидан сирғалганда нур.

Қўшиқларни сел бўлиб тинглаб,

Дерди: “Осмон тўла сеҳрлар…”

Шудрингларга аста қўйган лаб

Каби балки тўқиган шеърлар…

Фақат уни кўчирмаган ҳеч

Тонг сингари оппоқ қоғозга.

Ўқиб берган эҳтимол ҳар кеч

Қорли қишлар, баҳор, куз, ёзга…

Чунки менга йўллаган салом,

Мактублари хонишдай эди.

Шеърларингни ўқидим, болам,

Деганлари ёнишдай эди.

Юрагимда гуриллар гулхан,

Беқиёсдир мукаммал олам.

Ҳар тонг кўкка боқаман ўйчан,

Шеър ёзмаган менинг онам ҳам…

 

ОЙДИНЛИК

Тун. Қалбимга сокинлик ёқар,

Жим кезинар шамоллар бедор.

Ой нурлари сойларда оқар,

Хотиралар каби беозор…

Кўтарила бошлайди туннинг

Қалин-қалин дарпардалари.

Силай бошлар еллар заминнинг

Музлаб қолган яраларини…

Тун бағрини тарк этмас сира

Юлдузлардан шуъла кўчади.

Айланади олис хотира,

Умринг бўйи бирга учади.

Кўзларингда, қалбингда ёна

Узун йиллар қўшиқ айтгали,

Қайтиб келар сен билан яна

Хотиралар тонгни кутгали…

Ойгул СУЮНДИКОВА

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ