"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕК АЁЛИГА ҚАСИДА

Ўқилди: 385

Жаҳон адабиёти тарихидан яхши маълумки, муайян бир халқ адабиётида мавжуд жанр бошқа халқ адабиётида бўлмаслиги, аммо маълум вақтдан сўнг бу адабиётда ҳам ўша жанрнинг яхши намуналари яратилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан шеърий роман ўзбек адабиётида кечроқ пайдо бўлди деган қарашлар бор. Аммо, бу фикрга танқидий ёндашиш керак. Мумтоз адабиётимиздаги йирик шеърий асарлар, ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хамса”сидаги достонларни бемалол шеърий роман дейиш мумкин. Ўзбек адабиётида шеърий роман жанри шаклланишига европалик адабиётшунослар назаридан қарасак, мумтоз адабиётимиз ютуқларини тўлақонли ҳис қилмагандек бўламиз. Шунинг учун Шарқ адабиётида, хусусан, ўзбек адабиётида шеърий роман тарихи чуқур илдизларга эга дея оламиз.
Ўтган асрда яратилган Мирмуҳсиннинг “Зиёд ва Адиба”, Муҳаммад Алининг “Боқий дунё”, Ҳусниддин Шариповнинг “Бир савол” каби шеърий романлари ХХ аср ўзбек адабиётидаги бу соҳада ёзилган муваффақиятли асарлардан бўлди. Шеърий романнинг бадиий юки ҳам жанр мақомига мос бўлиши керак. Шу боис шеърий роман ёзишга ҳар қандай шоир ҳам журъат қилавермайди. Кейинги йилларда ўзбек адабиётида шеърий роман яратишга эҳтиёж кучайдими, ё ҳаёт тақозосими бирин кетин шеърий романлар дунёга келди. Тўлан Низомнинг “Пўлат белбоғ”, Ашурали Боймуроднинг “Онагинам” шеърий романлари шулар жумласидандир.
Шеърлари, достонлари билан китобхонларга яхши таниш Ашурали Боймуроднинг “Онагинам” (Ашурали Боймурод. Онагинам. Тошкент. “Мумтоз сўз”. 2016) номли шеърий романи шоир ижодида янгилик, олға силжиш бўлибди. Муқаддима ва хотимадан ташқари беш фаслдан иборат асарда, шоир бевосита гувоҳи бўлган ҳаётий воқеаларни шеърий йўл билан, қуюқ бадиий бўёқларда чизади. Шеърий романнинг бош қаҳрамони она. Шўролар тузумининг азобларини тортган ўзбек аёли. Адабиётимизда аёлларга бағишланган асарлар кўп, бироқ Ашурали шеърий романидаги каби собиқ шўролар даврида оғир меҳнатдан эзилган, оиласи, фарзандлари бахти учун ўз фароғатидан воз кечган аёл образи яратилган асарлар кам. Бу асар меҳнатдан бошқасини билмаган, оила, бола-чақа учун куймаланган аёл тақдири ҳақида. Шеърий романда ўтган асрнинг 50-60-йиллари юртимиздаги қишлоқ ҳаёти яхши кўрсатилган. Етти ойлик ҳомиласи билан қанор-қанор пахта терган, эрта тонгдан қаро кечгача тинмаган ўзбек аёлининг қисмати таъсирли тасвирланган. Улбувишнинг фарзанд кўрганидан умрининг охиригача бўлган ҳаёти, ўша йиллар ўзбек аёлининг қисмати тарзида кўрсатилади. Далада иш, уйда иш, қайнонанинг пичинги, ишдан қора мойга ботиб келадиган эрнинг дағдағаси. Шунда ҳам умр йўлдошига тик қарамайдиган ўзбек аёли:

Тик боқолмас эрига асло,
Аёл ишга шўнғиб кетади,
Ишлар ётар қалашиб, аммо
Барчасига фурсат етади.
Ишга элтар юрган йўлакча,
Енгиб ўтар, йўқдир нолиши,
Ўз уйига меҳри бўлакча,
Оёғида йиртиқ калиши.
Ҳаёт шундай ўтарди такрор,
Чарчаш нима билмасди зинҳор.
Қуёш тинар у тиним билмас,
Дунё кулар, у эса кулмас.

Ё фалак, дейсан, бир аёлга шунча жабрми?.. Аммо аёлни уйига, фарзандларига бўлган меҳр суяб туради, унга ададсиз қувват беради. “Алпомишдай мард бўл, танти, ўз элингнинг жигарбанди бўл”, – дея тарбия бераётган болаларининг келажаги яхши кунларга умидлантиради, унга маънавий қувват беради. Шоир: “Оқизарди кўздан ёшни ҳам, топар эди зўр бардошни ҳам”, – дея ўзбек аёлига берган таърифида қанчалар ҳақ. Узун кун меҳнат қилган она кечалари боласига эртак айтишга-да куч топади, ўзидан тўқиб табиат гўзаллигига ошно қилади, бола кўнглига эзгулик уруғини сочади:

Ана қара, ой ила қуёш
Юлдузларнинг ота-онаси,
Ором билмас, беадад бардош,
Осмон унинг яшаш хонаси.

Қуёшу ойнинг бетиним ҳаракати она тилидан берилиши, оналарнинг ҳамиша тиним билмаслиги, умуман, осмон жисмларини оилага қиёслаш – янги ташбеҳ. Асарда китобхонни ўзига тортиб кетади бадиий тасвирлар бот-бот учрайди, бу шеърий романнинг бадиийлигини, ўқишли бўлишини таъминлаган омиллардандир. Ипак қуртининг пилла ўраш жараёни тасвири қуйидагича:

Тут баргида унинг ҳаёти,
Яшамоққа озиқ сўрайди,
Учолмайди, йўқдир қаноти,
Ўз умрини оққа ўрайди.
Шивирлайди яшиллик кечиб,
Қойил қолдим жонзот кучига –
Ўз-ўзига оқ кафан бичиб
Кириб олар унинг ичига.

Бу мисралар мазмунан асарнинг бош ғоясидан узоқроқ бўлса-да, жараённи кўрсатиш, асарни тиниқ тасвирлар билан бойитишга хизмат қилган. Айни пайтда шоирнинг тасвир маҳоратидан ҳам далолат беради. Яна бир табиат тасвирига эътибор беринг:
Қуёш ерга мунчоқ тақади –
Жон бағишлаб ҳар бир новдага.

Ёки:

Қиздиради қуёш мисли чўғ,
Нур элтади туфроқ ичига.

Асарнинг бадиийлигини бўрттирадиган воситалардан бири – янги ташбеҳлар топишга интилиш шоирнинг изланишларидан далолат. Юқоридаги мисралар бунинг ёрқин мисоли.
Шеърий романда кўпгина образлардаги ўзига хослик бўртиб туради. Қишлоқ виждони – Анор момо. Ёшлигида бева қолиб, икки ўғилни вояга етказган, улар урушга кетиб ҳалок бўлган, бошидан не-не кўргиликларни ўтказган момо образи.

Ноҳақликдан безиб яшади,
Ёлғонларни эзиб яшади.

Асарда кичик деталларда образларнинг ёрқин қиррасини очишга бўлган интилиш кучли. Ўзбек миллатига хос бўлган қадриятлар ҳам ўз ўрнида тасвирланган. Ака-укалар ўртасидаги муносабатлар, бурни кўтарилиб, ҳаволаниб қолганларни катталарнинг “осмондамас, ерда юр” деб койиши, қариндош-уруғлар ўртасидаги меҳр-оқибат, кексаларга ҳурмат, тўй, йилбоши, ҳашар маросимлари кўриб турганингиздек кўз олдингизда гавдаланади. Аммо катта тўй қиламан деб, тўйдан сўнгги қарз тўлаш азоблари ҳам штрихларда чизилган. Момоларнинг айтимларидан чиройли мисоллар келтирилган. Оқил момо айтимлари: “Мен қиламан ишлаб тўққизни”. Муаллиф маталдан ўринли фойдаланган ва чиройли маъно чиқарган.
Оқил момо, Анор момо каби халқ фикрини ташувчи момолар асар самимиятини оширган. Шунингдек шеърий романда Шоди тажанг каби раислар образи ҳукуматнинг қули, ҳар бир ишга ўз қаричи билан ёндашадиган, тўғри сўзни айтганларга “Ҳукуматга қарши қилма жанг” деб сиёсат қиладиган тўмтоқ тўралар типида кўрсатилган.
Асарда буви тилидан уруш йиллари фронторти қийинчиликлари шунингдек, бутефос касофати ҳақида маълумотлар ҳам ҳаётий воқеалар орқали берилган.
Ашурали Боймурод шеърий романида устоз шоирларнинг шеърларидан эпиграф олиши асарнинг таъсирчанлигини оширган. Асарнинг бошидан охиригача ушлаб турадиган ўзига хос оҳанг, ритм бор. Бу оҳанг асосида “Жаннат оналар оёғи остидадир!” деган ҳикматнинг мағзи ётади.
Шеърий романда она образи бир йўналиш бўлса, бола – Асилжон образи иккинчи йўналишдир. Шоирнинг тақдир йўли Асилжон образида бадиий қимматини топган. Асилжоннинг она ўгитларидан келиб чиқиб англаб етган ҳақиқати “одам бўлиш қийин”лигидир.
Шоир вазиятдан келиб чиқиб она тилидан, гоҳида бола Асилбек тилидан ҳаёт ҳақидаги ўй-мушоҳадаларини баён этади. Бу эса асарнинг фалсафий юкини оширган, ранг-барангликни кучайтирган:

Дунё асли бозорга ўхшар,
Кимнинг моли ўтар ё ўтмас,
Чув тушганча кимлардир қақшар,
Кимларгадир олғирлик чўтмас.

Ёки:
Ҳамма нарса ўзгарар экан,
Лек, ўзгармас она сиймоси,
Уй-жойини Ватаним деган,
Болалари – унинг дунёси.

Она шароит қанчалар оғирлигига қарамай, боласи Асилжонни маърифатли бўлишга ундайди. Рўзғор оғир, ёнимда туриб ишла, пул топ, демайди. Бу онанинг – ўзбек аёлининг маънавий дунёсини кўрсатувчи ҳолатдир.
Лирик қаҳрамон Асилжон ҳам онасининг вақтида оғирини енгил қилолмаганидан, болалик қилиб кўнглини ололмаганидан афсус қилади:

Қўлларидан олиб кетмонни,
Кўрпачага ўтқазолмадим,
Ўғил бўлиб байрам кунлари
Бир дона гул тутқазолмадим.

Мана шундай ички бир изтироб билан айтилган сатрлар асар самимиятини оширган.
Асар тилининг ширадорлиги, ўқилиши равонлигини алоҳида таъкидлаш керак. Қофиялар тўқ: зардўз – наврўз, банд – аржуманд каби. Асарнинг бошидан охиригача бир хил ритм сақланган. Шева сўзлардан фойдаланилгани, маҳаллий колоритни таъминлаган. Ўрмак, кели, келисоп каби сўзлар унутилиб кетаётган иш анжомларини эсга солади.
“Ашурали Боймурод Мустақил Ўзбекистонни мушфиқ, меҳрибон она тимсолида талқин қилади. Фикран ўтмишга, шўро даври воқелигига мурожаат қилади. Аёллар кечмишидан лавҳалар яратишга интилади. Ўзбек аёлининг кечаги кечмиши билан бугунги ҳаёт саҳифаларини қиёсан жонлаштиришга жазм этади”, – дейди профессор Нўъмонжон Раҳимжонов “Онагинам” шеърий романига ёзган сўзбошисида.
Айни пайтда айтиш жоизки, шеърий романда даврнинг ижтимоий фожиаларини янада теранроқ очиб бериш имкони бор эди. Шоир бир оила аёли тимсолида давр фожиасини кўрсатгани яхши, лекин ёш болаларни пахтага жалб қилишнинг салбий оқибатлари, қишлоқда ўқитиш ишларининг ўлда-жўлда бўлганлиги борасидаги аччиқ ҳақиқатлар очиб берилса, асар ютарди.
Асардаги кичик-кичик боблар муқаддимаси мазмунига мос ҳикматли фикрлар билан бошлангани яхши. Яъни “Тақдирига битган тарҳини, ҳар инсонга чўнг сабр керак”, “Ўз жойида азиздир одам, қадрлидир уяси қушга” сингари.
Тўртинчи фаслдаги воқеалар тасвирини асарнинг кулминацион нуқтаси де­йиш мумкин. Шўро тузумининг хўрликларига чидолмаган аёлларнинг ўзига ўт қўйганлиги ўта таъсирли берилади:

Яшолмади тугунни ечиб,
Пайдо бўлди сўнгра мудҳиш ҳол,
Бугун қирқта жонидан кечиб,
Ўт қўйганди ўзига аёл…

Шўро даври қабоҳатларини шоир шундай ифодалайди:

Тоғни бузар шўро наъраси,
Йириклашган замон яраси.
Мақтовини ошириб яшар,
Ёмонлигин яшириб яшар.

Болаларда сариқ касаллигининг кўпайиши, чаккатомар уйларда яшаш, умуман, рўзғордаги кам-кўстини тўлдиролмаган, хўрликка чидолмаган аёл ўзига ўт қўяди. Ҳар нарсага чидамли бўлган ўзбек аёлининг ўзига ўзи ўт қўйиши, унинг ўша тузумга бўлган исёни эди. Лирик қаҳрамоннинг онаси ҳам ноқулай турмуш шароитидан касалликка чалинади ва вафот этади. Касал онанинг хасталигига қарамай болаларини тақдирини ўйлаши, ўлим олдида ҳам “тузалиб кетаман” дея атрофидагиларни руҳлантириши жуда таъсирли берилган. Шоир она қалбининг энг нозик жиҳатларини – фарзандга бўлган меҳри, унинг келажаги учун ҳар нега тайёрлиги, фарзанд камолини кўриш бахти каби туйғуларни тўлиқиб тасвирлайди. Ўпка сили касалидан ўлим тўшагида ётган онанинг “Ўзингни ўйла” деган синглисига мурожаат қилган ҳолати:

Асилжоннинг ўқишлари зўр,
Кўнглим тўқдир болажонимдан,
Унга битта келин излаб кўр, –
Деб сўрайди холажонимдан.

Онаси вафот этгандан сўнг лирик қаҳрамон ҳолати юракларга етар даражада тасвирланади:

Бутун атроф бўлган зим-зиё,
Ҳовлимизга бир нур етишмас,
Чўкиб қолган ой-қуёш гўё,
Ўз бурчини адо этишмас…

Асардан чиқадиган хулосалардан бири, тирикликда бир-бирининг қадрига етиш, ота-онани рози қилиш фарзанднинг биринчи бурчи эканлигини қайта-қайта таъкидлашдир.
Шеърий романда мустақилликнинг шарофати билан оналар ва болаларга муносабат ўзгаргани мадҳ этилиб, мана шу инсон қадри ошган ҳурлик замонни эъзозлаш, “Онагинам! Етмоғим керак дориломон кунлар қадрига” дея ҳар биримизга уқтириб, “Юрагимдан узиб бир кулча, Ватан деган сўзни ёзаман”, – дея нидо қилади.
Муаллиф ўзи таъкидлагандек, асарда ўз онаси мисолида ўша давр ўзбек аёлларининг тимсолини яратишга интилган ва бунинг уддасидан чиққан. Шеърий роман китобхонга, айниқса, ёшларимизга эстетик завқ бериши баробарида, собиқ шўролар давридаги фожиаларни яққол кўрсатиб бера олгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ