"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халқ ичига борайлик!

Ўқилди: 271

harakatlar-1

Яқинда бир танишим, мамлакатимизда юз бераётган оламшумул(бу сўзни билиб ишлатаётирман!) ўзгаришларни кўриб: “Яхши англай олмаяпман, кунлар қанот боғлаб ўтяптими,   замон тезлашиб кетяптими? Ҳамма жойда ўзгаришлар, мўъжизалар, қурилишлар, янгиликлар рўй бермоқда. Ҳаммаси янгича – ишга муносабатлар ҳам, яшаш тарзи ҳам, масъулият ҳисси ҳам… Ҳеч бунақасини кўрмаган эдик…” деб қолди. Бошқалардан ҳам эшитган жойларим бўлди. Рост, барининг сабаби, бизларнинг аввало онгимизда, тафаккуримизда ўзгаришлар содир бўлаётганидадир. Халқимизда ўзликни англаш жараёни жиддий паллага кирмоқда. Биз дунёга бошқача кўз билан қарай бошладик. Алалхусус, ўзимизда қанчалар теран имкониятлар мавжудлигини билиб бормоқдамиз. Бу жараённинг яхши самаралар бераётганини жумла жаҳон кўриб турибди.

2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев инсон манфаатларини баланд мақомда тутиб, халқ билан мулоқот қилгани мамлакатимиз ҳудудларига сафарлар уюштирмоқда. Сирасини айтганда, Юртбошимиз ҳамма нарсага қизиқади, ҳаётимизнинг қизиқтирмаган соҳасининг ўзи йўқ. Сафар чоғида ҳамма жойда бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижроси жараёни билан яқиндан танишади, ислоҳотларни олис ҳудудларга олиб бориш йўлларини кузатади, тадбиркорлар билан учрашиб, уларга тавсиялар, кенгашлар беради, оддий фуқаролар уйларига кириб боради,   уларнинг ҳовли ҳаётини ўз кўзи билан кўради, хулосалар қилади, Халқ қабулхоналари фаолиятини назардан ўтказади… Энг муҳим жиҳати, бу мулоқотлар халқимизни руҳлантирмоқда, уни янгидан-янги ғалабаларга даъват этмоқда, кенг кўксига ғурур жойламоқда, эртанги кунга катта умидлар билан қарашга чорламоқда. Ҳамма жойда халқ   ­Юртбошимизни катта ҳурмат ва эъзоз билан кутиб олаётганини кўрамиз. ­Ибрат намунасига айланаётган бу сафарларни ойнаи жаҳонда томоша қилишнинг ўзи бир роҳат, бундай кунларни интиқлик билан кутиш оиламизда одат тусига кириб қолганини ҳам айтиб ўтай. Ҳамма хонадонда ҳам шундай эканлигига шубҳа йўқ.

Андижон вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари гоҳ Андижон шаҳрида, гоҳ Хонободда, гоҳ Бўзда, гоҳ Асакада, гоҳ Улуғнорда — кўп туманларда халқ билан кўришар экан, жамиятимизнинг турли вакиллари билан учрашди, самимий суҳбатлар қурди. Уларнинг ичида тадбиркор ҳам, фермер ҳам, зиёли ҳам, қурувчи ҳам, шифокор ҳам бор эди. “Боғи Бобур”ни зиёрат чоғида масканни яна ҳам обод қилиш зарурлигига диққатни қаратиб, Президентимиз бундай деди: “Ўзликни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз!”

Президентимиз Бўз туманида енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар билан танишди. Бўзда — саноат корхонаси?!. Ҳеч бунақасини кўрмаган эдик.   Ўзим худди шу туманда чекка бир қишлоқда туғилганман, болалигим шу ерда ўтган. Атрофимиз қип-қизил чўл эди. Агар мазкур туман бўз ва қўриқ ерларда ўтган асрнинг 50-йилларида ташкил этилган бўлса, ўтган давр мобайнида бу музофотда   бирон бир саноат корхонаси қурилганини ҳозиргача эслай олмайман.

Энди эса манзара мутлақо ўзгача. Мана, Бўздаги корхоналардан бири. “Evro Ekfin” масъулияти чекланган жамияти жаҳон бозори талаблари доирасида энг сўнгги технологиялар воситасида сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида” имзолаган қарорига асосан Бўзда ҳам янги замонавий уйлар бунёд этилмоқда. Давлатимиз раҳбари табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган ўнта уч хонали намунавий уйлар барпо этилган “Чорвадор” маҳалласида бўлди. Ана шундай уйлардан бирида яшаётган Акмал ва Зилолахон Раҳмоновлар хонадонини бориб кўрди, уйнинг шароити, қулайликлар, оила турмуши билан танишди, фарзандлар тарбияси билан қизиқди. “Фарзандларимизни болалигидан гўзал хулқли, маданиятли қилиб тарбиялашимиз лозим, — деди Шавкат Миромонович, — ­Бунинг учун муносиб шароит яратишимиз керак. Улар чиройли, обод жойларда яшаса, кўп китоб ўқиса, маънавий олами бой, ватанпарвар бўлиб вояга етади.” Бу — замон тақозоси, давр талаби.

Бу муждаларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони негизида мужассамдир. Бугунимиз ва келажагимиз яққол кўрсатиб берилган бу ҳужжатда давлатимиз ривожланишининг бешта устувор йўналиши аниқ белгилаб қўйилди. Мухтасар айтганда, бу, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни янада ривожлантириш, ижтимоий соҳани юксак чўққига кўтариш ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашдан иборат катта дастурдир. Унинг ижроси йўлида   мамлакатимизда залворли қадамлар олдинга ташланмоқда.

Йигирманчи аср ўзбек адабиётининг чақноқ юлдузларидан бири, бу йил таваллудига 120 йил тўладиган Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1921 йилда ўзининг кейин машҳур бўлиб кетган “Халқ” шеърини ёзган, халқнинг қудратига юксак баҳо берган эди:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ оловдир, халқ исёндир, халқ ўчдир…

Бир қўзғолур, бир кўпирар, бир қайнар,

Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар.

Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,

Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Ҳа, шоир айтмоқчи, халқ ичига борайлик, ­бутун кучимизни халқимиздан олайлик! Бу сўзларнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари ­йили”да алоҳида мазмун касб этаётгани ­қувончлидир.

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ