"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УМРБОҚИЙ МЎЪЖИЗАЛАР ДИЁРИ

Ўқилди: 439

“Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари истиқлол обидаси сифатида қад кўтарган Когон темир йўл вокзалидан бошланди. Қудратимизни дунёга кўз-кўз қилгулик муҳташам “Афросиёб” поездида Бухорога ташриф буюрган тарғибот тадбирлари иштирокчилари – таниқли шоир-ёзувчилар, театр ва кино намояндалари, миллий ва эстрада хонандалари кўҳна ва боқий Бухоройи шарифга йўл олдилар.

Тарғибот тадбирлари гуруҳ аъзолари иштирокидаги матбуот анжуманида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари тадбир доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари ҳамда “Ниҳол” Давлат мукофоти совриндорларидан иборат 60 нафардан ортиқ тарғиботчилар гуруҳи халқ билан юзма-юз мулоқот қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, юртдошларимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида самимий суҳбатлашдилар.

– Бу каби тарғибот тадбирлари аҳоли, айниқса, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада кучайтиришга, уларда ватанпарварлик, шукроналик ҳиссини камол топтиришга ва келажакка бўлган мустаҳкам ишончини янада кучайтиришга хизмат қилади, – деди  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева. – Тадбирлар давомида биз, санъаткорлар халқ билан яқиндан мулоқотда бўламиз. Зеро, аҳоли орзу-умидлари, эҳтиёжу истаклари самимий учрашув ва юзма-юз суҳбатларда намоён бўлади.

Вилоятдаги ҳарбий қисмлар, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари, маҳалла ва қишлоқлар, чекка овулларда бўлиб ўтган ўчрашувлар ҳаяжонга тўла қалбларни жунбушга солди. Халқ билан мулоқот, ўз вақтида изҳор этилган меҳр-муҳаббат ва самимий суҳбат, ҳазрат Навоий лутф этганларидек, инсон кўнглини обод этмоқнинг чинакам омили эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Созу сўз уйғун жаранглади, шеър – қўшиққа, куй – рақсга ўрин бериб, каттаю кичик қалбига ҳаяжон солди. Шоирнинг шеърига талаба, санъаткорнинг қўшиғига онахон жўровоз бўлди. Ўзбекнинг чечаси Азиза Бегматованинг чанқовузи воҳа сасларини юракка сингдирди, Оғабек Собировнинг хонишлари Хоразм ҳаволарини кўнгилга ошно этди. Муҳиддин Омоннинг “Ким билмайди Бухорони” шеъри тилдан тилга кўчди, Зебо Мирзонинг муҳаббат тўла лутфлари қалбларни сеҳрлади. Умида Абдуазимова ҳамда Бобур Бобомуроднинг Ватан мавзуидаги шеърлари китобхонларни завқлантирди. Дилшод Ражабнинг болажонлар қалбига сайрлари чоғида жажжи қўлчалар олқишга чоғланди. Сафар Оллоёр ва Рисолат Ҳайдарова сўзларида Ватаннинг бўй-басти такрор-такрор кўринди. Етти пир зиёрати асносида кечган суҳбатларда, Бухоронинг улуғ Арки ва Минораи Калони пойида кечган мушоираларда Ватан, ободлик ва шукрона сўзлари сарлавҳа бўлди.

Вобкентда кечган тадбирларда улуғ Наршахий рақам этган буюк тарих китоби ҳар лаҳза ёдга олинди, беназир санъаткор Саттор Ярашев истеъдоди ёшларга ибрат қилиб кўрсатилди. Когонда бўлган учрашувлар чоғида болажонларимиз Рио олимпиадаси олтин медали совриндори Шаҳобиддин Зойировнинг давомчилари бўлишга аҳд қилганларини, Санъат арбоби Мустафо Бафоев, киноактёр Алишер Ҳамроевга тумандош эканликларидан фахрланишларини завқ-шавқ ва ғурур билан изҳор этдилар. Шоирга кон Шофирконда овоз кучайтиргич қўлма-қўл бўлиб кетди: шеър – қўшиққа, қўшиқ – шеърга уланди. Олотда Отабек Муталхўжаев ва “ЭлДиДо” эстрада гуруҳи йигитлари олқиш олишди, Қоракўлда таниқли киноактёрларимиз Рихсивой Алиев ва Маъсуда Отажоновалар дастхат сўраган ёшларимиз қуршовида қолишди. Ғиждувон кулоллари санъати меҳмонларни ҳайратга солди, Пешкўлик миришкорлар етиштирган меваларнинг таъми оғизда қолди. Ромитаннинг жону танга ором бағишлагувчи шаббодаси асрлар тарихидан сўйлади, Қоровулбозор қирларида кечган суҳбатларга ҳатто ҳуркак жайронлар бўйлади. Жондорлик ёшларни меҳмонларга гал беришга ундадик, Бухоро туманида Бахшулла Ражабнинг шеърларини ҳам тингладик.

Тарғибот тадбирлари сўнгида Бухоро шаҳридаги амфитеатрда кечган якунловчи гала концертда ҳозир бўлганлар она Ватанимизни тараннум этувчи қўшиқларга жўровоз бўлдилар. Отахону онахонларимиз юртимизда бардавом тинчлик шукронасидан шодланиб,   ушбу тарғибот тадбирларини амалга оширган ташкилотчиларни чин дилдан дуо қилдилар.

Шодмон СУЛАЙМОН                           

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ