"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ХУШ КЕЛИБСИЗ, НАВҚИРОН АВЛОД!

Ўқилди: 307

Шу йилнинг 5-7 июл кунлари Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бўлиб ўтади. Истиқлолимизнинг йигирма олти йиллик байрамига бағишланган ёшлик ва сурур намойиши, фахр ва ифтихор, адабиёт ва маърифат анжумани “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётгани билан ҳам ёшларимиз учун ғоят қадрли ва азиздир.

 

Ватанимизнинг эртаклардагидек гўзал гўшаларидан бири Зомин тоғлари ва боғлари мамлакатимизда барчанинг диққатини ҳамиша ўзига оҳанрабодай чорлаб турадиган файзиёб маскан ҳисобланади.

1997 йил, айни ҳозиргидек, июл ойи бошларида бу ерда,  Ўриклисой мавзесида  Ўзбекистон ёш ижодкорларининг илк Зомин семинари иш бошлаган эди.  Шуни айтиш жоизки, ўша пайтлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси моддий-техник базаси ночор аҳволда, бирон ерда шундай ижодий анжуманлар ўтказиш у ёқда турсин, ҳатто кимнидир ижодий сафарга йўллашга ҳам имкони йўқ паллалар эди. Шундай бир вазиятда бундан йигирма йил аввал Жиззах вилоятида ҳоким бўлиб ишлаган, ҳозирда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёш ижодкорлар жонига оро кирди: салоҳиятли ёшлар келажагига катта ишонч билдириб, уларнинг эртасига умид боғлаб, адабиётни ва маънавиятни қўллаб-қувватлаш мақомини баланд тутиб, Ёзувчилар уюшмаси ижодий ниятини амалга оширишда  кўмак қўлини чўзиб, Зомин семинарини муваффақиятли ўтказишда бош-қош бўлди. Бу адабиётга, демакки, маънавиятга катта эътиборнинг ёрқин намунаси эди. Бунинг учун Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевдан  беҳад миннатдор эканлигимизни изҳор этамиз.

“Зомин семинари” деган қутлуғ атама шу тариқа таомилга кирди  ва ҳар йили бу анжуман ёш ижодкорларни ўз бағрига чорлайдиган бўлди. Бугунги кунда “Зомин семинари” мамлакатимиз ёш ижодкорларнинг интиқ  кутадиган, чанқоқлик билан интиладиган, ўқиб-ўрганадиган мактаби, катта синовлардан ўтказадиган чинакам маҳорат майдонига айланди! Бу мактабда сабоқ олган жуда кўп ижодкорларимиз бугунги кунда адабиётимизнинг таниқли вакиллари бўлиб етишдилар ва адабиётимиз равнақи йўлида шижоат билан ижод қилмоқдалар.

Зомин семинари  ёш ижодкорлар байрамидир. Бу йил 5-7 июл кунлари бўлиб ўтадиган   семинарда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан етмишга яқин ёш ижодкорлар иштирок этадилар. Уларнинг ичида адабиётнинг барча жанрлари вакиллари – ёш шоирлар, адиблар, драматурглар, публицистлар, танқидчилар, таржимонлар  бор. Семинар дастури ниҳоятда тиғиз тузилган. Ҳар бир жанр бўйича таниқли адиблар раҳбарлик қиладиган ижодий гуруҳларда қатнашчиларнинг асарлари(қўлёзма китоб шаклида) муҳокамалардан ўтади, ҳаётга йўлланма олади. Умид қиламизки, улар орасидан Қодирийлар, Чўлпонлар, Ойбеклар, Зулфиялар етишиб чиқади, Зомин семинарлари таассуротлари адабиётимизнинг ёрқин саҳифаларига айланади.

Бу йил семинар машғулотларида маҳорат масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кўзда тутилган. Маҳорат ва маҳоратни эгаллашимиз лозим! Мавзу танлай билиш ва  ёритиш, сўз санъати сирларини англаш, сўз устида ишлаш, таҳрир жиҳатлари ва, албатта, китоб мутолааси ҳақида машғулотлар белгиланган. Бунда устоз ижодкорлар ўз тажрибаларидан  келиб чиқиб китоб мутолааси завқидан ва маҳорат сирларидан ҳикоя қиладилар, турли саволларга жавоб берадилар. Ижодий баҳслар уюштирилади, қизиқарли мунозаралар бўлиб ўтади. Ростдан ҳам, “Ижод қилиш – ёзиш эмас, ўқишдир”.

Катта авлод билан кенжа авлод вакиллари ўртасида белгиланган учрашув ҳам қизиқарли ва сермазмун бўлиши кутилмоқда. Уларда  мамлакатимизда олиб борилаётган илҳомбахш ислоҳотлар, янгиликлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев  томонидан адабиётимизга, ёшларга  бўлаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар ҳақида қизғин сўз кетади, фикр алмашувлар, мулоҳазалар ўртага ташланади.

Семинарда уюштириладиган “Биз келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган катта мушоирада турли авлод вакиллари — устоз адиблар, шоирлар, ёш ижодкорлар навбатма-навбат  семинар минбарига таклиф этиладилар ва ўз ижод намуналаридан ўқийдилар. Мухтасар айтганда, авлодлар мулоқотининг гувоҳига айланамиз.

Бугун Ўриклисойда шеър жаранглайди!

Хуш келибсиз, навқирон авлод! Сафимизни тўлдиргани адабиётимизга хуш келибсиз!

 

Муҳаммад Али

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

 Халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат
Шеърлар Шеърлар
ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади