"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ФАРЗАНДИНГМАН, ВАТАН, ҚАБУЛ ЭТ, ОНА, ШУДИР МУҲАББАТИМ, КЎНГИЛ ИЗҲОРИМ!

Ўқилди: 640

 

Ижодкор зиёлиларимизнинг энг яхши асарларини юртимизда ва чет элларда тарғиб этишни биз маънавий-маърифий соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим бир қисми сифатида давом эттирамиз. Айниқса, маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Анъаналар давом этади

Бундан роппа-роса йигирма йил аввал Зомин туманидаги ям-яшил арчазорларга бурканган, баҳаво Ўриклисой оромгоҳида илк бор  ёш ижодкорларнинг Зомин Республика семинари ташкил этилган эди. Шундан сўнг ҳар йили ушбу анжуманни мустақиллик байрами арафасида ўтказиш анъанавий тус олди. Семинарга Абдулла Орипов, Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Жуманиёз Жабборов, Сафар Барноев, Турсунбой Адашбоев, Ҳалима Худойбердиева, Аҳмаджон Мелибоев, Александр Файнберг ва бошқа устоз ижодкорларнинг бош бўлиши унинг файзини янада оширди. Кўплаб иқтидорли ёш қаламкашлар бу ерда ўз асарлари билан таниқли адибларнинг назарига тушдилар, уларнинг ютуқлари мамлакат миқёсида тан олинди. Бугун адабиётда ўз овозига, ўз ўрнига эга бўлиб улгурган Хосият Рустамова, Уйғун Рўзиев, Нодир Жонузоқ, Гулжамол Асқарова, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон, Ғайрат Мажид, Адиба Умирова, Ойдиннисо, Гўзал Бегим, Даврон Ражаб, Шоди Отамурод, Муҳиддин Абдусамад, Шодмонқул Салом, Зуҳра Мамадалиева, Беҳзод Фазлиддин сингари ижодкорлар айнан Зомин семинарида кашф этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини тузиш тўғрисида”ги ПҚ-1292-сонли қарорида юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган ёш иқтидор эгаларини излаб топиш,  ижодини юзага чиқариш ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш Ёзувчилар уюшмасининг асосий вазифалардан бири этиб белгилаб берилди. Шу мақсадда 2010 йилдан бошлаб “Дўрмон” ижод уйида ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” Республика семинарлари ўтказила бошланди. 600 нафардан ортиқ ёш ижодкорлар мазкур анжуманларда иштирок этишди. 71 нафар навқирон қаламкашларнинг асарлари “Ижод” жамоат фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида кўп минг нусхада чоп этилди. Шунингдек, “Биз Истиқлол фарзандларимиз” ёшлар баёзи, умидли драматургларнинг асарлари жамланган “Жозиба”, ёш таржимонларнинг “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи”, “Парвоз” номли китоблари ва бошқа жамоавий тўпламлар, альманахлар нашр қилинди.

Шуни мамнуният билан айтиш ўтиш лозимки, Ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил этилган “Онажоним — шеърият” адабий тўгараги аъзоларидан 3 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишди. Яна 3 нафар ёш ижодкор “Юрт келажаги” танловида ва 10 нафардан ортиқ тўгарак аъзоси республика миқёсидаги кўрикларда ғолибликни қўлга киритди.

Ёзувчилар уюшмаси қошида “Ёшлик” ижодкор ёшлар клуби тузилди. Клуб аъзолари вилоятларга ижодий сафарга юборилди. Шундай саъй-ҳаракатлар натижасида ёшларнинг “Сени яхши кўрамиз, Ўзбекистон” публицистик мақолалар тўплами нашр этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зомин туманида шоир-ёзувчилар иштирокида мунтазам ўтказиладиган адабиёт ва шеърхонлик бўйича  Ёш ижодкорлар ўқув-семинарини қайта ташкил этиш вазифасини белгилаб берди. Бу ташаббусни барча ижодкорлар, айниқса ёш истеъдод эгалари катта мамнуният билан кутиб олишди. Чунки Зомин семинари замонавий адабиётимизнинг ўзига хос анъаналаридан бирига айланган эди. Қолаверса, гўзал ва сўлим Ўриклисой бўйларида таниқли устозларнинг излари, ҳеч қачон ўлмайдиган сўзлари қолган. Янгича руҳда ўтказилаётган бу галги семинарда ҳам яна кўплаб истеъдод эгалари кашф этилишига шубҳа йўқ.

 

Қуйида Зомин семинари иштирокчилари ҳақида маълумот ва уларнинг асарларидан намуналар берилмоқда.

 

Хафиза АБДУМАЛИКОВА

 1997 йил Тошкент вилояти Бекобод туманида

туғилган. С. Ҳ. Сирожиддинов номидаги

академик лицей ўқувчиси

 

  

  ВАТАН

Теракни ҳам букаркан шамол,

Минг эгилиб, минг бор тик турдим.

Соғинганим қари мажнунтол

Бир кун ногоҳ синганин кўрдим.

 

Яхшиликлар қилдим ҳаммага,

Азиз жойни Ватан деб билдим.

Дунёни сайр этиб, онамга

Битта гул ҳам ололмай келдим.

 

Минг тиллолик бобом ўгити

Минг қадамда ҳар дам асқотди.

Севишни билмаган юраклар

Кўп кўрдим, йўлларда совқотди.

 

Ватан учун хизмат қилай деб,

Мусофир бир мусулмон бўлдим.

Кезиб-кезиб, онам бағридан

Иссиқ Ватан йўқ экан, билдим.

 

Ватан деган сўзга таърифида

Қўшиқ кўрдим, кўрдим шеър, достон.

Мен билганим асли Ватан бу —

Ота замин ва Она макон.

 

 

ЎН САККИЗ ЁШ

 

Ўн саккиз ёш, бағримни тилдинг,

Ўн саккизта томирим қийнаб.

Ўн саккиз ёш, юракка кирдинг,

Ўн саккизта юракни тирнаб.

 

Ўн саккиз йил яшадим гулдек,

Ўн саккиз минг олам қошида.

Ўн саккиз йил бесабр кутдим:

“Ўн саккизга кирмоқ яхши-да!”

 

Ўн саккизнинг севганлари чин,

Ўн саккиз ёш ёшлик қилмайди.

Ўн саккиз йил кутган бахтимни

Ўн саккиз минг олам билмайди.

 

Ўн саккизда тонглар нурафшон,

Ўн саккизнинг баҳори тамом.

Ўн саккиз кун! Сўнгра кетаман

Ўн туққизнинг баҳори томон.

 

Ўн саккизда қолдинг, муҳаббат,

Ўн тўққизда севиб бўлмайди.

Ўн саккизда ёнганинг каби

Ўн тўққизда ёниб бўлмайди.

 

Ишқим, мендан сира ранжима,

Ўн тўққизни енгиб оламан.

Доим ёниб яшамоқ учун

Ўн саккизда мангу қоламан!!!

 

 

Яҳёхон МАҲМУДОВ,

      1988 йил Сурхондарё вилояти

      Бойсун таманида туғилган.

      Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият

      институти талабаси

 

 

   БОЙСУН

Бойсун!

Бобомнинг қийшайган дала шийпони,

Момомнинг армони кўмилган тупроқ.

Қор, ёмғир ёғса-да, аммо, пирпираб

Ўчмаган, йўлларим ёритган чироқ.

Отамнинг бағридай кенгликлар, яна

Онамнинг ўрнида мўътабар она.

Азим чинорларинг соғиниб келдим,

Соғинчим вараққа тўкканман, мана.

Бойсун!

Акамнинг кўнглидай мусаффо осмон,

Укамнинг меҳридай туганмас дарё.

Саратон эритмаган қорларинг кўркам,

Дўппининг тўрт ярим ойидир гўё.

Ҳеч кимга айтмаган сирларим сенда,

Болалик яширинган қирларим сенда.

Илк севгим битмаган дил дафтаримда

Ва қанча севилган дилларим сенда.

Бойсун!

Тоабад кўксимда қадрли диёр,

Харсангтошларингдай соғинч залвори.

Бир шоир ўғлингман, қабул эт, она,

Шудир муҳаббатим, кўнгил изҳорим!

Бойсун…

         

  Азамат ХУДОЙБЕРГАНОВ,

1992 йил Хоразм вилояти

Гурлан туманида туғилган.

Ўз ДЖТУ 3-курс талабаси

 

  

    ТУЛКИВОЙНИНГ ҲАСРАТИ

 

Бунча ширин

Оҳ, оҳ, оҳ!

Бу хўрознинг овози.

Яқинроқдан тинглашга

Афсус, қўймайди този.

 

Ўзим айёр дейман-у,

Гоҳо думим берар панд.

Шу сабаб аламимдан

Ялайман-да хўрозқанд.

 

     ЛАЙЛАК

 

Якшанбада эрталаб

Бозорга тушди лайлак.

Сотиб олди ўзига

Бежирим оппоқ кўйлак.

 

Лекин шимга келганда

Омади ҳеч чопмади.

Ўзига мос бирорта

Лойиғини топмади.

 

      ПИЁЗ

 

Бекам жуда раҳмдил

Дердим, эмас бағритош.

Мени доим арчганда

Кўзига оларди ёш.

 

Ҳозир-чи, бу ўйларим

Сингиб кетди ҳавога.

Ташламоқчи мени у

Қизиб турган товага.

 

 

Малоҳат НУРИДДИНОВА

                                1998 йил Сурхондарё вилояти

                       Қумқурғон туманида туғилган.

                       Қумқурғон енгил саноат касб-

                       ҳунар коллежини битирган.

    

      БУ ТОНГ

 

Бу тонг чиройли-да, бу тонг бошқача,

Орзуни қучоқлаб, ўпиб уйғондим.

Бошини силадим, боқдим ҳавасда,

Ҳар битта зарраи нурда чўлғондим.

Бу тонг — ҳаётимнинг ўзгача рангги,

Ойларга айланган оппоқ орзулар.

Қулоқдан кетмайди найнинг жарангги,

Лолалар нолада қуёшни излар.

Бу тонг, хаёлимда ўйнайди ҳислар,

Қуёш нурларидай юрагим ёнди.

Кўзларим юмилган, кимнидир эслар,

Қалбимда беғубор туйғу ўйғонди.

Бу тонг чиройли-да, бу тонг бошқача!..

 

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ

1989 йил Самарқанд вилояти

Пахтачи туманида туғилган.

“Китоб дунёси” газетасида ишлайди.

 

 

ДОСТОННИ ЎҚИБ

 

Тоғлар йўлин тоғ тўсди,

Муштга айланди қулоч.

Айвонингни қор босди,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Бир мунглиғ овоз ўтди,

Чалинмаган соз ўтди,

Баҳор ўтди, ёз ўтди,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Полвонинг даврага сол,

Полвонман деб юрганлар.

Суюнчига жоним ол,

Алп ўғлини кўрганлар.

 

Мардлар йиғилган майдон,

Мардини кутади эл.

Чохдан чиқар полвонга,

Қирқ полвонинг бошлаб кел.

 

Қалдирғоч, эл омондир,

Номини айтиб келсанг.

Юрт сўраб келганларга

Акам қайтади, десанг.

 

Эшикда осиқ турар

Алп отининг тақаси.

Ёт элларда қолмайди

Мард сингилнинг акаси?

 

Кўнгилга ор солдими –

Ёт элда оқарган соч.

Кураш сенга қолдими,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Ботир зоти ўлмайди!

Элга меҳри сўлмайди,

Сўлса – ботир бўлмайди,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Етти йил – етти минг йил,

Алпсиз ўтмайди даврон.

Боботоғда занг босган

Тўқсон ботмонли камон.

 

Эрта тоғни титратар

Эр йигит туғилади.

Ватанни Ватан дея

Асровчи эр бўлади.

 

Аммо титроқ йўқ бугун,

Тоғлар ҳорғин ўй сурар.

Олисларда бир алп бор,

Тулпорларни туш кўрар.

 

Олис-олис йўлларда,

Бирда тўқу бирда оч.

Ёв алқаган қўлларда,

Аканг қани, Қалдирғоч?

 

Бу ватанга шон керак,

Жон бергувчи жон керак.

Элга қаҳрамон керак,

Аканг қани, Қалдирғоч!?.

 

 

Нозимахон ХАБИБУЛЛАЕВА

1996 йил  Фарғона шаҳрида туғилган,

 Ўзбек Давлат консерваторияси талабаси

   

 

 

МУРОЖААТ

Савол берсам бўлмагин ҳафа,

Айт, бағрингга тош оласанми?

Билмам қандай тўласан аммо,

Ҳисларимдай тошоласанми,

Анҳор?

Ўз-ўзимни кашф этдим қайта,

Тасдиқла сен энди мендайман!

Тонглар энди янгидан-янги-

Худди қайта туғилгандайман!

Наҳор!

Қонимдадир наволар сеҳри,

Томирларим торингдан таранг.

Сени кимдир чертади, менинг

Вужудимда оқади оҳанг-

Дутор!

Тоғни қучар қуёш нурлари,

Сен уларнинг бошида туриб,

Мендай эрий оласанми айт-

Бойчечакнинг бўйларин кўриб,

Оҳ, қор?!

Бегонадир бегона ҳислар,

Ҳайратимдан ҳайратда ҳайрат!

Ёнгинамга йўламоқ учун

Журъатсизлик қилолмас журъат,

Зинҳор!

Бари гўзал, бари самимий,

Ишонавер ўжар қизингга.

Ҳаммасига ягона сабаб-

Келаябман ўнсаккизингга,

Баҳор!

 

 

Рухшона АШУРОВА    

1991 йил Сирдарё вилояти Ховос туманида

туғилган

 

 

 

 ҚАНОТ

Сен СЎЗларга қанот бер,

Ишонавер,

улар учишни билади,

Ҳа, учади,кўнгилга қадар учиб боради.

Бугун ерда айтган СЎЗларинг,

Ерда қолиб кетмайди,

Аввал Ҳаққа,

кейин  Халққа етиб боради.

Сен Сўзларга қанот бер…

 

ҲАСБИ ҲОЛ

Нурман….

Этагимдан ушла сен мени,

Атиргулнинг ўйларидаман.

Сен билмайсан, ҳар кеча, ҳар кун

Оймомонинг тушларидаман.

 

Овозим мусиқа бўлар булбулга,

Сочларим шамолнинг севган бўйлари.

Бир ўпиб ҳаёт бихш этаман гулга,

О, нега хотиржам турар ўйларинг.

 

Осмонга нигоҳинг қадайсан узоқ,

Юлдузни чиройли дейсан-а ҳануз.

Қўй, ахир, кўзларим бўлади тузоқ,

Ҳозир кипригимга илинар юлдуз.

 

Уддасидан чиқдинг бепарволикни,

Бўлди бас! Сабримнинг ниҳояси бор,

Мени сев! Қўйсангчи бенаволикни

Сен агар севмсанг нурлигим бекор.

 

Нурман…

Қўлларимдан тутгин сен мени…

Атиргулнинг ўйларидаман.

Сен билмайсан, ҳар кеча, ҳур кун

Оймомонинг тушларидаман.

 

 

 

 

Нуржаҳон УБАЙДУЛЛАЕВА

 1998 йил Андижон вилояти

Бўз туманида туғилган.

              

   ҚИШЛОҚ

Ҳайрат экан юракларни уйғотгувчи,

Ҳайратимдан уйғонгандир ватан ҳисси.

Супургининг шитирида тонг отгувчи,

Она қишлоқ энам ёпган ноннинг иси.

Ҳар ёз бағрин очиб яна кутар мени,

Энам меҳрин тандирида пишган нонлар.

Иссиқ меҳр билан қучиб юрагимни,

Кўнглим узра поклик тўшар меҳрибонлар.

Шаҳри азим қучоғида улғайди дил,

Гарчи бунга қишлоқ олис, йўллар олис.

Ҳар ёз довон ошай дейди яна кўнгил,

Ҳар ёз қалбни қитиқлайди соғинчли ҳис.

Меҳрибонлар, қадрдонлар кўнгли—Ватан,

Ватан меҳр мавжи осмон-осмон юрак.

Ватан деса қишлоғимни қучгум зотан,

Она қишлоқ қалбим ичра нурли истак.

 ВАТАН

Ватан,сени яхши кўраман.

Сен мен учун қадрли, суюк.

Менимча сен ҳамма нарсадан

Буюкроқсан, буюкроқ, буюк!

Сен онасан, отасан, қондош —

Фарзандлари дардидан куюк.

Сен туганмас меҳрли қуёш,

Буюкроқсан, буюкроқ, буюк!

Жуда кўп гап айтавермайди,

Таърифингга сўз йўқдир етук.

Ватан, сени яхши кўраман,

Буюкликдан буюкроқ, суюк!

 

Нилуфар АБДУРАҲИМОВА

1999 йил Наманган шаҳрида туғилган.

Наманган транспорт ва ижтимоий алоқа

коллежи ўқувчиси

 

 

ТАНДИР

 

Кулиб қарши олар ҳар куни,

Оташ юрак, ўт юраккинам.

Кел, бағримга босайин сени,

Юзим қоракуя бўлса ҳам.

 

Сен-ла онам тиллашган саҳар,

Ризқ бергувчим бетил, беминнат.

Улашасан бизга ҳар сафар

Кулча нону меҳр-мухаббат.

 

Она тандир, билгин-ки шуни,

Сен-ла ҳар уй чиройли, кўркам.

Ҳеч буюмга алишмам сени,

Оташ юрак, ўт юраккинам.

 

Абдулла ШАРОФИДДИНОВ

1993 йил Жиззах вилояти Бахмал

туманида туғилган. Жиззах давлат

педагогика институти 2-курс

талабаси

 

 

 МЕҲР

Меҳр кўзда дея айтишар азал,

Меҳрли нигоҳлар адосимиз-да.

Озроқ меҳр ила бир ширин сўзнинг

Кўйида минг ҳалак гадосимиз-да.

Меҳрдан яралган инсонинг ўзи,

Меҳр улашмоқлик қонимизда бор.

Меҳру муҳаббатга йўғрилса қалблар,

Дунё мунаввардир, ҳаёт беғубор.

Меҳр булоғига айланинг сиз ҳам,

Одамлар талпинсин меҳрингиз сари.

Доимо сиз томон шошиб юрсинлар,

Сизга ҳавас ила боқсинлар бари.

 

 

Оралхон САДАТДИНОВА таржимаси.

Қорақалпоғистон давлат университети

журналистика факультети

3-курс талабаси

 

 ГУЛ ЎСТИРА ОЛМАГАН БОЛА

                    (Корейс халқ эртаги)

Қадимги замонда донишманд ва бахтиёр бир ҳукмдор бўлган экан. Фақатгина ёши кексайиб бораётгани ва фарзандсизлиги унинг кўнглини дам-бадам безовта қилар экан. Кунлардан бир куни у: “Мамлакатдаги энг тўғрисўз ва виждонли болани топиб, уни ўзимга фарзанд қилиб оламан”, – деб ният қилибди. Шундан сўнг у ҳамма болаларга гул уруғини улашиб беришни буюрибди-да:

– Кимда ким шу уруғдан энг чиройли гулни ундирса, ўша болани мен ўзимга ўғил ёки қиз қилиб оламан, – деб жар солдирибди.

Сон Ир номли бир бола мамлакатдаги ҳамма болалар қатори гул уруғини олиб, яхшилаб парвариш қила бошлабди. Бироқ ўн кун, ўн беш кун, бир ой ўтса ҳам унинг гултувакка эккан уруғи униб чиқмабди.

– Бу қанақаси бўлди? – деб ҳайрон бўлибди у.

Охири Сон Ир онасидан сўрабди:

– Нима учун мен эккан гул уруғи униб чиқмаяпти?!

Онаси ҳам бундан хавотирланиб юрган экан.

– Тупроғини янгилаб кўрқани, болам, – дебди.

Сон Ир гултувакни бўшатиб, унга серуним тупроқ солибди-да гул уруғини қайтадан экибди. Бу сафар ҳам уруғ кўкармабди.

Подшоҳ гулларни кўрадиган вақт яқинлашибди. Кўпчилик болалар ўзларига оро бериб, пардозланиб, гултувакда ўстирган гулларини кўтариб, подшоҳнинг кўриги бўладиган жойга равона бўлибди. Уларнинг ҳаммаси подшоҳнинг боласи бўлиш ниятида экан.

Кейин нима бўлибди, денг? Нима сабаб бўлгани жуда ҳам қизиқ. Ҳукмдор қийғос очилган гулларга заррача ҳам парво қилмай, гул ўстирган бахтиёр болаларнинг ёнгинасидан индамай ўтиб кетаверибди. Унинг кўзларида чиройли очилган гуллардан завқланиб шодланишнинг учқуни ҳам кўринмабди. Шу пайт бир уйнинг олдида бўш гултувакни кўтариб, йиғлаб турган Сон Ирни кўриб қолибди-да,  йиғлаб турган ўша болани чақириб келишни буюрибди.

– Нима учун сен бўш гултувакни кўтариб турибсан? – деб сўрабди у.

Сон Ир пиқ-пиқ йиғлаб, кунлардан бир куни бировнинг боғидан эгасига билдирмасдан олма олганини, шунинг учун бўлса керак, қанча уринса ҳам гул уруғини кўкартира олмаганини айтиб берибди.

Бу гапни эшитган подшоҳ Сон Ирни кўтариб олибди-да:

– Мана, менинг пок виждонли болам! – дебди.

Одамлар орасида ғала-ғовур бошланибди.

– Олампаноҳ нима учун гултуваги бўш болани ўзига фарзанд қилиб олди?!

Шунда у бунинг сабабини тушунтирибди:

– Эй халойиқ, мен болаларга улашиб берган гул уруғлари қайнатилган эди…

Шундан кейингина одамлар ҳукмдорнинг фикрини маъқуллашибди.

Ранг-баранг гуллар кўтариб турган болаларнинг юзи уялганидан қизариб кетибди. Сабаби уларнинг барчаси бошқа гулларнинг уруғини топиб, гултувакка экишган экан.

 

 

 

Гулмира ИСМОИЛОВА

 1999 йил Сирдарё вилояти

Боёвут туманида туғилган.

 Гулистон давлат университети

қошидаги академик литсей ўқувчиси

 

СОАТ

(Қатра)

         Бугун Жамила аянинг туғилган куни.

Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, ёру биродарлари аянинг хурсандчилигига шерик бўлишди. Ҳеч ким қуруқ қўл билан келмади. Меҳмонлар аяни табриклаб, совғалар беришди. Меҳмонлар тарқагач ая совғаларни бирма-бир кўриб чиқди ва чуқур хурсиниб қўйди. Шундан сўнг жавонни кавлаб рўмолчага ўралган алланимани олди. У бир пайтлар таомилга кирган аёллар қўл соати эди. Ингичка тасмали бежирим соатга меҳр билан қараб турган аянинг юз-кўзидан унинг учун бу соатнинг қидри-қиммати баланд экани сезиларди. Ая соатга шу тикилишда узоқ ҳаёлга чумди.

Ўшанда Жамила жамалак сочли қизча эди. Ўшанда ҳам туғилган кунини нишонлаган эди. Хуршид акаси билгандек, унга кўпдан буён орзу қилиб юрган қўл соатини совға қилди. Шу-шу Жамиланинг қўлида доим шу соат бўлди. Мактабга борса ҳам, уйда рўзғор юмишларига қарашса ҳам, ҳамиша унинг қўлида соати бўларди. Онаси Жамилани тил учида: “Бу қиз қачон соатининг ҳуснига тўяр экан”, деб койирди. Ҳар қалай жонидан ортиқ меҳрибон  акаси берган совға.

Кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил ўтиб Жамила улғайди. Турмушга чиқди. Ували-жували бўлди. Одамийлиги, меҳнаткашлиги, хушмуомалалиги билан теварак атрофдагиларнинг меҳрини қозонган Жамила ая бўлди. Шу боис унинг туғилган куни байрамга айланиб кетади. Маҳалла-кўй, ёру биродарлар тўплашиб, унинг хурсандлигига шерик бўлишни исташади.  Бироқ, уларнинг қаторида Хуршид акаси йўқ.

Хуршид акасини ўйласа доим соатни йўқотиб қўйиб, роса излаган куни ёдига тушади. Уй юмушлари билан овора бўлиб қаергадир бехос қўйган соати Жамиланинг ёдидан кўтарилиб қолди. Ҳар қанча изламасин соат топила қолмади. Буни оғир йўқотиш билиб, Жамила кўз ёшларини тия олмасди.

Жамиланинг ичикаверганини кўрган дадаси:

– Қизалоғим, бунча куйинмасанг, йўқолса йўқолибди-да, ўша матоҳ, – деди.

Акаси ҳам унинг куйинавермаслигини тайинлаб:

– Сиқилма, сингилжон, топилиб қолар, топилмаса, ўзим янгисини олиб бераман, – деди.

Унинг учун гап соатда эмас эди. Ҳамиша суянадиган, тўғри маслаҳат берадиган акасининг совғаси йўқолганига ич-ичидан куяр эди-да, Жамила. Орадан йиллар ўтгач, бир куни Жамила ая сандиқ кавлаётиб, бир бурчакда ётган соатга кўзи тушди. Уни энг азиз топилмадай олиб, кўзларига суртди. Беихтиёр юзига ёш томчилари тушди. Чунки, соат топилган вақтда жондан ортиқ кўрадиган акаси топилмасди.

Ҳозир соатга унчалик эҳтиёж йўқ. Жамила аянинг вақт билан белгилаб ишлайдиган юмуши ҳам йўқ. Лекин йиллар давомида бироз эскирган ўша сариқ тусли соат ҳамон ардоқли, қадрли. Гоҳида ая ўзини айбдор ҳам сезади.

– Нега, – дейсизми?

Акаси берга савғани йўқотиб қўймай  вақти-вақти билан соатга дам солиб турганида “Ундан бевақт ажралиб қолмасмидик”, деб ўйлайди-да!

 

 

 

 

Феруза ХАЙРУЛЛАЕВА

1993 йил Самарқанд вилояти Пайариқ туманида

Туғилган. ЎзМУ журналистика факультети талабаси,

“Ҳуррият” газетасида ишлайди.

 

 

ДАРЁ

 

Узун йўлнинг бошида дарё,

Тупроғида, тошида дарё,

Заминнинг кўз ёши-да дарё,

Дарё, одам деяпман сени.

 

Югурганинг, юрганинг сайин,

Олислашар йўлинг атайин,

Товушинг авж, товушинг майин,

Дарё, одам деяпман сени.

 

Кимлар сени бошқарди чўлга,

Кимлар эса бошлади кўлга,

Денгиз сари чиққандинг йўлга,

Дарё, одам деяпман сени.

 

Аждодларинг чўққилар, тоғлар,

Томирларинг жилға, ирмоғлар,

Меҳринг билан яшнайди боғлар,

Дарё, одам деяпман сени.

 

 

 

 

Зилола ТОШОВА

1992 йил Бухоро вилояти Бухоро

туманида туғилган. Бухоро Давлат

университетини битирган.

“Галаосиё овози” газетаси мухбири

      АЁЛ МАДҲИ

 

                   Аёлга бахт беринг, саодат беринг.

                               Зулфия Мўминова

Аёлга бахт керак, саодат керак,

Олмосдан қурилган саройлар эмас.

Биргина ширин сўз гадоси юрак,

Вафодан яралган севги бўлса, бас.

Дунёни лол этган энг буюк меъмор,

Қалбларда тиклади латофат қасрин.

Аёлнинг ўзида яшайди баҳор,

Аёл — бу гўзаллик, нафосат фасли.

Уммон бағридаги нодир жавоҳир,

Садафдек покиза кўнгил дарёси.

Жисмида яшайди минг бир баҳодир,

Тоғлардек ғурурли ибо-ҳаёси.

Аёл бор, яшаш ҳам завқли тобора,

Турфа жилоларда акс этар ҳаёт.

Дилдаги ҳисларим этай ошкора:

“Аёл бор, муҳаббат яшар барҳаёт!”

 

 

 

 

Шоҳинур УСМОНОВА

1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган.

 

 

 

 

ДЎРМОН

 

Дўрмон!

Энг осуда ёрқин ҳисларнинг

Нурли, ҳароратли, гўзал макони.

Илҳом либосига бурканиб олган

Барча юракларнинг сўнгсиз туғёни.

 

Бутун табиатга алла айтар ой,

Дўрмон кечалари бунчалар сокин.

Тонгда айвонида меҳр таратиб,

Она қуёш аста тарайди сочин.

 

Ана шу қуёшнинг тафти, меҳридан

Яшириб бир чимдим олиб келганман

Ва шу ҳароратни шеърга кўчсин деб,

Юрагим тубига солиб келганман.

 

ТОНГ

 

Соат бонги бўлиб қичқирар хўроз,

Юлдузлар қайгадир шошиб қочади.

Осмон денгизига ғарқ бўлади ой,

Шафақ ҳам эриниб кўзин очади.

 

Атрофда уйғонар анвойи гуллар,

Улар-чи, шудрингга юварлар юзин.

Райҳонлар тебраниб айтарми алла,

Номозшомгул аста юммоқда кўзин.

 

ФАВВОРА

 

Булоқ каби қайнаб жўшиб,

Отилади фаввора.

Куй янграса раққосадек

Рақс тушмоқ-ла овора.

 

Қуёш боқар, фавворада

Пайдо бўлар камалак.

Гўёки у кийиб олган

Эгнига атлас кўйлак.

 

ЖИЛҒА

 

      Мен жилғаман,

дарё бўлиб тошгим келади.

                            Эркин Воҳидов

Мен жилғаман,

Мен жилғаман.

Дарё бўлгим келади,

Дарёларга ҳавасдаман,

Тошиб-тўлгим келади.

Дарё бўлиш истаги-ла

Интиламан мен олға,

Ахир, катта дарёлар ҳам

Бўлган бир пайтлар жилға.

 

Мен жилғаман!

 

 

 

 

 

Муқаддас САРИМСОҚОВА,

1998 йил Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида

туғилган. Ғаллаорол саноат коллежи ўқувчиси

 

 

ТАБАССУМ

 

(Сочма)

 

Бугун кўча гавжум. Бекатда ўтирар эканман, асфалт бетон орасидан йўл излаб, кўкка интилаётган ям-яшил майсаларнинг нақадар беғуборлигини ҳис қилдим-у, юрагимда қуёш порлади. Заррин нурлар ёғдуси майсанинг митти соясини аниқ кўрсатар эди. Шу пайт мен гавжум кўчадаги шовқин-суронга мулақо парво қилмай қўйдим. Майса билан нигоҳим тўқнашган эди, майса билан юрагим тиллашган эди.

Бир гала боланинг тўпалангидан хаёлим капалакдек учиб кетди. Хаёлим ўша болалар билан ёлғиз кетса рози бўлар эдим, аммо у ўзи билан митти майсани ҳам олиб кетди. Болалар майсани босиб, янчиб ташлашганини сезмадилар ҳам. Бечора майса, оёқ остида пайҳон бўлганингни билмай ҳам қолдинг… Бироқ миттигина бўлишингга қарамай, совуқдан қўрқмай, ҳаётга умид билан интилиб, тошларни ёриб чиққандинг. Қисқа вақт бўлса ҳам табассум билан яшнаб яшадинг. Нигоҳимни табассуминг билан ўзингга ром этдинг. Қалбимда бир умр муҳрланиб қолдинг. Чунки яшаш завқи, тириклик шукронаси, меҳр туйғуси, бокира борлиқни сендан ўргандим. Сени қалбимга ўтқазиб қўйдим. Токи, лоқайдлар сени босиб ўтолмасинлар.

 

         Ахборот хизмати

 

 

 

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ