"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МУСТАҚИЛ ВАТАН АДАБИЁТИГА ИЛК ҚАДАМЛАР ҚУТЛУҒ БЎЛСИН!

Ўқилди: 595

Шу йилнинг 5 июль куни Жиззах вилояти Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой масканида Республика ёш ижодкорларининг “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг  26 йиллигига бағишланган семинари иш бошлади.

Ўша куни эрта тонгдан мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган 70 га яқин ёш ижодкорлар, уларга бадиий ижод сирларидан сабоқ берувчи устоз адиблар, семинарнинг ишчи гуруҳи аъзолари ва журналистлардан иборат автобуслар карвони Республика йўл патрул хизмати вакиллари ҳамроҳлигида “Дўрмон” ижод уйидан Зомин тоғлари сари йўл олдилар.  Йўл- йўлакай устозлар ва ёшлар ўртасида ёшлик, нафосат ва адабиёт байрамининг муваффақиятли бошланиши ҳаяжонлари, давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари қўллаб-қувватлаб ва оқ йўл бериб турган бу нуфузли анжуманда қатнашаётган навқирон авлоднинг шукроналик туйғулари ҳақидаги самимий гурунглар давом этди. Юрак туйғулари, дил изҳорлари кўп ўтмай шеърий сатрларга айланиб, садо бергани муболаға эмас. Ёшларнинг кўзларида нур, қалбларида шу улуғ юртга фарзандликдан фахру ғурур ҳисси, Президентимизга бўлган миннатдорчилик  туйғулари барқ урар эди.

Куннинг иккинчи ярмида келажаги буюк, ўтмиши шарафли юртимиз тимсоли бўлган гўзал табиат, осмонўпар тоғлар, асрий арчалар билан қуршалган Ўриклисойнинг тиниқ сувлари ўйноқлаб, ёшларнинг юрагидаги ҳаяжондек жўшиб оқаётган масканда семинарнинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, давлат ва жамоат арбоблари, ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва Жиззах вилояти ҳокими, Республика Олий Мажлиси Сенати аъзоси Улуғбек Узоқов табрик нутқи билан очдилар.

Вилоят ҳокими Жиззах шаҳрида давлат арбоби ва улуғ адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ёзувчига қўйилаётган ҳайкал ва бу меъморий обидага ҳамоҳанг тарзда ёшлик ва муҳаббат куйчилари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним сиймолари акс этган ҳайкаллар ҳамда маданият ва адабиёт хиёбони барпо этилаётгани ҳақида сўзлади. Айни пайтда Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан мамлакатимиз ёш ижодкорлари ўртасида Ҳамид Олимжон ва Зулфияга бағишланган асарлар танлови эълон қилинаётганини маълум қилди.

– Зомин семинари  ёш ижодкорлар байрамидир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси ўз табрик нутқида. – Бу йил 5-7 июль кунлари бўлиб ўтадиган   семинарда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан етмишга яқин ёш ижодкорлар иштирок этадилар. Уларнинг ичида адабиётнинг барча жанрлари вакиллари – ёш шоирлар, адиблар, драматурглар, публицистлар, танқидчилар, таржимонлар  бор. Семинар дастури ниҳоятда тиғиз тузилган. Ҳар бир жанр бўйича таниқли адиблар раҳбарлик қиладиган ижодий гуруҳларда қатнашчиларнинг асарлари(қўлёзма китоб шаклида) муҳокамалардан ўтади, ҳаётга йўлланма олади. Умид қиламизки, улар орасидан Қодирийлар, Чўлпонлар, Ойбеклар, Зулфиялар етишиб чиқади, Зомин семинарлари таассуротлари адабиётимизнинг ёрқин саҳифаларига айланади.

Ўзбекистон халқ шоирлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари Иқбол Мирзо, Энахон Сиддиқова, адабиётшунос олим, академик Бахтиёр Назаров, Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов мамлакатимизда маънавият, адабиёт соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг ёруғ келажагига билдирилаётган ишонч, китоб мутолааси, китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу йилги Зомин семинаридан кутилаётган самарали натижалар ҳақида сўзладилар. Ёш ижодкорларга семинарда фаол иштирок этишларида ютуқлар тиладилар.

Президентимиз сўзлари билан қуйидаги эзгу ният баланд янгради:

“ Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!”

Ўтган йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди тамонидан “Қувонч бўлиб дунёга келдик” номли биринчи китоби нашр этилган жиззахлик ёш ижодкор Чарос Ёқубова ёшлар номидан сўзга чиқиб, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар учун миннатдорлик изҳор этди. Ёшлар семинари бу йил Жиззахда бўлаётганидан фахрланишини айтиб ўтди.

Семинар иштирокчиларидан наманганлик Нилуфар Абдураҳимова, сурхондарёлик Малоҳат Нуриддинова айни шу шукуҳли лаҳзаларда Зоминга бағишлаб ёзган шеърларини ўқиб бердилар.

Кечки пайт гулхан атрофида устоз шоирлар ва ёшлар ўртасида маърифий суҳбат ва мушоира бўлиб ўтди. Унда Ватан, мустақиллик, ёшлик ва муҳаббат мавзусидаги шеърлар янгради. Жиззахлик санъаткорлар ижро этган мумтоз ва замонавий қўшиқлар тадбир иштирокчиларига завқ бағишлади.

6 июль куни адабий жанрлар бўйича ташкил этилган шўъбаларда семинарнинг асосий ижодий машғулотлари бўлиб ўтди. Шеърият шўъбасида Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, Энахон Сиддиқова, шоирлар Ойдиннисо, Ашурали Боймурод, Азизбек Анвар, Наср шўъбасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари, ёзувчилар Абдуқаюм Йўлдошев, Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон, Драматургия шўъбасида “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, драматург ва олим Шуҳрат Ризаев, Адабий танқид шўъбасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос олим Сувон Мели, Болалар адабиёти шўъбасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Бадиий таржима шўъбасида Ёзувчилар уюшмаси халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима кенгаши масъул котиби Адҳамбек Алимбеков ва таржимон Бегойим Холбекова тегишли жанрлар бўйича семинар иштирокчилари билан ижодий машғулотлар олиб боришди. Машғулотларда ёшларнинг  ижод намуналари, қўлёзмалари батафсил таҳлил этилди, уларга бадиий маҳорат ва ижод сирларига оид керакли маслаҳатлар берилди. Адабиётнинг долзарб масалалари бўйича устозлар ва шогирдлар ўртасида савол-жавоблар, қизиқарли баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Қуёш Зомин тоғлари елкасига бош қўйиб, кун ботаётган гўзал паллада семинар иштирокчилари чўнг қоялар сари йўл олиб, Зомин шаршарасига саёҳат қилдилар. Юракларда, дилларда ҳайратлар ва ҳаяжондан, завқу ифтихордан янги асарларнинг лойиҳалари, янги мавзулар ва ижодий режалар туғилди, янги шеърий сатрлар шаршарадек шовуллаб уйғонди.

Кечки пайт хушбўй арчаларнинг бурчиқлари аро, сарв оғочларнинг бутоқлари аро ой уялчанг қиздек мўралаган паллада “Биз буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзусида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган катта мушоира бўлиб ўтди. Унда адабиётимизнинг турли авлод вакиллари  – устоз адиблар, шоирлар, ёш ижодкорлар навбатма-навбат минбарга чиқиб шеър ўқидилар.

Семинар давом этмоқда.

                                                                                Рустам МУСУРМОН  

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР