"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ПАРВОЗ ДАВОМ ЭТАДИ

Ўқилди: 310

Жиззах вилояти Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой масканида Республика ёш ижодкорларининг “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган семинарининг якунига бағишланган тантанали анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очди ва бошқариб борди.

— Юртбошимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Зомин семинарининг ижодий машғулотлари муваффақиятли якунланди. Уч кун давомида юксак даражада ташкил этилган семинар жараёнида ҳар бир иштирокчи давлатимиз раҳбарининг адабиётга эътибори ва ёшларга ғамхўрлигини чин юракдан ҳис этиб турди. Семинар иштирокчилари адабий жанрлар бўйича шўъбаларга бўлиниб, ёшларнинг ижод намуналари таҳлил этилаётган машғулотлар жараёнини кузатдим, — деди Уюшма раиси. — Шўъба раҳбарларидан “Яхши ижодкорлар борми?” дея сўрадим. Саволимга устозлардан ижобий жавоб олдим. Адабиётнинг остонасига илк бор қадам қўяётган ёшларнинг кўзларида нур порлаганини кўрдим. Уларга юртимиз ишонч билдириб турибди. Адабиётимизнинг эртаси ана шу ижодкорларнинг қўлида. Эл-юрт ишончини оқлашдек шарафли ва масъулиятли вазифани бажаришда устозлар истеъдодли шогирдларига камарбаста бўлишади. Зомин семинари ана шу эзгу мақсад ижобати учун ташкил этилган.

Адабиётимизнинг илғор ва ҳозиржавоб жанри бўлган бадиий публицистика шўъбаси раҳбари Ўктам Мирзаёр ушбу сўзларни қўллаб қувватлаб шундай деди: — Улуғ адибларимизнинг барчаси ҳалқ ҳаётига яқин бўлган журналистика мактабида тарбияланиб камол топган, кўплаб бадиий публицистик мақолалар ёзган. Ушбу мақолалар келажакда ёзиладиган йирик бадиий асарлар учун ҳаётий манба бўлган. Зомин семинарида қатнашган ёшлар мисолида адабиётимизнинг эртаси тобора бойиб бораётганига амин бўлдим. Ёшларнинг бадиий публицистик мақолаларини ўқиб, бебаҳо бойлик топгандек қувондим. Таниқли ижодкорлар Янгибой Қўчқоров ва Ҳумоюн Акбаров билан семинар қатнашчиларининг ижод намуналарини синчиклаб ўқиб чиқдик ва матбуотда нашр этиш учун сараладик. Ёшларнинг Зомин тоғларининг юксак чўққиларидан бадиий ижод оламининг бепоён осмонига қилган парвозлари давом этади.

Худойберди Тўхтабоев, Маҳмуд Тоир, Шуҳрат Ризаев, Сувон Мели,  Абдуқаюм Йўлдошев, Бегойим Холбекова, Ҳаётхон Ортиқбоева, Меҳри Абдураҳмонова адабий жанрлар бўйича шўъбаларда олиб борилган ижодий машғулотларнинг натижалари, таҳлил этилган ижод намуналарининг бадиий сифати ва мазмуни, “ярқ” этиб кўзга ташланган истеъдодли ёшлар ҳақида гапидилар  ҳамда чинакам адабиёт заҳматкашларини тарбиялаб вояга етказиш учун бажарилиши лозим бўлган амалий ишлар борасидаги айрим фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.

Семинарда иштирок этган ёш ижодкорлар номидан Абдулла Шарафиддинов ва Сарвиноз Саксонова сўзга чиқиб, ёшларга кўрсатилаётган эксак эътибор ва ғамхўрлик, билдираётган ишонч учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этдилар.

Семинарнинг барча иштирокчиларига Президент совғалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сертификатлари, “Ижод” жамоат фонди китоблари ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг мукофотлари топширилди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар табдир иштирокчилари кўнглига завқ бағишлади.

                                                                                Р. МУСУРМОН

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР