"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бобур қидирган дўст қани?..

Ўқилди: 311

Ватан ишқи

Камол топмас ҳеч бир миллат,
Қадрин баланд асролмаса.
Ўз юртини пок кўрпам деб,
Бургалардан сақлолмаса.

Дўстим, асли Ватан ишқи
Энг қудратли яроғ бизга.
Бу юртдаги ҳар уй – қалъа,
Ҳар бир терак – байроқ бизга!

 

Энг гўзал тун

Бахт симирар йигит-қиз,
Завқ сатҳида сирғаниб.
Тун бўйи ҳеч юммас кўз,
Ширин умрин қизғаниб.

Тонг қадар бу анжуман
Тугамайди, ҳойнаҳой…
Кулранг кўрпа четидан
Жим мўралар бўғоз ой.

Ишқ

Ишқи йўқлар ўлдирган
Машраб гарди – хок ишқим.
Отанг ҳаждан келтирган
Замзамсувдек пок ишқим…

Эҳтиёт қил, тўкворма…

Кимнинг санамчаси?

Ўсма қўйиб ҳаволанур санамча,
Дутор чалиб наволанур санамча.
Хасталанур қийнамаса ошиғин,
Дилинг тилиб даволанур санамча.

Замонавий ўлчам

Сўрар кексайган ношир:
– Бу достонинг неча байт?
Кеккайиб дер
Ёш шоир:
– Уч юз ўттиз мегобайт!

Кечирув

Ошна, қилдинг хиёнат,
Дил боғимдан жон узиб.
Май узатай,
Қадаҳга –
Кўзёшимни томизиб.

Шаробимни ичолмай,
Туравергин мулзам, жим.
То ичиб мен,
Мастликда –
Дегунимча: “Ҳой, сен ким?”

Шунда,
Мунгли кўзларинг
Олаймасин даҳшатдан.
Дангал айтгин исмингни,
Танишайин бошқатдан.

Узатайин
Яна май,
Баландпарвоз “тўст” билан.
Бирга яйраб ичайин
“Янги топган” дўст билан.

Адиб учун
уч карра етти зарурат

1. Табиат. Жамият. Инсон.
2. Кузатиш. Ўйлаш. Англаш.
3. Завқ. Нафрат. Ҳамият.
4. Ўрганиш. Эргашиш. Янгилаш.
5. Ҳақиқат. Мантиқ. Жасорат.
6. Холислик. Чидам. Ёзув.
7. Пардозлаш. Қисқартиш. Йиртиш.

Тириклар олами

Хитланма, дўст, мужмал сўзимдан,
Ўйлаб-ўйлаб, етдим бир сирга:
Яралмиш бу олам… кўзимдан,
Ўлсам, ўлар мен билан бирга.

Тирикларга чўпчак олам бу…

Игнабарг шеърлар

Бир тиламчи пул сочиб ўтди…

* * *

– Уринг! Бугун – туғилган куни!

* * *

Алдай олмас… “шеф” чиқмас ундан.

* * *

Ўч олди. Сўнг, ҳўнг-ҳўнг йиғлади.

* * *

Қизчам касал. Айшдан гапирма.

* * *

Балки Қуёш ботмас эртага…

Фасл алмашуви
ёки кеч куз

Ишқий шеърлар ёзиб-ёзиб,
Шоир кирди етмишга.
Қиз-жувонлар қушдек тўзиб,
Учди-кетди ўтмишга…

Мутойиба

Ширин гаплар сотаман,
Тахир гаплар ҳам.
Кепқолинг, эй шеърхонлар,
Қолди жуда кам!

Олинг, ҳазил шеърларим
Оқшоқдан арзон.
Бир қоп пиёз пулига –
Юз байтли достон.

Алмашаман туюқни
Қанд ё қаймоққа.
Босилмаган масални
Ёзги пайпоққа.

Мана, бешта газетдан
Қайтган тўртликлар.
Икки ютум қимизга
Кетсин шўрликлар.
Қизлар, сизга ёзганман
Сақичтаъм ғазал.
Сотаман бир муччага,
Келинг галма-гал.

Ишқий шеърга, йигитлар,
Чалинг бир қарсак.
Армон бўлар, тугалай
Текинга берсак.

Ўқиб эрта букчайган
Бобом ҳолини,
Балки эслар кампирлар
Марҳум чолини.

Олимларга битганман
Фалсафий фардлар.
Ҳар сатрида нола-ю,
Бошғажир дардлар.

Болаларга кечқурун
Бўлсин деб эрмак,
Тўқиганман айронга
Арзирли эртак.

Учликлар бор аттору
Зангбозлар учун.
Ҳатто гўрков ўз мадҳин
Топмоғи мумкин…

Қизиқ гаплар сотаман,
Хазин гаплар ҳам.
Опқолинг, жон шеърхонлар,
Қолди жуда кам.

Олинг, мен ҳам бир тужжор
Бозор дунёда.
Давлатингиз бундан-да
Бўлсин зиёда!

Сўнмас саодат

Ҳар куни, ҳар соатда
Гавжумликнинг тафтин туй.
Беш томчи бу ҳаётда
Ўзингнимас, элни суй.

Тегрангдаги минг хил кас
Бирдек суяр суйганни.
Эл эсидан чиқармас
Эл деб жони куйганни.

Анвар ОБИДЖОН

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР