"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”

Ўқилди: 574

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маънавият, адабиёт байрамлари бўлиб ўтмоқда. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бу йил ҳар йилгидан ҳам таассуротларга бой, сермазмун ва муваффақиятли ўтди.
  Андижон вилоятидан Нуржаҳон Убайдуллаева(назм), Маҳбуба Жалолхонова(наср),  Зулхумор Орифжонова (бадиий публицистика), Моҳидил Абдуллаева (болалар адабиёти),  Хуршида Аъзамжонова (бадиий таржима),  Мақсуда Баҳромова (адабий танқид) бадиий ижод йўналишлари бўйича семинарда иштирок этдилар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Андижон вилояти бўлинмаси ҳамда Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида Зомин семинари қатнашчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Ёш  ижодкорлар  семинар катта адабиёт сари қадам босишлари учун алоҳида маҳорат мактаби вазифасини ўтаганлиги, улуғ устозлар билан бўлган ижодий суҳбатларнинг завқи, сурури, келгусидаги орзулари ва мақсадлари ҳақида сўзладилар. Айниқса, ёшлар Президент совғаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган сертификат ва эсдалик совғалари, Жиззах вилояти ҳокимлигининг мукофоти ҳақида сўзлаётганда ҳаяжонларини самимий изҳор этдилар.

                           *   *   *

Андижон шаҳрида “Олтин қалам” газетаси муҳаррири, шоира Назира ас- Салом билан бўлган ижодий учрашув қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди. Шоира Муҳаммад Юсуф номидаги фонднинг фаолияти, келгусидаги режалари ҳақида гапириб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш бўйича Республикада ва вилоятда амалга оширилаётган эзгу ишларга алоҳида тўхталиб ўтди ва ўз ўрнида Президентимизга миннатдорчилигини билдирди.
Вилоятда бир юз эллик ўринли Муҳаммад Юсуф номидаги ёш истеъдодлар мактаби бу йил фойдаланишга топширилади. Назм, наср, драматургия, бадиий таржима, рассомлик, сухандонлик каби йўналишларга ихтисослашган мактаб ҳамда шоирнинг ҳайкали ўрнатилган хиёбон шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиш билан бирга адабиёт ихлосмандлари, ёш авлод учун файзли маънавият масканига айланиши шубҳасиз.
Учрашув давомида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусида мушоира бўлиб ўтди. Мушоирада фаол қатнашган ёшларнинг шеърлари “Олтин қалам” газетасида нашр этилишига тавсия қилинди.
Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган шеърият кечасида қорақалпоғистонлик ижодкорлар Янгибой Қўчқоров ва Қурбонжон Шодиёровлар ҳам иштирок этиб, йиғилганларга янги шеърларидан ўқиб бердилар. Улар вилоят ижодкорларининг, ёш қаламкашларнинг янги китоблари  билан танишдилар. Ижодкорлар Хуршида, Фарид Усмон, Омина Тожибоева, Нусрат Абдусалом, Ғани Мажид ва бошқалар бошлаб берган мустақиллик мушоирасини Абдураҳим Абдиев, Зулхумор Орифжонова, Мавлуда Азимова, Наима Турдиева, Ҳидоят Зуҳриддинова, Машҳура Ботирова, Шоҳсанам Эргашева каби ёшлар давом эттирди.

Қуйида  Зомин семинарида болалар адабиёти йўналиши бўйича қатнашган Моҳидил Абдуллаеванинг Зоминдан таъсирланиб ёзган шеърини ўқийсиз:

Укамнинг кортогидай
Сакрайвердим эшитиб.
Мен шунчалар кутгандим,
Зомин, сенга етишни.

Енди кетаман десам,
Синглим этагим ушлар.
Йиғлайди бораман, деб.
Аям қўлидан ушлаб:

Онаш қизим, бормасанг,
Сенга қаққа бераман.
Дегач, Зуҳра жим қолди,
Битта қаққа билан-а?!

Ачом қилиб кузатди,
Синглимга ҳам қойилман!
Мен мингта қаққага ҳам
Алишмасдим Зоминни!

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР