"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИЛК  ҚАДАМ

Ўқилди: 295

“Биринчи китобим”! Бу жумла менга жуда кўп нарсани англатади. Мен бахтлиман, дегандек янграйди!

Зомин тиббиёт коллежида таҳсил олиш пайтларим илк бора навоийлик тенгдошимнинг китобини кутубхонамизда кўриб қизиқиб қолганим ёдимда. Ҳали ёш, танилмаган ижодкорнинг китоби бошқа вилоят кутубхонасига қандай қилиб келиб қолгани мени жуда ҳайратлантирган эди ўшанда. Кейинроқ билишимча бу бежирим китобча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашр этилган бўлиб, барча вилоятларга тарқатилган экан. Тўпламнинг ичидаги шеърлари билан танишиб чиққач, бошқа ўртоқларимга ҳам тавсия этгандим. Шундан сўнг “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр эттирилган тўпламларни излайдиган, ўқийдиган бўлганман. Боиси сараланган ижод наъмуналаригина бу тўпламдан ўрин олиши мумкин. Ўзимнинг кўнглимда эса қанийди, менинг шеърий машқларим ҳам шу лойиҳада нашр этилиб, бутун мамлакат бўйлаб тарқатилса, деган орзу пайдо бўлганди. Кейинчалик бу орзу мақсадга айланиб, мени улкан марралар сари бошлади. Айнан шу мақсад сари интилиш жараёнида ўз шеърларим устида ишлашни ўргандим. Тенгдошларим ижодини кўпроқ кузатиб, ўз ёзганларим билан таққослаб борадиган бўлдим. Уч йил мобайнида қилган ҳаракатларим, устозларимнинг кўрсатган йўл-йўриқлари самараси ўлароқ 2015 йилда “Истеъдод мактаби” ёш ижодкорлар семинарига қатнашиш бахти насиб этди.

Уч кунлик семинардан бир йилга етгулик илҳом олиш мумкин. Китобларини ўқиб, асарларини ёд олган, фақатгина телевидение орқали кўрган ёзувчилар, шоирларни кўриш, уларнинг суҳбатини олиш бахтига муяссар бўлдик. Семинарда иштирок этиш жараёнида эса амин бўлдимки, асосий мақсад китобни  нашр эттириш эмас, балки ёшларга ўз йўналишларини топишга кўмаклашиш, тўғри йўл-йўриқ кўрсатишдан иборат экан. Бу йилги Зомин семинарида иштирок этаётган Бекназар Қоражонов ҳам наср йўналишидан адабий танқид йўналишига ўтди. Боиси ўтказилган машғулотлар унинг йўналишини тўғри аниқлаб олишга туртки бўлди. Ёшлар билан адабиётнинг назм, наср, драматургия, адабий танқид, бадиий публицистика, бадиий таржима ҳамда болалар адабиёти каби йўналишларида алоҳида машғулотлар ташкил этилишининг асосий боиси ҳам шунда бўлса керак.

Семинар сўнггида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг биз иштирокчиларга оқ йўл тилаш олдидан, биз сизга берган совғаларни ота-онангизнинг қўлига олиб бориб беринг. Мана онажон мен шу кунгача ёзганларим учун қалам ҳақи бу. Ўзингизга кўйлак олиб кийинг, деб айтинглар дея кўзларига келган ёшни бир лаҳза тўхтата олмай қолгани кўз ўнгимдан кетмайди. Устоз шу дам нега йиғлади, балки ўзининг болалик дамлари ёдига тушгандир. Онасига шу сўзларни айтишни, фарзандининг ижодкорлигидан фахрланишини орзу қилгандир. Бир зумгина ўтмишга қайтиб, падари бузриквори кўз ўнгида намоён бўлдимикин?! Бу кўз ёши шу кунлар шукронаси бўлса ажаб эмас… Ушбу сатрларни ёзар эканман, беихтиёр менинг ҳам кўзларимга ёш келди. Бу қувонч ёшлари. Шу ватаннинг, бахтли замоннинг фарзанди эканимдан шукроналик ёшлари. Шукр қилмай бўладими ахир?! Уч кун давомида меҳмон қилиб, маҳорат дарслари ўтиб, яна кетар олди совға-саломлар берилса, йўл кира ҳақларигача қўлимизга тутқазишса, бир ижодкор учун бундан ортиқ эътибор бўлмаса керак.

Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ўз вилоятларимизга тарқаб кетган бўлсак-да, бир-биримиз билан хабарлашиб, ижодимизни кузатиб борамиз. Бу эса бизларга ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади. Семинар йилда бир марта ўтказилсада, унинг мушоиралари, ижодий ҳарорати, сабоқлари йил давомида ҳамроҳимизга айланади.

Бу йилги семинардан ҳам кўп таассуротларга эга бўлдим. Энг катта орзуларимдан бири, севимли ёзувчим Худойберди Тўхтабоев билан кўришиш, уларнинг суҳбатларини олиш эди. Минг шукурким, шу бахтга ҳам эришдим. Болаларча самимий суҳбатлари, кексалардек пурмаъно сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди:

“Қизим, сиз майда ишларга вақт сарфламанг. Майда ташвишларнинг  ортидан қувманг. Йўқса, ўзингиз ҳам майдалашиб кетасиз. Олдингизга катта мақсадни қўйинг ва унга томон интилинг. Шундагина ўзингиз истаган улкан марраларни забт этишингиз мумкин”. Ушбу насиҳатларини мен ҳаётий шиор қилиб олим. “Бирини китобим” эса улкан марралар сари ташланган дастлабки қадам бўлиб хизмат қилади.

 

Чарос ЁҚУБОВА,

ёш ижодкор

Сайт бўлими: Ёшлар ижодидан

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ