"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КЎНГИЛЛАРНИНГ КЎПРИГИ ҚЎШИҚ

Ўқилди: 73

Ўзбекистонннинг қадимий ва навқирон шаҳарларидан бири Самарқанд қадим ўтмишдан то бугунга қадар элларни элларга, маданиятларни маданиятларга боғлаб келаётган тарихий шаҳарлар сирасига киради. Инсоният маданияти, илм-заковати, меъморчилик жабҳасининг мислсиз кашфиётларига бешик бўлган бу кент ҳамон эртакмонанд ва дилтортар. Сиз билган, кезиб, зиёрат қилиб, ҳайратланадиган Регистон мажмуаси эса унинг уриб турган  юрагидир.

У кечаю кундуз уйғоқ ва нурафшон.  Деярли ҳар куни Регистон ёнидаги катта кўчадан, ҳар гал ўзгача ҳайрат билан ўтиб қайтаман. Обидаю миноралар қаршисида азим чинорлар ҳам бош эгиб тургандек гуё. Тошйўлаклар четидаги халқа-халқа гулзорларда кўзни қувнатадиган гулчечаклар қадим кошинлар билан ранг талашаётгандек. Регистонда тарих ва бугунинг, ҳаётнинг бетакрор рангларга уйғун жилвасини кўраман, инсоният қалби ва қўлининг нималарга қодир эканлигини англагандай бўламан. Бу оддий майдон эмас, мўъжизалар майдони. Ҳайрат, сиру синоат  майдони.

Регистон бугун куйлаяпти. Шарқнинг, озод ва обод юртнинг сеҳрли ва сокин, жўшқин ва завқли, ҳаётбахш қўшиқларини айтаяпти.  Биз йиллар давомида истиқлол бонги, бугуннинг нафаси, ўзбекнинг қалбини эшитаяпмиз. Шунга ҳам  йигирма йил бўпти. Инглиз адиби Киплингнинг “Шарқу Ғарб ҳеч қачон бир нуқтада кесишмайди”, деган хитобини эшитган бўлсангиз керак. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ғояси ва ташаббуси билан 1997 йилда бошланган  “Шарқ тароналари”  халқаро мусиқа фестивали бундай тўсиқни орадан олиб ташлади. Шарқ ва Ғарб, дунё санъат аҳли қўшиқлар оғушида, меҳр ва оқибат ила Регистонда учрашди. 1997 йилда 32 мамлакатдан мусиқачилар иштирок этган бўлса, 2009 йилда бу кўрсатгич 47 тага етди. Турфа оҳанглар, кўрик-танловга иштиёқ таъсирида халқлар бир-бирига янада яқинлашди. Маданий алоқалар юксала бошлади. Бундай илиқлиқ, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка “Шарқ тароналари”-халқимизнинг тинч ва тотув ҳаёт, эзгу масад, келажакка бўлган ишончидан униб чиққан дил дурдонлари, юртбошимизнинг санъатимизни жаҳонга танитишдек муроду муддаолари сабаб бўлди.  Фестивал иштирокчиларидан бири, япониялик мусиқашунос Томона Миазаки: “Аввало, фестивал ҳақида эшитганимда, “нима учун шарқ тароналари анжумани бу юртда ўтади?” деган савол пайдо бўлган эди. Лекин бугун тарихий обидаларга бой Самарқандда бўлиб, фестивал жараёнларида иштирок этиб, амин бўлдимки, бу нафақат шарқ халқлари, балки, бутун дунё миллий мусиқа санъати аҳлининг йирик тадбири экан. Мен бу фестивалда қатнашаётганимдагн фахрланаман”, деган эди.

Самарқандда ўтаётган халқаро мусиқа фестивалларини доимий равишда вилоят телевидениесида баҳоли қудрат ёритиб келган журналист, ижодкор сифатида унинг нуфўзи йилдан йилга ортиб бораётганига аминман. Бу фестивал кеч тушиши билан халқ сайли тусини олади. Регистондаги асосий кўрикдан сўнг турли миллат ва элатларнинг ўзига хос қўшиқлари ва куйлари Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари, туманлардаги амфитеатрларда жаранглай бошлайди. Эл улус бу анжуманнинг беихтиёр иштирокчисига айланади. Кўзлар қувонади, қалблар яйрайди. Фуқаролар чет эллик санъат усталарининг ҳаёти ва фаолияти, урф-удумлари, либослари, мусиқа асбобларигача қизиқиш билан қарашади ва аксинча. Меҳмонлар халқимизнинг меҳмондўстлиги ва самимийлигидан ғоятда қувонишади. Диллар дилларга боғланади. Бу пайтда ҳақиқатдан ҳам ҳеч кимга тилмоч керак бўлмайди.

2007 йил 26 август куни оммавий ахборот воситаларига интервью берган “Шарқ тароналари” VI халқаро мусиқа фестивали ҳакамлар ҳайъатининг раиси, хитойлик Цзин Ти Лин шундай деган эди: “Шарқ таронлари” халқаро мусиқа фестивали ўзининг жозибадорлиги билан жаҳонинг қанчадан қанча қўшиқ усталарини бу куҳна шаҳарга чорлаяпти. Улар турли тилларда куйлашаяпти. Аммо, мусиқани, қўшиқни ангалаш учун бирор бир миллат вакилига таржимон керак бўлмаяпти. Чунки, куй-қўшиқнинг қудрати шунчаликки, у ўз ҳолича ҳар қандай миллатнинг қалбига кириб бора олади.” Шунинг учун ҳам бугунга қадар бу дилтортар мусиқа анжумани, жўшқин куй-қўшиқлар танловига келувчиларнинг сони ортиб бормоқда. Ўзбекистонни кўриш, Шарқ гавҳари саналган Самарқанднинг дийдорига етиш мақсади дунё халқлари вакилларини бирлаштириб турибди. Бир қаноти аҳиллик, бир қаноти бирдамлик бўлган кўнгил тароналари бу йил ҳам ўн биринчи бор яна Самарқандда янграйди.

Фестивал тарихига назар солсак, бу тарихий саҳнада қанчалаб ҳаяжонли дамлар, санъат мўъжизаларига гувоҳ бўлдик. Оташқалб, жўшқиннафас қўшиқчиларни кашф этдик. Улар ўз диёрлари, халқи эзгу истаклари, урф-одатлари, удумларини намойиш қилишди. Қуёшли юртимиз ҳавосидан баҳраманд бўлишиб, халқимизнинг ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлишди. Шарқ ва миллий тароналаримиз завқи шавқини ўзоқ юртларга олиб кетишди. Шу тарзда  Ўзбекистон дунё мусиқа маданиятининг марказларидан бирига айланиб улгурди.

Айни кунларда ушбу катта анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бир ҳафта давомида ўтказиладиган мусиқа фестивали нафақат миллий куй-қўшиқларимизнинг ўзига хослиги ва ранг-баранг жилоси, балки, ўзбек халқининг маданияти ва санъати, урф-одати, удумлари, бағрикенглиги ва санъатсеварлигининг қай даражада эканлигини ҳам кўрсатади. Республикадаги тегишли ташкилотлар, вилоят ҳокимлиги раҳбарлигида анжуманга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Санъат аҳли, раққосалар, режиссёр ва бастакорлар, талаба ёшлар бир жамоа бўлиб Регистон мажмуаси саҳнида эрта-ю кеч тер тўкишмоқда.

“Шарқ таронлари” халқаро мусиқа фестивалининг халқларни бирлаштирувчи ғояларига эътибор берсак, анжуманни нақадар зарур ва ҳаётбахшлигини чуқурроқ англаб етамиз. “Шарқ тароналари-мусиқа дурдоналари”, “Озод ва эркин инсон қўшиқ айтади”, “Шарқона наволар –дилларни даволар”, “Кўнгилларнинг кўприги — қўшиқ”, “Қўшиқ боғлар дилларни дилга”, “Дунёдаги эзгу туйғулар, қўшиқ билан бирга туғилар”… Қаранг, қанчалар теран, дилга ғурур берувчи даъватлар мужассам бунда. Фестивалнинг эзгу ғояларларга “лаббай” деб жавоб берганлар, юртимиз жамоли ва юртдошларимиз меҳридан баҳраманд бўлганлар орасида жаҳон қўшиқчилиги юлдузлари, таниқли санъаткорлар, ҳаваскор хонадалар, ижро мақоми турлича бўлган ансамбллар ҳам бор. Уларнинг сони, мусиқа танловига қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган йили 67 мамлакатдан 387 нафар санъаткор келган бўлса, бу йил уларнинг сафи янада ортиши кутилмоқда.

Самарқанд ҳар куни мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар оғушида уйғонмоқда ва ором олмоқда. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун вилоятда 8та ишчи гуруҳ фаолият юритаяпти. Улар 800 нафарга яқин меҳмонни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, саёҳатлар ташкил этиш, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланишади. Фестивалнинг ўтиш жараёнини ташкил  ва таҳлил қилиш учун 2 та штаб тузилган бўлиб, барча жараёнлар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари ходимларига тақдим этилади. Бу йилги халқаро мусиқа анжумани ўтказилиши олдидан яна бир янгилик кутилмоқда. Самарқанддаги форумлар саройида мусиқа маданияти ривожига оид илк бора халқаро конференция ташкил этилади.

 Халқларни бирлаштирувчи мусиқа анжумани кўнгилларга кўтаринки кайфият бериб, юрт ободлигига ҳам сабаб бўлади. Ҳозир Самарқанд кўчаларига янгича назар  ва талаб билан қаралиб, мусиқа фестивали ва унинг ғояларини ифода этувчи паннолар ўрнатилмоқда. Ён-атроф замонавий дизайн асосида кўкаламзорлаштирилиб, анвойи гуллар экилмоқда. Тарихий обидалар янада салобат ва кўркамлик касб этаяпти. Буни Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди, Ҳазарти Хизр масжиди, Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр мажмуалари мисолида кўриш мумкин. Бу йил Самарқандда қўшалоқ байрам “Шарқ таронлари” халқаро мусиқа фестивали  Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик тантаналарига уланиб кетади. Бугун тенглар ичра тенг мамлакатимизнинг олам аҳли баҳраманд бўлаётган байрамлари ҳар биримизга беҳисоб ғурур ва ифтихор бағишлайди.

       САМАРҚАНД ХАЁЛИ

 

Замин оғушида асрлар оша,

Ақли шууримга сиғмай келбати,

Минорлар оламни қилур томоша,

Давру давронларнинг кўрки, хилқати.

 

Кезиниб, тун маҳал  гузарлар аро,

Ўтмишнинг униққан ранги рўйидан,

Кўраман, тарихни дониш, фуқаро

Хиргойи туқийди кўнглин куйидан.

 

Карвон қўнғироғи тинган кўчада,

Туялар тиз чўкиб кавш қайтарар.

Ҳужралар ёришиб ойдин кечадан,

Толиби илмлар ҳикмат ахтарар.

 

Қарангки, гумбазлар асрлар оша,

Улашар майсага осмон рангидан.

Эрк берар Оллоҳ ҳам элга яраша,

Самарқанд уйғонар иқбол тонгидан.

 

Илму нужум шунда, фалакиёт ҳам,

Навоий навоси,  ғазал макони.

Темур боғларида зоҳир хушбуй таъм,

Кўзларни қувнатар пўлоди нони.

 

Боғи дилкушодан эсган ҳар насим,

Етган иқлимига йўллайди нома.

Шаҳримга тикилиб келар ҳавасим,

Бу – Шарқнинг сурати-ориф, аллома.

 

Келиб кетаверар, зиёратга минг,

Мовий салтанатга маҳлиё дунё.

Асрий таронага Регистонми, ринг,

Самарқанд ҳайратнинг ҳайкалими, ё?!

 

 

Тошпўлат ЎРХУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси масъул котиби

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат
Шеърлар Шеърлар
ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади