"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Ўқилди: 57

         Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, ёш ижодкорлар ва уюшма муассислигидаги газета-журналлар ижодий ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, бугун мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида рўй бераётган тарихий воқеалар барчамизни бедор ижодий кайфиятга ва самарали меҳнатга ундаётганини таъкидлади.

— Президентимизнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакилларини қабул қилгани ва ушбу учрашувда сўзлаган маърузаси ана шундай муҳим воқеалардан бири бўлди, — деди у. — Бу тарихий учрашувда ижодкор масъулияти, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қутлуғ ниятлар албатта ўз натижасини беришига ишончимиз комил. Адабиёт ва санъат, маданият равнақига бағишланган мазкур давлат анжуманидан кейин юртимиз бўйлаб ижодий жараён қизғин тус олди. Жумладан Фарғонада ўтказилган Адабиёт кунларини таъкидлаш жоиз.

Шунингдек йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Халқ банки ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “дўстлар кулуби” ташкил этилгани ҳамда келгуси ишлари режалаштирилаётгани ҳақида тўхталиб ўтилди. Юртимизнинг сўлим гўшалари — Зомин ва Паркент туманларида шоир ва ёзувчиларимиз учун янги ижод масканлари ташкил этилиши ҳам бетакрор асарлар яратилишига замин бўлиши таъкидланди.

Тарихий учрашувда барчамизни ўйлантираётган муоммоларнинг одилона ҳал этилгани айтиб ўтилди. Энди ижодкор бошқа ташвишларга чалғимай, фақат ҳақиқий ижод билан шуғулланадиган кунлар келди. Энди замон адибдан юксак руҳдаги асарлар талаб қилишга юз бора ҳақли.

Бугун биз янгиланиш, бунёдкорлик даврида яшаяпмиз. Юртимиз шаҳар ва қишлоқлари тобора замонавий қиёфа касб этаётир. Бир-биридан чиройли уйлар, турли иншоотлар қад ростламоқда, кўприклар қурилмоқда, йўлларимиз, кўчаларимиз обод бўлиб бормоқда. Ана шу ободликни, албатта, бизнинг бунёдкор халқимиз, замондошларимиз амалга оширмоқда. Замонамиз қаҳрамонлари ҳақида юксак бадиий савияли асарлар яратиш ҳар бир ижодкорнинг бурчи экани қайта-қайта таъкидланди.

Юқоридаги фикрларни қўллаб-қувватлаган Шарифа Салимова, Усмон Азим, Абдуқаюм Йўлдошев, Азим Суюн, Зулфия Мўминова, Мирпўлат Мирзо, Турсун Али, Абдуҳаким Фозилов ва бошқа ижодкорлар Президентимиз маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, ижодкорнинг бурч ва масъулияти, замонавий қаҳрамон образини яратиш, китоб нашри ва китобхонлик, ҳамюртларимиз маънавиятини юксалтиришда, оммавий маданиятга қарши кураш сингари долзарб масалаларда ёзувчиларнинг ўрни ҳақида гапирдилар. Президентимиз маърузаси адабиёт аҳли учун дастурил амал бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Йиғилишда адиблар яқин кунларда амалга оширадиган ижодий режалари, қоғозга туширадиган бадиий асарлари ҳақида маслаҳатлашиб олишди.
           

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат
Шеърлар Шеърлар
ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ ЮКСАК РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАНДИ
Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади Халқ қалбига йўл топиш – ижодкорларнинг олий мақсади