"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шеърлар

Ўқилди: 383

                                                                                                                                       Маъмура ЗОҲИДОВА

ВАТАН

Эл нима, недир ватан,

Зўру зарим йўқ менинг.

Кўнглимдаги меҳримдан

Кўнглим буткул тўқ менинг.

 

Ўзгага тилаганим

Ўзимга айтганимдир.

Элимни демаганим

Худодан қайтганимдир.

 

Туғилганда эркалаб

Қўлларида турганим,

Атак-чечак қилганда

Изларидан юрганим.

 

Қўлларимни куйдириб,

Этакка тушган кулчам.

Оқизоқ жилға томон

Сўқмоғим, митти йўлчам.

 

Тенглар билан тортишган

Тупроқ кўчамсан, Ватан!

Илк севгисан, илк армон,

Висол гўшамсан, Ватан!

 

Тўрт қадам кетсам йироқ,

Узилган кипригимсан,

Ғовасойнинг устида

Кўз тутган кўпригимсан.

 

Бағрингда мен боламга,

Умид тикиб яшайман.

Сен ўхшайсан онамга,

Мен ўзингга ўхшайман.

 

Саҳарларда эсга ол мени

 

Юпунгина кўнглим тахтида

Худо омон асрасин сени.

Қалбим йиғлар тўлиб бахтидан,

Саҳарларда эсга ол мени

 

Қалдирғочлар учар айланиб,

Баҳор ёзга ўтар бойланиб,

Мен ўзимга қолдим сўйланиб,

Саҳарларда эсга ол мени.

 

Бизнинг йўллар олисдан-олис,

Дилимдек дил қайда бор – холис,

Теграм тўла, мен эса ёлғиз,

Саҳарларда эсга ол мени.

 

Умрдан ҳеч тўлмайди кўнгил,

Сенда биллур, менда битта гул,

Ўзга чоғда тақдир томон бўл,

Саҳарларда эсга ол мени.

 

Дунё мендан безадир боқсам,

Дилга овунч, жонга титроқсан,

Сенга қилча ёқмасам-ёқсам

Саҳарларда эсга ол мени.

 

Ишқ азоби

 

Менга насиб бўлди ишқ – гўзал,

Қалбим – севги уммонида хас.

Ишқки, ҳатто йиғлатган маҳал,

Кечиб бўлмас, кечмай ҳам бўлмас.

 

Бергим келар дарднинг жавобин,

Четга суриб умр савобин.

Кўз тикканим – ҳижрон шаробин

Ичиб бўлмас, ичмай ҳам бўлмас.

 

Бунча азоб борми ўзгада,

Имкони йўқ баён сўзга-да.

Сирларини жондек дўстга-да,

Очиб бўлмас, очмай ҳам бўлмас.

 

Дунё олов шуурда бугун,

Оғир синов бўлди дил учун,

Бу шундайин сирли бир тугун –

Ечиб бўлмас, ечмай ҳам бўлмас.

 

Изҳор

 

Борлигимни билсанг, азизим,

Бу дунёга келган бўламан.

Ғам чоғида ёдга ол бир зум,

Мен ёнингда турган бўламан.

 

Юрагингга севинч кирса бот,

Кунларингда болдек бўлса тот,

Мамнун этса гулгун бу ҳаёт,

Сени дуо қилган бўламан.

 

Ўзгаларга айласанг парво,

Ўзгаларни айласанг шайдо,

Кўнглим тилка, юрагим адо,

Нима бўлсам бўлган бўламан.

 

Тутилмаса кўрганда тилим,

Кўзимга ёш келмаса лим-лим,

Эсламасанг: “Ким эди бу, ким?”

Қачонлардир ўлган бўламан.

* * *

Болакайга

 

Жажжи гўдак, кулгуларинг ширин бунча?

Айланайин қўлдаги кўзмунчоғингдан.

Бу ёқимли ҳидларингга тўйгунимча,

Бўйнимни ҳеч бўшатмагин қучоғингдан.

 

Мўъжизадек кўринарми олам сенга,

Кўзларингда чақнаётир катта ҳайрат.

Чопиб-чопиб юришларинг ҳавас менга,

Миттигина вужудингда шунча ғайрат.

 

Сен– беғубор ҳам олдинда гўзал ҳаёт,

Шу дамларда сендек бўлиб қолсам қани.

Ўйнай бирга, янги ошна келибди деб,

Дўстларингга бир етаклаб боргин мани.

 

Сенга тўплар олиб берай, ўйнай десанг,

Бу тўппонча қўлларингга ярашмайди.

Қизчаларга қараб “пақ” деб отар бўлсанг,

Бир марта ҳам сенга кулиб қарашмайди.

 

Бир кун сендек ширин гўдак бўлган зотлар

Бугун кимни отиб, кимни сотадилар.

Шундайлар бор, ёвуз ишга улгурай деб,

Ўлгунича у ён-бу ён чопадилар.

 

Сен уларга сира-сира ўхшамагин,

Яхши бўлиб келганинг бор дунёларга.

Омон бўлгин, ёмон бўлиб яшамагин,

Жавоб бўлиб сенга учган дуоларга.

 

Бўйнимни ҳеч бўшатмагин қучоғингдан.

 

*    *     *

Ҳаловатли кунлардан

Насибам хўп оз экан.

Дунёнинг жўр овози

Бир ёлғончи соз экан.

 

Оқ-қорадир−кун ўтар,

Қанча ташвишим битар.

Эҳтиёж − дилга ботар

Ишва экан, ноз экан.

 

Бошда дунё гул эди,

Гўзал эди, зўр эди.

Бору йўғим шул, деди,

Юзлари пардоз экан.

 

Сен айт, мен тўлай, деган,

Кўнглингни силай, деган,

Жимгина тинглайдиган

Бир варақ қоғоз экан.

 

Менга…

 

Менга вафо керак, менга бахт керак,

Паймона қадарли тузмиш аҳд керак.

Ёлғон сўзлар билан қотирма бошим,

Насия бўлмайди, менга нақд керак.

 

Ишқ шунча озорми битта жонимга,

Келадир савдоси гирибонимга.

Асирлик ташналар қилар қонимга,

Ишққа қуллик керак, менга тахт керак.

 

Севгинг қудратига лолмисан ўзинг,

Кун келиб ўзгани кўрмасми кўзинг,

Севаман деб ҳайқир, ўт бўлсин сўзинг,

Менга шундай журъат, шундай шаҳд керак.

 

Изҳор кечикмасин, хабар қил энди,

Йўлим пойлаб вақтдан зарар қил энди,

Жавобин сўрама, сабр қил энди.

Мен ўйлаб кўрайин, менга вақт керак.

 

Сархушлик

 

Азобларда тўлғондим бу тун,

Яшайманми кетса тонг отиб?

Ишқ юлдузин топганим учун

Ўз-ўзимни қўйдим йўқотиб.

 

Энди излаб юрибман сархуш,

Тотли азоб кўнглимда маним.

Қанча бўлса шунча бўлди хуш

Ўзимни ҳеч тополмаганим.

 

Ўйлар ширин, бошим унга тор,

Севмам десам жонимга туҳмат.

Яна қандай жазоларинг бор

Шу афтода ҳолимга, қисмат?

 

Терс юмалоқ ерни тепмасдан,

Қуёшга тик боргум пиёда.

Жўн ва узоқ яшаб ўтмасдан,

Куйгим келар бундан зиёда.

 

Бошим силаб кузат, эй дунё,

Бир кун сенга керак бўламан.

Кўп бўлсин деб ишқ отли зиё,

Шу қуёшга юрак бўламан.

 

Йўқса қаро тунларда ғафлат,

Сарғайтирар толе юзини.

Кун кўзидан нур сочиб фақат,

Ёндираман ёрнинг ўзини.

 

У…Менингмас бошидан-охир,

Лек, кўкдай кенг хуш хаёлимдир.

Ерда топган давлатим ахир,

Дилга томган қатра болимдир.

 

“Ўткан кунлар” ни ўқиб

 

Мени ҳамон йиғлатади “Ўткан кунлар“,

Кумушбиби Марғилондан кетган кунлар,

Азоб ила Бек юзига юзин босиб,

Сўнг уялиб дунёсидан ўтган кунлар.

 

Зайнаб ноласи

 

Бир ҳовлида опа-сингил бўлай десанг,

Майл этмай, юзим бурдим, Кумушбиби.

Не қиларди Тошканда ҳам умр кўрсанг,

Мен нималар қилиб қўйдим, Кумушбиби?

 

Ўша кунги кўздан чиққан ёшинг – оғу,

Менинг бутун борим- усту бошим– оғу,

Воҳ, бегимнинг бир умрлик оши –оғу,

Мен нималар қилиб қўйдим, Кумушбиби.

 

Бир қарасам, ўлган – ўзим, ўзим – Кумуш.

Кўзинг очиб бир бор қара ўзинг, Кумуш.

Энди менга бу оламда нима юмуш,

Мен нималар қилиб қўйдим, Кумушбиби?

 

Нега ёдга олмадим-а Ёдгорингни,

Йиғлаб ётар энди қилиб хумморингни.

Тупроқларга кўмдирдим-ку дийдорингни,

Мен нималар қилиб қўйдим, Кумушбиби?

 

Сендай сулув кўрмагандим таниб эсим,

Не қилайки, анчайин кеч кирди эсим.

Увол кетди сенинг жонинг, менинг эсим,

Мен нималар қилиб қўйдим, Кумушбиби?

 

Билмадим…

 

Билмадим, мен қачон кетдим ўзимдан,

Билмадим, мен қачон кечдим ўзимдан?

Ёшликда гул аксин тутган ойналар

Бугун алдовларни топар юзимдан.

 

Нафис қалб торлари тортдими дағал

Мен қачон унутдим бахтнинг таъмини?

Оппоқ дунё рангин туймай лоақал

Қачон тортиб кетдим нафснинг ғамини?

 

Маънисиз ҳасратдан тинмабман, ахир,

Пушаймон отилгай кўксимни тилсам,

Сирдошим, ҳозирмас, учрашармиз бир,

Билмадим, қачондир ўзимга келсам.

 

Дил рози

 

Сени излаб кетгим келар дунё кезиб,

Покдилгинам, қайлардасан, қайлардасан,

Борлигингни ғариб кўнглим турар сезиб,

Олисмикан, кўз ҳам етмас жойлардасан?

 

Сени излаб кетгим келар Шому Ҳалаб,

Чину Мочин кезар бўлсам, топармуман?

Лол бўлса ҳам бу ҳолимга Ажам, Араб,

Изинг тутган тупроқларни ўпармуман?

 

Китоблардан тошар асли дилим рози,

Кўзларингга бир боқмоқлик борму экан.

Дийдор учун умрдан ҳам бўлиб рози,

Лаҳза бўлсин висол бизга ёрму экан?

 

Чексиз кўкдан нажот кутиб кўзлар нигор,

Дил ўтинар яратгандан билганича.

Бахтдир менга жонни сенга қилмоқ нисор,

Гул умрнинг ўнинчиси сўлгунича.

 

Ай, дилим

 

Сабилгина жонимга савдо бўлган севгимай,

Кетар бўлсанг кет ахир, сенга нима дердимай.

Бу ҳисларнинг бозори боримни олди шилиб,

Ай, биргина кўнгилни бедилга бой бердимай.

 

Бемор юракни қучиб бедор неча тонг отар,

Мен пинҳон қилган сайин ағёр кўзларим сотар.

Бир тескари айланса ўнгларми дунё ишим,

Ғариб кўнглим устида тақдирнинг боши қотар.

 

Ай дилимай, ай дилим, талафотга бой дилим,

Нега бизлар ёқда йўқ ҳаловатга жой дилим…

 

Маъзур

 

Мана келдим, товушсиз, сокин,

Ҳувиллабди бизнинг хиёбон.

Хазон босиб юрайлик секин,

Чиқақолгин энди, қадрдон.

 

Эзиб ёғар ёмғир эринчоқ,

Қор бўлайми, бўлмайинми деб.

Гунг толларга тикилар қароқ,

Йиғламайми, йиғлайинми деб.

 

Изғиринлар юмдалар юзни,

Ёдга солар ҳаёни зимдан

Тортқилаган кўнгилдир ўзни

Андишани олиб кўзимдан.

 

Туйғу сиғмас иссиқ уйлардан

Ёмғирларга қочиб кетайлик,

Юзин ювган кузги гуллардан

Изимизга сочиб кетайлик.

 

Лаҳзада минг титрайди юрак,

Айрилмасак энди бўлмайди.

Видо эмас, хайрлар керак,

Висол тугар, севги ўлмайди.

 

Чиқақолгин, сўнгги бор кулиб,

Яйрашамиз, узоқ юрамиз.

Ёмғирларга кўксимиз тўлиб,

Сўнгги бора бахтли бўламиз…

 

Мана кетдим, яхши қол энди,

Кечир, буздим ҳаловатингни

Топширгани келдим, ол энди,

Сўнгги узрим ─ омонатингни.

 

Ҳаёт маъноси

 

Нотинч бўлиб ҳамиша,

Ҳар ёнга чопдик жуда.

Гоҳо ишда бор самар,

Гоҳо бари беҳуда.

 

Бир умр беҳаловат

Қидирдик халоватни.

Минг уриниб излармиз

Бир роҳат-фароғатни.

 

Туғилганидан инсон

Қарий бошлар кун сайин.

Бошланган ҳар неки бор,

Якун топмоғи тайин.

 

Умр йўлмикан ёхуд

Катта йўлга йўлакча.

Қўлдан кетса ─гуноҳдан,

Топганимиз ─ тилакча.

 

Ҳаёт маъноси балки,

Покиза руҳ, бут иймон.

Англасам, тўқсонда ҳам

Гўдак бўларкан инсон.

 

Болажон

 

Кексариб бормоқда бу олам,

Кун сайин тотлидир танда жон.

Беғубор кўзингга боққан дам,

Мен сени қутлайман, болажон.

 

Бу умр китобин варақлаб,

Кўздан нур кетадир чарақлаб,

Теграмдан ахтариб, сўроқлаб,

Мен сени қутлайман, болажон.

 

Ҳали кўп байраминг, тўйларинг,

Чинорлар бўлади бўйларинг.

Ҳеч кирлаб қолмасин ўйларинг,

Мен сени қутлайман, болажон.

 

Сен ҳали ўтарсан ҳаммадан

Муборак ҳур ҳаёт, гул чаман

Ардоқлаб суядир шу Ватан,

Мен сени қутлайман , болажон!

 

Вақт

 

Осиб қўйдим вақтни деворга,

Имконимни олгани учун.

Изн бермай ширин дийдорга,

Ўзга ғавғо солгани учун.

 

Осиб қўйдим вақтни деворга,

Кун кўрмоққа қилмади рухсат.

Қўйиб ўтди жонни озорга,

Пушаймонга кўп берди фурсат.

 

Осиб қўйдим вақтни деворга,

Ортига бир боқмаган золим.

Жазо бердим тортгандай дорга,

Токай келар у мендан ғолиб?

 

Осиб қўйдим, ёшлигим дамлар,

Билагимдан тутиб юрарди.

Дилдаги ғаш, кўздаги намлар,

Барисини ютиб турарди.

 

Осиб қўйдим вақтни деворга,

Мени излаб айлансин боши.

Чопганлари кетар бекорга,

Нур бермаса ҳужрам қуёши.

 

Осиб қўйдим, додлаб турар вақт,

Йўқман унинг эрталигида.

Топилмади бир саҳифа бахт,

Бу соатнинг кундалигида.

 

 

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Эълон Эълон
ДЎСТ ЁДИ ДЎСТ ЁДИ
БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ