"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда сўзлаган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган муносабат

Ўқилди: 183

Юракдан айтилган сўз юракларга етиб боради. Бежизга сўзни қалбнинг кўринишига менгзашмайди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 август куни мамлакатимиз зиёлилари билан учрашувдаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш — халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги маърузаси ижод аҳлининг кўнглига катта ғайрат ва завқ улашди.

Орадан бир ҳафта ўтди, аммо ҳамон таҳририятимизга ижодкорлардан келаётган мақолалар, эътироф, истак ва таклифлар баён этилган хатлар оқими тўхтагани йўқ. Уларнинг мазмунидан кўтаринки ижодий руҳни англаш қийин эмас. Кино, театр, адабиёт ва журналистика соҳасида фаолият юритаётган адиблар, журналист ва санъаткорлар Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори учун ўз миннатдорлигини, хайрихоҳ, холис муносабатларини қоғозга тушириб жўнатишмоқда. “Кўнглимиздаги гаплар айтилди”, “Ҳақиқий асарлар яратиладиган давр келди”, “Ижоддан тўхтамаймиз”, “Энг сара асарларимиз эл-юрт учун, Ватан учун”, “Албатта, ишончни оқлаймиз…”.  Ана шундай дил сўзларини ўқиб, сўз ҳаётнинг буюк қуроли эканига яна бир бор амин бўласиз. Таклифлар, фикрлар, куюнчаклик билан айтилган мулоҳазалар сиз муштарийларни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

 

КЎНГИЛЛАРДА ИЖОДИЙ ШАВҚ ВА ЖЎШҚИНЛИК

Давримиз ғоятда шиддатли ва улкан ўзгаришларга бой бўлмоқда. Куни кеча, 8 август куни Қўқон шаҳрида “Амирий ва Қўқон адабий муҳити” мавзусида республика анжуманида қатнашдик. Бу анжуман бутун Фарғона вилояти бўйлаб адабиёт байрамига айланиб кетди. Амирийнинг 230 йиллиги, Абдулла Қаҳҳорнинг 110 йиллиги, Ҳазиний юбилейи, Йўлдош Сулаймоннинг 80 йиллик, Анвар Обиджоннинг 70 йиллик тўйлари ушбу анжуманга уланиб кетди.

Юртбошимизнинг Ўзбекистон ижодкор ­зиёлилари вакиллари билан учрашувидан сўнг бизни ҳанузгача юксак кайфият тарк этгани йўқ.

Мазкур учрашувда муҳтарам Президентимиз адабиёт, умуман, ижод аҳли муаммоларини ҳаммамиздан кўпроқ билишлари, уларнинг ечими йўлида қанчалик жонкуяр эканликларини кўрдик. Маърузаларида жуда кўп муаммолар қамраб олинди.

Учрашувдан аввал узоқ вақтлардан бери ижодкорларни қийнаётган, ўзим ҳам ўйлаб юрган муаммоларни қоғозга тушириб, Юртбошимизга мурожаат қилишни мўлжаллаб тургандим. Қарангки, бунга ҳожат ҳам бўлмади. Президентимиз мулоқот давомида ўша муаммоларни ҳам тилга олиб, уларнинг ечими ҳақида аниқ фикрларини билдирдилар.

Масалан, ижодкор учун “таътил” ёки “нафақа” деган тушунчалар жуда нисбий саналади. Чунки уларнинг “дам олиш куни” ёки нафақа даврида ижодни тўхтатишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Асл ижодкорнинг қалами, кечаю кундуз ёки йил фаслларидан қатъий назар, ёзишдан тўхтамайди. Адибларимиз айни донишмандлик ва ижодий балоғат палласи бўлмиш нафақа даврида асар ёзса, ё гонорардан ёки пенсиядан воз кечишга мажбур эдилар. Бугунги бозор иқтисоди шароитида ана шундай фидокорлик ва шижоат  билан ижод қилаётган қаламкашларнинг қувончини ҳис этиш қийин эмас.

Шукрки, юртимизда ижодкорлар жуда кўп. Вилоятларда ўзига хос ижодий мактаб яратган адибларимиз бисёр. Аммо пойтахт ижодий муҳитидан баҳраманд бўлишни ким истамайди дейсиз? Муҳтарам Юртбошимиз, улар учун пойтахтда рўйхатдан ўтиш масаласи ҳал этилишини айтганларида, ўрнимдан қандай туриб, қарсак чалиб юборганимни билмай қолибман…

Замонамиз қаҳрамони ким? Биз ижодкорлар уни қандай қиёфада кўряпмиз? Бу тасаввурларни қандай ёритмоқ керак? Аслини айтганда, улар ёнимизда юрибди, биз ён-атрофимизга теранроқ назар ташлашимиз лозим. Илгари “ижтимоий буюртма” деган гап бор эди. Аслида юраги қайнаб, жўшиб турган ижодкор буюртмага ҳам қараб турмайди.

  Муҳтарам Президентимиз билан учрашувдан кейинги таассуротлар қандай? Кўнгиллар чароғон, ижодий жўшқинлик. Ҳар бир қаламкаш билан гаплашсангиз, янги-янги ижодий режалардан гап очади.

Куни кеча уюшмада ўтказган йиғилишимизда уюшма аъзолари бу каби гапларини айтиб, тугатишининг имкони бўлмади. Шу боисдан, барчалари ўз режаларини ёзма равишда уюшмага келтириб берадиган бўлишди. Мана шунинг ўзиёқ қанчалик қувонарли ҳол! Чунки ижод аҳли учун энг асосийси – дилдаги ижодий шавқ, ғоя ва режаларнинг кўплиги!

Ҳа, қалам аҳлининг жўшиб-жўшиб, тўлиб-тошиб ижод қиладиган вақтлари келди. Энди қаттиқ ишлашимиз керак, азизлар! 

  Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси

 

 

БАЙРОҚДЕК ҲИЛПИРАР ВАҚТ…

Адаб ва маърифат манбаи бўлмиш адабиёт инсоният учун, жами миллату элатлар учун яшаш моҳиятини белгилаб берадиган хилқатдир. Адабиёт миллатнинг руҳи, жону жаҳонидир! Халқнинг маънавият даражаси унинг адабиёти, ижодкорларининг салоҳияти билан белгиланади. Дунё заволга кетаётган бўлса, уни камолга буриб юборадиган куч ҳам адабиёт! Инсоният маънавияти инқирозга юз бураётган бўлса, уни қутқаргувчи куч ҳам адабиёт.

Халқимиз неча асрларки урушу қатағонларда ҳам ўз жонини эмас, китобни асраб қолган халқ. Аждодларимизнинг олтину тиллоларни эмас, китобни асраб яширгани учун қатағонга учраганини ҳам кузатганмиз. Китоб, адабиёт шу қадар илоҳий неъматки хал­қимиз бу хилқатни жон бериб ҳимоя этган, асраган. Шу маънода ҳам адабиётимиз ва адабий жамоатчилигимизга кўрсатилаётган бугунги ғамхўрликларга, қўйилаётган вазифаларга биз лаббай деб жавоб беришимиз шарт!

Қисқа муддат ичида адабий ҳаётимизда шу қадар кўп янгиланиш ва воқеалар юз бердики, уларни кузатиб ўзингни кундан-кун янаям баланд учаётган қушдек ҳис қиласан одам. Миллий боғимизда Адиблар хиёбонининг ташкил этилиши, ўзбекнинг икки улуғ шоири Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов номларининг абадийлаштирилиши, бир қатор истеъдодларни кашф этган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарининг тикланиши, ҳар бир тараққиёт жараёнида, албатта, адабиётчилик манфаатлари илгари сурилаётгани бизни ғоятда қувонтирмоқда.

Президентимиз маърузасида адабиётга кўрсатилаётган ҳомийликларни кўриб биз ижодкорлар қачон бу қадар эҳтиром кўргандик, қачон бу қадар эъзозлангандик, деб ўйлаб қолдим. Тарих гувоҳлик берадики, халқ ҳеч қачон ўз шоирига, ўз ижодкорига берилган озорни ҳам, кўрсатилган эҳтиромни ҳам унутмайди! Бугун замондош ижодкорларимизнинг руҳи баланд. Улар ҳар куни телеэкранларимизда булбулигўёдек шеър ўқиб,    халқимизга маърифат ва зиё тарқатиб ҳар лаҳзаси байрам бўлган кунларни нишонлашмоқда. Телеэкранларимизда барча соҳаларнинг муаммолари очиқ айтилмоқда. Ҳокимият вакиллари оддий халққа яқинлаштирилди, юртдошларимиз билан ҳокимликлар ўртасида аллақачонлар узоқлашиб кетган масофалар қисқартирилиб, Чўлпон ҳазратлари айтгандек,  лавозим  эгалари халқ ичига бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг барча соҳалардаги ташаббусларини кузатиб бир улуғ инсоннинг фикрларини эслаяпман. Файласуф Демокрит: “Давлатни   бошқариш   санъати  —  санъатларнинг   энг  улуғидир:” дейди. Президентимиз бу санъатни юксак даражада олиб бормоқда ва улар «…Ким қайси лавозимда бўлмасин халқининг хизматини қилиши керак» дейдилар.

Демоқчи бўлганим биз қадрли Президентимиздан кўп нарсани, айниқса, фидойиликни, эли учун ёниб ишлашни, халқ манфаати учун бирлашишни, халққа хизмат қилишни ўрганишимиз керак!

Адабий ҳаётимизда узоқ вақт давом этган тарқоқлик, асл истеъдод эгаларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилиши ташвишли ҳол эди: “Ҳақиқий истеъдодлар ўзи йўл топиб кетаверади», деган тушунча ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермайди. Ҳар бир инсон, айниқса, ижодкор ўз тақдири йўлидан борар экан, албатта, унга хайрихоҳ инсонлар керак бўлади, ҳеч ким ўзича юзага чиқиб қолмайди. Маълум маънода мен ёшлигимда беназир инсон Шароф ота Рашидовнинг назарига тушиб, у кишининг ғамхўрликларини кўрмаганимда балки тақдирим шоирлик деган ўзандан адашиб кетиши ҳам мумкин эди.

Биз устозлик мақомига етган ижодкорларга нафақат асарларимизга қараб, балки ортимиздан келаётган навқирон авлоднинг бўю бастига, шогирдларимизнинг эришган ютуқларига қараб ҳам баҳо берадилар. Шунинг учун ҳам бугунги ёш ижодкорларни тўғри йўналтира оляпмизми, уларга тўғри йўл кўрсатяпмизми, улар адабиётнинг зилдек оғир юкини кўтара оляптиларми, деган саволларни ўзимизга беришимиз керак.

Бугунги ёш ижодкорлар ижодини кузатар эканман, бу ўринда ҳам ­Президент ташаббуси билан 20 йил олдин ташкил этилган Зомин семинарининг аҳамияти юқорилигини кўряпман. Мана шу семинарда ярқ этиб кўзга ташланган йигитларимиздан Нодир Жонузоқ, Муҳиддин Абдусамат, тийран истеъдод соҳибаси бўлган шоира қизларимиз Гулжамол Асқарова, Гулноз Мўминова каби ёш шоирларимиз ўнлаб китобларини нашр эттириб, шеърлари халқимиз юрагига кириб борганидан, муҳими, ижодий тартиб-интизомга риоя этиб, мунтазам ёзиб келаётганидан қувонаман. Бу ёшларга хайрихоҳлик билдирилганди ва улар бугун ўз маҳсулини бермоқда.

Биз ижодкорларнинг жипслашиб, бирлашиб улуғ ишларни амалга оширадиган вақтимиз келди. Бунинг учун бизга барча шароит яратиб бериляпти. Энди тарқоқликни енгмоғимиз, бирлашмоғимиз, даҳо халқимизнинг жавоҳирлари бўлган ёш ижодкорларимизни «катта адабиётга қўйган қадамлари қутлуғ келишини» таъминламоғимиз зарур.

 

Ҳозирлан, бир шиддат, шаҳд келаётир,

Йўлда сенмас, кўк дарахт келаётир.

Ватан деб аталган қадргоҳларда,

Байроқдек ҳилпирар вақт келаётир!

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон халқ шоири

 

ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛИШ ИМКОНИ

Юртимизда шундай бир анъана, кайфият пайдо бўлдики, муҳтарам Президентимиз қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, энг аввал,  уларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар, соҳадаги камчиликларни бартараф этишга, одилона ечим топиб беришга ҳаракат қиладилар, таҳлил ва танқид орқали ўз ишимизга масъулият билан қараб, виждонан бажаришга  ундайдилар. Президент иштирокида ўтган қатор учрашув ва тадбирларда ҳар биримизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар аста-секин барҳам топаётгани, ҳар соҳада қонун ва унинг адолатли ижроси сабаб тартиб-интизом юзага келаётганидан халқимизнинг боши осмонда.

Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар билан учрашувида ҳам биз ижодкорларнинг дилимизда тугун бўлиб тугилган дардларимизга, ижоддан ташқаридаги ҳаётий муаммоларимизга ҳам адолатли ечим топилди. Пенсия ёшидаги ёки нафақага чиққан, йиллар давомида катта тажриба ва маҳоратга эга бўлган ёзувчи-шоирлар неча йиллик ижод ва меҳнат маҳсули бўлган асарларини китоб ҳолида чоп эттира олмаётгани, уй-жой, шаҳар пропискаси сабаб, ҳаттоки адабиётга эндигина кириб келаётган, ҳавас билан қўлига қалам олаётган ёш ижодкорлар ҳам пойтахт адабий муҳитидан чиқиб ўз вилояти, қишлоғига қайтишга мажбур бўлмоқда. Ҳаттоки назмда ёки насрда қалами чархланиб бораётган, адабиётимизнинг эртаси бўлишига ишониб турган истеъдодли йигитларимиз ҳам оила боқиш, рўзғор ташвиши сабаб пул топиш илинжида яқин ва узоқ ўлкаларга чиқиб кетишди. Бундай оғриқли масалалар  ҳаммамизни адабиётимизнинг эртаси ҳақида жиддий қайғуришга ундайди.

Ижодкорларнинг юрагидаги, хаёлидаги ана шундай ташвишларни англаган Президентимизнинг бу каби муаммоларни бартараф этиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлашга астойдил бел боғлагани ҳақиқий маънавий жасорат намунасидир.

Китобхон қалбини алангалатиш учун ижодкорнинг қаламидан ўт сачраб туриши керак. Унинг ўзи тушкун ва умидсиз аҳволда бўлса, қандай қилиб илинж билан қўлига китоб олган ўқувчи кўнглини кўтарадиган, қалбида умид чироғини ёқадиган сўзни айта олади? Ёки яшашга, курашишга, мақсад томон интилишга илҳомлантира олади?

Учрашувдаги ҳаяжон ва таассуротлар бундан буён ҳеч бир ижодкорни ҳафсаласизлик билан қўлига қалам олишга қўймайди. Шу ўринда бир таклиф айтсам. Ёзувчилар уюшмаси қошида ягона бадиий кенгаш тузилса ва бу кенгаш йил бўйи чоп этиладиган китоблар режасини ишлаб чиқса. ­Таниқли ёзувчи-шоирлар билан бирга ёш ижодкорларнинг катта-кичик асарлари кўпчиликнинг маслаҳати, таклифи ва танқидий нигоҳидан ўтган ҳолда китоб ҳолида чоп этилса, қандай яхши бўларди. Шунда адабиётимизнинг бадиий савиясини ҳаминқадар, олди-қочди, ғариб “асар”лардан асраган, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаган бўламиз. Халқимиз ҳам  мазмунли  асарлардан баҳраманд бўларди. Яхши китоб ўқувчи дидини ўстиради, маънавий юксалтиради. Ана шунда адабиётнинг ҳам қадри кўтарилади. Китобни одамлар меҳр билан варақлайдиган, асраб-авайлаб ўқийдиган бўлади.

Адабиётимизда, барча ижодкорларимиз қалбида эсаётган баҳорий эпкин каби ёқимли ва ҳаяжонли шодлик шабадалари ўқишли ва яхши асарларни ёзишга илҳом бағишласин.

 

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири

ДИЛЛАРГА НАҚШ БЎЛГАН УЧРАШУВ

Очиғи, биз бу учрашувни кўпдан буён кутаётган эдик. Президент ҳар гал бирор соҳа вакиллари билан кўришиб мулоқот қилган чоғида, “Ёзувчи-шоирлар, ижодкорлар билан қачон учрашаркан?” деб сўрардик бир-биримиздан. Чунки мамлакатимиз раҳбарининг адабиётга, ижод аҳлига катта эътибор, ихлос билан қарашини яхши билардик.

Ниҳоят, 2017 йилнинг 3-август куни биз интиқ кутган учрашув бўлиб ўтди. Кутганимизча бор экан! Одатда, мажлису йиғилишга унчалик хуши бўлмайдиган, мабодо бирор расмий тадбирда қатнашса ҳам бироз сиқилиб қоладиган ижодкорлар беш ярим соатдан кўпроқ давом этган мулоқотда вақт ҳиссини унутиб, сеҳрлангандай ўтирдилар. Сабаби Президент томонидан айтилган ҳар бир сўз, фикр уларнинг юрагида акс-садо бериб, онгу руҳиятида уйғониш, ижодий рағбатни қўзғади.

Маъруза давомида, ҳатто маданий-ижодий соҳаларга доир камчиликлар тилга олинган ўринларда ҳам, Президентимизнинг ижод аҳлига нисбатан меҳри, ҳурмати яққол сезилиб турди.  Хусусан, мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ижодкор зиёлиларимизнинг ўрни ва ҳиссаси ҳақида гап кетаркан, давлатимиз раҳбари ўз талабу эътирозини ниҳоятда чиройли, зарофат билан ўртага қўйди: “Қўлимизни кўксимизга қўйиб холисона айтайлик: ижодкор зиёлиларимизнинг бугунги фаолияти жамиятимизни, энг аввало, эл-юрт тақдири учун доимо куюниб, ёниб яшайдиган, бедор қалб эгалари бўлган сизларнинг ўзингизни қониқтирадими? Адабиёт ва санъатнинг нақадар қудратли кучга эга экани ҳақида сиздек зукко инсонлар ҳузурида сўз юритишга, очиғини айтсам, мен бироз тортинаман. Лекин мана шундай буюк, илоҳий кучдан биз мамлакатимиз, эл-юртимиз равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланяпмизми?”

Бу саволларга жавобимиз аниқ: йўқ. Нега? Сабабу илдизлари қаерда? Уларни топиш ва бартараф этиш учун нималар қилмоғимиз керак? Тўғри, бу ҳақда ҳар кимнинг ўз жавоби, мушоҳадаси бор. Лекин уларнинг кўпи охиригача ўйланмагани, амалиёт билан муқояса қилинмагани ҳам бор гап.  Президентимиз аниқ факт ва мисоллар келтириб, бизни бу борада чуқурроқ ўйлашга, фикрлашга, таклиф беришга ундади. Энг муҳими, муаммоларни очиқ-ойдин айтишдан мурод кимнидир ёмонотлиқ қилиш ёки жазолаш эмас, балки ишимизга тўғаноқ бўлаётган камчиликларни ўз вақтида аниқлаб олиб, тузатиш эканини ҳис қилдик. “Бугун биз “ижодкорларимиз ишламаяпти”, деб сизлардан, сизлар эса “давлат ёрдам бермаяпти”, деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас. Келинглар, бугун ўз олдимизга “Ким айбдор?” деб эмас, “Ким нима қилиши керак?” деган савол қўяйлик” деган чақириқ ҳам улуғвор мақсаднинг нақадар самимий эканига далил бўлди.

Адабий истилоҳлар билан айтадиган бўлсак, маърузанинг кириш ва асосий қисми кўпроқ тафаккуримизга йўналиб, фикримизни қўзғаган бўлса, хулоса қисми юрагимизга йўл очиб, ҳис-туй­ғуларимизга қанот бағишлади. Сабаби, Президент йиллар мобайнида ижодкорларни ўйлантириб келаётган жуда кўп масалаларни тилга олиб, уларга ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан ечим топиб берди. Шу боис бу ҳаётбахш таклифларни ижодкорлар катта қувонч билан, ҳатто ўринларидан туриб олқишлаган ҳолда кутиб олдилар. Бу ташаббусу ечимлар шунчалик кенг қамровли ва пухта ўйланганки, бу учрашувни фақат биз эмас, давлатимиз раҳбари ҳам узоқ тайёргарлик кўриб, интиқлик билан кутгани аён бўлди.

Учрашув мобайнида маълум қилинган, ижодкорларни бирдай севинтирган янгиликларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида таҳлилий мақола ёзиш керак – уларни кичик муносабатда қамраб, умумлаштириб, баҳо бериш имконсиз. Фақат, шу ўринда улардан айримлари ҳақида тўхталмасам бўлмайди, деб ўйлайман. Шулардан бири – бошқа ҳудудлардан пойтахтга келган истеъдодли ижодкорларни яшаш учун доимий рўйхатга қўйиш масаласи. Сир эмас, бу кўпдан буён биз ёш ижодкорларни қийнаб келаётган, аммо ечим топишига ҳеч ким ишонмаётган масала эди. Ёки  энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан кўп миқдорда қалам ҳақи олган ижодкорларнинг пенсиясидан 50 фоиз маблағни ушлаб қолиш тартиби баъзи мансабдорлар томонидан жорий этилган калтабин тажриба деб баҳолангани ва бу ҳолатни қайта кўриш чиқиш лозимлиги ҳақидаги хулоса ҳам ижодкорларни, айниқса, устозларимизни ниҳоятда тўлқинлантириб юборди.

Президент билан мулоқотдан руҳланиб, кўкка учгудай шаҳд билан чиқдик. Ҳамма бир-бирини табриклаган, қутлаган… Бундай қутловлар ҳали-ҳануз давом этяпти. Рости, бу кун ҳар бир ижодкор кўнглига нақш бўлган, тақвимда алоҳида белгилаб қўйишга арзигулик, эътиборли сана бўлиб қолди.

Бугун ёш ижодкорлар ҳам, устозлар ҳам фақат битта фикрда: энди шундай юксак эътиборга муносиб равишда ишлашимиз, ижод қилишимиз шарт! Ҳаммамиз бирлашиб, ижодий қувватимизни, салоҳиятимизни юртдошларимиз маънавиятини бойитишга, Ватанимиз тараққиётига сарф қилмоғимиз керак. Замон суръати, давр шиддатини ҳис қилган ҳолда, жамиятнинг энг олдинги сафида бўлишимиз зарур. Зеро, ижод аҳлининг бош маслаги – ёниқ юраги билан олдинга чиқиб, бошқаларга нур, зиё улашишдир.

Нодир ЖОНУЗОҚ,
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири

 

 
ОЧИҚ ВА АМАЛИЙ МУЛОҚОТ

Мен маданият соҳасида қирқ йилдан кўпроқ ишлаб, давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги бундай юксак савиядаги мажлисни биринчи бор кўришим. Аввало, биз кекса авлод намояндаларини ҳам шундай профессионал даражада ташкил этилган мўътабар анжуманда иштирок этишга таклиф қилганлари учун бениҳоя миннатдормиз. Менингча, бу машварат маданият, адабиёт ва санъат масалаларида кейинги ўттиз йил мобайнида қилинган конкрет ишнинг энг юқори босқичи бўлди. Президентимиз маърузасини қунт билан эшитдик.

Маърузада кўтарилган барча масалалар ҳозирги кун ва келажагимиз учун ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга бўлган масалалардир. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деб таъкидлагани барча зиёлиларнинг айни кўнглидаги гап бўлди. Агар бизнесга ўтадиган бўлса, бу адабиётнинг ўлгани. Учрашувда миллий адабиёт ва санъат масалаларининг барча жиҳатлари атрофлича қамраб олинди. Қалам ҳақи дейсизми, асарларнинг тиражи дейсизми, ижодкорларнинг яшаш шароити ва прописка муаммоси дейсизми, барчаси ҳақида очиқ ва амалий фикр юритилди. Жуда кўплаб долзарб муаммолар ҳал этиб берилди. Демоқчиманки, чинакам бадиий ижод йўлидаги барча тўсиқлар, муаммолар олиб ташланди. Энди яйраб ижод қиладиган давр келди. Миллат маънавиятини юксалтирадиган умрбоқий асарлар яратиш ва халқимизни улардан баҳраманд этадиган қулай шароитга замин ҳозирланди.

Шу ўринда тил учида юрган бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Бир пайтлар биз талаба бўлган вақтимизда давлат имтиҳонига тайёргарлик кўраётиб, Алишер Навоийнинг “Хамса”си бўйича Тўхтасин Жалоловнинг “Хамса” талқини” китобини кўп мутолаа қилганмиз. Унда беш достон жуда чиройли, оммабоп тилда таҳлил қилиб берилган. Бизга бугун ҳам мана шундай кичик-кичик, оммабоп ва айни чоғда катта тиражларда чиқадиган китоблар зарур. Бу ёшларимизнинг Навоийни тушуниши, улуғ шоиримиз поэтик оламига кириб боришини осонлаштиради. Ёки, айтайлик, улуғ шоиримизнинг биргина “Қаро кўзум” радифли ғазалининг талқинлари ўзи битта катта рисола бўлиши мумкин. Ҳалигача шуни ҳам қилмаганмиз. Навоийшунос олимларимиз шоирнинг илмий-адабий меросини оммабоп тилда таҳлил қилиб берадиган ишлар оз эмас.

Бу ўринда мен кам нусхада жуда ҳашамдор ва қиммат қилиб чиқариладиган китобларни назарда тутаётганим йўқ. Китоб оммабоп бўлиши учун ихчам, арзон ва кўп минг нусхада чоп этилиши керак. “Бобурнома” ва Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” каби асарларини ҳам бугунги ўқувчининг маънавий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда оммабоп қилиб нашр этишнинг вақти келган.

Давлатимиз раҳбари Абу Мўъин Насафий бобомизнинг илмий меросини ўрганиш масаласини тилга олиб ўтди. Шу ўринда ҳурматли Шароф Рашидовнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ҳақида гапириб, “Бу – очилмаган сандиқ” деган гаплари эсимга тушади. Бу илм хазинасидаги қўлёзмаларнинг фақат ўн беш фоизигина ўрганилган. Бошқаси ҳали ўрганилгани йўқ. Бунинг учун мутахассис кадрларни, хусусан, араб тилини, форс тилини яхши биладиган мутахассисларни тайёрлашимиз керак, дегандилар. Араб ва форс тилларидаги қўлёзма манбалар ҳануз тадқиқотчиларини кутмоқда. Юртбошимиз Шарқшунослик институти қўлёзмаларини жиддий ўрганиш вақти келганини таъкидлагани бежиз эмас. Бизнинг маънавий меросимиз ана шу манбаларда эмасми?

Шавкат Миромонович ижодкор зиёлиларнинг вакиллари билан учрашувда ёзувчиларга муайян топшириқлар берганини эшитиб, бир воқеа эсимга тушди. Бир пайтлар раҳматли Шароф Рашидов ҳам ижодкорларнинг муаммолари, сиҳат-саломатликларидан хабардор бўлишга, ғамхўрлик кўрсатишга ҳаракат қиларди. Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг соғлигини тиклаши учун Карлови Варига бориб даволаниши, Ибн Сино ҳақида асар яратиши учун шароит яратиб берилгани кечагидек кўз ўнгимда турибди. Шоирнинг “Ҳаким ва ажал” достонининг машинкада кўчирилган нусхасини Шароф акага киритиб берганмиз. У киши ўқиб чиқиб, “Абдуллага айтинглар, Пушкин поэмалари даражасида ёзибди. Отасига раҳмат”, дегандилар. Ёзувчиларнинг янги китобларига биз орқали муносабат билдириларди, айримларини ҳузурига таклиф қилиб суҳбатлашарди ҳам…

Давлатимиз раҳбари мустақиллик давридаги янги шароитда, бутунлай янгича мазмун ва моҳият билан ижодкорларга ўз истеъдодини тўкис намоён эта олиши учун кўрсатаётган раҳнамолик, шубҳасиз, яхши самаралар беришига ишончимиз комил. Чунки бу борада яқин ўтмишнинг ҳам тарихий тажрибаси бор. Ижодкорлар учун ғамхўрлик – миллат маънавияти учун ғамхўрликдир.

Тўйлар масаласи ҳам халқимиз маънавиятининг ўзак масалаларига дахлдор.  Хўш, тўйга одамлар нима учун боради? Бир-бирини кўриш, суҳбатлашиш, дардини эшитиш учун! Албатта, тўйларда фақат гап бўлмаслиги, мусиқа, куй-қўшиқ, рақс ҳам керак. Лекин бунинг ҳам чегараси бор-ку, ахир. Фонограммага ёзилган мусиқа садоси ўта баландлигидан хонанда нима деб куйлаётганини тушунмайсиз, ёнингизда ўтирган одамнинг гапини ҳам эшитмайсиз. Ҳамма худди жазавага тушгандай. Тўйдан чиққандан кейин бошингиз гангиб, қаерга келганингизни билмайсиз: “бу тўйхонами ё жиннихона”, деб ўйлайсиз. Ҳолбуки, бу ҳақда, тўйларни тартибли қилиб ўтказиш борасида шаҳар ҳокимининг қарори чиққан, матбуот саҳифаларида ҳам ёзилган. Уларнинг ҳаммаси қоғозда қолиб кетди. Яна эски тос, эски ҳаммом. Тўйнинг бўлгани яхши, тўйдан улуғ нарса йўқ. Лекин бунақа тўйларга зиёли одамнинг боргиси келмайди. Нимага борасиз? Қийналгани борасизми? Тўйлардаги исрофгарчиликлар, меъёрдан ошишлар, турли янги бидъатларнинг ўйлаб топилишини қачон тўхтатамиз?! Илгари ақиқа тўйи, бешик тўйи оила даврасида ўтказиларди: қариндош-уруғ, таниш-билиш ва маҳалладан беш-олти қўни-қўшни айтиларди. Ҳозир эса, айримлар бойлигини кўз-кўз этиш учун нималар қилмаяпти. Ахир, тўй – шахсий иш эмас, одамлар ибрат оладиган тадбир. Ибрат олинадиган тадбирда меъёрдан чиқишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу ҳам тарбия. Тарбиянинг энг муҳим жиҳати. Ёшлар буни жуда яхши қабул қилади.

Оммавий маданият масаласида ҳам жуда адолатли гаплар ўртага ташланди. Оммавий маданиятнинг урчиб боришига чек қўйилмаса, маънавиятимизга, урф-одатимизга доғ туширади. Афсуски, ҳали-ҳануз ғарбча никоҳ маросимларига, беҳаё кийим кийиб суратга, кинога тушиш каби янгича бидъатларга ружу қўяётган ёшларимиз оз эмас. Улар маънавияти саёзлигидан шундай қилишади… Ойнаи жаҳонда уруш кинолари, қон тўкиш, ўлдириш – бизга шу керакми? Бу борада, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Бадиий кенгашлар ишини рисоладагидек йўлга қўймоғимиз зарур. Улар ­талабни кучайтириб, саёз маҳсулотларнинг халққа тақдим этилишига йўл қўймаслиги керак. Юртбошимиз жуда чиройли қилиб, “амал ишлаш учун берилади”, деб таъкидлади.
Ҳа, ишлаш, ишлаганда ҳам жон куйдириб, виждонан, ҳалол ишлашнинг вақти келди. Бу ижодий ташкилотлар, театрлар, уюшмаларнинг раҳбарларига ҳам тегишли гап. Давлат раҳбари умумий топшириқларни бериши мумкин. Лекин уни ким бажаради? Қаранг, молиявий масалалар ҳал этилаётган бўлса, яшаш шароити яхшиланаётган, қалам ҳақи оширилаётган ва солиқдан имтиёз берилаётган, ижодкорлар пенсиясини ҳам тўлиқ оладиган бўлса, яна нимани қилиб бериш керак?! Агар қуйи бўғиндаги раҳбарлар сусткашлик қиладиган бўлса, кўп яхши ташаббуслар қоғозда қолиб кетмайдими? Уларнинг энди жон куйдириб ишлайдиган вақти келди ва биз Президентимизнинг эътибори ва ишончига муносиб бўлишимиз керак.

 

Азиз ТЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

 хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

профессор

 

 

СЕВИНЧ ИЛА ҚУЧОҚ ОЧДИМ

Адабиёт ва санъатга, маданиятга, матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига бўлган бундай юксак эътибор, бундай юксак ишонч кишини ҳайратга солади: Тошкентда Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази. Тошкент шаҳрида Адиблар хиёбони ва унда Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий бино.  Вилоятларда атоқли адиблар боғлари, ижод мактаблари ва марказлари. Ўзбекистон ёш ижодкорлари семинарлари.

“Илҳом” жамоат фонди. Фонднинг беш йил давомида барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилиши. Яна бир муҳим масала – ижодий соҳалар, жумладан, оммавий ахборот воситаларига солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ва преференциялар муддатини яна 5 йилга узайтириш…

Бастакорлар, рассомлар, театр арбоблари, санъаткорлар, артистлар, ёзувчилар ва журналистлар, матбуот ва маданиятга дахлдор бошқа соҳа вакиллари учун энг қулай шарт-шароитлар. Дам олиш ва ижод масканлари. Имтиёзли турар жойлар. Маърифатпарвар ҳомийлар анъанасидан келиб чиқиб, йирик ташкилотлар ҳамкорлигида ижодий уюшмаларнинг “Дўстлар клублари”ни ташкил этиш.

Шунингдек, барча ижодкорларнинг қалам ҳақи оширилади. Қалам ҳақи миқдоридан қатъи назар, пенсиялар тўлиқ тўланади…

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида билдирилган  фикр ва ғоялар, амалий таклифлар, бу борада бир қанча қарорлар қабул қилиниши тараққиётимизнинг янги босқичида маънавиятга эътибор ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамиятга эга бўлиб бораётганидан далолатдир.

Кези келганда айтиш жоизки, бугунги юксак технологиялар замонида адабиёт ва санъат, маданиятни анъанавий тарзда сақлаб қолишнинг ўзи бутун дунёда мураккаб муаммога айланиб бормоқда. Шундай бир шароит­да уларни янада қатъият билан ривожлантириш халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг чин маънодаги мустаҳкам пойдеворидир.

Бундай эътибор ва ғамхўрлик замирида теран ҳаётий фалсафа мужассам: ҳар қандай инсон, айниқса, истеъдод соҳиби, биринчи галда, ҳаётлик чоғида қадр топиши, ижодий имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратилиши лозим.

Бугунги кун одамини бошқа ҳеч ким шу кун одамининг ўзичалик яхши билмайди. Бугуннинг холис ва рост сўзи бугун айтилиши зарур. Давримизнинг ҳаққоний солномасини бугунги кун ижодкори яратишида ҳикмат кўп.

Тоза тупроққа тушган уруғ  деҳқончиликда бир мавсум, бир йилда ҳосилга киради. Маънавиятнинг муқаддас замини — инсон  кўнглига тушган имон-эътиқод, эзгулик  ва тафаккур уруғи эса  бир авлод, икки авлоддан сўнг, балки ундан ҳам кўпроқ вақт ўтиб тоза ҳосил беради. Бунга эса фақат китоб изидан,  бой-маънавий меросимиз изидан борсаккина муваффақ бўламиз.

Фақат ижод аҳлигина сўзда, тасвирда, рангда, оҳангда инсон қалбининг нозик кечинмалари, тафаккурининг олмос қирралари, хаёлотининг бепоён манзаралари ва яратувчилик қудратининг мўъжизаларини бадиий, публицистик, кино, рангтасвир асарларида, куй ва қўшиқ санъатида муҳр­лаб, эл маънавиятини юксалтиради, авлоддан-авлодга мерос қолдиради.

Мен бу ўринда ўзим бевосита мансуб бўлган соҳа – журналистикага, оммавий ахборот воситаларига, образли айтганда,  сўзнинг ижтимоий аҳамиятига бўлган эътибор,  ғамхўрлик хусусида ҳам фикр билдирмоқчиман.

Мамлакатимизда матбуот ва оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш йилдан-йилга  кучайиб бормоқда. Бу жараён улар таркибида, жумладан, нодавлат ахборот тармоқлари кўпайиб бораётганида намоён бўлмоқда. Бошқаларини айтмаганда ҳам, биргина газета ва журналларнинг  60 фоизидан зиёди  нодавлат оммавий ахборот воситалари. Энг тезкор ахборот воситаси — Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир.

Бугун бутун дунё тан олган оддий бир ҳақиқат мавжуд:  журналистнинг юракдан айтилган холис, самимий ва беғараз сўзи дунёни бирлаштиришга қодир. Журналистлар қалами бирлашса, тинчлик барқарор бўлади. Бутун дунёда шундай. Алоҳида  мамлакатлар  доирасида ҳам.

Бугунги куннинг пешқадам  одами – бу  хабардор одам. ўофил кимса дала бошига боргунича хабардор одам буғдойини ўриб, сомонини ташиб кетишга ҳам улгураяпти. Бугун ахборот одам боласи учун минса — улов, юрса — йўл, учса — самолёт, сузса — кема.

Журналист қалами эндиликда фақат хабар етказиш билан чекланаётгани йўқ, у онгни тозартираяпти, тафаккурни ўзгартираяпти. Модомики, журналистлар давлат ва халқ ўртасида воситачи экан, уларнинг халқ ҳаётига яқинлиги, жамиятда рўй бераётган воқеаларга холис ва ҳаққоний муносабати, рост ва самимий сўзи, ва ниҳоят,  фуқаро сифатида ватанпарварлик ва фидойилик фазилати,  ҳеч шубҳасиз,   мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Тинчлик, тараққиёт ва фаровонликнинг энг мустаҳкам таянчи — бу, энг аввало,  одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат. Инсоний муносабатлардаги самимият. Бугун жамиятга самимият қайтаётир. Жамиятга самимиятнинг қайтиши — бу ўзи маънавий ютуқ.  Мени, ҳаммасидан ҳам,  учрашувдаги ана шу самимий руҳ ром этди. Тан­қид ҳам, эътибор ҳам, таклиф ҳам, талаб ҳам самимий эди. “…қўлимизни кўксимизга қўйиб холисона ­айтайлик: ижодкор зиёлиларимизнинг бугунги фаолияти жамиятимизни, энг аввало, эл-юрт тақдири учун доимо куюниб, ёниб яшайдиган, бедор қалб эгалари бўлган сизларнинг ўзингизни қониқтирадими?”.

Бу савол биз журналистларни, айниқса, жиддий ўйлантираётгани рост. Тадбирбозлик, расмиятчилик, сусткашлик, фикрсизлик, баландпарвозлик,  ҳашамдорлик, бирёқламалик, ички хавотир — мана нималар миллий журналистикамиз тараққиётига ғов бўлаётир. Шунингдек, ташаббус ва ташкилотчилик етишмаётгани ҳам аён гап. Бу камчиликларни ўзимиз яхши биламиз. Ўзимизга ҳам ёқмайди. Ёқмаслигини эса ҳамишаям тан олгимиз келмайди. Муаммо шунда.

Шу маънода, олдимизда бир дунё иш турибди. Эътиборга яраша масъулият ҳам бўлиши керак-ку. Қайта-қайта таъкидланаётганидек, энди  реал ҳаётни бўяб-бежаб кўрсатиш замони ўтди. Қошига ўсма, кўзига сурма, улама киприк,  деганларидай. Бугун борини ёзиш, ростини ёзиш, билиб ёзиш, билим билан ёзиш, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик туйғуси билан ёзиш замони. Президентимиз таъкидлаганидек, “Эл дардини ёзмаган қалам қалам эмас!”.

Учрашувда олдимизда турган барча вазифалар ўртага ташланди. Зарур шарт-шароитлар, имкониятлар яратиб берилди. Бизга энди зиммамиздаги вазифаларни ҳалол ва сидқидилдан адо этиш қолди. Илҳом ва маҳорат билан ёзиш, ижод қилиш қолди. Қўлимиздан келадиган иш. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.   Бир сўз билан айтганда, “ўзгаришимиз керак”.

Одамлар орасида илгаридан айтиб юриладиган бир гап бор. Мазкур мақолани якунлаш арафасида ўша фикр хотирамга келди:  эл ичига ҳеч ким журналистчалик қучоқ очиб кириб бора олмайди. Одамлар ҳам бошқа ҳеч кимга кўнглини журналистга очганчалик очмайди.

Эслашга эсладиму, юрагим орзиқиб  кетди. Кўз ўнгимда бироз араз,  бироз хайрихоҳлик билан назар солиб  турган зиёли инсон қиёфаси намоён бўлди. Мен уни танидим.  Сиз ҳам уни яхши биласиз. У  гўё: “Мана, қайтиб келдим, кутганмидинг?” дегандай мардона тикилиб турарди.

Уни чиндан кутган эдик. Уни бизга Улуғ учрашув қайтарди.

Мен ўрнимдан туриб, севинч ила унга қучоқ очдим…

Саъдулла ҲАКИМ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

 

ҲАРАКАТЛАР ШИЖОАТИ

Мамлакатимиз Президентининг ижодкор зиёлилар билан учрашуви адабиётимиз ва санъатимиз ҳаётида туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди, деб ишонч билан айта оламан. Бу анжуманда Ўзбекистонда шиддат билан бўй кўрсатаётган яратувчилик шижоатию ишчанлик муҳити адабиёт ва санъат соҳасига ҳам етиб келганини ҳар бир сўз, ҳар бир жумлада ҳис қилиб турдим ва бу ғамхўрлик мағзидаги амалий ишларнинг қадрига етиб,  ижод жараёнига татбиқ этолсак, унинг мевалари тез орада бўй кўрсатишига имон келтирдим.

Давлатимиз раҳбарининг анжумандаги маърузаси мени янада ҳайратга солди. Муҳтарам Шавкат Миромонович бу анжуманни тайёрлаш жараёнида адабиёт ва санъатимизнинг ҳозирги аҳволини чуқур ўрганганлиги, адиблар ва санъаткорлар кўнглига соя ташлаб турган муаммоларни аниқ  ҳис қилгани, ҳар бир муаммони ҳал қилишда ўзбек халқининг маънавий ва маърифий эҳтиёжидан келиб чиқиб ёндошганлиги ақлимни шошириб қўйди. Адабиёт ва санъатнинг ҳар бир жабҳасида эришилган ютуқлар, камчилик ва нуқсонлар аниқ айтилди. Бу камчиликларни қандай қилиб бартараф этиш ҳақида сўз юритилди. Аниқ вазифалар қўйилди.  Бу вазифаларни бажаришда давлатимиз ўз зиммасига оладиган амалий ишлар бирма-бир санаб ўтилди. Адабиёт ва санъатнинг моҳиятини теран англашдан келиб чиқадиган амалий ишлар ниҳоятда ўринли ва кенг кўламли. Ижодий зиёлиларни ҳайратга солиш осон эмас. Маърузанинг самимийлиги ва бажарилиши лозим бўлган амалий ишларнинг маҳобатидан ижодкорлар шавқу завқ билан қарсак чалдилар. Ҳа, баъзан ўрнимиздан ёппасига туриб ҳам қарсак чалдик. Адабиёт ва санъат соҳасида давлат сиёсати ижодкорларнинг кўнглидаги орзулар билан туташиб кетаётганини англаб турдим. Ижодкор кўнгли билан давлатнинг иш юритиши бирлаша бошлаган жойда ҳамиша адабиёт ва санъат гуллаб-яшнайди. Мамлакатимизда қанот ёзаётган ислоҳотларга юртнинг юрагию руҳини шакллантирувчи адабиёт ва санъатни ҳамоҳанг этиш йўлидаги  бу саъй-ҳаракат ўзбек номини  янада юксалтиришига ишончим комил.

Шу сатрларни ёзарканман, Шавкат Миромонович ­Президентликка номзод сифатида Сурхондарёда ўтказган мажлисда қатнашганим эсимга тушди. Мажлисда Сурхон воҳасини ривожлантириш истиқболлари ҳақида кенг қамровли, пухта ўйланган режалар баён этилдики, мен – ҳар қандай мажлисда зерикадиган одам, бу учрашувдаги маърузани эртак тинглаётган боладай ҳаяжонланиб эшитдим. Вақтнинг ўтганини сезмадим. Маърузада Сурхондарёнинг саноат ва қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган режалар қачон, қаерда, қай йўсинда амалга оширилиши бирма-бир – мантиқли тарзда айтиб ўтилди. Йирик лойиҳалардан тортиб,  бир қарашда майда-чуйда бўлиб кўринадиган, лекин одамларнинг турмуш тарзи ўсишига кўмак берадиган режалар ҳақида гап кетди. Қаерда газ кони ишга тушириладию, қаерда анорзор боғлар бунёд этилади; қатор-қатор тўқимачилик фабрикалари қайси туманларда барпо бўладию, қайси жойларда қўйчилик ва эчкичилик фермалари  ташкил топади; қайси дарёларда гидроэлектростанциялар гувиллаб ишлайдию, қаерда доривор ўсимликлар ўстирилади… Ҳатто томорқалардан қай йўсинда фойдаланиш, қай тарзда иссиқхоналар қуриш, кредитлар бериш… Мен ўзгаришлар одамларнинг ҳовлисига кириб бораётганини, турмуш машаққатини терлаб-пишиб кўтариб турган  меҳнаткаш одамларга елкадош бўлиб кўмак бераётганини шундоқ кўриб турдим. Ҳаяжонимнинг чеки йўқ эди! Чунки мажлисларни кўп кўрганман! Оқибати нима билан тугашини ҳар ҳолда биламан.  Аммо бу мажлисдаги самимият руҳи бошқача – халқ манфаати учун жон куйдираётган раҳбарнинг аниқ, шубҳаларга ўрин қолдирмайдиган режалари эди.

Шу ўринда немис мумтоз адиби Генрих Маннинг бир фикрини келтириб ўтай. “Маданият, – дейди у, – халққа ғамхўрлик қилишдир”. Биз Ўзбекистонда ҳам шундай маданият вужудга келаётганидан бағоят бахтиёрмиз. Бугун барча вилоятларда – мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар мана шу маданиятнинг юксак кўриниши йўсинида – халққа ғамхўрлик тарзида амалга оширилмоқда.

Энди Сурхондарёдаги учрашувга қайтсам.

Адибимиз Эркин Аъзам билан мен тоғли Бойсун тумани фарзандимиз. Бойсунликлар санъату адабиётга ўч, истеъдодли одамлар. Гапимнинг исботи учун тоққа қисилиб қолган шугина тумандан тўртта халқ шоирию ёзувчиси чиққанини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Мана шу  руҳи тўлғонган элнинг ҳам бир катта армони бор. Бойсунда сув жуда танқис. Эл булоқлардан сув ичади. Теварагида савлат тўкиб турган тоғларнинг суви Бойсунга вафо қилмай, ҳар тарафга оқиб кетаверади.  Бойсундаги боғу роғларни сув эмас, одамларнинг меҳри кўкартирган. Аммо экинлару боғлар сувсизликдан барибир сўлиш олади. Ўшанда одамларнинг кайфияти бирдан ўзгаради.  Боғу роғларга қараб, уларга сабру тоқат тилашдан бошқа иложлари қолмайди. Парвардигордан ёғин-сочинли кунлар тезроқ келишини ич-ичларидан илтижо қиладилар…  Бир ариққина сув бўлса эди! Эсимни билибманки,  Бойсун устидаги тоғнинг нариги биқинидан, одамларнинг армонига парво ҳам қилмай бошқа тарафларга оқиб кетадиган Хўжамайхона сувини, ўртада ястаниб ётган қирлар оша Бойсунга келишини орзу этишади.  Шўролар даврида бу орзуни амалга ошириш умидида Московгача бориб келганлар бўлди.  Хатлар ёзилди. Обрўли фахрийлардану сўзни сўзга улайдиган чечанлардан  пойтахтларга элчилар юборилди. Ўқтин-ўқтин умидбахш хабарлар ҳам тарқалиб турди. Эмишки,  фалон каттакон ваъда берибди, сув ўтказиш ишлари эрта-индин бошланиб қолади. Кўрасизлар, ариқлардан шарақлаб  сув оқади!  Аммо орзулар орзулигича қолиб кетаверди…

Қишлоғимизда Раис ака – Алимардон Худойбердиев деган оқсоқол бор эди. У киши касал ётганларида дўстим Собир ака билан шу кишидан ҳол сўрагани, тўғрироғи, рози-ризолик сўрашгани уйларига кирдик. Раис ака умрлари охирига етганини сезган, аммо ўзларини мардонавор тутиб, биз билан суҳбатлашдилар. Хайрлашаётганда дуога қўл очиб, бизга дунёнинг барча яхшиликларини тиладилар. Охирида яккаю ягона васиятларини ҳам айтдилар:

– Бойсунга сув олиб келинглар, болаларим! Ҳаракат қилинглар!..

– Вой, бу бобони қаранг! – деди кўчага чиққанимизда Собир ака ҳаяжонидан овози қалтираб. – Ўзи жон бераяптию Бойсуннинг сувини ўйлайди-я!  Вой, бу бобони!..

Мен ҳам маъюсландим. Ҳаракат қилган билан қўлимдан нима келади? Бирдан ўзимни кичкина, қўлидан иш келмайдиган одамдай ҳис қилдим. Ўксиндим.

Раис ака ҳақиқатдан ҳам орадан кўп ўтмай, дунёдан ўтди.

Аммо у кишининг сидқидилдан қилган васиятлари тирик бир қушдай бу дунёда қанот қоқиб,  “Сув!.. Сув!” дея чирқираб учиб юргандай туюлаверди менга. Чирқираб!..

Кимдир эшитади-ку, ахир!

Ана энди Эркин Аъзам билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, Сурхондарёдаги учрашувда сув масаласини Президентликка номзодга айтмоқчи бўлдик! Биримиз ўрнимиздан турамиз-да, айтамиз! Бу ниятимиз билан мажлисга киришга ҳозирланиб турган битта-ярим дўстлар билан ўртоқлашдик. Шунда кимдир бу масала ҳал бўлгани – Шерободдаги йиғилишда Шавкат Миромонович  Бойсунга Хўжамайхонанинг суви олиб келиниши ҳақида гапирганларини айтиб қолди. Эркин иккаламизнинг кўнглимиз жойига тушди. Аммо… бу режа амалга ошармикан?

Аммо номзодимизнинг ишончли маърузасидан кейин, бошда айтганимдай, шубҳаларга ўрин қолмади! Сув Бойсунга келади! Албатта, келади! Раис аканинг васияти ерда қолмайди! Ахир, халқнинг орзуси бир кунмас бир кун барибир амалга ошади-ку! Балки орзуларни амалга оширадиган доруломон кунлар етиб келгандир.

Бу режани эшитган Бойсун ҳам гувиллаб қолди. Биров сув келади, дейди, биров… Элчилик-да!.. Ошна-оғайнилар чидаёлмай менга қўнғироқ ҳам қиладилар. Хавотир олманглар, дейман мен, албатта, Бойсунга сув келади.

Яқинда эрталаб Эркин Аъзамнинг ўзи менга қўнғироқ қилиб қолди.

– Усмонқул, – деди дўстим, дўриллаган овози янада баралла тортиб, – бошингизда дўппингиз борми?

– Дўппини бир зум ҳам бошимиздан ташламаймиз, – дедим мен гап рамзий тус олганини англаб.

– Ана, шу дўппингизни осмонга отинг! Баланд отинг!.. Бойсунга сув борадиган бўлди! Президентнинг фармони чиқди!  Қирқ саккиз миллиард сўм ажратилган!.. Янаги йил Бойсунингизда сув шариллаб оқади! Отинг дўппингизни! Отинг!.. Бойсунга поезд келган эди, энди сув ҳам келса, армони йўқ!

Албатта, армони йўқ! Албатта! Мен бошимдаги йўқ дўппимни хаёлан осмонга отдим! Назаримда, бирор-бир одам дўпписини бу қадар баландга отолмаган!

Дарҳол Бойсунга – Собир акага қўнғироқ қилдим!

– Кеча қурилишнинг биринчи ғишти қўйилди! – деди Собир ака. – Бойсуннинг ярми масжидда, ярми чойхонаю ошхонада бу ишга бош бўлганларни дуо қиляпти!  Байрам!..

Иккаламиз довдираб, қувониб бир-биримизни қутладик! Раис акани эсладик!..

Мен, кези келганда, бу ишга – бойсунликларнинг неча асрлик орзуларини рўёбга чиқаришда бош-қош бўлаётган Президентимизга ҳамшаҳарларим номидан чин кўнгилдан  раҳмат айтмоқчиман!

Халқ деб яшайдиган одамгина халқнинг дилидагини ­англайди.

Ижодкор зиёлилар билан учрашув ҳам шу англашнинг – эл-юртга қилинаётган умумғамхўрликнинг мантиқли давомидир. Айтиб ўтилган чора-тадбирлар адабиётимиз учун ниҳоятда зарур эди… Бу ўринда адабиёт аҳли кўп йиллар давомида  ўзбек халқига беминнат, таъмасиз хизмат қилганини таъкидлаб ўтишим лозим. Улар ёзганлари матбуотда чоп этилганига, китоби нашр қилинганига хурсанд бўлиб кетавердилар. Нашриётлар, газета-журналлар бадиий асарлар машаққатли меҳнат эвазига дунёга келишини ўйлаб ҳам кўрмадилар. Муаллифларни рағбатлантириш тамоман эсдан чиқарилди. Ёшларимиз турмушдаги муаммолари билан бир ўзлари қолдилар…

Куни кеча бўлиб ўтган мажлисда барча ижод аҳли, жумладан, шоиру ёзувчиларимизнинг меҳнатига муносиб баҳо берилди.  Уларни муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари кўрилди. Мана, битта Ёзувчилар уюшмаси  атрофида ҳал қилиб берилган шарт-шароитларнинг қисқача рўйхати: уюшма яқинда иш юритиш учун махсус қурилган иморатга кўчиб ўтади;  ёзувчилар  яшашига мўлжаллаб иккита кўп қаватли иморат қурилади; Паркент ва Зоминда ижод уйлари   барпо этилиши бошланган; қалам ҳақи бир неча бор ошади; ёшларимиз Тошкент шаҳри рўйхатидан ўтказилади; ҳар бир вилоятда ижодкорлар учун уй-жой қурилиши бошланади; Олий адабиёт курси қайта тикланади… Назаримда, ҳеч қачон ҳал бўлмайдигандай туюлган масалалар бир неча соатлик мажлисда ўз ечимини топди.

Шу ўринда Темурийлар даврида туркий адабиёт ва санъат нима учун гуллаб-яшнаганини эслаб ўтиш жуда ўринлидир. Чунки ўша замонда ҳам адабиёт ва санъатнинг барқ уриб ўсишида давлатнинг роли беқиёс эди. Ёш Алишер  Навоийнинг ўзини ҳар тарафга уришларини хотирангизга бир келтиринг. Ҳиротдан Самарқандга  бош олиб кетаётган шоир дўсти Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактубида ижод қилиши учун  шароит йўқлигидан нолийди. Агар шароит бўлганда,  бошқа шоирлар йигирма-ўттиз йилда яратган асарларни бир-икки йилда ёзиши мумкинлигини ғайрату шижоат билан айтиб ўтади. Мана, бир журналдаги суҳбатда бу ҳақда ёзганман: “Худодан чиндан йиғлаб сўраган бўлса керак, йиллар ўтиб, бу шароит унга насиб этди ва ўзбекни ўзбек қилиб турган асарлар – буюк илҳомдан тўкилган дурдоналар қоғоз юзини кўрди. Биз жаҳон олдида ҳозиргача эҳтимол ягона кўз-кўз қиладиганимиз Шоир дунёга келди. Навоийга яратилган бу шароитнинг номини эса Ҳусайн Бойқаро дейдилар…”.  Ҳа, Ҳусайн Бойқаро! Ҳозирги тилимизда айтсак, давлат! Менга ҳамиша Алишер Навоийга қўйилган ҳайкаллар ёнида Ҳусайн Бойқаронинг ҳам ҳайкали туриши керакдай туюлаверади. Чунки бу шахссиз эҳтимол, буюк шоиримизнинг ижод кўлами бу қадар маҳобатли бўлмаган бўлар эди.

Бу мисолни куни кеча бўлиб ўтган анжуманнинг аҳамиятини тушуниб етишимиз – Президентимизнинг ижодий зиёлилар билан учрашуви адабиёт ва санъатимизнинг  кейинги чорак асрдаги ҳаётида энг катта воқеа – бурилиш нуқтаси бўлганлигини таъкидлаш учун айтаяпман.

 

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири

ИЖОДИЙ РАВНАҚ УЧУН

Юртимизда муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳар қандай шиддату суръатни ҳам шошириб қўядиган даражада жадал амалга оширила бошлаган, истисносиз, ҳаётимизнинг барча соҳаларига дахлдор ислоҳотлар, янгиланишлар ҳам, уларнинг натижалари ҳам бугун барчамизнинг кўз ўнгимизда. Халқ кутган бундай шижоатли ҳаракатлар мамлакатимиз тараққиётида тамоман янги босқич бошланганининг шаҳодатидир. Халқ билан холис мулоқот қилишнинг ҳам, халқ дардини жон қулоғи билан тинглаш ва унинг давосини топишнинг ҳам ҳадисини олган раҳбар сифатида Президентимиз балоғат ёшидан ўтган мустақил давлатимизнинг барча бошқарув бўғинларини, жамиятимизнинг ҳамма қатламларини, ижодкору ишчини, қарию ёшни, эркагу аёлни реал ҳаракатга келтирди, юрт равнақидек олий ният йўлида уйғоқликка, курашчан фаолиятга сафарбар этди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувидаги асосий мақсад-муддао ҳам юртимиз ижод аҳлини фаол ҳаракатга чорлаш, маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимиз равнақини мунтазам таъминлаш учун қилинажак ишлар тарҳини чизиш, буюк келажагимизнинг маданий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлашда давлат ғамхўрлигини янада мақбуллаштиришдан иборат.

Хитой файласуфи Конфуцийнинг шундай бир гапи бор: “Дунёдаги ҳар қандай халқнинг айтаётган қўшиғини келтиринг, мен уни эшитиб, бу халқни қандай идора этиш мумкинлигини айтиб бераман”. Бу гапда аёвсиз ва азалий ҳақиқат ўз тажассумини топган. Ҳеч бир санъат, ҳеч бир адабиёт, ҳеч бир маданият ҳеч қачон ва ҳеч қаерда одамларнинг шунчаки кўнгил хуши, эрмак учун бўлган эмас. Адабиёт ва санъатда уларнинг соҳиби бўлмиш халқнинг сийрати ва саъжияси, табиати ва тафаккури, ҳиммату ҳамияти ва бадиий тахайюли акс этади. Қавмнинг ўзлик идроки ва ўзлик муҳофазаси қудрати ҳам уларда намоён бўлади. Бадииятнинг бу беназир оламлари  шунинг учун ҳам, қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, ҳар қандай халқ тириклигининг пойдор посбонлари сифатида яшаб келади, улар халқни бир мушт ўлароқ бирлаштирадиган иддаосиз куч сифатида мамлакат ичидаги тартиботу осойишталик бузғунчиларининг ҳам, ташқаридан бўладиган тазйиқу хуружларнинг ҳам чинакам балогардонларидир. Президентимиз мазкур учрашувда Маданият вазирлигини Мудофаа вазирлиги билан таққослаганда, ижодкорнинг мустақиллик ва юрт равнақи  олдидаги фарзи айнини яна бир бор таъкидлагандек бўлди, назаримда.

Учрашувда ана шундай фавқулодда муҳим жабҳа бўлмиш адабиёт ва санъатдаги, оммавий ахборот воситаларидаги каттадир-кичикдир, ҳар қандай ноқислик, қусур ёки маҳоратсизлик кечирилмас ҳол эканлиги ҳақли равишда бот-бот уқтирилди. Бугунги маданий-адабий жараёнлардаги нохуш ҳолатлар, номақбул уринишлар, лоқайдлик, майда-чуйда мавзулар атрофида ўралашиб қолиш каби камчиликлар рўйи рост айтилди. Шуни ҳам таъкидламоқ жоизки, ҳар қандай бадиий асарда, кино бўладими, театр бўладими, қўшиқ бўладими, барибир, тил рост ва расо бўлмоғи шарт, аммо таассуфки, бу борадаги оқсоқликларни ҳам сезмаслик мумкин эмас. Даврнинг ўзи тиш-тирноқли танқидни тақозо этмоқда, танқиднинг тили ўткир, дили холис, кўзи равшан бўлсагина, унинг ижодкорга манфаати бисёр бўлади.

Институтимизнинг адабиётшунос, тилшунос ва фольклоршунос олимлари, сўз санъати сир-асрорини инкишоф қилиш билан машғул ижодкорлари мазкур учрашувда ҳурматли Президентимиз томонидан билдирилган фикрлар, таклиф-ташаббуслар ва аниқ кўрсатмалар, ижодкорларга давлатимизнинг ғамхўрлиги борасидаги режаларни мамнуният билан қабул қилдилар. Олиму ижодкорларимиз адабиётимизнинг тараққиёти қонуниятларини, тилимизнинг такомил принципларини, халқимизнинг оғзаки ижоди дурдоналари қаъридаги тахайюл парвозларининг бетакрор чизгиларини янада муфассал кўрсатиб беришдек эзгу ишларни янада иштиёқ билан давом эттирадилар.

Президентимиз таъбири билан  айтганда, “адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори” эканлигидан иборат ҳақиқатни теран англаш ҳар бир ижодкордан алоҳида ғайрат ва масъулиятни талаб этади. Ана шу ғайрат ва масъулият ҳар бир ижодкор фаолиятининг мунтазам унсурига  айланса, давлатимиз раҳбари қатъий ишонч билдирганидек, “насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”.

 

Низомиддин МАҲМУДОВ,

Ўз ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор

 

ЭЛ МУРОДИ

Ижод – жуда серқирра, мураккаб жараён. Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилари вакиллари ҳузуридаги маърузасида адабиёт ва санъатнинг барча жиҳатлари қамраб олинди ва ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ижодкор зиёлиларимизни кўп йиллардан буён қийнаб келаётган ташкилий-амалий масалалар – ижодий уюшмаларни бино ва маблағ билан таъминлаш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, уй-жой, қалам ҳақи, вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида қизғин ижодий муҳитда ўсиб камолга етишни истаётган, шунга ҳар томонлама муносиб ёш қаламкашларни доимий рўйхатга қўйиш ва бошқа масалалар бир анжуманнинг ўзида ҳал бўлиб кетса-я! Бундай қулайлик, бундай имконият  қачон бўлган?

Ана шу учрашувдан чиққанимиздан сўнг ҳамкасбларимиздан бири ёнимга келиб, ҳаяжон билан деди: “Маҳмуд ака, рости, мен бу бинога кираётганимда бошқа одам эдим, энди бутунлай бошқа одам бўлиб чиқиб кетяпман. Қирқ-эллик йил давомида эшитмаган, фақат эшитишни орзу қилган гапларни эшитдик-а!”.

Давлатимиз раҳбарининг ижод оламининг энг нозик соҳалари бўлган адабиёт ва санъатнинг ижтимоий вазифаси, ўрни масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Яшириб нима қилдик, адабиёт ва санъат тарихида “санъат – санъат учун”, “адабиёт – кўнгил иши”, “ўзим тушунсам бўлди” каби қарашларни ёқлайдиган оқимлар кўп бўлган. Албатта, ижодий муҳитда ранг-барангликни таъминлаш, инсон қалби ва туйғулар оламини ўзига хос усул ва воситалар орқали тасвирлаш, таҳлил қилишда уларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга. Буни рад этмоқчи эмасмиз. Лекин ҳаёт тасдиқлаб келаётган ҳақиқат шундан иборатки, халқчиллик, жамиятнинг эзгу ғояларига хизмат қилиш, замоннинг юрак уриши, тарихнинг яратувчиси бўлган инсонлар образини яратиш – ҳамма замонларда ҳам адабиёт ва санъатнинг бош вазифаси бўлиб қолган ва шундай бўлиб қолади.

 Одатда, ижодкорлар бирор нарсадан қувонса, таъсирланса, кайфияти кўтарилиб, қалбида илҳом булоғи қайнаётгани ҳақида тўлқинланиб гапиради. Президентимизнинг ижод аҳлига меҳр билан йўғрилган маърузаси, унда баён қилинган теран фикрлар, фаолиятимизда асос бўлиб хизмат қиладиган ҳаётий хулосалар, тўғриси, қалбларимизда бир эмас, минглаб илҳом булоқларини очмоқда.

Дарҳақиқат, адабиётимиз, санъатимиз ва маданиятимиз олдида янги йўллар, кенг уфқлар очилмоқда. Бу жараёнда ўз ижодимиз, амалий фаолиятимиз билан иштирок этиш барчамиз учун катта бахт, улкан шарафдир.

Шу ўринда фикримни бошқачароқ якунлагим келяпти. 95 ёшни қоралаган уруш ва меҳнат фахрийси, қўшнимиз Мирсултон бобони йўқлаб кирсам шундай деб қолдилар:

— Хўп марднинг замони келди-да, болам! Не-не оғир замонларни, кўкдан тушмай фақат ваъда қилганларни, юрт сўраганларнинг қанчасини кўрдим-у, аммо бизнинг Президентимизга ўхшаб халқнинг кўнглини сўраган, ризолигини истаган, оддий одамларнинг оҳини элнинг ичига кириб эшита оладиганини кўрмагандим. Бу биргина менинг эмас, мен каби юртимиз нуронийларининг фикри… Қани, айт-чи, бундан ортиқ  халқпарварлик бўладими? Аслида ҳам эл-улуснинг дардига малҳам бўла олиш чинакам инсонпарварлик,катта мардлик, ўғлим! Ахир, халқнинг ризолиги — Ҳақнинг ризолиги. Иложи бўлса, менинг гапларимни шеърингга солиб ёз, болам!

Мен ҳам Мирсултон бобонинг дил сўзларини шеърга солдим:

Кўкни кўзла, ерни яшнатгин,

Эзгу ишлар имкони келди.

Халқ деб яша, халқни яйратгин,

Асл мардлар замони келди.

 

Она Ватан, ота маконда,

Дориломон, дорилзамонда,

Озод, обод Ўзбекистонда,

Асл мардлар замони келди.

 

Дарди борга дармон бўлолсанг,

Арзи борга имкон бўлолсанг,

Шу Ватан деб жонни тиколсанг,

Асл мардлар замони келди.

 

Мулоқотдан мурод топсин эл,

Мушкулига кушод топсин эл,

Тўкис, тўкин ҳаёт топсин эл,

Асл мардлар замони келди.

 

Эл соғлиғи  — юртнинг давлати,

Юрт тинчлиги — элнинг давлати,

Шу эмасми, халқ манфаати,

Асл мардлар замони келди.

 

Адолатнинг давронидир бу,

Юртбошимиз ҳар дилда кўзгу,

Ўзбекона лўнда гапим шу:

Асл мардлар замони келди.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

 

МАҚСАД — ИСТЕЪДОД  ТАРБИЯСИ

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев маданият, адабиёт ва санъат ходимлари билан бўлган учрашувида Олий адабиёт курсини тилга олдилар. Шу фурсат ўша курснинг яқин тарихи, унда таҳсил олган ёшлар, ўқув жараёнини бошқариб юрган машаққатли, аммо завқли кунлар хаёлимга келди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факултети қошида ташкил қилинган ушбу Олий адабиёт курси 2001—2009 йиллар давомида фаолият олиб борди. Ёш ижодкорларнинг қаламини ўткирлаштириш вазифасини имконияти доирасида бажарди. Бироқ ўша пайтлар моддий таъминот, ҳуқуқий мақоми ва битирувчиларга бериладиган расмий ҳужжатлар устида пайдо бўлган муаммолар боис курс фаолияти тўхтаб қолди.

Тўғриси, Олий адабиёт курсини битирган Аҳтамқул Карим, Хосият Рустамова, Даврон Ражаб, Ориф Ҳожи, Гулжамол Асқарова, Муҳиддин Абдусамад, Ривож Ўтар, Ҳаёт Шодмон, Адиба Умирова каби бир қанча  истеъдод эгалари бугунги кунда нашриёт, матбуот, телевидения, Ёзувчилар уюшмасида самарали ишлаётганини адабий жамоатчилик яхши билади. Улар икки йиллик ўқиш давомида олам-жаҳон адабий-назарий янгиликлар, маслаҳатлар, ўз ижодига ёрдам берадиган билимлар олганини, қизғин адабий учрашув ва суҳбатлардан баҳраманд бўлишганини  ҳар вақт мамнуният билан эслаганларига гувоҳман.

Бугун Олий адабиёт курси ўз ишини қайта бошласа республика ижтимоий-маданий, адабий-маънавий ҳаётидаги жиддий ҳодиса сифатида қабул қилиниши табиий. Айни кунларда истеъдод тарбияси билан махсус шуғулланиш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, “Маҳорат мактаби”  машғулотларида тажрибали адиблар маслаҳатини олиш зарурати сезилмоқда. Ҳозирги кунларда сўз тизмасига гўзал шеър сифати, бир марта ўқишга арзимайдиган қуруқ воқеаномаларга қисса ёки роман сифати берилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бетўхтов турли китоблар, ҳатто кўпжилдликлар нашр эттириш ҳам катта адабиёт майдонида ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин. Дарвоқе, ўткир дидли, синчков адабий танқидчи-синчиларни тарбиялаш ҳам бугунги адабий ҳаёт талаби. Шу маънода Олий адабиёт курси ўтмиш эмас, балки адабиётимизнинг келажаги — ёш адиб ва мунаққидларни тарбиялайдиган маскан бўлмоғи лозим.

Ижодкор шахсияти ва бадиий асар, ижодкор сўзи ва амали – бу жуфтликлар ўзаро ажралмас, ўзак масалалардир. Таълимда ёш ижодкорларнинг қалами ва дунёқарашини баркамол асарлар ёзиш томон йўналтириш, ижоднинг табарруклиги, сўзнинг қадрини, қоғоз ва қалам воситасида мудраган юракларни уйғотувчи чинакам санъат намуналарини яратиш йўллари ўргатилиши керак. Бундай адабий-назарий ўгитлар ҳосиласи умрбоқий гўзал асарлар бўлиши аниқ…

Ёш ижодкорларнинг ортиқча манманлик ва манфаатга берилиб, озгина мақтовдан талтайиб кетмасликлари, холисона айтилган танқидий фикрларни тўғри қабул қилишлари учун уларга башарият тарихида асрлар бўйи синовдан ўтган одамийлик ва камтарлик илмидан сабоқ бериш ўринли бўлади. Айниқса, ҳазрат Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами” деган бебаҳо ҳикматларини ўзларига ҳаётий ва ижодий  дастур қилиб оладиган бир адабий авлодни тарбиялаш Олий адабиёт курси зиммасига тушади.

Ижод аҳли ҳамиша одамларнинг юрагига қулоқ тутиши, уларнинг қалб амрини англаб, тўғри йўлдан бораётганларга илҳом, қанот ва қаноат беришлари, айни чоғда, жиндай адашганларни ўзларининг ўткир, сеҳрли сўзлари билан тўғри йўлга бошлашлари керак. Бунинг учун ҳар бир ёш қаламкаш ўз “мени”ни, эстетик идеалини шакллантириши, миллий қадриятларни эъзозлаши, сўз санъатини моддий манфаатларга, енгил-елпи шуҳрату қарсакларга алишмасликлари лозим.  Олий адабиёт курси келгусида шундай олийжаноб, ўзбек адабиётининг буюк келажаги учун тинмай, тунларини бедор ўтказиб чин юракдан ижод қиладиган адибларни тарбиялашдек миссияни адо этиши шарт.

Тушунарли ёзиш, билиб ва ўйлаб ёзиш – умуман бадиий асарнинг бунёд бўлиш омилларини жаҳон ва миллий адабиётшунослигимиз негизида теран англаш – бу ҳам ёш истеъдоднинг саодати. Зеро, аллома адибимиз Абдулла Қодирий айтадики: “Ёзувчининг ўзи тушуниб, бошқалар тушунмаслиги катта айб. Аслида ёзувчилик айтмоқчи бўлган фикрини ҳаммага баробар англата билишда, орага англашилмовчилик солмасликдир”.

Бугунги ёш ижодкорлар тафаккури даражасини инсон қалбининг ҳақиқий муҳандиси деган баланд рутбага кўтариш, улар онгу шуурини нафосатнинг одамларга завқ-шавқ улашишдек    саховат нури билан ёритиш керак. Шу эътибордан:

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,

Қучоқ очиб халқ ичига борайлик! —

деган чўлпонона чақириқ моҳиятини кенг кўламда теран англашга зарурат бор.

Бадиий ижодни қисмат деб билган ёш истеъдодларни тарбиялаш жараёнида уларга сўз санъатининг қонунияти ва фалсафий-эстетик мазмунини, образлар олами ва рамзлар тилини, концептуал абадий мавзуларни аниқ ва равшан тушунтириш ўзбек адабиётининг яқин келажакдаги жаҳоний довруғи учун замин ҳозирлаши мумкин.

Айниқса, бугун эл-юрт, Ватан ва миллат дарди билан яшаб, қалам тебратаётган ёш истеъдодларга ўзбек ва дунё адабиётининг бой тарихини, адабиётшунослик назарияси, ижод психологияси, машҳур адибларнинг ижод лабораторияси сирларини  системали ўргатиш, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

Яна бир мулоҳаза: Олий адабиёт курси янгидан ўз ишини бошласа, ушбу даргоҳга қардош қўшни республикалардан, умуман, узоқ ва яқин  хориждан ўзбек адабиётининг энг нодир намуналарини ўз она тилларига таржимаси билан шуғулланадиган  ёш адабиётчи-таржимонларни ҳам қабул қилиш масаласини ўйлаб кўриш керак. Ўзбек адабиётининг дунёга чиқиши ва миллатлараро адабий алоқаларнинг кучайишига Олий адабиёт курсида таълим оладиган хорижлик талабалар ўз улушларини қўшар, эҳтимол.

Қайта ташкил топадиган Олий адабиёт курси республика маънавий-адабий муҳитининг тозариши, замонавий ўзбек адабиёти тараққиёти учун хизмат қилиши табиий.

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори

ИШОНЧ ВА ҒУРУР

Агар мендан бугунги кунимизнинг, хусусан, сўнгги бир йил ичидаги ҳаётимизнинг асосий хусусияти нимада кўринади, деб сўралса, мен ҳеч иккиланмай: шиддатда, ниҳоятда улкан шиддатда деб жавоб берган бўлар эдим. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар, янгиликлар; камчиликларни яширмай, хаспўшламай очиқ-ойдин айтиш, уларни бартараф этиш йўлларини белгилаш, бу йўлда эл-юртини маънавий-маърифий, моддий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ватандошларимизнинг ҳозирги турмушига меҳрини кучайтиришдан ташқари келажакка умиди ва ишончини ҳам мустаҳкамламоқда.

У ёки бу ишни амалга ошириш учун фақат талаб қўйилаётгани йўқ. Талабларни амалга ошириш учун, авваламбор, тегишли шарт-шароитлар яратилмоқда. Бугунги қўйилган вазифалар эртанги кунданоқ амалга оширишга киришилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ишнинг бу тарзда йўлга қўйилиши ўзимизга ва давлатга ишончимизнинг асосий гаровидир.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувида мана шу жараёнларидан келиб чиқувчи масалаларининг долзарб муаммолари муҳокама қилинди ва ижодкорлар олдида турган жиддий вазифалар белгиланди.

Тўғри, дейлик, ёзувчи давр талабларига жавоб берувчи янги романларини, санъаткорларимиз ўзларининг янги саҳна асарларини, бадиий филмлари, қўшиқ, мусиқа ва ҳоказоларни яратиши керак. Лекин, менингча, булардан ташқари барча ижодкор зиёлиларимиз олдида турган, худди шу кунларимиз учун муҳим ва муштарак бир вазифа борки, у асосан, публицистика орқали намоён бўлади.

Тарих шуни кўрсатадики, ҳар қандай жамиятнинг кескин, тарихий бурилиш паллаларида энг жанговар ва ҳозиржавоб публицистикага бўлган талаб биринчи ўринга чиқади. Публицистика ҳаётимизнинг барча жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришларни, янгиликларни, халқ руҳияти ва дунёқарашида содир бўлаётган ислоҳотларни, бу борадаги ютуқ ва камчиликларни кенг ва атрофлича таҳлил этиб, бу йўналишларда фаоллашувга замондошларимизни, ватандошларимизни рағбатлантирмоғи керак. 3 августдаги учрашувда икки юзга яқин ижодкор зиёли ва бу соҳага дахлдор кишилар иштирок этди. Тасаввур қилинг: уларнинг ҳар бири, дейлик, фақат бадиий ижод йўналишидаги вазифаларнигина эмас, умуман сўнгги бир йил ичида ҳаётимизда рўй берган ва бераётган янгиликларни, ўзгаришларни таҳлил этиб, ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб, амалга оширилаётган ишларнинг тарихий аҳамиятига эл-юрт­нинг эътиборини янада чуқурроқ жалб этиб, ўз фикрлари, қарашлари билан ўртоқлашсалар нақадар ўринли бўлар эди. Улар қаторига бошқа касбдош ва сафдошлар қўшилса-чи, бу ҳаракат нечоғли самарали бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Эл-юрт ўзи севган, меҳри тушган ижодкор зиёлиларга ишонади, уларга эргашади. Шу маънода ижодкорларимизнинг жамиятимиз ҳаётида рўй бераётган бугунги тарихий ҳодисаларни таҳлил этиб, тарғиб этишга қаратилган публицистик чиқишлари долзарб аҳамиятга эга вазифадир.

Яна бир фикр: эрта-индин янги ўқув йили бошланади. Олий мактабда ҳам, ўрта мактабда ҳам йилнинг биринчи дарси, масалан, “Президентимиз қарорларини ўрганайлик ва ҳаётга фаол татбиқ этайлик” умумий мавзу атрофидаги суҳбат асосига қаратилса ўринли бўлар эди. Бунинг учун, менингча, суҳбат мавзусини қатъи белгилаб қўйиш шарт эмас.

Сўнгги йиллардаги махсус қарор ва фармойишлар ҳаётимизнинг ниҳоятда ранг-баранг қирраларини қамраб олади. Муаллим ва ўқувчи, талабалар учун бу масалада эркин ижодий ёндошув ҳуқуқи бўлса, назаримда, янада яхши бўлади. Вазирлик ўқув йилидаги биринчи дарс матнининг энг сара намуналарини бир тўплам сифатида нашр этса, у келгуси йилдаги фаолият учун муайян тажриба вазифасини ўташи мумкин.

Тошкентнинг энг гўзал кўчаларидан бирида Адабиёт бўстони барпо этилиши, у ерда Ёзувчилар уюшмаси учун алоҳида янги бино қурилиши, боғда улкан адибларимиз ҳайкали қад кўтариши; Паркентда адиблар учун янги истиқомат бинолари, истироҳатгоҳлар бунёд этилиши; Зоминдаги Ўриклисойда ёзувчилар учун махсус оромгоҳлар барпо этилиб, у ерда истеъдодли ёшлар учун ҳатто йил давомида эмин-эркин ижод қилишга давлат ва уюшма ҳисобидан шароитлар яратиб берилиши, уларнинг дастлабки бир-икки асари имтиёзли равишда чоп этилиши; қалам ҳақи билан бир қаторда пенсияларни ҳам тўлиқ равишда олиш ҳуқуқи берилиши; адиблар учун арзонлаштирилган тарздаги уй-жой қуришга киришилиши, академия ҳақиқий аъзоларининг ойлик қалам ҳақи ҳам энг кам иш ҳақи ҳисобидан ўн бор кўпайтирилиши ва бошқа қатор тадбирлар ёзувчилар ва илм аҳлига давлат ва ҳукуматимиз нечоғли катта эътибор бераётганига ёрқин далил бўла олади.

Ёзувчилар уюшмаси шу вақтгача бош­қалардан қолган бир бинодан иккинчисига кўчиб юргувчи эди. Тарихда улар учун ҳеч қачон махсус бино қурилган эмас. Насиб этса, яқин кунлар ичида Ёзувчилар уюшмаси илк бор ўзи учун қурилган янги бинога кўчиб ўтади. Мен яна шу бино салобат билан қад кўтариб турган боғда катта — беш-ўн метрли глобус ўрнатилишини ва унда ўзбек адабиётининг жаҳон тилларига, жаҳон адабиётининг ўзбек тилига ўгирилгани акс эттирилган панно  қад кўтаришини орзу қиламан.

Ёки Зоминнинг Ўриклисойи фақат ўзимизнинг ёш ёзувчиларимизнинг эмас, мунтазам равишда ўтказилиб турувчи жаҳон адиблари учрашиб турувчи масканга айланишини, бу гўшада вақти келиб ушбу учрашувда қатнашиб дунёга танилган қалам соҳиби даражасига етган ўзбекистонлик ва халқаро миқёсдаги шоир-ёзувчиларнинг бюстлари, ҳайкаллари, ижодхоналари савлат тўкиб туриши, бу тадбирлар, манзаралар Ўзбекистоннинг жаҳон халқлари билан янада мустаҳкамроқ боғлашини орзу қиламан.

Бу фикрлар ёнига яна Президентимизнинг: биз адабиёт ва санъат йўналишида ҳеч қачон бизнесга йўл қўймаймиз; замонамиз қаҳрамони, фидойи ватанпарварлар образини яратишга алоҳида эътибор бериш муҳимдир; майда-чуйда маиший мавзу ва масалалар билан ўралашиб қолмасдан, жиддий ижтимоий муаммоларни ёритиш зарур; маънавий жиҳатдан юксалмай туриб, моддий жиҳатдан юксалиш қийин; саёз енгил-елпи асарлар кўпайиб кетяпти, бунинг олдини олиш барчамизнинг вазифамиздир — бу масаланинг ҳуқуқий-норматив ҳужжатларини мустаҳкамлаш керак; санъаткор ҳақиқий истеъдод эгаси бўлса ижтимоий буюртма билан ҳам зўр асарлар ярата олади, деб А.Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” драмасини мисол қилиб кўрсатиши;  эстетик дунёқарашни соғломлаштириш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир; истеъмолчилик кайфияти билан яшаётган кишиларни асарлардаги етакчи қаҳрамон сифатида кўрсатиш тамойиллари тўғри эмас; давлатимиз санъат ривожи учун ҳеч нарсани аямайди; санъат ва маданият деган муқаддас тушунчанинг беқадр бўлишига асло йўл қўймаймиз каби илгари сурилган фикр ва ғояларини эсласак куни кеча бўлиб ўтган ижодкор зиёлилар билан учрашув амалий, назарий ва методологик жиҳатдан ниҳоятда жиддий муаммоларнинг бир бутун-яхлитликда қамраб олинганининг гувоҳи бўламиз.

Бу масалаларни чуқур, теран таҳлил ва тадқиқий асосида ҳаётга татбиқ этиш учун адабиёт ва санъатга дахлдор уюшмалар, муассасаларда тегишли илмий конференциялар, анжуманлар ўтказилса ёмон бўлмасди, деб ўйлайман. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил, адабиёт ва фольклор илмий-тадқиқот институти Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Олий таълим вазирлигининг Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда ана шундай анжуманга тайёргарлик ишларини бошлаб юборса айни муддао бўлар эди. Зеро, Президентимиз илгари сурган ғоялар ичида: адабиёт ва санъат йўналишида биз ҳеч қачон бизнесга йўл қўймаймиз, деган фикрларда фақат ўзимизгина эмас, жаҳон миқёсида эътибор берилишга муносиб ва қадр-қимматини топишга муносиб муҳим методологик қарашлар мавжуд.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан айтилган, масалан: нега биз Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” сингари роман-эпопеяси асосида халқаро миқёсда тан олинган сериаллар сингари ўзимизнинг кўп қисмли филмларимизни яратмаяпмиз, деган фикрларни эшитган адабиёт ва санъат ихлосмандлари кино санъатимиз арбобларидан бу даъватга муносиб фаолиятни кутиб қолишга ҳақдирлар. Зеро, учрашувда айтилган фикр ҳам, адабиёт ва санъат соҳаларидаги барча ташкилотларга моддий ва молиявий жиҳатдан бақувват банк, концернларнинг ҳомий сифатида ҳукумат томонидан бириктириб қўйилиши ҳам ва учрашувнинг эртасигаёқ бу йўналишда қатор фармойиш ва қарорларнинг эълон қилиниши санъат ва адабиёт соҳасидаги вазифаларимиз қоғозда қолиб кетмай, амалга ошириш босқичига ўтганини кўрсатиб турибди.

Бизнинг ҳавас қилса арзигулик буюк адабиётимиз ва санъатимиз бўлади, деди суҳбатда Президентимиз. Биз ҳам шундай бўлишига ишонамиз.

Ишонч эса, ҳақли равишда ғурур туйғуларини уйғотади.

Бахтиёр НАЗАРОВ,

академик

 

 

ЗИММАМИЗДАГИ БУРЧ

Мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузани қорақалпоғистонлик ижод аҳли видеоселектор орқали кўриб, эшитиб, давлатимиз раҳбари адабиёт, санъат, журналистика, кино, театр ва маънавиятимизнинг бошқа соҳаларида йиллар давомида  йиғилиб қолган муаммолар ва уларни ечиш йўллари ҳақида кенг ва батафсил тўхталганининг гувоҳи бўлдик.

Тўғри, Ватанимиз тарихида теран из қолдирган улуғ сиймоларнинг образларини кино ва саҳна асарларида яратишда,  бугунги кун қаҳрамонларининг қиёфалари чизилган назмий ва насрий асарлар ёзишда бироз сусткашликка йўл қўйилди.

Юртбошимиз бу ва бошқа камчиликларимизни кўрсатиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш учун ижодкорларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган  қатор қулайликлар ташкил этилажагини айтдики, бу бизни ғоятда руҳлантирди.

Бу ҳаракатлар бугунги кунда Ўзбекистонимизда адабиёт, санъат, маданият давлат аҳамиятига эга соҳаларга  айланганидан дарак беради ва биз ижодкорларни замонамиз руҳига муносиб янги асарлар яратишга  ундайди.

Ўтган йили Қорақалпоғистоннинг Шуманай туманида бўлиб ўтган учрашув чоғида етти яшар боладан етмиш яшар қариягача, оддий хизматчидан раҳбар лавозимидаги шахсларгача ҳар бир фуқарони китоб ўқишга чорлаганида биз Шавкат Мирзиёевнинг китобга, маданиятга, адабиётга, санъатга ихлоси ниҳоятда баланд эканини англаб жуда  қувонган эдик. Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, китоб ўқиган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Адабиёт ва санъатга, маданиятга Ўзбекистондагидек юксак эътибор бошқа давлатларда йўқлигини биз ҳар доим кўриб-билиб турибмиз. Шу билан бирга, эътибор, яратилаётган имкониятлар ижодкорларимизга бурч, масъулият ва жавобгарлик юклашини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Янги асар яратиш учун ёзув столига ўтирган ҳар бир ижодкор ич-ичидан: “Бугунги талаблардан келиб чиқиб, бадиий жиҳатдан пухтароқ асар ёзиш учун кўпроқ ишлайин, изланайин, ўқийин!” деган қатъият билан меҳнат қилмоғи зарур.

Бундан бир ой илгари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қайта тикланган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида қорақалпоғистонлик бир гуруҳ ёшлар билан қатнашдик. Ёшларимиз истеъдодли, улар орасидан, албатта, келажакда ўрнимизни босадиган адибларнинг чиқишига аминмиз. Улар жонажон Ватанимизнинг гўзал гўшасини — сервиқор тоғлари, биллур сувли булоқлари, кўнгли очиқ инсонларини кўриб, Ўзбекистоннинг дунёда тенгсиз диёр эканини жон-дилидан уқганлигини чеҳраларидан кўрган биз  катта авлод вакилларининг кўзларимизда ёш қалқиганини яширишнинг ҳожати бўлмаса керак. Демакки, ўсиб келаётган ёш авлод, адабиётнинг келажаги учун бугун жон куйдирилаяпти. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар эртага ўз мевасини беради.

Маънавияти бой эл ҳар доим иқтисодиётда, сиёсатда, албатта, ютуқларга эришади. Узоқ тарихдан бир мисол: спарталиклар ўз иттифоқдошлари бўлган юнонлардан ҳарбий кўмак сўрашганида улар бир кекса кишини ёрдамга жўнатишган, уни кўрган спарталиклар: “Бизга ёвни енгишга кўмаклашадиган аскар шуми?” деб кулишган экан. Аммо жанг олдидан юнонлар юборган қария аскарлар олдида шундай нутқ сўзлаб, уларни шундай руҳлантирибдики, спарталиклар ўзларидан кучли бўлган душманлар устидан ғалаба қозонибди. Сўзнинг кучи, сўзнинг қудрати ҳеч бир замонда сусаймайди.

Ўзбекистонимизда адабиёт, санъат ва маданият соҳаларининг бугунги муаммолари ва келажаги учун муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзи бош қотираётган экан, бу соҳанинг заҳматкашлари бўлган биз ижодкорлар халқимиз маънавиятини бойитиш, ёшларимиз тарбиясида ибрат бўладиган асарлар яратиш учун белни маҳкам боғлаб, ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишимизга тўғри келади.

Кенесбой КАРИМОВ,

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири

 

 

ҚАҲРАМОНЛАР  ОРАМИЗДА

Юртбошимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасини тинглаб, кўнглимдан бир фикр ўтди. Дарҳақиқат, улуғ Чўлпон ёзганидай, адабиёт яшаса – миллат яшайди. Аммо кичик бир истилоҳ шуки, агар адабиётнинг атомдан қудратлироқ кучи ўтин ёришга сарфланмаса, миллат нафақат яшайди, балки ҳар томонлама юксалади ҳам.

Куюнчак ноширларимиздан Санжар Назарнинг бир фикри мазкур ҳақиқатни лўнда ифодалаган: “Бадиий адабиётсиз зўр физик, математик, кимёгар, доктор бўлиш мумкин, аммо бу соҳаларнинг даҳосига айланиш имконсиз, деб ўйлайман. Адабиёт – мафкура, ғоя, дунёқарашларни ёйиш ва ўзгаларга сингдиришнинг гўзал шакли”. Таассуфки, улуғ бир шоиримизнинг армони ҳамон амалга ошмаяпти: юртимизда истеъдодлар мўл, аммо даҳолар масаласида мақтанолмаймиз…

Ҳар не бўлганда ҳам  элимиз қалам аҳлига ҳурмат билан қарайди. Азалдан ижод қилиш бизга косибчилик бўлмаган, ҳақиқий асарнинг дунёга келиши эса илоҳиёт билан боғланган. Давлатимиз раҳбари бугун ижодкорларни “жамият тафаккурининг эгалари”, дея юксак таърифлаб турибди. Албатта, бу эътирофда бўнак, яъни “аванс” ҳиссаси кўпроқдек. Зеро, ҳар биримиз жамият тафаккури шаклланишига озгина ҳиссамизни қўшолсак ҳам катта гап.

Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, юртимизда улкан ўзгаришлар рўй бераяпти, фавқулодда аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Шубҳасиз, ижобий воқеликларнинг ҳаммаси сеҳргар таёғининг бир ишораси билан содир бўлиб қолмайди. Бунёдкорлик ишларини инсонлар, биз билан бирга яшаб юрган, бир ҳаводан нафас олаётган ҳамюртларимиз амалга оширяпти. Демак, замон қаҳрамонлари ҳам шундоқ ёнимизда. Эҳтимол, улар бугун Фарҳод каби тоғларни чўкичда қўпориб, саҳроларга сув чиқармаётгандир, ялангоёқ қор кечиб, темир излар қурмаётгандир. Бугуннинг қаҳрамони зиммасидаги вазифасини виждонан адо этаётган, имон-эътиқодли, ҳаром луқмадан ҳазар қиладиган,  фидойи, элим деб, юртим деб яшаётган, элига садоқатини оғиз кўпиртириб изҳор этишдан истиҳола қиладиган замондошларимиздир. Бироқ улар асарларимизда бор бўй-басти билан кўринмаётгани ҳам бор гап.

Президентимиз маърузасида таъкидлаганидек, бугунги кунда енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар кўпайиб кетди. Айрим нашриётларда чоп этилаётган китобларни варақлаб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан киши. Бу каби “асар”ларнинг қаҳрамонлари ким-у, баёнлар мавзуси нима эканини тасаввур этиш қийин эмас: ўлдим-куйдим, қайнона-келин можароси… Бундай кўнгилочар, тижорий адабиёт ўқувчини ҳақиқий адабиётдан узоқлаштиради, холос. Юртбошимиз мана шу муаммонинг ечимини ҳам лўнда ифодалаб берди: “Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз!”

Тарихий учрашувда барчамизни ўйлантираётган муаммолар тилга олинди, бир йўла уларнинг одилона ечими ҳам айтиб ўтилди. Ўйлашимча, энди майда-чуйда ташвишларга чалғимай, фақат ҳақиқий ижод билан шуғулланадиган кунлар келди. Энди замон биздан шуни талаб қилишга юз бора ҳақли. Элимиз биздан шуни талаб қилишга минг бора ҳақли. Бу талабларга жавоб бермасликнинг ўзи уят, жуда ҳам уят!..

Зулфия ҚУРОЛБОЙ қизи

МУНОСАБАТНИ ЎЗГАРТИРАЙЛИК

Аввало шуни айтиш керакки, охирги  ярим йилдан ошиқроқ вақтда юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳамда кенг қамровли  бунёдкорликларнинг  гувоҳи  бўлаётган халқимиз ҳаётга  бошқача нигоҳ  билан, яъни  кўтаринки  руҳ  билан  қарай  бошлади. Боқимандалик, лоқайдлик каби иллатларни ҳамюртларимиз аста-секин ўзларидан  сиқиб чиқаришга  улгурдилар.

Юртимиздаги  шиддатли ўзгаришлар гирдобига чидолмаган  тасодифий ёки матонати етишмаган  раҳбар  ва  амалдорлар ўрнига шижоатли шахслар келди. Хўш, ўзбек  киноси-чи? Ана шу масалада Юртбошимизнинг барча эътирозлари ўринли. Жумладан: нега ўзбек киноси жойидан силжимаяпти, нега маиший сийқа мавзуларга ўралашиб қолаяпти? Нега тарихий сиймоларимизни, қадриятларимизни  тараннум  этадиган, ёшларни мардликка, ватанпарварликка, ўзлигимизни англашга ундайдиган филмлар олинмаяпти… Асосий гап шуки, маънавиятга таъсир этадиган энг қудратли  санъат  кино  экан, ишимизни жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Акс ҳолда, томошабин кино ортидан эмас, кино томошабин ортидан йўрғалайверади. Президентнинг: “Нега менталитетимиз, қадриятларимиз таҳқирланадиган, оммавий  маданиятни тарғиб қиладиган бачкана филмларга чек қўйилмаяпти. Кино – санъат  даражасида бўлиши керак. Санъат — бизнес эмас ва бунга асло йўл қўйиб бўлмайди”, деган сўзларидан анжумандагилар кўпроқ айбловни эмас, қалбдан чиқаётган оғриқни ҳис этдилар. Шавкат Мирзиёевнинг учрашувдаги фикрлари ўзаги “Адабиёт яшаса, маданият яшаса — миллат яшайди”, деган даъват бўлди. Эътибор беринг, замон ўзгариши билан Чўлпоннинг фикрига “маданият яшаса” жумласи ўринли равишда қўшилаяпти. Чунки глобаллашув даврида маънавий, мафкуравий таҳдидларнинг шакллари кўпайиб, чигаллашиб бораяпти. Бизни бу таҳдидлардан қутқара оладиган ягона йўл — маънавиятимиз. Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборни қаратмоқчиман: чет эл  киноиндустрияси мавзу-сценарийлар танқислигига учрагани ҳеч кимга янгилик эмас. Энди улар бизнинг бой тарихимиз, алломаларимиз, саркардаларимиз ҳаётини кўрсата  бошлашди. Лекин қандай талқин қилишаётгани  тушунарли… Масалан, Абу Али ибн Синонинг қўлёзмалари, тадқиқоту изланишлари натижасида ёзилган асарлари бутун дунё тиббиёти учун асосий устун вазифасини ўтаб келаяпти. Лекин  “Ученик Авиценны” (“Ибн Синонинг шогирди”) филмида  буюк аллома англиялик шогирдининг  шогирдига айлантириб қўйилган. Ибн Сино бизнинг халқимиз вакили эканлиги умуман тилга олинмайди. Иккинчи филмда, алломанинг онаси Бухорода  туғилгани ҳақида айтиб ўтилади, холос. Буюк Амир Темур бобомиз тузуклари, улар ҳақидаги қисса ва романларни ўрганиб, сценарийси ёзилган “Чингизхон” филмида  дунёнинг жуда катта  ҳудудига ҳукмронлик қилган Хоразмшоҳлар, жаҳон тараққиёти бешиги бўлган диёр камситилиб, хунук чизиқларда кўрсатилади.  Довюрак, ватанпарвар  Мангуберди сиймоси эса томошабиннинг ғашини  келтирувчи актёр ижросида гавдаланади.

“Бу бизнинг тарихимиз”, “Ундай эмас, бундай бўлган” деб айюҳаннос солишдан ҳам, халқаро миқёсда қоғозбозлик қилишдан ҳам фойда йўқлигини биламиз. Демак, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, буюк тарихимиз, алломаларимиз ҳақида  жаҳон киноэкранларига чиқа оладиган филмлар яратиб,   уларнинг оғзига қопқоқ қўйишимиз мумкин.

Анимацион филмларимизни нега болакайларимиз кўрмайди, деган саволга шундай демоқчиман. Чунки мултфилмларимиздаги персонажлардан катталар ҳам қўрқади, улар шилқиллаган калла ва оёқ ёки қандайдир  чизиқлардан иборат, яна бари ёнига қараб ҳаракат қилади. XXI асрда-я!. Тўғри-да, бундай  мултфилмлар болакайларни қандай жалб  қилади.

Куни кеча Президентимиз томонидан кино ҳақида чиқарилган қарорда айнан шундай  ҳолатларга  чек  қўйиш  учун қатор имкониятлар берилди ва  талаблар  қўйилди.

Анимацион  филмлар ишлаб чиқаришни  2018 йилда 30тага(қисм), 2020 йили 50тага етказиш, мутахассисларни чет элларга малака ошириш учун юборишни ташкил этиш, бадиий филм  ишлаб чиқаришни 2018 йили 20тага, 2020 йилга бориб 30тага ошириш ҳақида гап бораяпти. Молиялаштириш давлат бюджетидан ажратилиши таъкидланаяпти. Устига устак, ҳар бир вилоятда кўнгилочар  мажмуалар яратилиши ва уларнинг юқори қаватида замонавий жиҳозланган кинозаллар барпо қилиниши учун ҳам алоҳида маблағ ажратилади. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида яқин йилларда кинопрокат тизимини юқори босқичга олиб чиқиш ҳақида топшириқлар берилди. Бу ҳозирги кундаги энг долзарб муаммолардан бири. Мутахассислар, айнан ёш кадрларни тайёрлаш борасида, шуни айтишимиз мумкинки, охирги йиллардаги  Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтида олиб борилаётган ишлар  таҳсинга лойиқ. Қатор  ёш режиссёр-талабаларимиз, уларга яратилаётган имконият ва таълим йўналишидаги прогрессив ўзгаришлар натижасида, кўпгина халқаро кинофестивалларда совринли ўринларни қўлга киритишмоқда (Мафтуна Аллоқулованинг “Вафодор”, Ҳасан Алижоновнинг “Меҳр” ва бошқа асарлар). Давлатимиз томонидан яратилган  кино соҳасидаги қулайлик ва имкониятлар ёш мутахассисларимиз ғайратига ғайрат қўшишига ишонаман. Бу борада давлатимиз, хал­қимизнинг бир неча юз миллиардлаб маблағи сарфланаётган экан, биз киночилар соҳага муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз шарт.

 

Ҳилол НАСИМОВ,

кинорежиссёр,

“Ўзбекфилм” киностудияси директори

НИЯТНИНГ ЎЗИ КАМЛИК ҚИЛАДИ

Давлатимиз раҳбари мамлакат ижодкор зиё­лилари вакиллари билан учрашувда маданиятимиз ва санъатимизнинг ривожланиш жараёнларини, бу борада ижобий тенденциялар билан бирга, айрим салбий ҳолатлар ва уларнинг жамият ҳаётига таъсирини холисона, танқидий баҳолаб, ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида атрофлича фикр билдирди.

Ушбу йиғилишда, жумладан, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақида ҳам ўринли танқидий фикрлар айтилди. Танқид ўринли эканини ҳаммамиз жуда яхши тушуниб турибмиз. Лекин иш фақат тушуниш билангина битмаслигини ҳам яхши биламиз. Зеро, бундай камчиликлар, Президентимиз таъбири билан айтганда, уюшмада масъулият туйғуси, ишчанлик ва ижодий муҳит йўқолиб бораётгани оқибатидир.

Демак, ўтказаётган кўргазмаларимизга принципиал ва малакали баҳо берилишини йўлга қўйиш, бошқа уюшма ва ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, камчиликларни бартараф этиш учун амалий таклифларни ишлаб чиқиш бугун олдимизда турган асосий вазифалардир. Бу ва бошқа ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишнинг асосий йўлларини Президентимиз ўз маърузаларида кўрсатиб ўтди ва бу борада дастлабки қадамлар ташланди. Жумладан, ижодий ташкилотлар учун кўмак берадиган “Илҳом” жамоат фонди ташкил этилди. Ушбу фондга давлат томонидан 20 миллиард маблағ ажратилиши ва у 2022 йилгача барча солиқ ҳамда мажбурий тўловлардан озод қилиниши бизга берилган жуда катта имтиёз. Ўйлайманки, Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш бўйича тайёрланаётган Президент қарори ҳам ижодкор рассомлар олдида янада кенг уфқлар очади.

Ана шу тарихий учрашув сабаб анчадан буён ўзимни ўйлантириб юрган бир масала ҳақида фикримни айтиш имконияти туғилганидан хурсанд бўлдим. Очиғи, бундай фикрга келишдан олдин жуда узоқ, деярли олти йил вазиятни ўргандим. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини, курсдан курсга ўтиш жараёнларини, талабаларнинг курс ва диплом ишларини кузатдим, турли курсларда ўқийдиган ёшлар билан суҳбатлашдим. Булардан чиқарган хулосам шу бўлдики, ижодий ўқув юртларга, хусусан, рассомлик ўқув даргоҳларига талабаларни, биринчи навбатда, ижодий имтиҳон асосида қабул қилиш керак.

Кузатиб юрган пайтимда бир талаба билан суҳбатлашиб қолдим. Маълум бўлдики, у рассомликка алоқаси бўлмаган ўқув юртини битириб, бизга ҳужжат топширган, ижодий имтиҳондан пастроқ балл олиб ўтган ва тест саволларини яхши ечган. Шундай қилиб, иқтидори ўртамиёнадан ҳам паст бўлган абитуриент талаба бўлган. Шу боладан нимага бу ерга ўқишга кирганини сўрасам, “Чизишни ўрганиш учун кирдим”, дейди. Миллий рассомлик ва дизайн институти чизишни ўргатадиган жой эмаслигини наҳотки коллежни битирган бола тушунмайди. Ҳам кулгинг келади, ҳам хафа бўлиб кетасан.

Бир йигит ижодий имтиҳон топшираяпти. Қулоғида “наушник”, мусиқа тинглаб, сурат чизиб ўтирибди. Қаердан келганини сўрасам, мусиқачи эканини айтди. “Бу ерда нима қилиб юрибсан?” десам, “Бир ният қилувдим”, дейди. Шунинг учун ҳам рассомлик олий юртига шу соҳага тегишли махсус мактаб ва коллежларни битирган абитуриентларнинг ҳужжатини қабул қилиш керак. Биз талабаларимиз она тили ва адабиёт, тарих фанларини чуқур ўрганишларини истаймиз ва бу фанлардан ўзимиз тест саволларини туздирмоқчимиз. Сабаби, ҳамма, биринчи навбатда, ижодкорлар она тили ва адабиётимизни яхши билишлари шарт. Рассом ўз фикрини қоғозга рисоладагидай тушира олиши, ҳуснихатда ёзишни билиши, бирор тадбирда фикрини тўғри ифодалаши керак-ку! Афсуски, бу борада кўп рассомларни ўрнак қилиб кўрсатиб бўлмайди.

Қолаверса, рассом тарихни чуқур билиши лозим. Бу ўринда нафақат юртимиз тарихи, балки дунё тарихини ҳам назарда тутяпман. Миллий ва умуминсоний қадриятлардан бохабар ижодкоргина ҳаққоний, бадиий юксак асарлар ярата олади. Шунингдек, талаба этика ва эстетика фанларини ҳам чуқур ўрганиши шарт, деб ўйлайман. Бу ижодкорнинг ички ва ташқи оламини, дидини шакллантиришда катта аҳамиятга эга. Инглиз ва рус тилларини чуқур ўрганиш ҳам ижодкор учун муҳим. Тасвирий санъат атамаларини ишлаб чиқиш борасида олдимизда жиддий вазифалар турибди. Бу вазифаларни кўнгилдагидек бажариш ҳаммамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

 

Акмал НУРИДДИНОВ,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

КАТТА ИШОНЧ

Тўғрисини айтганда, биз бу учрашувга бироз ҳадик ва айни дамда катта орзу-умидлар билан бордик. Ҳадикнинг сабаби маълум, албатта. Анча-мунча камчиликларимиз тўпланиб қолган, яна олдинда қиладиган ишларимиз кўп. Хуллас, учрашувга йиғилганларнинг барчасида ҳам турли ўй-хаёллар кечгани аниқ.

Учрашув ва унда Президентимиз сўзлаган нутқдан олган таассуротларимизни сўз билан ифодалаш қийин. Айниқса, ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз асарларнинг бозори чаққон бўлиб бораётгани, ижодий уюшмалар томонидан бундай ҳолатларга принципиал баҳо берилмаётгани тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар бизни ўз ишимизни жиддий қайта кўриб чиқишга ундади.

Бу галги айтилган гаплар, амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, очиғи, жуда теран, маҳобатли. “Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши ижод аҳлини хурсанд қилди.

Президентимизнинг Бастакорлар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, композитор ва бастакорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзда тутадиган лойиҳа тайёрлангани ҳақида айтганлари мусиқа ижодкорларининг руҳиятини кўтариб юборди. Буни биз миллий мусиқамиз намояндаларига билдирилган катта ишонч деб биламиз.

Йиғилиш давомида яна бир таклиф айтилдики, буни ҳаяжонсиз эслаб бўлмайди. “Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар, — деди Президентимиз. — Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан…” Шундан келиб чиқиб етакчи ижодий ташкилотларнинг дўстлари клубларини ташкил этиш ҳақида киритилган таклиф, шубҳасиз, ҳеч кутилмаган иш бўлди. “Асакабанк”нинг Бастакорлар уюшмасига ҳомий бўлиш ташаббуси билан чиққанидан мамнун бўлдик.

Ҳали учрашувнинг таассуротлари билан юрганимизда матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, маънавий етук, миллий ғоя ва мафкурамизга садоқат билан хизмат қиладиган баркамол шахсларни тарбиялаш, ўзбек халқининг миллий мусиқий мероси негизида, жаҳон мусиқа маданияти дурдоналаридан андоза олган ҳолда мусиқа санъатини ривожлантириш, шу соҳада таълим тизимини сифат жиҳатидан янада кўтариш борасида амалга ошириш лозим бўлган вазифалар кўрсатиб ўтилган. Умуман, қарорнинг ҳар бир бандида миллий мусиқамиз ривожига хизмат қиладиган вазифалар белгилаб берилганки, ўзини шу юртнинг фарзандиман, деб билган, мусиқага дахлдор ҳар бир ижодкор буни беэътибор қолдирмайди.

Бастакорлар уюшмаси, биринчи навбатда, белгиланган вазифаларни амалга оширишда Консерватория жамоаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр. Турли мусиқа фестиваллари, танловларни биргаликда ўтказишимиз, концерт дастурларини ҳамкорликда уюштириш ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши, шубҳасиз. Энг муҳими, Консерваториянинг ўзида, мусиқа ва санъат мактабларида маҳорат дарсларини мунтазам йўлга қўйишга тайёрмиз.

Кези келганда айтиш керакки, Ўзбекистон давлат консерваторияси биринчи навбатда миллий мусиқамиз ривожига ҳисса қўшишга қодир мутахассислар тайёрлайдиган даргоҳ. Шунинг учун қайси факултетлигидан қатъи назар, бу даргоҳда мусиқага тааллуқли фанлар қатори ўзбек тили ва ўзбек мумтоз ҳамда замонавий адабиёти, фолклор санъати чуқур ўқитилиши шарт. Зеро, миллий мусиқа ва адабиёт, кўпроқ шеърият сирларини яхши ўрганмай туриб, ўзбек ва жаҳон халқлари дилидан жой оладиган асар яратиб бўлмайди. Бу, айниқса, эстрада соҳаси мутахассислари тайёрлайдиган факултет учун жуда муҳим. Ваҳоланки, ҳозирги ёш эстрада хонандалари ўзбек шеърияти ва мусиқасини деярли билмайди. Ҳатто энг таниқли шоир ва бастакорларнинг номларини ҳам айтиб беролмайди.

Назаримда, Президентимиз томонидан чиқарилган қарор ва шу асосда Ўзбекистон давлат консерваториясига берилаётган имтиёз ва имкониятлар мавжуд муаммоларни ҳал этишга имкон яратади.

Албатта, бундай тарихий воқеалар ҳар қандай ижодкорни янги ва яхши асарлар ёзишга қанотлантириши табиий ҳол. Нафақат мен, балки бошқа композитор ва бастакорлар ҳам халқимиз кўнглидан жой оладиган асарлар ёзишга ўзимизни бурчли, деб биламиз.

Рустам АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси

ЎРТАДА БЕГОНА ЙЎҚ

Буюк мутафаккир Алишер Навоий  ­бобомизнинг киши кўнгли истаган киши суҳбатига орзумандлиги ҳақида пурмаъно мисралари бор. Биз  ижодкор зиёлилар, узоқ йиллардан бери юртининг куч-қудрати, осойишталиги, халқининг бахт-саодати,  фаровонлиги йўлида тиним билмай, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳузур-ҳаловатидан воз кечиб, бошқаларни ҳам шунга даъват этиб келаётган фидойи Инсон билан  юзма-юз кўришиш, мулоқот қилиш, дилимиз тўрида, тилимиз учида турган гапларимиз, орзу-истакларимизни изҳор этишга иштиёқманд эдик. Иншооллоҳ, 3-августда шунга мушарраф бўлдик. Қарангки, бу Инсон –   Президентимиз  Шавкат Мирзиёев  учрашувга – ошкора, дўстона, мардона  мулоқотга  биздан кўра кўпроқ орзуманд бўлиб, узоқ тайёргарлик кўриб, нигоҳ-кузатишлари, фикр-ўйлари, орзу-армонлари билан, таклиф-режаларини дилига тугиб келаётган эканлар.

Юртбошимизнинг кейинги маърузаларини, жойлардаги учрашувларини экранда кўриб, матбуотда ўқиб келаман, имом хатиблар, ижодкор зиёлилар билан мулоқотини бевосита муҳташам  залларда кузатдим. Бундай  йиғинлар кўлами, қамрови, очиқ-ошкоралиги, табиий ва самимийлиги, кўп жиҳатлари билан ўзгачалигию уларнинг катта аҳамиятга эгалиги, таъсир кучи  зўрлигига ишонч ҳосил қилдим. Илм, таълим, матбуот, адабиёт, санъат, руҳоният, бошқа соҳа намояндаларининг алоҳида-алоҳида эмас, бир жамоа тарзида таклиф этилганида ҳам бир ҳикмат, маъно  бор эди. Турфа  соҳа мутахассисларининг ишлари, йўналишлари ҳар хил бўлса-да,  қайсидир жиҳатлари билан эш, бири бирини  тўлдириши, тақозо этиши  боис уларнинг вазифалари  пировард натижада умумий мақсадни амалга оширишга – юртимиз салоҳиятини кучайтириш, маънавиятини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни қадрлаш, муқаддас динимиз софлигини сақлашга  қаратилгандир. Нотиқ маърузасини Ўзбекистонда Ислом маданияти  маркази, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо  этилаётганидан бошлагани, масалаларга тафаккур кенглиги ва юксаклигидан ёндашгани, ўтмишдаги  улуғ  аллома, мутафаккирларимиз билан  ҳар қанча фахрлансак-да, уларнинг улкан хизматлари, ёрқин хотиралари олдида ҳали  кўп  қарздорлигимиз, етук бадиий асарлар, кинофилмлар яратиб, жаҳонга кўрсата олмаганимиз, бой тарихимизни яхши билмаслигимизни қайта-қайта таъкидлаши, ўз фикрини мисол ва қиёслар билан далиллагани бежиз эмас.

Юртбошимизнинг ижод аҳлига катта ҳурмати ва ихлоси мажлис давомида, айниқса, билинди. Кўпчилик шоир, адиб, олим, рассом, бастакор, актёр, режиссёр, хонанда, созанда, муҳаррирларни анчадан буён яхши билиши, фаолияти, асарлари, ижодий имкониятларидан  яхши хабардорлиги, номларини тутиб мурожаат этиши, “ўртада бегона йўқ”лигини таъкидлаб бориши  иштирокчиларга хуш келди. Ижодий муҳитдаги  қандайдир турғунлик, депсиниш, баъзи ташкилотлардаги сусткашлик, лоқайдлик, юқоридан буйруқ кутиб  ишлаш,  ташаббускорлик, ташкилотчилик етишмаслиги, тадбирбозлик, маданият ­соҳасида тижоратлашув, маънавият, маърифатнинг бизнесга айланишига йўл қўйилишининг олдини олиш, айрим тўйларда исрофгарчилик, дабдабага йўл қўйилаётгани, кийиниш, юриш-туришда ўарбга тақлид ва ҳоказо нохуш ҳолатлар танқиди тўғри қабул қилинди. А.Қодирий, А.Қаҳҳор ижоди, К.Отаниёзов, Т.Қодиров, С.Раҳмонова фаолиятидан ибратли мисоллар келтирилди,  йиллар давомида экрандан тушмай келаётган  машҳур филмлар тилга олинди. Айни чоғда,  енгил-елпи, ночор асарлар нашр этилаётгани, экранга чиқарилаётгани, айрим номдор актёрлар бачкана ролларда чиқиб томошабинлар ихлосини қайтараётгани, баъзан  адабий ўғирлик – плагиатликка йўл  қўйилаётгани, айрим филмларда истеъмолчилик кайфиятига асир майда кимсалар асосий қаҳрамон сифатида тасвирланаётгани ва бошқа нуқсонлар, байрам кайфиятига соя тушмаслик учун бўлса керак, умумий тарзда айтиб ўтилса ҳам гап кимлар, қайси асарлар ҳақида кетаётганини кўпчилик  сезиб, билиб турди.

Тўлқинланмай, фахрланмай бўладими, ахир?! Бир вақтлари  журналистика факултетларимизда ўқиган, ҳамкасбларим қатори бир ҳарф ўргатишга муяссар бўлганим йигитлар, қизлар бугунги кунда маданиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган бош муҳаррирлар, халқ ёзувчилари, маданият ходимлари, вазир мақомидаги раҳбарлар, депутатлар, арбоблар,  ана, залда қўр тўкиб ўтиришибди. “Эл-юрт ҳурмати” соҳибаси Ҳалима Худойбердиева  мазмундор, чиройли сўз айтди, Отабек Мусаев  кинога катта пул ажратилгани, Саъдулла Ҳаким  журналистлар уюшмаси ўз биносига эга бўлажаги,  моддий-техник базаси яхшиланажагидан ўзларида йўқ хурсанд, ёнимда ўтирган талабамиз, истеъдодли шоира  Меҳриноз Аббосова  нималардир ёзиш билан банд… Мабодо, каминага сўз берилганда  қисқагина миннатдорлик билдирган ва иккита таклиф айтган  бўлардим: айрим вилоят, туманларда журналист кадрлар етишмаслиги сезилиб қолаяпти, ­нашрлар, нашриётлар, телеканаллар кўпайган ҳозирги вақтда икки журналистика факултети, бир бўлимига  ажратилган ўринлар жуда кам(илгарилари  аксинча эди),  сиртқи бўлимлар очилса, илгаригидек, талабалар  ҳар йили қишда 15, ёзда 30 кун ўқиб кетадиган бўлишса, масофали ўқиш яхши йўлга қўйилса, узоқ вилоятлардаги йигитлар, айниқса, қизларга кенг имконият яратиларди;  радио, телевидение бир вақтлар эшиттириш, кўрсатувлар учун чет муаллифларга қалам ҳақи  тўлаб турарди, шуни қисқартиш, давлатни бой қилиш қайси “доно” одамдан чиққан экан? Муаллифларга ажратиладиган қалам ҳақи миқдорининг оширилиши шак-шубҳасиз ижодий фаолликка рағбат беради.

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ёзувчи, журналист

ИШЛАЙДИГАН ДАВР КЕЛДИ

Донишмандлар умрни оқар дарёга бежиз қиёсламаган. Саҳнага қадам қўйганимга ҳам  қирқ саккиз йил бўлди. Ижодий фаолиятим давомида  куни кеча бўлиб ўтган анжуманга ўхшаш йиғинларни кўрмаганман. Давлатимиз раҳбарининг ижодкор зиёлилар  билан бу даражада самимий, эркин суҳбатлашиши ҳаётимизда янгилик бўлди. Президентимизнинг жонкуярлиги мени ҳайратга солди. Айтаётган гапларининг барини юракдан ўтказиб гапирдилар ва буни ҳаммамиз ҳис қилдик. Анжуман бошланганда  биринчи айтган гаплари “Менга ёрдам беринг­лар, менга сизларнинг ёрдамингиз керак. Ҳозир ким айбдор деб, бир-биримиздан айб қидириб ўтирмайлик, гина-кудратларни четга суриб, енг шимариб ишлайдиган  пайт келди”,
дедилар.

Мени ҳайратга солган яна бир нарса мудофаа вазири билан маданият вазирини қиёслаганлари бўлди. Тасаввур қилиб кўринг, ҳозирда Ўзбекистон мудофаасиз яшаса нима бўлади? Ёки  мудофаамиз оқсаса нима бўлади? Худди шундай маданият ва маънавият жамият ҳаётининг негизи ҳисобланади. Давлат иқтисодий жиҳатдан ривожланган, лекин маънавий оқсаган бўлиши мумкин. Масалан, Франция, Голландия, АҚШ каби қатор мамлакатларда никоҳ ва бошқа масалаларда қабул қилинган қарорларни эсланг, улар танлаган маънавий ҳаёт тарзи қуюшқонга сиғмайди. Хусусан, баъзи хорижий мамлакатларда эркак билан эркак билан турмуш қуриши, яна бола асраб олиши мумкин. Давлат шунга рухсат бермоқда… Ана сизга иқтисодий ривожланган, демократиянинг энг зўри, деб ҳисобланган давлатлардаги аҳвол. Буларнинг ҳаммаси маънавий ҳаётнинг қашшоқлашиб кетганидан дарак беради. Агар бугун биз шу нарсаларга жиддий аҳамият бермасак, таназзулга юз тутишимиз мумкин. Булар Президентимиз маърузалари замиридаги катта маъно эди. Ҳаммани  ўз жабҳасида янада кўпроқ меҳнат қилишга даъват қилдилар, аниқ вазифалар юкладилар. Жумладан, менга “дикторлар мактаб”ини очиш  вазифаси берилди.

Тўғриси, ўйлаб тушимга кирмаган нарса бўлди. Дикторлик билан актёрлик сал бир-биридан йироққа ўхшаса-да, лекин замини бир. Ҳар икки касб бадиий сўз асосига қурилади. Мамлакатимиз раҳбари ишониб топширган бу вазифани бажариш учун қўлимдан келган бор имкониятимни, салоҳиятимни ишга солишга тайёрман.

Уч-тўрт кундан буён учрашув таъсирида юрибман. Ҳамманинг ўй-фикри шунда бўлса керак. Очиғи, маънавиятимиз ҳимояга муҳтож бўлиб қолаяпти. Ҳимояни шу кундан бошламасак бўлмайди. ўарбдан жуда катта ахборот оқими кириб келаяпти. Ҳали шаклланмаган қалбни ҳимоя қилмасак, кейин бой берамиз. Раҳбаримиз мана шулар тўғрисида гапирдилар.

Биз — бахтли халқмиз. Буюк маданий ва маънавий меросимиз бор. Аждодларимиз қолдирган улкан меросга муносиб жавоб берадиган ишлар қилишимиз керак. Учрашувдан кейин шахсан ўзим шундай хулосага келдим: энди жим ўтириб, менинг ишим эмас, қиладиган одам қилаверсин, менга нима деб, четда ўтира олмайман. Янгича бирор ишга қўл уришим,  ўзимнинг қандайдир янги қирраларимни очишга ҳаракат қилишим шарт.

Афзал РАФИҚОВ,

Ўзбекистон халқ артисти

САНЪАТ БОЗОР ЭМАС

Ўтган  ҳафта учинчи август куни юртимизнинг барча ижодкорлари том маънода ноёб воқеанинг гувоҳи бўлишди. Мустақиллик йилларида кенг қамровли, танқид ва таклифларга бой, ишончга йўғрилган бундай учрашув бўлмаганди. Мамлакатнинг  Биринчи шахси ижодий жамоатчилик билан шунга ўхшаш учрашув ўтказганини эслолмайман. Мазкур мулоқот қатнашчиларнинг қалбини янги, беқиёс куч-қувват билан тўлдирди, уларда катта умидлар уйғотди. Ҳар бир ижодкорда яшаш ва меҳнат қилиш иштиёқи жўш урди.

Биз учун энг қимматли ва қанот бағишловчи нарса Юртбошимизнинг Ўзбекистонда санъат ҳеч қачон бизнес бўлишига йўл қўймаслиги ҳақидаги сўзлари бўлди. Турли мамлакатлар санъатидан бохабар одам сифатида шуни мамнуният билан айтаманки, Ўзбекистон санъатининг қадим халқона илдизлари ниҳоятда покиза, оқилона бўлиб, чуқур инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган. Шунинг учун ҳам театрларимиз саҳналарида юксак маънавиятдан чекиниш, инсон қадрини ерга уриш, юксак инсоний фазилатларни ҳайвоний инстинкт даражасига тушириш ҳоллари кузатилмагани бизни ғоят қувонтиради.

Энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёев бугун ижодкорлар олдига долзарб вазифаларни қўйиш билан бирга, шу ернинг ўзида уларнинг ечимини ҳам кўрсатиб берди. Бизни филармония фаолиятининг қайта тиклангани, бир вақтлар ажойиб концертлар ўтган концерт зали замонавий қиёфада яна эгаларига қайтарилгани ниҳоятда қувонтирди. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри учун ҳам янги бино қурилиши кўзда тутилаётгани, дунё мамлакатларининг кўпгина пойтахтларида бўлганидек, бизнинг театр ҳам тарихий, ҳам  замонавий саҳнага эга бўлиши ҳаммамизга илҳом бағишлади. Айниқса, санъат ва маданиятга дахлдор олий ўқув юртларида ўқитиш ва таълим-тарбия ишларини ривожлантириш ҳақидаги таклиф ва мулоҳазалар зиёлилар томонидан қизғин кутиб олинди. Дарҳақиқат, ижодий олий ўқув юртларига ҳамиша ҳам том маънода истеъдодлилар қабул қилинавермайди. Эҳтимол, бугун актёрлик, рассомлик, хонандалик санъатларида маданиятимиз ва маънавиятимизга зид, ёшлар тарбиясига акс таъсир кўрсатувчи иллатлар урчиётгани шунинг натижасидир.

Мазкур учрашувда ижодкорлар, хусусан, театр жамоалари олдида турган вазифалар кундек равшан этиб баён қилинди. Бизнинг вазифамиз буларни яна қайтариш эмас, балки бугундан бошлаб мавжуд камчиликларни бартараф этиш йўлларини излаш ва топишдан иборат.

Бугун Ўзбекистон, Президентимизнинг иродаси ва кучи билан барча йўналишларда янгилик томон шаҳдам қадамлар билан жадал кетяпти. Биз том маънода ажойиб замонда яшаяпмиз. Ҳар бир кун қалбимизга янги орзу-умидлар олиб киряпти. Ижодкорларнинг вазифаси ана шу орзу-умидларнинг аланга олишига, ниятлар ижобат бўлишига кўмаклашиш.

 

Андрей СЛОНИМ,

Ўзбекистон Республикаси Санъат арбоби

 

 

 

 

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
БАЙРАМ  ШУКУҲИ БАЙРАМ ШУКУҲИ
Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар Суратга муҳрланган мангу лаҳзалар
МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД МУТОЛААГА ЧОРЛАЙДИ ИЖОД