"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ШАРАФЛИ УМР БЕКАТЛАРИ

Ўқилди: 278

Жиззах — пурвиқор Нурота тоғ тизмасига туташиб кетган Молгузар тоғи этагида жойлашган гўзал ва файзли шаҳар. Бу кўҳна заминдан кўплаб шоиру адиблар, давлат арбоблари етишиб чиққан. Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Сарвар Азимов, Қодир Имомов, Шукур Саъдулла, Насрулло Охундий, Орифжон Икромов, Полвон Азизов ана шундай зотлардир. Профессор, моҳир журналист, нуктадон адабиётчи, таниқли таржимон Асил Рашидов ҳам ана шу муҳит фарзанди, мана шу тарихий силсиланинг узвий ҳалқаси десак муболаға бўлмайди.

Устоз келишилган вақтдан ўн дақиқа олдин белгиланган жойга етиб келди. У кишини яхши биламан, одати шунақа. Тартибга қатъий риоя қилади.

Бир-биримизга дуч келишимизга йигирма-ўттиз қадам қолганда унинг қадам босиш баробарида йўл чеккасидаги дов-дарахтларга кўз ташлаб қўяётганини бир муддат кузатиб турдим. Япроқлар устозга не деб шивирлаётган экан? Мана, рўбарў турибмиз.

— Ассалому алайкум, устоз!

— Ваалайкум ассалом! Ҳозиргина, сен билан учрашишга чиқишимдан олдин факультетдан курсдошинг Азизбек қўнғироқ қилди. «Университетга қачон йўлингиз тушади? Мояна ва пенсиянгизни олиб қўювдим»,  дейди. «Бугун боролмайман, учрашувим бор», деб сенинг ёнингга келаяпман.

Асил ака шундай деганча у кишини танийдиганлар биладиган собит қадамлари билан Олой бозори ёнидаги қалин соя тушган йўлакдан мени илгари чорлади.

Бу инсон билан қилган суҳбатимиз турли муҳитдаги учта жойда кечди. Дастлаб тамаддихонага кирдик. Бозор биқинида жойлашган бу қаҳвахонага яқинлашар эканмиз, Асил аканинг зийрак нигоҳларидаги ўктамлик тилига кўчди.

— Қозоқ элида шундай мақол бор: «Ҳайдагани тўртта молу ҳайқириғи дунёни бузади», — деди у йўлакдаги одамларни туртгудай бўлиб арава етаклаб шундоққина ёнгинамиздан ўтиб кетган ўсмирнинг “пўшт-пўшт” деган хитобига жавоб қайтарган оҳангда.

Ичкаридаги суҳбатимиз асосан ҳол сўрашиш, бизнинг бундан ўн-ўн беш йил олдинги талабалик йилларимиздаги воқеаларни хотирлаш билан кечди.

Иккинчи ва асосий қўнган жойимиз — одамлар қатнови ҳамда автомобиллар шовқинидан холироқ бўлган соядаги ўриндиқ бўлди.

— Қани, энди саволларингни беравер, — деяр чоғида қўлимдаги диктофонга кўзи тушгач Асил ака: «Бизнинг давримизда фельетон тайёрлаш жараёнида бундай матоҳларинг бўлганда эди…», — деб қўшимча қилиб қўйди.

Енгил кулги билан суҳбатимизни бошлаб олдик.

Болаликдан меҳнатга ҳамдам

—  Устоз, биз бобо-момоларимиздан Иккинчи жаҳон урушидан олдинги ва кейинги очарчилигу қаҳатчилик замонлари ҳақида, шу боис уларнинг болалик ва ёшлик даври сояда қолган гулдай сўлғин ўтгани тўғрисида кўп эшитганмиз. Уларнинг аксарияти «очликдан ўлиб кетмаслик учун қоринни нима биландир алдаш энг катта муаммо бўлган даврда ўқишга йўл бўлсин эди» дейишарди. Аммо ҳар бир инсоннинг болалик даври ўзи учун қадрли. Шундай мураккаб даврда туғилиб, қийин шароитда ўқиган ва бугунги кунга қадар эл хизматида бўлиб келаётган инсон сифатида болалигингизни қандай хотирлайсиз?

—1930 йили Жиззах вилояти Жиззах туманидаги Совунгарлик маҳалласида туғилганман. Асил исмим — Аслиддин. Болалигимда мени Нишон, Холмат деб ҳам чақиришган. Нишон исмим бир тутам оқ соч билан туғилганим учун қўйилган бўлса, танамда холим борлиги учун Холмат ҳам аташган. Отамиз — миришкор деҳқон Рашид Халилов (1890—1954) билан онамиз Қўйсиной Халилова (1892—1955) олти ўғил — Камолиддин, Шарофиддин, Саҳобиддин, Исомиддин, Аслиддин, Насриддинни тарбиялашган. Тўнғичимиз 1914 йилда туғилган Камолиддин Рашидов 1933 йилда оғир хасталик билан Самарқанд шаҳрида вафот этган. Очарчилик йиллари эмасми, уни Жиззахга олиб келишнинг ҳам иложи бўлмагач, Бибихоним масжиди рўпарасига дафн этиб келишган. Ундан кейинги акам Шарофиддин Рашидовни барча танийди. У киши 1917 йилда туғилиб, 1983 йили вафот этган. Яна бир акам Саҳобиддин Рашидов 1921 йилда туғилган, 1986 йили чин дунёга кетди. Исомиддин акам 1926 — 1977 йиллари яшаб ўтди. Энг кичигимиз — 1933 йилда туғилган Насриддин Рашидов умрининг сўнгги йилларида Жиззах политехника институтида ректор эди. 2002 йилда вафот этди. Мен сулоламизнинг сўнгги вакили сифатида фаолият юритиб келаяпман.

Бизнинг болалигимиз жуда оғир йилларга тўғри келди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги очарчилик, қатағон даври Ўзбекистонда неча юз минглаб хонадонларнинг бошига оғир кулфатлар келтирганини кўрган кўзлар сўнгги пайтларда тобора камайиб бормоқда. Улардан бу ҳақда эшитган ёшлар ўша долғали даврни, майли, эртак эшитгандай қабул қилаверишсин. Очарчилик ва қатағон йилларидан кейин уруш бошланиб кетди. Ҳамма нарса уруш учун сафарбар этилди. Биз ёшлар ҳам катталарга кўмак бериб, баҳоли қудрат ғалабани яқинлаштиришга интилдик. Ўша йиллари Жиззахда ҳам бутун республикада бўлгани каби фақат пахта экиларди. Чунки Ўзбекистон иқтисодиётида асосийси пахта эди. Бу даврда аҳолида қаттиқ эҳтиёж пайдо бўлдики, Жиззахда қандлавлаги ҳам экила бошлади. Ушбу экин учун жуда катта ҳудуд ажратилди. Буни қарангки, оғир йилларда ўша лавлаги аҳолининг кунига яради. Биз ҳам катта-кичик бир бўлиб, машинада, отда, эшак аравада вокзалга лавлаги таширдик. Тонна-тонна лавлаги ўша ердан собиқ иттифоқнинг бошқа ҳудудларига жўнатиларди. Меҳнат ўта оғир эди. Ҳатто ўз томорқангга ҳам қараш мумкин эмасди, аниқроғи, рухсат этилмасди.

Бир куни отам: «Маккайи қуриб кетаяпти. Тушлик вақтининг ярмида тез-тез овқатланиб, қолган вақтларингда маккайи суғоринглар», деб қолди. Исом акам билан маккажўхорининг тагини энди юмшатамиз деб турганимизда отлиқ уполномачи (вакил) қамчисини ўйнатиб келиб қолди ва бизни ишга қайтариш пайида оғиз жуфтлади. Бундан отамнинг жаҳли чиқиб: «Бу шўрликлар овқатланиш вақтининг ҳисобидан келиб маккайини чопаяпти. Нима, бунга ҳаққимиз йўқми? Ўзингни шу қамчинг билан урайми?» деб уполномачини уришди. Отамнинг бу шаҳдини кўрган бояқиш «Узр, Рашид ота, узр» деб қайтиб кетди.

Отамиз ўта меҳнаткаш бўлган. Кейинчалик, ўқишдан бўш вақтларимизда уйга борганимизда ҳам кўп вақтимизни томорқада ўтказардик. Томорқада, қишлоқ хўжалигида қанча меҳнат тури бўлса, бизни ҳаммасига ўргатган.

Отам ҳосилот советининг раиси, колхозда звено бошлиғи бўлган даврларда уйимизда колхознинг иккита отини боқардик. Чиройли, бақувват бу отлар туман, вилоят миқёсида бўладиган мусобақалар, пойга, кўпкариларда совриндор бўлмаган вақти кам эди. Отам ҳам аҳён-аҳёнда от чопиб турарди. Биз шунча ишлар қаторида шу отларга ҳам қарардик. Афсуски, донғи кетган отлар кейинчалик қариб, қўшга қўшиб юборилганди.

«Биолог бўлолмадим…»

— Талабалик йилларингиз ҳаётнинг оқу қорасини англаган даврларингиз экани шубҳасиз…

— Томорқа ва қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлсак-да, ота-онамиз фарзандлар тарбиясига ўта эътиборли эди. Сўнгги йилларда уларни жисмоний меҳнат заифлаштириб қўйганди. Оқибатда 1954 йили отамиз 64 ёшида, 1955 йилда онамиз 63 ёшида оламдан ўтди. Улар вафот этишганида ҳали Шароф акам ҳам, Саҳоб акам ҳам тўла оёққа тургани йўқ эди. Шу боис ўртамиёна яшаганмиз. Ўзим ҳам томорқамизда етиштирилган қовун-тарвузга қўшиб, қатиғу тухумларни тирикчилик учун эскишаҳар, янгишаҳар бозорларига олиб чиқиб сотган пайтларим бўлган.

Шундай даврда ҳам ўқишни қолдирмадик. 1937 йили мактабга бордим. Устозларимиз ўз билимини аямайдиган, биз ёшларни фарзанди қатори кўрадиган инсонлар эди. Мактабни битириб, Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон номидаги билим юртида 1946 йилдан бошлаб ўқишни давом эттирдим.

1949 йилда Жиззахдан ўн нафар ёш Тошкентга ўқишга келганмиз. Пойтахтга келиб тўппа-тўғри «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетаси таҳририятига борганмиз. Газета жойлашган бино ҳозир «Шарқ зиёкори» китоб дўкони ўрнидаги икки қаватли иморат эди. Ўша пайтда Шароф акам шу газета бош муҳаррири лавозимида ишларди.

Учрашайлик, маслаҳатини олайлик деб кирдик. Летучка (адабий ўқиш) бўлаётган экан. Ўзиям бир соат давом этди. Йиғилиш тугагач, акам газета ходимларидан бирини чақириб: «Аҳмаджон, Жиззахдан укалар келибди, уларнинг университетга боришига, истаган факультетига киришига йўл-йўриқ кўрсатинг», деди. У киши бизни Тошкент курантининг олдигача олиб келди. Курантнинг олдида трамвай бекати, Сталиннинг беш метрлик ҳайкали бўларди. Аҳмаджон ака ҳам биз чапани йигитларни университетгача олиб бормади-да, бир иморатни кўрсатиб, «ҳув анави бино университет бўлади, бориб кираверинглар» деб ўзи қайтиб кетди. Шу тариқа биз ҳар ким ўзи хоҳлаган факультетга ҳужжат топшириб, ўз билимимиз билан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга кирганмиз.

Дарвоқе, мен дастлаб САГУ(Ўрта Осиё давлат университети)нинг биология факультетига ўқишга кирганман. Сабаби — Жиззахда маҳалламда пайвандчи номини олгандим. Нимани пайванд қилсам тутиб, мева бериб кетарди. Буни Шароф акам кузатиб юраркан. «Кейинги йилларда биология фани ўсиб, ривожланиб келаяпти. Сен биология факультетига ўқишга киргин» деб маслаҳат бергач, рози бўлганман. Аммо ўқишнинг биринчи-иккинчи ойларида микроскоп билан фақат чувалчангу қурбақаларни текширганмиз. Бу тарздаги ўқишга қўлим ҳам, кўнглим ҳам бормай қўйди. Охири акамга: «Мен Жиззахдан Тошкентга қурбақа текширишни ўрганишга келганим йўқ. Кўнглим тортмаяпти»,  дедим. У киши бироз ўйланиб турди-да: «Бўлмаса, қайси факультетда ўқишни хоҳлайсан?»  деб сўради. Мен унга филология факультетида журналистика бўлими очилгани, шунда ўқимоқчилигимни айтдим. Шу тариқа ярим йилдан кейин журналистика бўлимига ўтдим.

Насиб қилган экан, 1954 йили университетни битиришим билан амалиёт кезлари тез-тез бориб турадиган «Қизил Ўзбекистон» газетага ишга бордим. Бу пайтда газетада Иброҳим Раҳимов бош муҳаррир эди. Дастлаб адабий ходим, сўнгра адабиёт, маданият бўлимида ишладим. Бир муддатдан кейин тарғибот бўлимига мудир қилиб тайинлашди. Қисқа фурсатда ижтимоий фанлар кафедраларининг кўплаб ходимларини газета билан ҳамкорликка жалб этишга эришдик. Бу даврда «Қардошлик», «Дўстлик куйлари», «Дўстлик байроғи остида», «Америка прогрессив адабиётида негрлар ҳаётининг акс эттирилиши», «Буюк халқ қудрати», «Янги давр, янги кишилар образи» каби мақолаларим чоп этилди.

1958 йилда ўқишни давом эттириш учун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти(ҳозирги университет)га бордим. Ҳам аспирант сифатида ўқидим, ҳам “Ўзбек адабиёти” кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишладим. Мана, туз-насибам шу ерда экан, ҳозиргача ушбу даргоҳда ишлаб келаяпман.

Бу орада аспирантурада мавзу ҳақида гап кетди. Шароф акамдан маслаҳат сўрасам: «Максим Горкийнинг “Адабиётимизнинг бош қаҳрамони қилиб меҳнат кишиларини олиш керак” деган бир гапи бор. Сен шу мавзуни илмий ишингга танласанг-чи»,  деб қолди. Шу-шу,  мавзу бўйича изланиш олиб бориб, 1981 йилда фалсафа фанлари доктори, академик Воҳид Зоҳидов раҳбарлигида «Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири» мавзусида номзодлик ишимни ёқладим.

«Москвада ўқимоқчи эдим…»

— Асил ака, файласуфлардан бирининг «Уйланиш ҳуқуқларнинг ярмини камайтириш, мажбуриятларни эса икки баравар ошириш демакдир» деган гапи бор. Сиз университетни битиргандан кейин оила қурганмисиз ёки талабалик давридаёқ «мажбуриятларингиз икки ҳисса ошган»ми? Оилангиз ҳақида ҳам икки оғиз сўзлаб берсангиз.

— Акам кечроқ уйланган эди. Шу боис ота-онам мени эрта уйлантиришга ҳаракат қилишди. Бу ҳақдаги гап-сўзлар бошланган кунларнинг бирида Шароф акам қулоғимга шивирлади: «Ҳали уйланмайман, ўқийман дегин». Бироқ ота-онамиз қатъий аҳд қилишганди. Қолаверса, уларнинг гапи биз учун қонун эди. 1949 йилда Шарваной (Ҳамроқулова, 1932—1988) исмли қиз билан турмуш қуриб, кейин Тошкентга ўқишга келганман. Тўнғич фарзандларимиз Фотима-Зуҳра 1954 йилда дунёга келди. Учинчи қиз фарзандимиз туғилганида акам «Ҳаммамизда Рашидов фамилияси бор. Отамизнинг номи ўчмайди. Қизли бўлибсан, унга онамизнинг исмини қўйсанг қандай бўларкан?» деб қолди. Чақалоққа Қўйсиной деб исм қўйдик. Кейин ўғлим Баҳромжон дунёга келди. Ҳозир ўн икки неваранинг бобосиман. Фарзандларимнинг онаси 1988 йилда вафот этган.

Кези келганда бир воқеани ҳам айтиб ўтай. 1954 йилда журналистика бўлими битирувчилари — курсдошларимиздан тўрт киши: Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев, Раъно Халилова ва Хайрихон Ғуломова Москва давлат университетига аспирантурада ўқиш учун йўл олишди. Тоҳир Пидаев билан Воҳид Абдуллаев аспирантурага киришди. Раъно билан Хайрихон киролмади. Мен ҳам улар қаторида Москвага бормоқчи эдим. Бироқ Шароф акам «Болаларинг сени Жиззахда беш йил кутди. Аввал уларни Тошкентга олиб келамиз, маълум вақт яшаганингдан кейин аспирантуранг ҳақида гаплашамиз» деди. Шу-шу, аспирантурада ўқиш Москвада эмас, Низомийда экан, Тошкентда қолиб кетдим.

“Биринчи муаллим” асари таржимаси устида ишлаяпман…»

— Таниқли адиб Миркарим Осим «Таржимонлик — икки олам юки» деган экан. Бугунги кунгача кўтариб келаётганингиз бу юкни илк бор қачон зиммангизга олгансиз? Умуман, Ўзбекистонда таржима назарияси ва амалиёти асосчиларидан бири бўлган Ғайбулла Салом билан қиёматли дўстлигингиз ҳақида ҳам ўзингиздан эшитмоқчи эдик.

— Дастлаб саволнинг иккинчи қисмига жавоб бермоқчиман. 1959 йил декабр ойида ўзбекча-русча катта луғат чоп этилди. Шу воқеадан кейин бир куни Шароф акам: «Бу луғатнинг чоп этилиши ўзбек маданияти учун катта воқеа бўлди. Академияга бориб, бирон билағон тилчи билан гаплашгин. Ушбу луғат ҳақида яхши бир тақриз ёзинглар» деб қолди. Ўша пайтда Олим Усмон Ғайбулла Саломовнинг илмий раҳбари экан. Бизни таништириб қўйди. Биргалашиб тақриз ёздик. Дўсту биродарлигимиз, қадрдонлигимиз шу тариқа бошланган. Кейинчалик луғат устига қомус, қомус устига таржима қўшилиб, илмий ва ижодий ҳамкорлигимиз кўлами кенгайиб кетди.

Бадиий таржима билан шуғулланишни Шароф акам маслаҳат берганди. Илмий раҳбарим, академик Воҳид Зоҳидов ҳам бу ишга ундагач, таржима билан шуғулланишга киришдим. Адашмасам, 1960 йилнинг кеч кузи эди. Устозим шифохонада даволанаётганди. Бир куни илмий раҳбаримдан ҳол-аҳвол сўраш учун шифохонага борсам, у киши мени ҳар доимгидан ҳам яқинроқ олиб, ёнига ўтиришимни сўради. Кайфияти яхши. Кўзлари бетоб одамникига ўхшамайди. Менга «Культура и жизнь» журналининг 1959 йил 7-сонини ўқиб чиққани, унда машҳур француз ёзувчиси Луи Арагоннинг ўша даврда ҳали унчалик танилмаган, бироқ номи у ер-бу ерда ҳурмат билан тилга олина бошлаган қирғиз адиби ва унинг «Жамила» асари ҳақидаги «Жаҳонда энг гўзал севги қиссаси» сарлавҳали мақолани қизиқиш билан ўқиганини завқ билан айтиб берди ва журнални қўлимга тутқазди. Тутқаза туриб, бу қиссани ўзбек тилига ўгиришимни илтимос қилди.

Қирғиз адабиёти оламига дабдурустдан кириб қолишимга сабаб Чингиз Айтматовнинг ижоди, хусусан, унинг оҳанрабодек ўзига тортган «Жамила» қиссаси бўлса, бу йўлдаги сўқмоқларда илк бор беминнат шамчироқ тутган саховатпеша Ғайбулла Саломов эди. «Жамила»дан кейин «Сарвқомат дилбарим», «Алвидо, Гулсари», «Оқ кема», «Асрга татигулик кун» асарлари таржимаси устида ишлаган пайтларимда ҳам дўстим менга кўмакдош бўлди. Баъзи сўзлар, айрим сарлавҳалар устида кунлаб, ойлаб ўйлаб юрган вақтларим бўлган. Бундай маҳалларда дўстим кўплаб мушкулларимни осон қилган. Қиёматли биродаримнинг яна кўплаб яхшиликлари борки, ҳеч қачон унутмайман.

Бир сирни очай, шу кеча-кундузда ҳам, гарчи илгари таржима қилинган бўлса-да, Чингиз Айтматовнинг «Биринчи муаллим» асари таржимаси устида ишлаяпман. Бу қисса аслида қирғиз аёли Зайнаб томонидан бундан бир неча ўн йил олдин таржима қилинган. Ўшанда у Ғафур Ғулом номидаги нашриётда таржимон бўлиб ишлаган. Мен «Жамила» қиссаси таржимасини тугатиб, нашриётга олиб борганимда Зайнаб ҳам худди шу асар таржимасини раҳбарларга берган экан. Иккимизнинг таржимамизни тақризга беришганида нашриётдагилар тақризчилар тавсиясига кўра менинг таржимамни қабул қилишди. Шундан кейин Зайнаб Чингиз Айтматовнинг иккинчи асари — «Биринчи муаллим»ни таржима қилиб, ўқувчиларга туҳфа этди. Ҳозиргача ўқувчилар бу асарни Зайнаб таржимасида ўқиб келмоқда. Бироқ яқинда дўстларим «Биринчи муаллим»ни ўзингиз таржима қилсангиз, мукаммаллаштирсангиз» деб қолишди. «У таржима қилинган-ку»,  дедим. Бу таржимада айрим камчиликлар борлигини айтишди. Шу тариқа, гарчи кеч бўлса-да, бу қиссани таржима қилишга журъат этдим.

«Гап кўп, кўмир оз»

— Асил ака, энг машҳур қондошингиз Шароф Рашидов ҳақидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз…

— Дўстларим билан ҳазиллашиб, «Гап кўп, кўмир оз» деб қўярдик мақолни бироз ўзгартириб. Шароф Рашидов тўғрисидаги асосий гапларни 1992 йили «Фан» нашриётида чоп этилган «Акам ҳақида» сарлавҳали рисолада тўлиқ  айтганман. Унинг қабулига кирган киши мамнун бўлиб чиқарди. Бир мисол. Марҳум Насрулло Охундийнинг бир воқеани ҳикоя қилиб бергани кечагидек эсимда. У киши ҳозирги Қўлёзмалар институтининг собиқ директори Ҳамид Сулаймон билан Шароф акамнинг қабулхонасида учрашиб қолади. У кишининг ҳузуридан чиққан дўстлар бирга суҳбатлашиб кетишади. Охундий Ҳамид акадан «Домла, бўримисиз, тулкимисиз?» деб сўраганида у ғоят мамнун ҳолда дейди: «Азим чинорни илдизи билан суғуриб ташлайдиган бир куч билан чиқдим!». Шароф акам шунақа эди. Эртаю кеч ишларди.

Юрти, унинг фарзандлари учун қай даражада қайғурганига бир мисол келтирай. 1983 йил кузида Хоразм вилояти республикада биринчи бўлиб пахта планини бажарди. Шу муносабат билан акам Хоразмга учди. У ердан Қорақалпоғистонга машинада йўл олади. Йўлда велосипедда кетаётган бир болани кўриб қолади ва ҳайдовчига машинани тўхтатишни буюради. Машинадан тушиб келаётган расмий кишиларни кўрган болакай қўрқиб кетади. «Қўрқма-қўрқма, велосипедингни кўрмоқчимиз, чиройли экан», деб акам болани овунтиради. Ёнидагиларга республикамизга шу велосипеддан 2500 та келтиришимиз керак деб айтади ва йўлида давом этади.

Шароф акам кам бўладиган бўш вақтларида кино кўришни, билярд ўйнашни яхши кўрарди. Бир куннинг ўзида етти-саккиз жойда бўлган йиғинда қатнашиб, ҳаммасига ўз вақтида улгуриб, ишдан уйга ҳориб-чарчаб келса-да, камгина овқат ерди ва «қани юр, пиччи сайр қилиб келамиз» дерди. Ҳовли бўйлаб айланаверарди-айланаверарди, мен чарчаб кетардим…

Шунча иш билан банд бўлса-да, кечқурун уйга келганда бирйўла икки-учталаб кино кўрарди. Ишдан келгунча биз кино кўриб турардик. Хурсаной янгам «акангизнинг ишдан келадиган вақти бўлиб қолди» дерди. Акам кела солиб «қайси кинони кўрдиларинг?» деб эпизодларини сўрарди. Биз эндигина кўраётувдик деб қутулардик.

Акам ижодини ҳам тўхтатиб қўймаган. У пайтда Олой бозори яқинида яшарди. Мен университет талабасиман. Газетада ишлаганида саҳифаларни тайёрлаб, энди нашрга берамиз деб турганида Москвадан тўрт қатор нарса келиб қолар ва уни таржима қилиб, саҳифага жойлаштиргунча кўп вақт ўтарди. Шундай ҳолларда ҳам уйда уйқу вақтининг ҳисобига асарлари устида тонготаргача ишларди.

Хуллас, «Ота-онанг ўлса ўлсин, уларни кўрганлар ўлмасин» деган гап бор. Гапираман десанг гап кўп, аммо умр оз.

«Ҳали-ҳамон ўқийман…»

Хиёбондаги гурунгимизни якунлаган чоғимизда Асил ака: «Мана, ўтирган жойимиздан ҳам соя кета бошлади. Бояги салқин ҳаво яна дим бўлмоқда. Юр, уйга кирамиз, кутубхонамдан иккита китоб бераман, суҳбат-мақолани ёзишда фойдаланасан»,  деб қолди.

Кутубхонасига кирган чоғимда биринчи бўлиб кўзим тушган суратга бир муддат тикилиб қолдим. Бундан ўн бир йил олдин биз талабаларнинг Асил ака билан тушган суратимиз кутубхонанинг энг ардоқли жойига қўйилган эди. «Бу сурат, бу гуруҳ мен учун ҳам қадрли-да»,  деб қўйди устоз жилмайиб. Кутубхонадан иккита китобни ажратиб олиб, менга берган Асил ака: «Албатта қайтариш шарти билан», деди. Ижодхонага ўтдик. Стол устида Чингиз Айтматов асарлари турибди. Бир тўпламдаги «Биринчи муаллим» қиссасининг русча ва ўзбекча нусхалари. Ҳар икки нусхада ҳам айрим гапларнинг тагига чизилган. Нималардир белгиланган. «Биринчи муаллим»нинг таржимаси устида ишлаётганимни айтдим-ку», деди Асил ака уларни кузатаётганимни кўриб.

Бошқа хонага ўтгач, бир партия шахмат ўйнашни таклиф қилдим. Сипоҳларни тердик. Шу тобда Сайди Умиров ва Бойбўта Дўстқораевнинг Асил Рашидов фаолиятига бағишланган «Зиёбахш умр саҳифалари» рисоласидаги устозга берилган бир таъриф ёдимга келди: «Асил ака — шахмат шайдоси: бир текис, пухта, пишиқ ўйнайди, ўйлаб дона суради, ютса ҳаволаниб кетмайди, ютқазса асабийлашмайди (ёки буни сездирмайди)». Ўйинимиз Асил ака фойдасига ҳал бўлди.

Мавриди келганда устоздан яна нималарга қизиқишини сўрадим. «Иккита ўйинни яхши кўраман. Шерик бўлса, ҳамиша билярд ва шахмат ўйнайман. Шунингдек, ҳалигача адабиётшуносликка оид китоблар, яхши бадиий асарларни, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ҳуррият» ҳамда «Маърифат» газеталарини мунтазам ўқиб бораман»,  дейди Асил ака.

Ўз ишига ҳамиша талабчан устоз билан хайрлашарканман, Асил ака ҳар доимгидек қўлни қаттиқ сиқиб хўшлашди. «Суҳбат-мақолани нашрга беришдан олдин, албатта, кўриб чиқишим керак, буни унутма»,  дея мени кузатди.

— Албатта, биз ҳали кўп учрашамиз, устоз!

Тошкент, 2012 йил июль

«Акамнинг кимлигини Холиқ ҳам, халқ ҳам билади»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори халқимизнинг, Рашидовлар оиласининг дилидаги гап бўлди. Бу воқеа Асил Рашидовнинг ҳам ёшига ёш, танига қувват, қалбига қувонч бағишлагани шубҳасиз.

Ана шундай дамларда яна устозни йўқлаб, уйига бордик. Бўлажак тантаналарга кўрилаётган тайёргарлик хусусида сўрадик.

— Ушбу қарор чиққанидан кейин интервью беришимни сўраб келаётганлар, қўнғироқ қилаётганлар кўп бўлаяпти. Кексалик туфайли ҳаммасига ҳам майли, дея олаётганим йўқ.

Ўйлайманки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Шароф Рашидовга шундай юксак эҳтиром кўрсатилаётганидан акамнинг руҳи шод бўлмоқда. Боиси — акам шахс ҳаётининг мазмуни, бахти, равнақи унинг халққа, Ватанга чин кўнгилдан хизмат қилишида, деб билди. У ана шу олижаноб орзу-ниятлар оғушида яшади. Курашди, ижод қилди ва халқ дилида ўчмас из қолдирди. Акамнинг кимлигини Холиқ ҳам, халқ ҳам билади.

Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини нишонлашга мамлакат миқёсида жуда катта тайёргарлик кўрилмоқда. «Акам ҳақида» рисоламни кенгайтириб, тўлдириб, қайта нашрга бердим. У ҳақида яна бошқа китоблар тайёрланмоқда.

Устоз  билан суҳбат жараёнида 2012 йилда қилган суҳбатимиз матнини ҳам ўқитиб олдим. Аниқроғи, ўқиб бердим, синчковлик билан тинглаб, муҳаррирга хос тарзда баъзи жойларини айтиб туриб, таҳрир қилдирди.

Асил ака хайрлашаётганда доим қўлни қаттиқ қисиб қўяди. Бу сафар ҳам бу одатини канда қилмади. Бешинчи қаватдан пастга тушдим. Биринчи қават йўлагидан ташқарига чиқиб, юқорига қарадим: Асил ака ҳар галгидек, қўл силкитиб хайрлашди. Баландроқ овозда «Яна кўришгунча хайр, устоз» дедиму манзилим томон йўл олдим.

Шерали КАРВОНЛИ,

Халқ таълими аълочиси

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР