"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ФАРҒОНА ТОНГ ОТГУНЧА

Ўқилди: 128

Халқимиз шу кунларда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Давлатимиз мутақиллигининг йигирма олти йиллик шодиёнасини кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Тарих олдидаги бу қисқа давр мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари амалга оширилди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

“Мустақиллик йилларида биз эришган энг катта ва бебаҳо бойлик – кўпмиллатли халқимизнинг ҳар қандай қийинчилик ва синовларни енгишга қодирлиги, унинг замонавий дунёқараши, сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигининг юксалиб бораётгани, атрофимиздаги воқеаларга дахлдорлик туйғуси, жамиятимиздаги ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитидир.

Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётни таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда” –  дея таъкидланади Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 июнь куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида.

Мазкур қарор талабларини ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида  Фарғона вилоятида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори  остида  маънавий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат тарғибот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика хотин-қизлар кўмитаси, Республика олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида Тошкент кимё технологиялари институти кафедра мудири Шоҳистахон Ўлжаева,  Ўзбекистон Фанлар академияси профессори Тоҳир Азимов, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, рассом  Иброҳим Валихўжаев, Ўзбекистон Миллий академик драма театр актёри  Бахтиёр Юсупов  билан иштирок этдик.

Тарғибот дастурлари доирасида Фарғона вилоятининг нафақат Фарғона, Қўқон каби марказий ҳудудлари, балки Қувасой, Бешариқ, Фурқат, Бағдод каби  энг олис туманлари, қишлоқларида ҳам учрашувлар ўтказдик. Жойларда юртдошларимиз, айниқса ёшларимиз таълим-тарбия, санъат ва маданият ва спорт соҳасида улкан муваффақиятларни қўлга киритаётганлигининг, айниқса китобга, мутолаа маданиятига эътибор кучайганлигининг  гувоҳи бўлдик.

Учрашувлар чоғида йиғилганларга Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизнинг асосий омили ва мезони сифатида, биринчи навбатда, халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимиз, авваламбор, ёшларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганини ҳаётий далил ва мисоллар орқали талқин этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, истиқлол йилларида мамлакатимизда учта буюк йўл қурилди. Шуларнинг биринчиси –   Фарғона водийсини Тошкент вилояти ва шу орқали жонажон Ўзбекистонимизнинг бошқа минтақалари билан боғлайдиган Қамчиқ довонидан улкан йўл қурилиши1998 йилда бошланиб, 2000 йилда фойдаланишга топширилди. Бу улкан йўл мамлакатимиз учун муҳим статегик аҳамиятга эгадир. Чунки, баланд қоялардан тешилган ер ости йўллари, баланд тоғлар орасидан кенг ва текис қилиб қурилган йўлдан  мамлакатимиз орқали автомобил  билан Хитойгача бориш учун зўр имконият очилди.

–  Эскидан мавжуд Қамчиқ довонининг илон изи йўлларидан қишда юришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Ёз пайтлари ҳам  тор бу йўлдан транспортнинг бугунги талаблари даражасидагт катта оқими учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Тожикистон орқали ўтган магистраль билан юришга эса, биринчидан, узоқ масофани айланиб ўтишга тўғри келар, иккинчидан бу мамлакат яқин-яқинларгача тинч эмас, учинчидан эса  мамлакат ичида қўшни минтақага иккинчи бир қўшни давлат ҳудуди орқали юриш ҳар тарафлама қимматга тушарди.  Шу боисдан Қамчиқ довони  узоқни кўзлаб амалга оширилган, муҳим стратегик аҳамиятга эга буюк иншоот ҳисобланади. –   дейди Республика Маънавият тарғибот маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Хурсаной Исламова. –  Қоялар кесилиб, йўл кенгайтирилди, баланд тоғлар устида жойлашган магистраль пастроқдан ўтказилди, бири 1.100 ва иккинчиси 500 метр бўлган туннель қазилди. Биринчидан, водий аҳолиси мамлакатимизнинг бошқа минтақалари билан осон боғланди, керакли юкини олиб келиши, етиштирган маҳсулотларини жумладан, Асака шаҳрида ишлаб чиқарилаётган автомобилларни олиб чиқиши учун қулай имкониятга эга бўлди. Иккинчидан, водийдаги ишлаб чиқариш  корхоналари хомашё билан таъминланяпти, айниқса Фарғона ва Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводларига Ангрендан бу йўлдан катта-катта машиналарда кечаю кундуз нефть  ташиляпти.

Ўтган йилнинг июнь ойида Қамчиқ довони бўйлаб замонавий темир йўлнинг ишга туширилгани эса нур устига нур бўлди. Энди Фарғона вилоятининг 10 миллион кишидан иборат аҳолиси тезюрар ва шинам поездларда Тошкент шаҳрига келиб, у ердан Республикамизнинг исталган ҳудудига бориш имкониятига эга бўлди.

Тадбирлар жараёнида шунингдек, бугунги кунда турли соҳаларда, жумладан маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш юзасидан қабул қилинаётган фармон ва қарорларда илгари сурилган ғоялар тадбир иштирокчиларига ҳаётий мисоллар орқали, оддий ва халқчил тилда тушунтирилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли асарида Фарғонани олтин водий дурдонаси, деб атаб, бу замин номини бутун дунёга танитган Аҳмад Фарғоний бобомизнинг ўн иккинчи асрдаёқ лотин ва яҳудий тилига таржима қилинган “Астрономия асослари” китоби ҳамда улуғ аллома лойиҳаси асосида  Нил дарёси сувинининг сатҳини ўлчайдиган ўта ноёб иншоот –“Миқёси Нил” Мисрда ҳанузгача сақланиб келинаётгани, яна бир улуғ аждодимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари юз йиллардан буён мусулмон дунёсида ислом ҳуқуқи бўйича асосий қўлланма бўлиб келаётгани барчамизда ғурур ва ифтихор уйғотишини эътироф этганлар.

Айниқса маънавий ҳаётимиз тарихида сўнмас из қолдирган Увайсий, Нодира, Анбар отин, Дилшод Барно, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Чархий, Собир Абдулла каби мумтоз сиймоларнинг ҳар бири ҳақида “Фарғона тонг отгунча” гапириш мумкинлигини алоҳида таъкидлаганлар.

Фарғонанинг саховатли замини ўзбек маданияти ва санъатининг буюк чашмаси эканини билмайдиган, бунга тан бермайдиган одам юртимизда ўзи йўқ, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан, –  деб ёзади Юртбошимиз бу асарида.

Дарҳақиқат, тарғибот дастурлари доирасида фарғоналиклар ўз самимийлиги, меҳмондўстлиги, бағрикенглиги, энг муҳими маънавиятга,  адабиёт ва санъатга  иштиёқи баландлиги билан алоҳида ажралиб туришини ҳис этдик. Энг муҳими йилимизнинг бош мақсади – одамларнинг ҳаётдан, ўтаётган умридан рози бўлиб яшаётганлиги ёшу қарининг юзу кўзида, онгу тафаккурида яққол кўзга ташланиб турганини   кўриб қувондик.

Фарғонага бўлган дил эҳтиромимиз, илиқ туйғуларимиз шеър бўлиб қуйилди:

Жилмайиб чиқар қуёш чўққиларнинг бошидан,

Мунча  чирой  очибсан  Истиқлол қуёшидан,

Тумор қилиб олдим мен тоғларингнинг тошидан,

Боғларинг  тутар  болу  асал,  она Фарғона,

Сенга минг бор тасанно, гўзал она Фарғона!

 

       Вилоятнинг Қувасой шаҳридаги 10 сонли ва 12-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган тарғибот тадбирлари пайтида “Маънавият –  энг қудратли қурол” деган тамойилга мувофиқ, йиғилганларга Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ёш авлод маънавиятини ошириш, жумладан, улар орасида китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб мутолаасига эътиборни кучайтириш, маҳаллалар ва таълим муаасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ҳамда тарбиявий мазмундаги адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, китоб инсонни маънавий юксакликка олиб чиқиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мактабларнинг ёруғ ва шинамлиги ҳамда ўқитишнинг энг илғор, замонавий технологиялар билан таъминланганлиги ҳавасимизни келтирди.  10-сонли мактаб Республика миқёсида ўтказилган “Энг обод мактаб” танловида учинчи ўринни қўлга киритганлиги бежиз эмаслигини англадик.

Мактаб ўқувчилари Сарвиноз Давронова, Мафтуна Алижонова ва Хайринисо Отақулова билимлар беллашувида биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида совриндор бўлишибди.

Мактаб ўқувчиларининг  жисмоний жиҳатдан бақувват бўлиб етишишларига ҳам катта эътибор қаратилган экан. 10-сонли мактаб ўқувчиси Жасур Маҳмудов кураш бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, 12-сонли мактабнинг 8-синфи ўқувчиси Ҳусанбой Мамарозиқов, бокс бўйича Республика мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб  келаётган экан. Педагоглар Ҳусанбой ҳам бир кун келиб ватандоши Ҳасанбой Дўсматов каби  жаҳон чемпиони бўлишига катта ишонч билдирдилар.

–  Ўтказилаётган бу маънавий-маърифий тадбирлар, тўю байрамларнинг замирида энг бебаҳо бўлган бойлигимиз бўлмиш – тинчлик деган олий неъмат ётади, –  дейди мактаб директори Сабохон  Абдурасулова, –  кечагина Фарғонада адабиёт кунлари ўтказилиб, бу таббурук заминда таваллуд топган  Амирий, Ҳазиний, Абдулла Қаҳҳор, Худойберди Тўхтабоев, Йўлдош Сулаймон ва Анвар Обиджон каби улуғ адибларимизнинг юбилейларини шодиёналик билан нишонлаб, уларнинг янги нашр этилган китобларидан баҳраманд бўлган эдик. Бугун эса пойтахтдан таниқли олим ва шоир-ёзувчилар ҳамда санъаткорлар ташриф буюриб, ўз ижод намуналарини биз билан баҳам кўраётганликлари бизга  байрамона кайфият бахш этмоқда.

        Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда, –  деб эътироф этганди Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқида, –  Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди” дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”.

Дарҳақиқат, ёшларимиз орасидан кимки, ўз аждодлари кимлигини билмаса, мафкуравий иммунитети шаклланмаган  бўлса, ундайлар турли ёт ғояларнинг таъсирига берилувчан бўладилар.  Шу боисдан, мазкур тарғибот тадбирлари  давомида кўпроқ уюшмаган ёшларни жалб этишга, улар қалбига ватанга муҳаббат, бурчга садоқат туйғуларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятнинг Бешариқ туманидаги 6 ва  17-умумий ўрта таълим мактабларида, маданият  ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган тадбирлар барча аҳоли қатламларини, хусусан ёшларнинг уюшмаган қисмини кенг  қамраб олди. Тадбирлар жараёнида ёшларимиз Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш учун бор билим ва  иқтидорларини намоён этаётганликларига гувоҳ бўлдик. Жумладан, 6-сонли мактабнинг 4-синф ўқувчилари яқинда туман фан олимпиасида ғолибликни қўлга киритишган бўлса, мактаб волейболчи қизлари вилоятда ғолибликни қўлга киритиб, Республика “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларига қатнашиш имкониятига эга бўлишибди. 17-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Омадбек Холдоров география фанидан  ўтказилган фан  олимпиадасида туманда биринчи, вилоятда иккинчи ўринни қўлга киритибди. 4-синф ўқувчиси Исоқжон Абдуназаров эса вилоят миқёсида ўтказилган кураш мусобақаларида фахрли 1-ўринни эгаллабди. Энди эса бу шоввозларни Республика ва халқаро миқёсдаги мусобақалар кутмоқда.

Тадбир сўнггида мактабнинг  3-4 нафар  ўқувчилари “ Она табиат”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз”, “Бахтли болалик”, “Юртим жамоли” мавзусида ҳамда ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари образини яратиб ўзлари чизган расмларни кўрсатиб, келгусида мусаввир бўлиш ниятида эканликларини айтишганда, рассомимиз Иброҳим ака қувониб, уларга бу борада айрим  маслаҳатларини берди.

    Вилоятнинг Фурқат туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактабида бўлганимизда, ўқувчилар республика ва халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришиб келаётганликлари маълум бўлди. Жумладан, 9-синф ўқувчиси Мухриддин Йўлдошев ўтган йили  Ропқонда бўлиб ўтган бокс бўйича халқаро мусобақа ғолиби, мактаб битирувчилари — Зиёдахон Султонқулова ва Гулжаҳон Норматовалар бу йил  қўл жанги бўйича Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритишибди. Қойил!

Тадбирлар доирасида тарихчи олима Шоҳистахон Ўлжаева йиғилганларга ўзбек давлатчилиги тарихи, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар ҳақида батафсил ҳикоя қиларкан, тадбир сўнгида  касб-ҳунар коллежлари ва мактаб кутубхоналарига “Амир Темур”  номли монографиясини тақдим этди. Профессор Тоҳир Азизов эса истиқлол йилларида кимёгар  олимларимиз, хусусан, водийлик ёш тадқиқотчилар яратган кашфиётлар ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Ёш истеъдодли актёр Бахтиёр Юсупов эса таниқли халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб “Инсон садоқати” ҳикоясидаги Элёр монологини ижро этди.  Рассом Иброҳим Валихўжаев эса тадбир жараёнида залда йиғилган юртдошларимизнинг портретларини қоралама тарзида чизиб, учрашув сўнггида тадбир иштирокчиларига намойиш этди. Мен ҳам йиғилганларга  янги шеърларимдан ўқиб бергач, ўзимнинг“Қалбим қалъаси”, “Қалдирғочлар қайтган кун” номли янги чоп этилган китобларимни туҳфа этдим. Водий аҳлининг илму фанга, адабиёт ва санъатга нақадар ихлосманд эканлигини яна бир бор ҳис этдик.

Бешариқ тумани  ҳокимининг ўринбосари Гулчеҳра Юлдашеванинг айтишича, туман мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳам ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатиб келаётгани, жумладан  яқинда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон мафаатлари йилида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб спортнинг бокс тури бўйича 2003-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган анъанавий YIII халқаро турнирнинг ўтказилишида кўрсатган ёрдами учун ташаккурнома билан тақдирланибди.

“Ватанпарвар” ташкилоти раҳбари Баҳодиржон Насриддинов бизни ёшлар автомобиль бошқаришдан таълим олишлари, спортнинг бокс  ва ўқ отиш турлари  билан шуғулланишлари учун яратилган  шарт-шароитлар билан таништирди.

Вилоятнинг ёшларга 9 та йўналиш бўйича таълим берилаётган Бағдод туманидаги агросаноат касб-ҳунар коллежида ўқувчиларга касбий йўналиш билан бирга уларга фермерлик ва тадбиркорлик сир-асрорларини ҳам  ўргатиб келинаётганлигининг гувоҳи бўлдик.  Жумладан, “Ветеринария” йўналиши бўйича чорвачилик фермаси ташкил этилиб, 10 бош қорамол парвариш қилинаётган экан. Шунингдек, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик масканлари, қишда помидор ва турли полиз экинлари етиштириш учун  иссиқхоналар ташкил  этилиб, у ерда ўқув амалиётларии ўтилаётган экан.  Шунингдек, коллеж ўқувчилари пухта билим эгаллаб турли фан олимпиаларида ғолиб бўлишган. Жумладан, 6-гуруҳ ўқувчиси Хўжабек Аҳмадқулов  шахмат бўйича мусобақаларда фаол иштирок этиб вилоятда биринчи,  Республикада учинчи ўринни, унинг курсдошлари эса тарих, инглиз тили,  немис тили ва биология фанидан ўтказилган вилоят олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаганликлари фикримизнинг далилидир.

Вилоятнинг Бағдод туманидаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлганимизда, бу масканда  кўплаб иқтидорли  ўқувчилар таҳсил олаётгани ва улар Юртбошимизнинг ёш истеъдодларга кўрсатаётган ғамхўрлигидан ғоят миннатдор эканликларининг гувоҳи бўлдик. Тумандаги Чексарой қишлоғида 1995 йилда туғилган Нодира Арабжон қизи (Иброҳимжонова) аллақачон шеърият ихлосмандларига “Кўзларим нурида Ватан” ва “Кўнгил дафтаридан” номли тўпламларини туҳфа этганини эшитиб қалбимиз қувончга тўлди.

–  Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақилли-гининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини катта қувонч билан кутиб олган халқимиз энг улуғ ва энг азиз байрамимизни улкан меҳнат зафарлари ва шодиёналик билан нишонлашга  қизғин тайёргарлик кўрмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат тарғибот маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбарининг ўринбосари Шавкат Тўйчиев. – Мен ҳам шу меҳнаткаш ва бағрикенг халқнинг бир  фарзанди сифатида ватандошларимиз қучаётган  ютуқлардан ғоят қувонаман.  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтаётган тарғибот тадбирлари, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш,  уларни ватанпарварлик, бурчга садоқат руҳида тарбиялаш ва турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этишига шак-шубҳа йўқ.

Қўқон шаҳридаги тадбиримиз 7-сонли мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбир ўқувчи-ўқитувчилар ҳамда шу атрофдаги маҳаллалар аҳолиси, жами 200 дан зиёд отахону онахонлар, зиёлилар, ёшлар вакилларининг  фаоллиги туфайли  жуда  жўшқин тус олди.  Жонли мулоқотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар  хусусида сўз юритилди. Тадбир сўнггида қўқонлик хонанда Аббосхон Убайдуллаев ижросидаги қўшиқлар тадбир иштирокчиларини рақсга чорлади.

Қўқондаги мазкур мусиқа ва санъат даргоҳи билан ёндош бўлган 26-сонли умумий ўрта таълим мактабида бир вақтлар Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров ва фан арбоби, академик Азиз Қаюмов ҳамда профессор Лазиз Қаюмовлар ўқиганликларини, бу табаррук замин тупроғини тавоф этдик.

Тадбирдан сўнг Қўқон шаҳрининг Ўзбекистон Маданият вазирлиги “Жомъе” амалий санъати мактабини, XIX сарда бунёд этилган Худоёрхон ўрдасини ва Муқимий ҳужра-музейини зиёрат қилдик. Зиёратгоҳларнинг олам сайёҳларини қойил қолдирадиган даражада кўркам ва ободлигини кўриб кўзларимиз  қувнади.  Аммо Қўқондаги тарихий обидалардан  бири – “Ғолиб қози мадрасаси”нинг  ошхонага айлантириб қўйилганини  кўриб бироз ранжидик.  Зеро, мадраса – қадимий олий ўқув юрти эканини, унда қанчадан-қанча диний уламолар таҳсил олишганини барчамиз яхши биламиз. Унинг ошхонага айлантирилиши эса қадимий шаҳар маҳобатига унча ярашмай турибди. Умид қиламизки, аждодларимиздан мерос ёдгорликларнии жаҳон аҳлига кўз-кўз этиш истагида, ички туризмни ривожлантириш иштиёқида юрган ва  дину диёнатгага ихлоси баланд қўқонлик юртдошларимиз бу тарихий қадамжони тез кунларда музей ёки кутубхона каби маънавият масканларидан бирига  айлантириш учун ўзларида журъат топа оладилар.

Худоёрхон ўрдасида жойлашган Қўқон ўлкашунослик музейининг қарийб  40 йиллик тажрибага эга ходими, таниқли  олим Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий билан суҳбатимиз ғоят мароқли кечди. Сўзини олис мозийдан бошлаган  суҳбатдошимиз  ўз фикрини Президентимизнинг шу йил
9 август куни Ўзбекистоннинг барча ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувига қаратиб,  бу учрашув ижод аҳлига кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрлик намунаси  бўлиши билан бирга, улар зиммасига улкан масъулиятлар ҳам юклаши ҳақида тўлқинланиб гапирди. Хусусан,  Президентимиз ташаббуси билан Фарғонада Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг филиалини очилиши, Қўқон шаҳрида эса  санъат аҳли учун янги кўп қаватли турар жой биноси қурилиши ҳақидаги хабардан боши кўккка етганлигини эътироф этди.  Ўз она юртининг тарихи учун жон куйдириб яшовчи бу фидойи инсон  бизга ўзининг “Худоёрхон ўрдаси” ва “Хўқанди латиф маҳаллари ва кўчаларининг номланиш тарихи” номли ажойиб китобларини туҳфа этди. Китобларни варақлар эканмиз, гўзал Фарғонанинг Яҳёхон домла каби фидойи тарихчилари бор экан, ёш авлод қалбига улуғ аждодларимиз тарихи ва жасоратини сингдиришдек эзгу ва хайрли ишлар узлуксиз давом этаверади, деган фикрга келдик.

Мухтасар қилиб айтганда, тарғибот тадбирлари жараёнида одамларнинг кайфиятини, она юртимизга бўлган меҳру муҳаббатини, мамлакатимиз мустақиллиги ва тинчлик-осойишталигини мустаҳкамлаш, бу борада ўз олдиларига қўйган эзгу мақсадлар сари дадил одимлаётганлик-ларини  кўриб, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, буюк келажагимизни қалбида ватан меҳри жўш уриб турган мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қуражагимизни ҳис этдик.

Олтин водийнинг беғубор осмони узра парвоз қилган само кемасида пойтахтга қайтарканмиз, улуғ эзгу ниятлар қучоғида жўшқин меҳнат қилиб, тўйни муносиб тўёна билан кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўраётган марду меҳнаткаш ва оқкўнгилу бағрикенг  фарғоналик ватандошларимизга улкан бахт ва омадлар тилаб қолдик:

Ҳазинийдек бўлиб мен сўзона, тонг отгунча,

Шаънингга ғазал битдим Фарғона тонг отгунча,

Бўлдинг ўзинг бошимда парвона тонг отгунча,

Мадҳингга оздир, минг шеър- ғазал, она Фарғона,

Мангу  гуллаб  яшнайвер  гўзал,  она Фарғона!

                                                   Зикрилла НЕЪМАТОВ

                              Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР