"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

Ўқилди: 251

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида  ёзувчиларнинг Дўрмондаги дала боғида кўп йиллар раҳбарлик қилган ва ижодкорларга яқин дўст ва кўмакдош бўлган зироатчи олим Амир Тўраев таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ҳамда журналист Шомурод Шароповнинг Амир Тўраев ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Умр дарёси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.  Унда ёзувчилар, шоирлар, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси  Муҳаммад Али очиб, Амир Тўраевнинг ўз меҳнат фаолияти давомида Дўрмон боғини обод қилиш борасидаги саъйи ҳаракатлари, дала боғда яшаб ижод қилган ёзувчиларга зарур шарт-шароит яратиш учун қилган хизматларини, ўз умри давомида одамларга яхшилик қилган кишиларнинг хотираси унутилмаслигини таъкидлаб ўтди. Зотан, Амир Тўраевнинг эзгу амаллари, ҳаёти ва фаолияти ҳақида Шомурод Шароповнинг “Умр дарёси” номли китобининг нашр этилиши ҳам халқимизнинг “Яхшидан боғ қолади” деган ҳикматли сўзининг нақадар тўғри эканини исботлаб турибди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, “Халқ сўзи” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов, фалсафа фанлари доктори Назар Ҳакимов, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Амир Омонов, тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназаров, ёзувчи Комил Аваз ва бошқа ижодкорлар Амир Тўраевнинг илмий ва ижтимоий фаолияти, унинг инсоний фазилатлари, устоз адибларимиз билан  мулоқотлари ҳақидаги хотираларни эсладилар. Сўзга чиққанлар Шомурод Шароповнинг “Умр дарёси” китобининг мазмун-мундарижасига тўхталиб, жонли ва ҳаётий мисоллар орқали истеъдодли олим, фаол  инсон ва айни пайтда самимий дўст образининг ёритилганини айтиб ўтдилар.

“Умр дарёси” китоби 2016 йилда “Фан ва технология” нашриётида чоп этилган. Филология фанлари доктори Дамин Тўраевнинг сўз боши ўрнида берилган “Тарихий, ҳужжатли детектив асар” номли мақоласида Шомурод Шароповнинг ижодий маҳорати ва изланишлари ҳақида фикр билдирилган.

Китобнинг иккинчи қисмида Ўткир Раҳмат, Жамол Камол, Эркин Аъзам, Январ Иноятов, Комил Аваз ва бошқа муаллифларнинг Амир Тўраев ҳақидаги хотиралари берилган. Китобнинг учинчи бўлимида эса Амир Тўраевнинг матбуотдаги чиқишларидан намуналар ҳамда файласуф олим Назар Ҳакимовнинг “Комилликка интилган инсон ва “Умр дарёси” китоби ҳақида” сарлавҳали мақоласи ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Тадбир якунида муаллиф Шомурод Шаропов “Умр дарёси” китобининг ёзилиш тарихи ва китоб қаҳрамони ҳақидаги хотираларини ҳамда ижодий режаларини сўзлаб берди.

                                                                        Ахборот хизмати

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР