"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ТАҚДИР ХАРИТАСИ

Ўқилди: 2 568

Уйғун РЎЗИЕВ

 

ТАҚДИР ХАРИТАСИ

Ҳикоя

 

-Телефон қилиб келганинг яхши бўлдида, дўстим, — деди аэропортда таниқли рассом Даврон Назирни кутиб олган Ҳамид машинани шаҳар марказига ҳайдаб бораркан. – Сал бўлмаса, дам олгани тоққа чиқиб кетаётган эдим. У ёққа бориб олганимдан кейин телефонимга тушиб бўпсан. Ёзнинг жазирамасида сену мендек ижод кишилари дам олиш кунларини гоҳ-гоҳида тоғда ўтказиб тургани маъқул. Тоза ҳаво, гўзал манзаралар. Янги ғоялар келади миянгга. Лекин келишингни эшитиб бениҳоя хурсанд бўлдим. Ишларингдан хабарим бор, Парижда, Лондонда, Франкфуртдаги кўргазмаларда қатнашибсан. Интернетда тинмай ёзиб туришибди. Ҳали ўзинг ётиғи билан гапириб берарсан, ўз оғзингдан эшитиш бошқачада.

Ҳамид хурсандлиги ичига сиғмаганидан тинмай гапириб борарди. Даврон эса гапиришга навбат тополмай индамай кетаверди.

Машина санъат музейи олдида тўхтади.

-Қани, машинадан туш, аввал ишхонамга бир кириб чиқамиз, — деди Ҳамид орқа ўриндиқдаги қоғозларни олиб.

-Шу ерда ишлаяпсанми?

-Ҳа, бир ой бўлди музейга директор қилиб тайинлашганларига.

-Ўҳў, хурсанд қилдинг.

-Э, ўзимга қолса расм чизиб юрганим яхши эди. Ўйлаб қўйган қанча ишларим бор эди. Ҳозир хотиржам ижод қилишга вақт қаёқда дейсан.

Дам олиш куни бўлгани учун атроф сокин, ҳеч ким кўринмайди. Улар эшикка яқинлашганларида ичкаридан бир кексароқ киши, қоровул бўлса керак, эшикни очиб, салом берди. Улар офтоб нуридан чароғон бўлиб турган узун ойнаванд йўлакнинг охирига қараб юриб боравердилар. Деворларга осилган каттаю кичик расмлар одамнинг кўзини қувнатади. Ҳаммаси маҳоратли рассомлар томонидан чизилгани кундай равшан. Тафаккур, истеъдод, меҳнат уйғунлашиб кетган. Деворнинг, деразаларга тутилган ҳарир пардаларнинг ранглари ҳам шу расмларга мос, дид билан танланган.

-Менинг камтарин кулбам ҳозирча мана шу, — деди Ҳамид кабинетига киришгач.

Бу ерда ҳам ортиқча нарсалар кўзга ташланмайди. Саришта, ҳақиқатан ҳам камтарингина хона. Кўпинча директорларнинг кабинетида юмшоқ курси бўлади. Бу ерда эса директор ўтирадиган жойда оддийгина ёғоч стул турибди. Деворда Алишер Навоийнинг мойбўёқда чизилган расми.  Стол ёнида китобларга тўла эски жавон. Стол устида сув тўла графин.

-Сен анави гулзорни томоша қилиб тур, мен ҳозир келаман, — дея Ҳамид кабинетдан чиқиб кетди.

Даврон чанқаб кетганидан графинга қўл узатди. Стаканга сув қуяркан, директор столининг ўнг томонида турган расмга кўзи тушиб, бироз тикилиб қолди. Расм оддийгина ромга солинган, унчалик катта ҳам эмас, бор-йўғи иккита дафтар шаклича келади. Ўзиям ниҳоятда ғарибона чизилган. Одатда ҳаваскор рассомларнинг дастлабки машқлари шундай кўринишда бўлади.

Даврон стаканни кўтариб дераза олдига борди. Очиқ деразадан намхуш ва хушбўй ҳаво уфуриб турибди. Дераза тагидаги гулзорда турли-туман гуллар барқ уриб очилган, нариёғи қуюқ дарахтзорга туташиб кетган – ижод аҳлига илҳом берадиган манзара. Давроннинг кўзлари гулзорни томоша қиларди-ю, лекин негадир хаёли ҳамон ҳалиги расмда эди. Нимаси биландир унинг хаёлини ўзига тортаверди. “Ҳамиднинг биринчи чизган расмими бўлса керак, – деб ўйлади у. – Ижодкорнинг биринчи иши қанчалик содда, кулгили бўлмасин, барибир ўзи учун қадрли бўлиб қолаверади”. Бояги чол бир чойнак чой билан иккита пиёла кўтариб кирди. Унинг изидан Ҳамид кирди. Давроннинг хаёли  бўлинди.

-Анави расм сенинг болаликдаги ишингми? – деди Даврон Ҳамид узатган чойни бамайлихотир ҳўпларкан.

-Э, йўқ, меники эмас, аввалги директордан қолган, — деб Ҳамид ўша расм томонга чўзилди. – Озод Омонни танисанг керак?

-Ҳа, албатта, улуғ рассом эди.

-Ана ўша одам бу ерда кўп йиллар ишлаган. Охирги пайтларда раҳбар ҳам бўлган. Бу расм ҳам улардан қолган. Стол устида турган экан. Устозга илҳом бериб турган қандайдир қадрли расм бўлса керак, деб жойидан қимирлатмадим.

Озод Омоннинг номини эшитиши билан Давроннинг хаёли ярқ этиб чақнади. У фавқулодда шиддат билан расмни қўлига олди. Кўзларига яқинроқ олиб келиб қаради. Ҳамид ҳеч нарсага тушунмай бақрайиб қолди. Даврон расмга синчиклаб, янада синчиклаб қарарди. Оддий расм – ҳаваскорлик иши. Шунчаки бир тандир – оловсиз, мунғайган тандир. Ёнида патнис – ичида нон тугул, ушоқ ҳам йўқ. Тандирга суянган эски рапида. Чакич билан ичида бир томчи ҳам суви йўқ челак эса ерда думалаб ётибди. Жами манзара мана шу. Боягина кўримсиз, бор-йўғи болаларча ҳаваскорлик билан бўёқ чаплаб чизилганга ўхшаб кўринган бу расм энди Давронни сеҳрлаб қўйганга ўхшарди. Даврон кўп йиллар илгари Озод Омонни кўрганини эслади ва унинг самимий чеҳрасини кўз олдига келтирди.

***

У пайтларда Даврон бешинчи синфда ўқиб юрган бола эди. Айни баҳорнинг ўрталарида бир қанча шоирлар, рассомлар, артистлар қишлоқ мактабларида ўқувчилар билан учрашувлар ўтказиб юришган эди, уларнинг мактабига ҳам келишди. Осмонда паға-паға оқ булутлар сузиб юрган, майин шабада ўт-ўланларнинг хушбўй исларини атрофга ёяётган, қуёш ғарбга томон оға бошлаган бир палла эди. Учрашув мактаб ҳовлисида бўлди. Ҳамма ўқувчилар меҳмонларни ўраб олишиб, уларнинг оғзиларидан чиққан ҳар бир сўзни иштиёқ билан тинглашарди. Фақат шундай завқли йиғинга Даврон чиқмади. У рассомлик тўгараги машғулотлари ўтказиладиган устахонага кириб, ёлғиз ўзи расм чизиб ўтирди. Бу унинг ҳар кунги одати – дарсдан кейин шу устахонага кириб, бир-икки соат бўёқлар билан тиллашади. Тўгаракка қатнашадиган бошқа болалар аллақачон уйларига кетишганини кўрган Давроннинг отаси устахона эшигидан аста мўралаб, ўғлидан хабар олиб қўяди. Отаси шу мактабнинг қоровули. Назир қоровул ҳамма мактабни тарк этганидан кейин ҳам албатта устахонага кириб, ўғлининг чизган расмларини бирма-бир кўздан кечиради. Улардан айтарлик бирор маъно тушунмаса-да, ўғлининг шундай чиройли расмлар чизаётганидан мағрурланиб қўяди.

Учрашув тугаганидан кейин азиз меҳмонлар мактаб ичкарисига киришди. Директорнинг йўлбошчилигида коридор бўйлаб юришаркан, синфхоналарга бир-бир бош суқиб чиқишди. Рассомлик устахонасига киришганда оппоқ кўйлагининг ёқасига бўйинбоғ таққан, сочларини силлиқ тараган, юзидан нур ёғилиб турган кишининг кўзлари чақнаб кетди.

-Мана бу, адашмасам, бўлажак рассомларни тайёрлайдиган жой, — деди у чиройли табассум билан. – Бу йигитча, чамамда, учрашувга ҳам чиқмасдан расм чизаётганга ўхшайди, — деди у ҳеч кимга эътибор бермасдан ўз иши билан овуниб ўтирган Давронни кўрсатиб. – Шундайми, нега учрашувга чиқмадинг?

Даврон унга бир қараб қўйиб, астагина салом бердида, яна ишини давом эттираверди. Бўйинбоғли киши секин унинг ёнига келиб, чизган расмларини кўра бошлади. Расмлардан биттасига бир муддат тикилиб қолди.

-Мана шу расмингни эсдалик учун сўрасам, нима дейсан? – деди у Давроннинг кўзларига синовчан тикилиб.

Даврон расмни унинг қўлидан олиб, бироз ўйланиб турди. Кейин “йўқ” деган маънода бошини қимирлатди. Ҳамма ҳайрон бўлди. Ҳатто ундан бундай жавобни кутмаган директор шошиб қолди.

-Бу киши машҳур рассом Озод Омон бўладилар, Давронжон. Сен чизган расмга эътиборлари тушганининг ўзи катта гап. Қўшқўллаб бериб юбормайсанми, сени қараю, — деди директор.

Даврон расмни бағрига янада маҳкамроқ босиб. Боягидай рад ишорасини қилди.

-Ўғлим, эсдалик учун бер, ахир, бу киши ҳурматли меҳмон-ку, — деб Назир қоровул одамлар орасидан туртиниб-суртиниб олдинга чиқди. – Кечирасиз, бу менинг ўғлим, кенжатойим, — деди у Озод Омонга, ҳаяжонини зўрға босиб. – Расм чизишни жуда яхши кўради. Ҳартугул Эргаш муаллимдан ўрганиб бораяптида. Берақол, ўғлим.

Даврон ҳамон қайсарлик қилиб тураверди. Озод Омон самимий жилмайиб, Назир қоровулни четроққа тортди.

-Ўғлингизнинг саломатлиги яхшими? – сўради у шивирлаб. Қоровул “нега ундай деяпсиз” дегандай унга таажжубланиб қаради. – Кўзлари жуда мунгли, ичида қандайдир дард борга ўхшайди.

Назир қоровул меҳмоннинг қулоғига яқинроқ бориб шивирлади:

-Икки ойча бўлди, онаси вафот этган эди. Бола шунга ичикиб юрибди.

-Э-ҳа, — деди Озод Омон чеҳраси жиддий тортиб, — айтдим-а, бу боланинг ичида бир дард бор, деб. Бундай дардни дори билан даволаб бўлмайди. Лекин болакай малҳамни ўзи топибди. Қани, ўша расмни яна бир кўрай. – У Давроннинг қўлиданги расмни олиб, яна бир бор синчковлик билан томоша қилди. – Баракалла, болажоним. Ҳеч қачон бўш келма, — деб Давроннинг пешонасидан ўпиб қўйди ва сўнг ҳаммалари ҳовлига чиқишди.

Меҳмонлар мактаб аҳли билан хайрлашиб, машиналарига ўтиришди. Озод Омон ҳамма билан хайрлашаркан, Назир қоровулнинг қўлини алоҳида сиқиб қўйди.

-Ўғлингизга эътибор беринг, у истеъдодли бола, — деди у одамнинг кўнглини эритиб юборадиган самимият билан.

Шундан кейин Назир қоровул ич-ичидан эзилиб юрди. “Ҳай, аттанг, бола болалигига бордида, — дея ўйларди у. – Шундай табаррук одамдан битта расмни аяди-я. Бунақа Хизр назар солган одамлар қишлоққа ҳар доим ҳам келавермайди. Худо ёрлақаб бир келиб қолган эди-ю, шундаям хафа қилиб юбордик. Бор-йўғи бир кичкинагина расм бўлса. Расм одамнинг кўнглидан азиз бўптими? Эҳ, аттанг”. Шу ўй қоровулга тинчлик бармай қўйди. У ётса ҳам, турса ҳам афсус чекадиган бўлди. Орадан бир ҳафтача ўтгандан кейин директорнинг шаҳарга боришини эшитиб қолдию, устахонага кириб, ҳалиги расмни қидириб топиб, директорга олиб бориб берди.

-Э, қизиқмисиз, Назир ака, уста рассом кўнгил учун бир сўради-қўйдида. Озод Омон деганлари катта рассом бўлса, бунақа ҳавасаки расмларни бошига урадими, — деди директор истеҳзо билан.

-Юз-кўзидан нур ёғилиб турибди. Ундай табаррук одамлар шунчаки кўнгил йўлига гапирмайди. Худо дилига бир яхши ўйни солганки, шу расмга ишқи тушди. Келинг, шундай авлиёсифат одам хафа бўлиб кетмасин, жон директор, шу расмни ола кетинг, — дея Назир қоровул ростакамига ялинди.

Директор, ноилож, расмни олиб кетди.

Ўзи учун бениҳоя қадрли бўлган ўша расмнинг йўқолганини Даврон уч кундан кейин, оила аъзолари онасининг туғилган кунида марҳумани хотирлаш учун йиғилишаётганда билиб қолди. У ўша куни дарсдан сўнг тезда уйга қайтмоқчи эди. Фақат устахонага кириб, ҳалиги катта рассом амакига бермаган расмини олиб кетмоқчи бўлди. Лекин ўзи чизиб, қаторлаштириб қўйган расмлар орасидан уни тополмади. Кейин бошқа расмлар орасидан ахтарди. Ҳамма ёқни титкилади. Тополмагани сайин асабийлашаверди. Хўрлиги келиб, қўлига илинган нарсаларни ҳар ёққа отаверди. Шу пайт Эргаш муаллим келиб қолди.

-Эй, бу нима қилиқ, сени нима жин урди? – деди муаллим ҳайрон бўлиб.

-Расмим қани, мен чизган расмни ким ўғирлади? – деди Даврон нафаси бўғзига тиқилиб.

-Қайси расм, ҳалиги, Озод Омон сўраганда бермаганингми?

-Ҳа, ўша.

-Э, уни отанг ўша рассомга бериб юборибдику. Ишонмасанг, директордан сўра.

Даврон бошини қаерга уришни билмай қолди. Уйига шошиларкан, йўлида учраган тошларни ҳам ҳар томонга тепиб борарди. Эшикдан кириши билан Назир қоровул ўғлининг авзойини кўриб қўрқиб кетди.

-Тинчликми, болам? – деди у эҳтиёткорлик билан.

-Нега расмни бериб юбордингиз? – деди Даврон ва кўзларида қалқиб турган ёш юзларидан из солиб оқиб кетди.

-Э, шунга шунчами, — деб Назир қоровул ёқасига туфлади. – Мен бўлсам, ит қувладими дебман. Шунчаки бир тандирнинг расми эканку. У одам буюк рассом. Ҳамма қолиб, сен чизган расмни сўради-я. Шундай одам расмингни сўраганига қайтага хурсанд бўлишинг керак. Сен бошқасини чизиб олаверасан. Ўзинг чизишга қийналсанг, ана, Эргаш муаллим ёрдамлашиб юборади. Эргаш кўнгли очиқ одам, йўқ демайди.

-У шунчаки тандир эмас эди, ўзимизнинг тандир эди, — деди Даврон юзини билагига, билагини деворга тираганча йиғлаб. – Ўша тандирнинг ёнида доим онам бўларди, энди йўқ… – У алами бўғзига тиқилиб, ҳиқиллаб йиғларди. – Ҳеч қачон бўлмайди ҳам.

Назир қоровулнинг юраги “шув” этди. Нима қилиб қўйганини энди бироз фаҳмлагандай бўлди. Ўғлини маҳкам қучоқлаб, бошини силади.

-Мени кечир, болам, — деди у хўрсиниб, — бу томонлари хаёлимга ҳам келмабди. Мен бир ўқимаган одам бўлсам…

Ўша расм ичига яширинган дардни балки директор ҳам, ҳатто Эргаш муаллим ҳам пайқамагандир. Лекин, ҳақиқатан ҳам, ўша тандирнинг ёнида доим Давроннинг онаси бўларди. Тез-тез мазали нонлар, лаззатли кулчалар ёпарди. Тандирнинг ёнидаги патнисда иссиқ кулчалар бўларди. Иссиқ кулчани челакдаги муздай сувга бўктириб, тандирнинг ёнида ейиш қанчалар роҳат эди. Энди эса уларнинг ҳаммаси ўтмишга айланди. Эҳтимол бир кун келиб ўша тандирга яна кимдир ўт қалар, патнис ҳам иссиқ кулчаларга тўлар, челак ҳам иссиқ кулчаларга жон-жон деб сув тутар, бироқ, ҳаммаси бошқа қўлдан чиқади. Онаси ўзга дунёдан қайтиб келмагани каби ўша кунлар завқи ҳам, лаззату роҳатлар ҳам энди қайтмайди. Давроннинг бола қалби буни ҳис қилиб турарди.

Даврон шундан сўнг бир неча кун ана шу расмни бошқатдан чизишга уринди. Устахонада ҳамма кетганидан кейин ҳам қолиб, то қоронғи тушиб, қушларнинг чуғурлаши тўхтагунча тер тўкди. Эргаш муаллим ҳам “Бўлди, мен кетяпман, сен ҳам уйингга бор” демади, отаси ҳам гоҳи-гоҳ эшикдан мўралаб қўйса-да, “Ишингни тўхтат” демади. Ҳатто баъзида тандирнинг ёнида ерга мук тушиб ҳам расм чизди. Аммо чизган расмларининг ҳеч биридан кўнгли тўлмади. Гоҳ тандир тиржайиб турганга ўхшарди, гоҳ патнис онаси нон солиб кўтарадиган патнисга сира ўхшамаётгандек туюларди, гоҳ челак кўнглига ўтирмасди. Шунда у ич-ичидан изтиробга тушиб, чизганларини йиртиб ташларди. Охир-оқибат ана шу расмни қайта чизишдан воз кечди. Сиқилган пайтлари ўтлоқларга ағанади. Гулзорнинг ёнига бориб, ҳар хил гулларнинг расмларини чизиб овунди. Лекин катта рассомга совға қилиб бериб юборилган ўша расмни анча вақтгача соғиниб юрди. Талабалик даврида устозларидан сўраб Озод Омоннинг уйини ҳам топди. Унга янги чизган расмларини кўрсатмоқчи бўлди. Бироқ энди улғайиб, ўзини анча босиб олган, машҳур рассом билан юзма-юз келганда нима ҳақда гаплашишни ўйлаб, уялганидан кўча бошидан қайтди. Кейин ижод ва ҳаёт ташвишлари гирдобида болалик хотиралари ҳам аста-секин четга сурила бошлади.

***

Даврон қўлидаги расмга термиларкан, болалик хотиралари эсига тушиб, беихтиёр юзига табассум югурди. Расмнинг ҳар бир нуқтасига, ҳар бир бурчагига разм солди. Кейин расмнинг орқа томонига кўз ташлади. Шунда “Давронжондан эсдалик” деган ёзувга кўзи тушди. “Бу Озод Омоннинг дастхати, — дея ўйлади Даврон. – Ҳа, худди шундай. Расмни олган заҳоти мана шу сўзларни ёзиб қўйган ва кейин умрининг охирига қадар гард ҳам юқтирмай сақлаб келган”.

-Бунча тикилиб қолдинг? – деди Ҳамид пиёлага яна чой қуйиб узатаркан. – Оддий бир расм, шунчаки ҳаваскорлик иши. Леонардо да Винчидан қолмагандир ҳар ҳолда. Нега бунча оғзингнинг таноби қочмаса?

-Ҳа, тўғри, да Винчидан қолмаган, — деди Даврон қайта топган қадрдон расмидан кўз узолмай, — лекин бу оддий расм эмас, бу – тақдир харитаси. Шу харита мени ҳамма нарсани қалб кўзи билан кўра оладиган беназир одамнинг излари қолган мана шу даргоҳга бошлаб келди. Озод Омон бебаҳо инсон ва тенги йўқ рассом эди. Мен у билан бор йўғи бир мартагина кўришганман, афсуски, қайта учрашиш насиб этмади.

 2016 йил, май

Сайт бўлими: Ҳикоя

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ