"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АМИР ТЕМУР ҲАҚИДА КИНО

Ўқилди: 347

Тарихни китобдан ўқиб-ўрганиб бўлмайди, уни кўриш керак.

Генри Форд.

Муҳтарам Президентимиз, ижодкор зиёлилар билан учрашувда нафақат ижод аҳлининг, балки халқимизнинг кўнглидаги орзу-ниятларини ҳам тилга олдилар. Шулардан бири — улуғ аждодларимиз, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида бугунги талабларга жавоб берадиган кино ишлаш вазифасидир. Аслида, Ўзбекистон Ҳукуматининг “Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги тарихий қарори(1994 йил 29 декабр)да Соҳибқирон Амир Темур ҳақида бадиий фильм ишлаш вазифаси ҳам қўйилган эди. Афсуски, такрор-такрор кўрганда ҳам малол келмайдиган, фарзандларда фахр-ғурур уйғотувчи, хорижликлар эса ҳавас ва ҳайрат билан кўрадиган кино ишлай олишмади…

Очиғини айтганда, ҳанузгача бирорта диск дўконидан: «Амир Темур ҳақидаги фалон кинони беринг», деб турган одамни учратмайсиз! Нега? Ундай кинонинг ўзи йўқ-да, бизда!

– Амир Темур ҳақидаги кинода фақатгина “Камаз”нинг ғилдиракларини ёқиб, тепаликдан думалатилган ва Амир Темурнинг отини қоядан арқон билан тортиб олинган жойларигина эсимда қолди, – дейди бир танишим. – Аммо бу кинода Соҳибқироннинг яққол сиймоси, қаҳрамон ва донишмандлиги, ҳаракатларнинг кенг кўлами, улкан жанг манзаралари, жанговарлик, улуғворлик, ҳашаматлилик… каби жиҳатлар акс этмаган. Одамни фахрлантирадиган, ҳайратлантирадиган, эсда узоқ вақт сақланадиган лавҳалари йўқ…

Биринчи уринишда “қовун туширишгани” учунми, ўшандан бери бошқа тарихий фильм ишлаш тугул, бунга ҳаракат ва хоҳиш ҳам кўзга ташланмади. Тўғри, охирги вақтларда бизда ҳам ёшларга ёқадиган кинолар олинмоқда. Аммо бу киноларнинг аксариятида ёш қўшиқчилар роллар ижро этишади, уларда муҳаббат можаролари ва ғарбча ҳаётга тақлид акс этган. Афсуски, ҳар қанча кўп томошабин кирмасин, бундай кинолар билан мақтаниб бўлмайди. Бу кинолар ёшларимизни ватанпарварликка, тарихдан ғурурланишга ўргатмайди. Улар бугунги куннинг «олди-қочди»лари тасвирланган бадиий саёз тасмалар. Ёшлар гуррос киришади, киночилар харажати ошиғи билан қопланади, аммо бундай ночор кино ёшларни фикрсизлик, тақлидчилик, “оммавий маданият”… каби кўргуликларга етаклайди, холос…

Аччиқ ҳақиқат шу: ўзимизнинг Алпомиш, Барчин, Амир Темур ва темурийлар, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби халқ қаҳрамонларимиз ҳақида юксак бадиий сифатли фильмлар олинмас экан, болаларимиз бировларнинг қаҳрамонларини ҳавас қилиб катта бўлаверади…

Ҳозирги ёшлар кўпинча фалон китобни ўқиганини эмас, балки “киносини кўрганлиги”ни (агар шундай кино бўлса) таъкидлайдилар. Бугун юксак технологиялар ҳамда компьютер графикаси имкониятлари беҳад кенгайган даврда яшаяпмиз. Шундай экан, нега фарзандларимизни ўз тарихимиз ва буюк аждодларимизга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат руҳида, кино саноати ва миллий телевидениемиз, қолаверса, ўша диск бозорларимиз воситасида тарбияламаймиз?

Ваҳоланки, миллатимизнинг улуғларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Оламшумул ватандошларимиз тўғрисида 50-100 серияли сериалларни суратга олиш наҳотки шунчалик қийин бўлса?

Бугун Амир Темур ҳақида ишланган ҳужжатли фильмлар “ойнаи жаҳон”да деярли қўйилмайди. Натижада, Россия телеканалларидан бири ишлаган “Проклятие Тамерлана”(Амир Темур қарғиши) номли ҳужжатли фильм шуҳрат қозониб, одамлар диск ва компьютерлар орқали кўчириб кўрадиган бўлишди.

Буюк аждодларимиз ҳақида замонавий талабларга жавоб бера оладиган тарихий фильмлар ишлаш ҳақида гап кетганда киночиларимиз қуйидаги учта сабаб (баҳона)ни кўпроқ келтиришади:

  1. “Бунинг учун катта маблағ керак. Бизда ундай катта пул йўқ”…
  2. “Яхши сценарийнавислар ва сценарийлар йўқ”…
  3. “Тарихий мавзуларда фильм олишга ҳали эрта, малакали мутахассислар йўқ…”

Бу баҳоналарга қўшишиш қийин. Наҳотки юртимизда битта сифатли фильм яратиш учун зарур моддий, илмий-ижодий потенциал бўлмаса? Ҳаммаси бор! Фақат соҳа масъулларида ҳалоллик, иймон, миллий ғурур, билим-савия, уқув ва хоҳиш масаласи анча ночорга ўхшайди.

Биринчи баҳона – маблағ йўқлиги бугун асосли сабаб бўла олмайди. Худога шукр, давлатимиз ва халқимиз бойлик-фаровонлик борасида бугун ҳеч кимдан кам эмас. Киночиларимиз ҳақиқатдан яхши кино ишлашларига одамларимизни ишонтира олишса бас! Шунда, ҳар қанча пул бўлса ҳам топилади! Давлат маблағидан ташқари, банклар, ҳокимликлар, автобозору автосалонлар, “Бек барака”, “Абу Сахий”, “Жаҳон бозори” каби бепоён бозорларимиз, корхоналар, ташкилотлар, тадбиркорлар, оддий ҳамюртларимиз – халқимиз қараб турмайди, бу савоб ишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиши аниқ!

“Sunday”, “Korzinka uz”, “Red tag” “Mega planet” каби салобатли супермаркат “империя”лари ҳомийлик қилишда кимўзарга тушиб кетишар, балки? Қаср ёки дала ҳовлисини қуришга юз минг, ҳатто миллионлаб АҚШ доллари сарфлаётган бойларимиз сероб.

Амир Темур тўйларидан қолишмайдиган катта-катта тўй-маъракалар қилаётган оддий ҳамюртларимиз сон-саноқсиз. Бу тўйларда “бирров” хизмати эвазига беш-ўн минглаб доллар олаётган санъаткорларимиз ҳам бу савоб ишга қўл қовуштириб қараб туришмаса керак!

Бировнинг маблағини чамалаш фикридан албатта, йироқмиз. Шунчаки, моддий жиҳатдан ҳеч кимдан кам эмаслигимизни бирров эсга олдик, холос. Энди гап, маънавий даражамизни ҳам худди шундай намойиш этишда. Негаки, давлатимиз ва миллатимизни дунёга янада машҳур қиладиган фильм олиш – умумжамият аҳамиятига молик вазифа!

Ҳатто мардикорлар, пенсионерлар-у мактаб ўқувчилари ҳам бу кинога ҳисса қўшишига шахсан мен – ишонаман.

Гап фақат ишни ошкора ва қизиқарли ташкил қилишда! Масалан, ҳомийларга “темурийзода” деган нишон (значок)лар тақдим қилинса, ёки махсус гувоҳнома орқали муайян солиқлардан озод этилса…

Фильм охирида энг салмоқли ҳисса қўшган ҳомийлар исми-шарифининг узун рўйхати эълон қилинса, бу тарихий ҳисса билан фахрланмай бўладими?

Бунинг учун фильм сценарийси балки газета-журналлар ва ТВ орқали мухтасар шаклда эълон қилинар, кино бюджети, қўлланиладиган компьютер анимациясидан айрим лавҳалар ва шунга ўхшаш зарур эҳтиёжлар учун харажатлар аниқ-тиниқ баён этилса, мақсадга мувофиқ. Муайян муддат оралиғида тўпланган маблағ ва унинг айнан нималарга сарфланаётгани ҳақида телевидение орқали ҳисобот бериб борилса.

Масалан, оммавий (жанг) саҳналарида қатнашувчи чавандоз ёки “аскарлар”га муайян ҳақ белгиланса, қурилиш ашёлари, декорациялар, тарихий кийим-кечак, совут, қурол-яроғ кабиларнинг аниқ сони ва нархлари эълон қилинса.. Бу иш услуби қизиқарли бўлишидан ташқари, билдирилган таклиф-мулоҳазалар асосида фильмнинг айрим кам-кўстларини бартараф этиш мумкин бўларди. Отларга тарихий кўринишдаги эгар-жабдуқлар, ҳатто суворийларнинг жанговар либослари, қилич-қалқону совутлар харажатини чавандозларнинг ўзлари кўтариши ҳам мумкин. Кинога олиш якунлангач, бу ашёлар уларга эсталик учун қолдирилади. Россия ва Оврўпо давлатларида ўзлари жанговар либос ва қурол-яроғлар ясаб, тарихий жангларни “қайта тиклаш” билан шуғулланувчи ҳаваскорлик клублари мавжуд. Аслида, бундай клублар ташкил этишга бизнинг ҳаққимиз ва тарихий асосларимиз кўпроқ-ку. Қисқаси, кино яратиш ишлари шу тариқа қизиқарли йўлга қўйилса, харажатлар ҳам бир қадар камайиб, бўлажак кинога қизиқиш ортиб бораверади.

Тўғри, сарф-харажатлар катта бўлади: ҳашаматли тарихий шаҳарлар манзарасини қуриш(жумладан, Оқсаройни ҳам бутун маҳобати билан кўрсатиш зарур!), Конигил ўланзоридаги йигирма минг чодирдан иборат кўчма шаҳар, қўшинлар саф тортган улкан жанглар манзараси, ярқираган ҳақиқий қиличлар, “учаётган камон ўқларидан осмон қорайиб кетиши”, бир хил жанговар либослар, деворбузар машиналар, филлар, тўплар ва ўтсочар(мушкет)лар ясаш…

Шаҳар ва қасрлардаги ҳашаматлар энг камида ҳиндларнинг “Девдас” фильмидагидек бўлиши шарт. Шундагина бу кино одамларда катта таассурот қолдиради, хотираларда узоқ сақланади.

“Алпомиш” киносидагига ўхшаб, ҳилпираган арзон хитойи матолардан кийимлар тиктириш ярамайди! Театрларимиз бисотидаги тахта ва картондан ясалган қилич-қалқонлар, беўхшов либос ва салла, хуллас, шу каби “бутафор”лардан воз кечиш зарур! Бугунги томошабинни алдаш жуда мушкул.

Ҳатто чет элдагиларга ўхшаб, тайёргарлик кўриш ва кино олиниш жараёни ҳақида ҳам алоҳида фильмлар яратса бўлади.

Амир Темур ҳақидаги кино эса ҳақиқатдан ҳам умуммиллий аҳамиятга молик маънавий ҳодиса бўлиши мумкин. Жамиятимизда Соҳибқирон бобомиз сиймоси тўғрисида юксак тасаввурлар шаклланганки, бўлажак кинога шунга мос юксак талаблар қўйилиши табиий ҳол. Шунинг учун бу фильмни анъанавий шошма-шошарлик билан яратиб бўлмайди. Фильм ташкилий гуруҳига киночилар, ёзувчилар, тарихчи олимлар, санъатшунослар, бастакорлар, диний олимлар, ҳарбийлар, спортчилар, меъморлар, муҳандислар, пиротехниклар – жуда кўп соҳа вакилларини киритиш зарур.

Ниҳоятда улуғвор қиёфа – Соҳибқирон сиймосини акс эттириш учун шунга мос улкан истеъдод зарур. Амир Темурдан ташқари, унинг атрофидаги жанговар сафдошлари – амирлар сиймосига ҳам жуда катта эътибор қаратиш зарур. Амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳмалик, амир Ики Темур ва амир Жоку Барлос… Уларнинг ҳар бири алоҳида истеъдодли, катта маҳоратга эга ҳарбий саркардалар бўлишган. Бу амирларнинг образи кинода аниқ талқин этилиши жуда муҳим. Шунингдек, қўшиннинг жанговар ноғоралар садоси остида сафланиши – марказ, жавонғор, баронғор, манглай, канбул, заҳира… каби қисмларнинг кўриниши, жанг тартиблари яққол акс этиши керак.

Бутун фильм бўйлаб ўтувчи қизил чизиқ – исломий руҳ, эътиқод, адолатпарварлик, ҳаққоният, бағрикенглик, халққа ғамхўрлик, бунёдкорлик, авлодларга юксак ибрат каби фазилатлар ўта таъсирчан лавҳаларда кўрсатилиши зарур.

Бу кино шунчаки тарихий-бадиий ижод маҳсули бўлиб қолмай, маънавият, мафкура ва миллий ғоя тарғиботи борасида олға ташланган жуда катта қадам, улкан тарбиявий восита бўлиб қолар эди. Ёш авлоднинг маънан камол топишига бу кинокартина катта ҳисса бўлиб қўшилади.

Агар Соҳибқирон ҳақидаги кино муваффақиятли ишланса, халқимиз ва ҳомийларда ишонч пайдо бўлар, сўнгра буёғи бошқа буюкларимиз ҳақидаги жуда ҳаяжонли ва улуғвор киноларга “уланиб” кетаверарди.

Иккинчи сабаб – “Яхши сценарийнавислар ва сценарийлар йўқ”, деган фикр ҳам асоссиз. Нуфузли танлов эълон қилинса, ҳазрат Соҳибқиронга хос сахийлик билан қалам ҳақи белгиланса, бир-биридан зўр сценарийлар пайдо бўлиши шубҳасиз. Шундан сўнг, мўътабар ҳайъат томонидан холислик ва адолат асосида танлаб олинади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олти юз нафардан ортиқ аъзолари бор. Қўлига қалам тутиб, бадиий ижод билан шуғулланувчи юртдошларимиз сони эса бундан ўн баробар кўп, дейиш мумкин. Шунча қаламкаш-ижодкорлардан битта зўр сценарий чиқмайдими?

Учинчи сабаб – “Тарихий мавзуларда фильм олишга бизда ҳали эрта, малакали мутахассислар йўқ…” деган гап кишини бироз ўйлантириб қўяди. Пиротехниклар, чавандозлар, ҳарбий маслаҳатчилар, дин пешволари, тарихчи ва ёзувчиларни жамлаш мумкиндир. Лекин Соҳибқирон Амир Темур ролини ким ўйнайди? Режиссёр маҳорати ҳам жуда муҳим. Фильмга қўйилувчи энг катта талаб ҳам шу бўлса, ажаб эмас!

Бир неча йил муқаддам мўътабар идорада ишловчи дўстимга:

 – Келгуси (2016) йилда Соҳибқирон бобомиз таваллудига 680 йил тўлади. Шу улуғ санани муносиб нишонлаш учун ҳукумат қарорини чиқарсангиз яхши бўларди, – дея таклиф билдирдик.

– Ҳукумат қарори чиқиши шартми? Бобомиз шахси оқланди, ҳайкалларини тикладик, музей ишлаб турибди. Амир Темур тарихини чуқур ўрганиш ва ижод қилиш учун барча имкониятлар яратилган. Ҳукумат даражасида бажариш учун яна қандай катта юмуш қолди? – деб сўради дўстим.

– Масалан, юбилей баҳонасида бобомиз ҳақларида яхши кино ишланиши керак…

Шунда дўстимиз қизиқ гапни айтди:

– Яхши кино ишланишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Лекин ҳукумат қарорини чиқаришнинг фойдаси йўқ. Агар киночиларда уқув, билим, хоҳиш ва савия кабилар етарли бўлмаса, уларнинг бошидан пул сочсангиз ҳам яхши кино чиқмайди…

Бундай мантиқли ва жўяли жавобга қарши нима ҳам дейиш мумкин? Изоҳнинг ҳожати йўқ…

Камелотнинг афсонавий қироли Артур ҳақидаги машҳур фильмни ҳамма билади. Бу кино ўзбекчага маҳорат билан ўгирилган. Тез-тез “ойнаи-жаҳон” орқали намойиш этилади. Лекин меъдага тегмайди, одамни ўзига худди оҳанграбодек тортади. Сабаби, жуда меҳр ва ҳафсала билан ишланган. Олийжаноб рицарларнинг кийимлари, қуроллари, саройлар… жуда табиий ва ишончли чиққан. Шиддатли яккама-якка олишувлар, катта жанг саҳналари, қиличбозлик ва жанговар санъат кўринишларидан қойил қолмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Қиличларнинг жаранги ҳақиқий, яроғларни шиддатли сермаганда ғувиллаган овоз – ҳақиқий. Шунинг учун бу каби хорижий фильмларни бажонидил сотиб оламиз. Кинони кўргач, ўша қирол Артурга, умуман инглизларга, уларнинг тарихига ҳурматимиз ошади.

Афсуски, бизда шундай ғурур уйғотувчи тарихий кинолар ишлаш тажрибаси ҳали йўқ. Шундай экан, Амир Темурни “танимаётган” баъзи ҳамюртларимиздан гина қилиш ҳам бир жиҳатдан олиб қараганда, ноўриндек.

Холис тан олайлик: Соҳибқирон Амир Темурнинг олдида Қирол Артур ким бўлибди? Жумонг ким бўлибди? Ўша қироллар буюк Соҳибқироннинг қўлига сув қуйишга ҳам ярамайди, десак ҳам асло катта гапирмаган бўламиз! Жаҳон тарихида корейслар билан боғлиқ қандайдир аҳамиятли ҳодиса рўй бермаган, аслида. Афсуски, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темир ва Бобурлар, ўша ярим тўқима  образлар бўлмиш Жумонг, Жанг Бо Голарнинг соясида қолиб кетаяпти.

Бахтиёр Ҳайдаров

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ