"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“ТУЗУКЛАР”НИ ДАСТУР ҚИЛГАН ЗОТ

Ўқилди: 239

…Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар эканлигини ҳар томонлама тасдиқлади.

Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқи­мизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ва Сенатининг
қўшма мажлисидаги нутқидан.

 

Ислом Каримовнинг тарих ва миллат олдидаги буюк хизматларидан бири – Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларини халқимизга қайтариб, ул зотни миллатимиз тимсоли сифатида бутун дунёга чексиз фахр билан намоён этганидир. Шу улуғ иши билангина Йўлбошчимизнинг муборак номлари миллат тарихи саҳифаларида олтин ҳарфлар билан битилишга арзигулик эди.

Ислом Каримов, Шаҳрисабз шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида” “Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, унинг умумбашарият тарихига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак”, — дея таъкидлаганди. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Соҳибқирон сиймосини ўз идеали, қолаверса, ўзбек халқининг идеали, миллатнинг шонли ўтмиши ва ёруғ истиқболининг тимсоли сифатида улуғлайди ва ундан ҳар жабҳада ўрнак олишга интилди.

Биринчи Президентимиз Амир Темур шахсини фарзандлик меҳри ва чексиз ғурур билан ардоқларди, у кишида Амир Темурнинг шижоати бор эди.

Аввало, ҳар икки давлат арбобининг тақдири Ер юзининг сайқали саналмиш кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри билан боғланганини айтиб ўтиш жоиз. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон Самарқандни улуғ салтанат пойтахтига айлантирган бўлса, Ислом Каримов айни шу шаҳарда туғилиб, вояга етди. Шунданми, Ислом Каримовнинг ҳар бир одимида Амир Темурнинг шавкатли руҳи, унга хос матонат, азм-у шижоат, адолатпарварлик фазилатлари яққол намоён бўлиб келди.

Амир Темур ва Ислом Каримовнинг ҳаёт йўлларини чуқурроқ таҳлил қилганимиз сайин, улар яшаб ўтган умр, давр шароити ҳам бир-бирига нақадар ўхшаш бўлганини кўриш мумкин.

Бундан олти юз йил бурун миллатни миллат, давлатни давлат қилиш масъулияти Соҳибқирон Амир Темур зиммасига тушган эди. Улуғ Соҳибқирон, босқинчилар ғорат қилган Ватанни озод қилиб, буюк салтанат қурди, миллатнинг дардларига дармон бўлди.

Чорак аср муқаддам бу тарих яна такрорланди. 1991 йил 1 сентябрдан бошлаб миллатни жипслаштириш, унинг чўккан руҳини кўтариш, давлатни давлат қилишдек ўта машаққатли, аммо шарафли тарихий масъулият Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов зиммасига тушди.

Миллат тарихининг энг оғир пайтларида буюк Йўлбошчига эҳтиёж ҳар қачонгидан кучли бўлади. Ислом Каримов Темурбек сиёсатга кириб келаётган аянчли даврни таърифлаб, “Амир Темурдек тарихий шахсларни, саркарда ва соҳибқиронларни тарих тақозоси, шу замон талаблари, керак бўлса, замон эҳтиёжи ҳаётга олиб келади ва ул зотларнинг фазилат-хусусиятларини намоён қилишга замин яратади… Буюк шахсларни миллат қайғуси, халқ дарди яратади”, – деган ҳаётий ҳақиқатни айтган эди. Бу ҳикматни Ислом Каримовнинг ўзи ҳақида, унинг улкан хизматлари ҳақида фикр юритаётиб, қайта-қайта эсга олиш ўринлидир.

Ислом Каримов 1989 йилнинг июнидан республика раҳбари этиб сайланган пайтда юртимиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, миллатлар ва конфессиялараро можаролар ёқасида турган эди. Айнан ўша даврда ўзбек халқи Ислом Абдуғаниевич Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис эта оладиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди. Ана шундай ўта оғир даврда у ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни аянчли қисматдан сақлаб қолди.

Амир Темур ва Ислом Каримов – ҳар икки улуғ сиймо ҳам “Юрт адолатсиз тура олмайди” деган сўзларни яхши кўришар, ҳамиша унга  амал қилишарди. Амир Темур куч-қудрат адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда мужассам эканини англаб-англатиб яшаган. Соҳибқироннинг давлат муҳрида битилган “Куч – адолатда” ҳикмати ҳақиқатпарварлик ва ростлик инсон кучига куч қўшиши, ўз навбатида, кучли шахс ҳамиша ҳақгўй бўлишини англатади. Ислом Каримов бу улуғ ҳикмат мазмунини маънавий жиҳатдан бойитиб, “Куч билим  ва тафаккурда!” дея унга яна ҳам юксак мақом берди. Ислом Каримов ишлаб чиққан тараққиётнинг «Ўзбек модели» – машҳур беш тамойилнинг бири ҳам айнан қонун устуворлиги эди.

Биринчи Президентимиз бутун фаолияти давомида эркин, адолатли ва фаровон ҳаёт қуриш, жамиятимизда қонун устуворлигини, тартиб-интизомни, адолат ва ҳақиқатни қарор топтириш йўлида курашди. Ислом Каримов доим “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб кўп таъкидлар эди.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида миллий давлатчилигимизни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар илдизи ҳам ўз даврида улуғ Соҳибқирон олиб борган сиёсатга туташ.

Темурбек Мовароуннаҳр мўғуллар томонидан босиб олинган, Чиғатой улусида парокандалик авжига чиққан, эл-юрт тақдири қаровсиз қолган бир замонда тарих саҳнасига чиқиб келган бўлса, Ислом Каримов собиқ Шўро тузуми нураб, халқнинг маҳаллий раҳбарлардан хафсаласи пир бўлган, унинг ҳукуматга, келажакка нисбатан ишончи йўқолган, хуллас, мамлакатдаги вазият ҳар томонлама ўта қалтислашган бир тарихий шароитда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарига айланди.

Агар Соҳибқирон Амир Темур ўз халқини мўғуллар истибдодидан халос этиб, мамлакатдаги сиёсий парокандаликка барҳам берган, марказлашган давлат тузишга муваффақ бўлган бўлса, Ислом Каримов Ўзбекистонни ҳар жиҳатдан мустақил давлатга айлантирган, “Ўзбекистон келажаги буюк давлат!” шиорини ўртага ташлаб, ўзбек халқини узоқ кутилган дориламон кунларга олиб чиққанини қайд этиш жоиз.

Биринчи Президентимиз Истиқлолнинг илк кунларидаёқ: “Мустақиллик – энг аввало ўзбек халқининг иззатини жойига қўйишдир”, – дея таъкидлаган эди. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ташлаган залворли қадамлари, катта-кичик давлатлар билан турфа хил, мураккаб муносабатлар бўладими, — ҳамма жойда  халқимизнинг иззатини юксак қўйиш туйғуси, масъулияти Юртбошимиз Ислом Каримовнинг юрак тўрида бўлди.

Амир Темур бунёдкор сиймо эди, Ислом Каримов ҳам бемисл бунёдкор эканини намойиш қилди! Бу улуғ сиймоларнинг, бирининг олти юз йиллар олдин, иккинчисининг кейинги йигирма беш йил ичида  Ватанимизда  қурган  бинолари, тиклаган шаҳарлари, улкан бунёдкорлик ишлари  бугун жаҳонни ҳайратга солмоқда. Улуғ Соҳибқирон, «Муҳандислар билан иттифоқда олий иморатлар барпо этиб, боғу бўстонларнинг лойиҳа-тархини чиздирган». Истиқлол йилларидаги бунёдкорлик ўз кўлами, миқёси ва олий даражада экани билан ўша шиддатли замонни ёдга солади. Шу боис, биз Биринчи Президентимизни ҳурмат ва ихлос билан Бош меъморимиз, деймиз. Мамлакатимизга чорак аср бурун ташриф буюрган киши бугунги Ўзбекистонни таний олмаслиги тайин. Буларнинг барчаси мустақиллик меъмори Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ва бевосита раҳнамолигида амалга оширилди. Бунёдкорлик, мамлакат ободончилиги ва халқ фаровонлиги йўлида ҳам Ислом Каримов Амир Темурдан ўрнак олиб, “Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсанг, биз қурдирган иморатларга боқ”, деган пурҳикмат сўзларни ўзига дастур қилиб олди. Мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишда янгича фикрлаш ва ишлаш зарурлигига урғу берган ҳолда, улуғ саркарданинг “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, ҳикмати орқали халқни янги марралар сари чорлади.

Бугун Ўзбекистоннинг қай бир бурчагига борманг, бир-биридан кўркам манзараларга кўзингиз тушади. Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Марғилон, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг юбилейлари кенг нишонланиши асносида мазкур шаҳарлар қайтадан обод этилди. Бу каби ободончилик ишлари бугунги кунда ҳам Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида давом этмоқда.

Улуғ Соҳибқироннинг “Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур”, деган машҳур ибораси бор. Ислом Каримов эса “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, деган ҳикматни ўртага ташлаб, шу тариқа юрт қудратини оламга намоён этишга чақирди. Юртимизда илк таъсис этилган орден ҳам “Соғлом авлод учун” деб аталиши ҳам бежиз эмас. Ислом Каримов ёшларни жуда яхши кўрар, самимий юракдан: “Барчангиз менинг фарзандларимсиз!” дерди. Уларни баркамол авлод, келажагимиз, деб ардоқлар, буни доим диққат марказида тутарди. Ана шу эътиборлар туфайли ёшларимизнинг камолга етишида кўп имкониятлар яратиб берилди. Бугун ёшларимиз турли соҳалар бўйича дунёда энг юксак марраларни эгаллашмоқда. Жаҳон майдонларидаги улкан ғалабалар – биз учун одатий тусга кириб бормоқда.

Шу билан бирга, Ислом Каримов Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони сифатида Ўзбекистон армиясини тубдан ислоҳ этиш, ҳарбий бўлинмаларни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаш, армиямизнинг жанговар салоҳиятини ва қудратини ошириш, чегараларни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг билим ва  тажрибаларини, жанговар тайёргарлик ва маҳоратларини жиддий синовлардан ўтказишдек  масъулиятли ишга ҳамиша жиддий эътибор бериб келди. Ёш давлатимиз фақат ташқи сиёсатдагина эмас, балки ҳарбий сиёсатда ҳам сателлитлик (бировга қарамлик) йўлини рад этди. Хавф-хатар туғилган қалтис вазиятларда ҳам ўзига, ўз ҳарбий куч-қудратига таянди-суянди, ўз чегараларини ўзи қўриқлади.

Мутафаккир шоиримиз, атоқли жамоат арбоби Абдулла Орипов таъкидлаганидек, Ислом Каримов дастлаб Ўзбекистонга раҳбарликни қабул қилганида аниқ ишонса бўладиган битта ҳам взвод йўқ эди. Ҳозир Ўзбекистон ҳарбий куч-қудратда Европа ва Осиёдаги бир қанча номдор давлатларни ортда қолдириб кетди. Бугун Ўзбекистон армияси ҳар қандай хавф-хатардан ўзини-ўзи ҳимоя қилишга қодир. Бироқ ҳарбий масалада ҳеч қачон лоқайдликка, ортиқча ишониб юборишга, ғаразгўй душманнинг ҳийла-найрангларини эътиборга олмасликка, кутилмаган вазиятларни назардан қочирмасликка йўл қўйиб бўлмайди. Агар ишончли ва кучли, жанговар ва салоҳиятли Қуролли Кучларга эга бўлмасак, бизни назар-писанд қилмай қўядиганлар топилади.

Ислом 1993 йилда бир гуруҳ ёзувчилар билан бўлиб ўтган учрашувда: “Амир Темур даврини бошқатдан ўрганишимиз лозим”, дея таъкидлаб, ижод аҳли олдига катта вазифалар қўйганди. Яна бир маърузасида эса, “…Тарихни тиклаш, тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқариш осон иш эмас. Бу – умр иши. Ишланглар, ўзларингни аямай ишланглар. Нима ёрдам керак бўлса, айтинглар. Бу муқаддас иш учун ҳеч нарса аямаймиз…” дея уларга далда ва рағбат бериб, куч бағишлаган эди.

Биринчи Президентимиз Соҳибқирон Амир Темурдай буюк сиймо билан чексиз равишда фахрланарди. Бирор тарихчи ёки адиб бўлсин, Соҳибқирон шахси ва фаолиятига Ислом Каримовчалик ёрқин ва улуғвор таъриф бера олмаган. “Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир”. “Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир”. “Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”. Амир Темур ва улуғ аждодларимиз ҳақида сўзлаганларида, у кишининг юз-кўзлари янада нурланиб кетар, ғурурли ва меҳрли таърифлар тугамайдигандек бўларди. Умуман олганда, тарихимизга мутлақо  янгича ёндошишни бошлаб берган зот Ислом Каримов ҳисобланади.

“Мен ҳар гал “Темур тузуклари”ни ўқиганимда, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. “Темур тузуклари”ни ўқиганимда бугунги куннинг катта-катта муаммоларига ечим топгандек бўламан”, деб таъкидлаган эди.

Шу сабаб ҳам Ислом Каримовни буюк Амир Темурнинг руҳи бир умр қўллаб келган бўлса ажаб эмас.

Ислом Каримов, Улуғ Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда сўзлаган маърузасида: “Тарихимизда Амир Темурдай улуғ сиймо бор экан, унинг қолдирган мероси, панду ўгитлари бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг экан, олдимизда турган бугунги муаммоларни ечишда бизга қўл келаётган экан, бизнинг бу меросни ўрганмасдан, таърифламасдан, тарғибот қилмасдан ҳаққимиз йўқ”, деган бебаҳо сўзлари биз учун дастуриамалдир.

Биринчи Президентимиз, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўзбек халқининг шонли ўтмишига юксак баҳо бериб, ана шу буюк ўтмишнинг келажакка албатта таъсири бўлишига урғу берган ҳолда, “Оққан дарё оқаверади” деган ҳикматни эсга олган эди. Дарҳақиқат, дунёга Амир Темур ва Ислом Каримов ҳамда бошқа даҳоларни берган ўзбек халқининг келажаги Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти орзу қилгандек, албатта, буюк бўлади.

Бир йил бурун боқий дунёга юзланган Ислом Каримов яна ўша Амир Темур руҳи мангу ором топган Самарқанд тупроғига қайтди. Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд ўзбек халқи ўтмишининг энг шонли саҳифаларига номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган икки қаҳрамони ўзига сўнгги манзил-у макон тутган шаҳарга айланди. Мана шунинг ўзи ҳам Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятида Амир Темур феномени қанчалик муҳим ўрин тутганини англатиб турибди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фи­дойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди”.

 

Бахтиёр Ҳайдаров
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР