"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИРИНЧИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ

Ўқилди: 431

Мамлакатимизда истеъдодли  ёш ижодкорларнинг бирин
чи китобларини “Ижод” фонди томонидан имтиёзли тарзда нашр этиш адабиётимизнинг келажакдаги ривожига қаратилган амалий ишлардан бири сифатида эзгу анъанага айланди. Яқинда юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб ижод қилаётган 21 нафар ёш ижодкорнинг 19 номдаги илк китоблари нашр этилди. Ёзувчилар уюшмасида ана шу янги китоблар тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари ва ёш ижодкорлар иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган пайтда нашр этилгани нур устига нур бўлганини айтиб ўтди.

Отабек Манглиевнинг “Кўнглинг менинг Ватаним”, Гулруҳ Худоёрованинг “Сен ҳақингда сўз айтсам”, Мансур Жумаевнинг “Оқ орзуларим”, Аллаяр Дарменовнинг “Ой дўст”, Дилмурод Дўстбековнинг “Кўксимдаги қуш” Шоҳсанам Нишонованинг “Иқрор”, Абдубанноб Мансуровнинг “Кўнглим харитаси”, Хумоюн Қувондиқовнинг “Юлдузлар шивири”, Элёр Муродовнинг “Тириклик қўшиғи”, Сайфиддин Окановнинг “Энг чиройли уй”, Шоҳиста Эргашеванинг “Ўн саккизим”, Аслиддин Сабриддиновнинг “Тонг” номли шеърлар тўпламлари, Нодирахон Ибрагимованинг “Ёнингдаги бахт”, Манзура Абдуллаеванинг “Қумғон”, Байрамали Қўлдошевнинг “Куз ёмғирлари” номли ҳикоялар тўпламлари, Сирожиддин Рустамовнинг “Катта танаффус”, Сардорбек Ҳамроевнинг “Баҳодир” номли драматик асарлар тўпламлари, Зилола Намозованинг “Кўзгуга айланган кўнгил” номли адабий танқидий мақолалар тўплами ҳамда Дилфуза Қурбонова, Мунира Менглиева ва Вазира Мирзаеванинг ўзбек адабиёти намуналарини инглиз тилига ва жаҳон адабиётидан она тилимизга ўгирган таржималари жамланган “Парвоз” номли китоб “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида “Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи” томонидан ҳар бири ўн минг нусхадан лотин ва кирилл алифболарида нашр этилгани юртимиздаги барча китобхонларга ажойиб туҳфа бўлди. Ушбу китоблар мамлакатимиздаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва маҳалла кутубхоналарига бепул тарқатилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Республика Ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳрноз Аббосова, Шарифа Салимова, Қозоқбой Йўлдошев, Сайди Умиров, Бегойим Холбекова ва бошқа ижодкорлар тақдимоти ўтказилаётган биринчи китоблардаги ижод намуналарининг бадиий тасвир воситалари, бетакрор ташбеҳлари, тили, мазмун-мундарижаси ва баланд пафоси ҳақида гапириб, ёш муаллифларнинг шубҳасиз истеъдодли эканини таъкидладилар.

Тадбирда биринчи китоблар муаллифларига юз донадан китоб ва белгиланган тартибда қалам ҳақи улашилди.

“Биринчи китоб”лар муаллифлари номидан Шоҳиста Эргашева сўзга чиқиб, ёшларга кўрсатилган ғамхўрлик учун Президентга самимий миннатдорлик изҳор этди.

                                           Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Биринчи китобим

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ