"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДЎСТ ЁДИ

Ўқилди: 315

Бугун яна бир дўстимиз, хассос шоир, мутаржим, ношир, камтарин инсон Усмон Қўчқорни сўнгги йўлга кузатдик. Оғир жудолик бўлди ҳаммамиз учун, айни ижодий балоғат ёшида у ёруғ оламни тарк этди. Ҳали режалари кўп эди, охирига етмаган шеърий туркумлари, достонлари, таржималари  иш столида қолди. У ҳали яшаса, беармон ижод қилса, фарзандлари, набиралари  орзу ҳавасини кўриб, уларнинг тотли ташвишлари ила елиб-югурса бўларди. Аммо ўлим ҳақ, у ҳамиша ҳам сенинг орзу-истакларинг билан ҳисоблашавермас экан.

Усмон Қўчқор 1953 йил 5 июлда Бухоройи шарифнинг шариф фарзандлари дунёга келган Шофиркон туманида таваллуд топди. Адабиётга, шеъриятга бўлган ҳавас этагидан тутиб, 17 ёшида она қишлоғи Новабошидан олис йўлга отланди. Тошкентда таҳсил олди. Бир муддат (1975-1977) Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилди ва муайян сабабларга кўра яна Шофирконга, она қишлоғига қайтди. Ўрта мактабда  она тили ва адабиётидан дарс берди (1977-1979). Бироқ адабиётнинг соҳир олами, ижодкор дўстлар давраси уни яна пойтахтга чорлади. У янги куч- ғайрат ва илҳом билан ижод оламига шўнғиди.

Биринчи шеърий тўплами “Ҳаяжонга кўмилган дунё” (1982) номи билан чоп этилди. Сўнгра “Акссиз садолар” (1986), “Уйқудаги минора” (1987), “Оғир карвон” (1991) каби шеърий мажмуалари, “Чамангул” (1989) эртак-достони, “Широқ” (1997) ривоят-достони дунёга келди.

 Усмон Қўчқорнинг «Оғир карвон» номли шеърий тўпламига кирган кўпчилик шеърлари инсон руҳияти, руҳий олами, маънавияти ҳақида битилган гоҳ қасида, гоҳ памфлет бўлиб янграйди. “Қувғин” достонида шоир қатағон даври изтироблари ва аламлари ҳақида ҳикоя қилади. Ҳар қандай шароитда ҳам инсон инсон бўлиб қолиши, ўз феъли-табиатидаги юксак одамийлик жиҳатларини намоён этиши керак. Ана шу эзгуликка, олижанобликка йўғрилган омил инсон характерида беқиёс қадрият эканини тасдиқлайди.

Шоир таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди. У қардош озарбайжон адабиётидан Саййид Имомиддин Насимий, Ҳусайн Жовид, Юсуф Самад ўғли, Анор,  Собир Рустамхонли, Ҳидоят асарларини маҳорат билан она тилимизга ўгирди.

У “Ўзбекистон” (1979-1986), “Чўлпон” (1986-1989), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат (1991-1997) ҳамда “Маънавият” (2002-2011) нашриётларида, “Ёшлик” (1989-1991),  “Жаҳон адабиёти” (2011-2013) журналларида хизмат қилиб, ўзининг бутун қалб қўри ва кўз нурини миллий адабиётимиз ривожига бахшида этди. У қайси ижодий жамоада ишламасин, ўзининг олийжаноб инсоний фазилатлари, меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги, меҳр-оқибати билан ҳамкасблари қалбидан жой олди, жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозонди. У бир шеърида инсон умри моҳияти ҳақида сўз юритиб шундай сатрларни битган эди:

Кел, бу айшни кўрайлик баҳам,
Дея қўйманг бизга қил тузоқ.
Ҳали бошқа дунёларга ҳам
Боришимиз керак…
Йўл узоқ… —

деган эди. У ўз ҳаёт йўлини мардона босиб ўтди.

Шоир бугун орамизда йўқ. Бироқ, у бетакрор асарлари билан мухлислари,  ёру дўстлари, фарзандлари қалбида яшашда давом этади.

Азиз дўстимизнинг охирати обод бўлсин.

 

Орзиқул ЭРГАШ,
Рустам Мусурмон

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ