"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тинчлик ва тараққиётга даъват

Ўқилди: 126

Шарқ халқлари азалдан оилани муқаддас, дунёга келган фарзандни эса Тангрининг туҳфаси деб билади. Халқимиз фарзанд тарбиясига ҳеч қачон бефарқ қарамаган. Тарбияга фақат ота-она масъул бўлмай, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, боғча-мактаб, олий ўқув юртлари бир хилда қайғуради. Минг афсуски, турли оқимлар, разил ғоялар, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан оздирмоқда. Ёшлар билиб-билмай дину диёнати йўқларнинг алдовига ишониб қаттиқ адашмоқдалар. Биз ёш авлоднинг турли тузоқларга илинмаслиги учун ҳаракат қилишимиз керак.

Юртимизда ёшларга оид давлат дас­тури айни мана шу мақсадларда ишлаб чиқилган. Сир эмаски, кейинги йилларда дунёда терроризм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш ўзини оқламаяпти”. Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни 30 ёшга етмаган ёшларнинг содир этаётгани эса ҳар бир кишини огоҳликка ундаши керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз дунё минбаридан туриб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Қабул қилинажак бу ҳужжат сайёрамизнинг 2 миллиард ёшларини инсоният тараққиёти, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида бирлаштиришга даъват этади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Бизнинг асосий вазифамиз — ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” ­тарқалишининг олдини олишдир”.

Ислом дини ҳақ дин эканига асло шуб­ҳа йўқ. Муқаддас динимиз кишиларни соф эътиқодга, тинчликка, ҳалоллик ва эзгуликка бошлайди. Бу дин ҳеч кимни зўравонликка ва қон тўкишга ундамайди. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Биз муқаддас динимизни зўравонликка ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”. Бу сўзлар дунёмиз тинч бўлсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, деб эртаю кеч дуо қиладиган халқнинг қалб амри сифатида жаҳон минбари орқали   жаранглади.

Маълумки, мамлакатимиз раҳбари томонидан Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тад­қиқот ҳамда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказларини ташкил этиш тўғрисидаги тарихий қарорлар қабул қилинди. Бу бир жиҳатдан ислом динининг муборак ғояларини ёшлар онгига чуқур сингдиришга қаратилган бўлса, яна бир жиҳатдан уларни улуғ аждодларимиз меросини ўрганишга ундашни ҳам кўзда тутганлиги билан аҳамиятлидир. Аслида ҳам бизнинг шундай боболаримиз бор, деган фахр туйғуси билан яшашнинг ўзи камлик қилади. Барчамиз ана шу ифтихорга муносиб аждодларимиз меросидан баҳраманд ҳам бўлишимиз керак. Президентимиз БМТ тарихида биринчи бўлиб ислом уламоси, улуғ бобомиз Имом Бухорий номи ва фаолияти ҳақида шунчаки сўзламадилар. Барчага маълум, “Саҳиҳи Бухорий” Қуръони каримдан кейинги энг муқаддас манба сифатида ислом оламида машҳур.

Шу маънода Президентимизнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифи билан чиққанлари ғоят аҳамиятлидир. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”. Бугун дунёнинг кўплаб юртларида ҳаттоки бошланғич таълим олишнинг ҳам имконини қила олмайдиганлар бор. Таълим-тарбия масаласи эса ҳар доим долзарб бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Шу нуқтаи назардан, Юртбошимизнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифи катта аҳамиятга эга. Айни шу таклифнинг жуда муҳим эканлигини жаҳон матбуоти ҳам эътироф ­этмоқда.

Ғайрат МАЖИД,

Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР